Тарихдаги энг улкан империялардан бирига асос солган Чингизхон. У ким бўлган?

0
3685
манба: Zamin.uz

Асл исми Темучин бўлган Чингизхон 1155 йилда Онон дарёси яқинидаги Делюн-Болдок водийсида таваллуд топган. У Мўғуллар давлати асосчиси ва буюк саркарда ҳисобланади.

Мўғул қабилалари иттифоқи — тайжиутлар сардори Ясугай баҳодирнинг Ўэлун Фужин (хотун)дан туғилган тўнғич фарзанди бўлган Чингизхон 13 ёшида отасидан етим қолади. Шундан кейин у 27 йил давомида бир қанча уруғ ва қабилаларни тайжиутлар атрофида бирлаштириш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар олиб борган.

1204 йил Ўнхон билан бўлган жангда ғалаба қозонган Чингизхон хонлик тахтини эгаллайди. 1206 йил мўғул аслзодалари, нўёнлари иштирокида буюк қурултойда «чингиз» (тенгиз — денгиз, океан) унвони берилади. (Улуғ хон маъносида) ва барча қабила, уруғ, элатларнинг буюк хони деб эълон қилинади. Давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини тартибга солишда Чингизхон томонидан эълон қилинган қонунлар тўплами — ясо (ясоқ) муҳим рол ўйнаган. Минг кишилик шахсий гвардия ҳамда юз минг жангчидан иборат отлиқ армияни шакллантирган Чингизхон Сибирдаги бир нечта қабила ва элатларни (1207), Шимолий Хитойни (1211 — 15), Ўрта Осиёни (1219—21), Хуросон, ва Эронни (1221—24) ўз тасарруфига киритади.

Тарихий далиллар кўрсатадики, мўғуллар томонидан забт этилган ҳудудлар вайрон қилинган, аҳолиси қириб ташланган ёки қулликка маҳкум этилган. 1224 йил Чингизхон ўз салтанатини 4 ўғли — Жўжи, Чиғатой, Ўқтой ва Тулиларга тақсимлаб берган. Шимолий Хитойдаги тангут қабилаларининг Сися давлатига қарши юриш қилган вақтида Чингизхон оғир дард туфайли вафот этади.

Уни Мўғулистондаги Бурхон—Халдун тоғ этагида дафн этишган. Ривоятларга кўра, унинг қабри ҳеч кимга маълум эмас. Чингизхон дафн этилгач, унинг жойини ҳеч ким тополмасин, деб қабр устидан отларни юргазишган. Шу орқали барча изларни яширишган. Ушбу тадбир кимдир қачондир Чингизхоннинг жасадини топтамаслиги учун амалга оширилганлиги айтилади.

Гарчанд кўплаб мамлакатларни истило этган, минглаб инсонлар тақдирида қонли излар қолдирган бўлса ҳам, Чингизхон тарихдаги энг улкан империялардан бирига асос солди. Марказлашган мамлакат раҳбари сифатида кўплаб жангларда ўз қўшинига қўмондонлик қилган.

Мўғулистондаги олий давлат соврини Чингизхон ордени ҳисобланади. Унинг портрети Мўғул қоғоз пулларига, сувенирларга туширилган, унинг шарафига турли меҳмонхоналар, ресторанлар, авиалайнерлар номланган.

(интернет материаллари асосида тайёрланди)

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг