Туркистон ўлкасининг жадид зиёлилари маърифатни тарғиб қилар экан, маҳаллий аҳолининг турли қатламларини ўз ғояларига қизиқтириб, ўз кетидан эргаштира олди. Қўйингки, жадидлар жамоат онгида халқ бирдамлиги ва якдиллиги ҳисларини уйғотиб, мустаҳкамлай олди.
Шунингдек, улар жадид мактаблари учун дарсликлар яратиб борди. Жумладан, Саидрасул Азизий 1903 йили «Устози аввал», Мунавварқори Абдурашидхон 1907 йили «Адиби аввал», Абдулла Авлоний 1912 йили «Биринчи муаллим» ва «Иккинчи муаллим» дарсликларини яратди. Тил ўргатиш тизими ўзига хос янгилик бўлди.
Ҳаракат етакчиларидан бири – Маҳмудхўжа Беҳбудий бу тизимни қуйидагича тушунтиради:
- Туркча (ўзбекча) – уй ва оила тили;
- Форсча – шеърият тили;
- Арабча – дин тили;
- Русча – иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш тили;
- Жаҳон миқёсига чиқиш учун Европа тилларидан бири – инглиз, француз ёки немис тилини билиш лозим.
Мусулмон болаларни янги усул бўйича ўқитишни жадидлар қисқа муддатларда, интенсив дастурлар асосида ўтказар эди. Жадидларнинг ўқитиш дастури ҳам дунёвий, ҳам диний таълимни ўз ичига олар эди. Дастурга кўра, янги усул мактабидаги таълим тизими икки босқичдан иборат эди:
- Биринчиси – бошланғич босқич, тўрт йил давом этади. Бу босқични тугатган шахс эски мактабда ўн йил ўқиган тенгдошларидан анча ўқимишли бўлар эди.
- Иккинчиси – якуний босқич, унда толиби илмларга араб, форс, турк ва рус тиллари ўргатилар эди.
1895 йилда Бухорода ва Самарқандда, 1898 йилда эса Қўқонда илк жадид мактаби очилган эди. 1907 йилга келиб, нисбатан қисқа муддат ичида жадидлар 30 та янги усул мактабларини очишга муваффақ бўлди.
У ерда 1300 болага тўртта тил ва замонасининг олд илмлари ўргатилар эди. 1911 йилда Туркистонда бундай янги усул мактаблари сони 63 тага етди, уларда 4106 ўқувчи бор эди. Талаба ва ўқувчиларнинг кўпчилиги маҳаллий халқлар вакиллари эди.
Жадидлар ўрта аср даражасида қотиб қолган, Қуръон сураларини ёдлаш ва талқин қилишдангина иборат конфессионал таълимга қарши чиқди.
Жадидларнинг асосий фаолияти маърифатпарварлик бўлганига қарамай, юқорида тилга олинган янги усул таълимидан ташқари, улар мустабид тузум остидаги Туркистонда биринчи марта она тили ва рус тилида, шунингдек, бошқа чет тилларида ўқитиш усулларини қўллади, шунингдек, болаларни дунёвий фанларга, жумладан, адабиёт, математика, тарих ва география илмларига ўргата бошлади.
Туркистон жадидларининг халқаро алоқалари ва мулоқоти ниҳоятда кенг эди. Улар Россия, Туркия, Мисрдаги жадид ҳаракатлари дастурлари билан таниш эди.
Шунинг учун ҳам совет ҳукумати жадидчиликка қарши шафқатсиз кураш олиб борди. Жадидчилик ғоялари ҳукмрон мафкурага ҳамда тоталитар тузумнинг руслаштириш, Туркистоннинг рус бўлмаган унсурларини ассимиляция қилиб, секин-аста йўқотишга асосланган «совет миллати» назариясини амалга оширишга бўлган уринишига зид келар эди. Бундай сиқувда бўлган жадидчилик ўз салоҳиятидан фақат қисман фойдалана олди.
Айнан жадидлар, хусусан, Абдурауф Фитрат Марказий Осиё халқлари тарихида биринчи марта манифест шаклида конституция қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бу тадбир мусулмон оламида муқобилларига эга бўлмай, у, шунингдек, мусулмон давлатларининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида барча халқлар ва конфессияларни тенг ҳуқуқли деб эълон қилган эди.
Америкалик машҳур тарихчи, Карлтон Коллеж (АҚШ) профессори, жадидчилик бўйича мутахассис Адиб Холиднинг фикрича, Абдурауф Фитратнинг ишлари ўзбек халқининг тарихи билан шуғулланадиган тадқиқотчиларга илмий манба бўлиб хизмат қилди. Жумладан, тарихчи ва шарқшунос, СССР ФА мухбир аъзоси А.Ю. Якубовскийнинг (1886-1953) ғоялари А. Фитратнинг тезисларини такрорлайди, бу эса бизни энг янги тараққийпарварлик мактабининг Туркистон тарихида тутган ўрнига бошқача кўз билан қарашга мажбур қилади.
А. Холиднинг фикрича, «А. Фитрат ҳамда унинг ҳаммаслаклари пантуркизм нуқтаи назаридан эмас, балки кўпроқ барча мусулмонлар ва номусулмонларни ягона Туркистон Республикасида бирлаштириш позициясидан туриб гапирар эди.
