Танзанияда илк аёл президент иш бошлади

0
1101
Фото: AFP

19 март куни Африкада жойлашган Танзания давлатида тарихий кун бўлди. Шу куни мамлакатдаги илк аёл президент Самиа Сулуҳу Ҳассан қасамёд қилди. Танзаниянинг олдинги президенти Жон Магуфули коронавирусни унчалик катта хавф эмас эканини айтиб, шов-шувларга сабаб бўлганди, аммо, у яқинда айнан CОVID-19 сабаб дунёни тарк этди.

Фото: AFP

 

Ҳижобли ва ўнг қўлида Қуръон кўтарган 61 ёшли Хассан давлатнинг энг йирик шаҳри Дорус Саломдаги ҳукумат идораси – Давлат уйида қасамёд қилди. Энди унинг мамлакат раҳбари сифатидаги ҳал қилиши керак бўлган энг катта масала бу коронавирус касаллигидир. Олдинги президент Жон Магуфули даврида Танзанияда вирусга қарши курашиш учун вакцина сотиб олиш, ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақиш каби қоидалар жорий қилинмади. Танзания Африканинг энг аҳолиси кўп мамлакатларидан бўлиб, бу ерда 60 миллиондан ортиқ одам яшайди.

Фото: AFP

“Бугун сиз билан гаплашиш менга осон эмас. Чунки менинг юрагимда яра бор. Бугун мен мотам ичида қасамёд қабул қилдим” дейди Самиа Ҳассан яқинда вафот этган Магуфулини ёдга олар экан.

Фото: AFP

“Бу бирлашиш вақти. Бу келишмовчиликлардан воз кечиш, бир-биримизга меҳр-муҳаббат кўрсатиш ва олдинга ишонч билан қараш вақти” дейди Танзаниянинг янги президенти.

Маълумот учун, Самиа Ҳассан 1960 йилда Танзаниянинг ярим автоном ҳудуди бўлган Занзибарда туғилган. Ҳассан 2000 йилда Занзибар Вакиллар Палатаси аъзосига айланиб, сиёсатга кириб келди. У 2010 йилда 80 фоиздан ортиқ овоз билан Макундучи депутатлик ўринини қўлга киритди.  Самиа 2014 йилда Вазирлар Маҳкамасида иш бошлади ва Танзания учун янги конституция ишлаб чиқадиган Таъсис Ассамблеяси раисининг ўринбосари бўлди ва бу лавозимда бир неча муаммоларни моҳирона ҳал қилгани учун ҳурмат қозонди. У 2015 йилда Танзаниянинг биринчи аёл вице-президентига айланган ва ҳозиргача шу лавозимда фаолият юритаётганди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг