Ҳозирги коронавирус пандемияси даврида Хитой ҳукуматининг таҳдидлари ва турли хил чалкашликлардан безор бўлган Тайвань ўзининг мустақил давлат эканини барчага кўрсатиш учун яна бир қадамни ташламоқчи. Тайвань ҳукумати 2 сентябрь куни ўз фуқаролари паспортининг ташқи кўриниши ўзгартирилишини маълум қилди.
Тайваннинг айтишича, коронавирус пандемияси даврида тайванликлар бошқа мамлакатларга киришда муаммоларга дуч келдилар. Чунки, Тайвань фуқароларининг паспорти тепасига катта ҳарфлар билан инглиз тилида “Хитой республикаси” деб ёзилган бўлиб, ”Тайвань” сўзи паспортнинг қуйига жойлаштирилган.
Январда аҳолига берилиши кутилаётган янги паспортда “Хитой республикаси” сўзи олиб ташланиб, инглизчадаги “Тайвань” сўзи катталаштирилади. Лекин, хитой тилида ёзилган Хитой сўзи сақлаб қолинади.
Тайвань Ташқи ишлар вазири Жосеф Вунинг айтишича, янги паспортлар тайванликларни Хитой фуқаролари сифатида адаштириб юборилишларининг олдини олади.
“Шу йили Уханда коронавирус тарқала бошлаганидан бери бизнинг халқимиз ўзларини хитойликлар эмас, балки тайванликлар деб танишларини ва мамлакатимизнинг дунёдаги обрўси кўпайишига умид қилиб келишмоқда” дейди Ву.
Хитой деморкатик Тайванни ўзининг ҳудуди эканини даъво қилиб келади ва Хитой ҳукуматигина бу мамлакат номидан халқаро алоқа қила олишини айтади. Тайваннинг айтишича, Тайванни Хитой ҳудуди деб аташ бошқа мамлакатларни чалкаштириб, уларнинг Тайвань фуқароларига худди Хитойникидек чекловлар қўйишларига сабаб бўлди. Шунингдек, бу ҳолат Тайваннинг коронавирусни жиловлаш борасидаги ишларининг самарасини ҳам камайтирди.