Кейинчалик А. Фитрат ҳатто Туркистон Республикаси қулаганидан сўнг ҳам ягона Туркистон ғояларини тарғиб қилиб борган эди». Яна ўша А. Холиднинг, шунингдек, таниқли америкалик тарихчи Эдвард Олвортнинг фикрига кўра, жадидчилик Туркистон аҳолиси миллий ҳуқуқларини англашнинг икки босқичидан ўтди.
Даставвал жадидлар «ягона Туркистон» учун курашган бўлса, кейинчалик улар Туркистоннинг ҳар бир этноси ўзлигини ва тақдирини мустақил белгилашга ҳақли эканлигини тан олди.
Пантуркизмга келсак, Россия империясининг ушбу пропаганда тамғаси Усмонли ва Россия империяларининг қарама-қаршилиги йилларига бориб тақалади. Атоқли тарихчи ва филолог, жадидчилик бўйича мутахассис, швециялик профессор Фр. Веннбергнинг фикрича, «пантуркизм панэрончилик ва панславизмга нисбатан камроқ реалликка оид нарсадир».
Шу муносабат билан Аҳмад Дониш, Фурқат, Муқимий, Беҳбудий, Фитрат, Тавалло, Абдулла Қодирий, Айний, Чўлпон, Ҳожи Муин сингари етук маданият арбоблари томонидан яратилган, маҳаллий аҳолига зиё улашиш муаммоларига бағишланган асарлардан иборат кенг миқёсли бадиий адабиёт жадидчилик адабиёти деб аталар эди.
Уларнинг асарларида эътибор берилган бош мавзулар Ватан, халқ, дин, фан, маърифат, мустабид тузумни ва мутаасиб руҳониятни танқид қилиш эди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, жадидлар биринчи аҳамиятга олиб чиққан муаммолар умуминсоний аҳамиятга эгадир.
Жадидларнинг ғояларига келсак, улар ўз халқининг ўзига хослигини, устунлигини, бошқа халқлардан ажралиб туришни, бир сўз билан айтганда, сохта этник танланганлик ғояларига йўғрилган учига чиққан миллатпарастликка мутлақо алоқадор эмас эди.
Жадидларнинг асосий устувор қарашлари интеллектуал уйғонишга интилишдан иборат эди. Жадидларнинг маданиятни, адабиётни ва тилни ривожлантиришга бўлган уриниши уларнинг маърифатпарвар қанотини пантуркизм ва панисломчи фирқалардан ажралиб чиқишига олиб келган ҳад бўлди.
Туркистон жадидларининг дастури уч ғоявий принципга асосланар эди:
- Ҳуррият – Озодлик
- Мусавват – Тенглик
- Адолат – Ҳақиқат
Туркистон жадидларининг кун тартибига олиб чиқилган мақсадлари қуйидагилар эди:
- Туркистонда ўрта асрлар қолоқлиги ва хурофотни енгиш;
- Умрини яшаб тугатган, усули қадим (эски тартиб) намояндалари бўлмиш ўлкада анъаналарнинг ўзгармаслиги тарафдорларига қарши туриш;
- Ривожланишнинг илғор йўлларига чиқиш;
- Миллий давлатни яратиш;
- Конституцион ҳокимият асосида эркин жамият тузиш;
- Маҳаллий тилларга расмий мақом бериш;
- Миллий валюта ва қуролли кучларни яратиш.
Жадидлар фаолиятини даврийлаштириш ва таснифлаш:
- Биринчи Жаҳон урушига қадар жадидлар асосан маърифат тарқатувчи ўқитувчи ва мураббийлар эди,
- Биринчи Жаҳон урушидан сўнг жадидлар парламентар монархия йўлида кураш олиб бора бошлади,
- 1917 йилги Ферваль инқилобидан сўнг Туркистон жадидларининг кўпчилиги кенг миқёсли сиёсий ислоҳотлар талабини илгари сурди.
Жадидлар, халқнинг сиёсий ва иқтисодий ўсиши бошланмасини маърифатда, саводсизликка қарши курашда кўрар эди, бу уларнинг ўз даврига нисбатан муҳим сиёсий чақириғи бўлди.
Жадидчилик пайдо бўлишининг ўзи маърифатпарварлик йўли билан давлатчиликни қайта тиклаш йўлларини қидириш ўзанидан борганини бугун ҳеч ким инкор қилмаса керак.
Ўз газеталарининг саҳифаларида жадидлар ўша пайтдаги мустамлакачи империялар сиёсатини фаол шарҳлаб борар, Россия мустамлакачилигини танқид остига олар, мустамлакачиликни йўқ қилиш йўлларини қидирар эди.
Улар мусулмон дунёсида биринчилардан бўлиб парламентар демократия ғоясини таклиф қилди. Улар турли фирқалар, этнос ва конфессиялар вакилларидан иборат биринчи мустақил Туркистон мухторияти ҳукуматини тузди. Айнан жадидларнинг хатти-ҳаракатлари совет пропагандаси сингдиришга уринган жадидларнинг пантуркизми ҳақидаги тезисларни инкор этади.
(давоми бор)
Муаллиф: Тарихчи-публицист Шухрат Саломов