Таълим сифати ҳақида

0
722
Коллаж

Тенгқур услубиётчи-педагоглар билан ўзаро сухбатларда таълим сифати ҳақидаги баҳс-мунозаралар қизиб кетади. Бу муҳокамаларда физика, математика фанлари бўйича ўқув дастурлари 50-70 йил илгаригисидан унчалик фарқланмаслигини, лекин ҳозирги ёшларнинг мазкур фанлар бўйича билимлари пасайиб кетаётганлигини афсусланиш ила тан оламиз. Бу ачинарли ҳолатни қуйидаги ҳаётий воқеа мисолида шарҳлайман:

Маълумки, электр ток манбаалари, ҳамда ускуна ва жихозларининг қуввати ватт (Вт) ёки киловатт (1 кВт = 103 Вт), мегаватт (1 МВт = 106 Вт), гигаватт (1 ГВт = 109 Вт) ларда ўлчанади. Ишлаб чиқариладиган ёки сарфланадиган электр энергия эса киловатт·соат (кВт·соат) да ўлчанади. Бу маълумот физикага оид барча қўлланмаларда, хусусан ЎТМлар учун физика дарсликларида кўзга яққол ташланиши учун катта ва қорароқ ҳарфлар билан ёзилган. Зеро, бундай оддий маълумотга эга бўлмаган ўқувчининг билими қониқарли (яъни 3) деб баҳоланиши мумкин эмас. Бундай оддий маълумотларни ЎТМдаги ўқиш жараёнида ўзлаштирмаган фуқаролар кейинчалик ўзларининг меҳнатий фаолиятида нуқсонларга йўл қўядилар. Шарҳимизни яна киловатт·соат деган бирлик асосида давом эттираман.

“Ўзбекистон” телеканалида якшанба куни “Тахлилнома” дастури телетомошабинларга тақдим этилади. Унда мазкур бирлик ўзбек тилидаги кўрсатувда кВт/соат, рус тилидаги кўрсатувда эса кВт/час тарзида ёзилганди. Бундай хатони содир бўлишида телеканал хизматчилари – муҳаррир ва режиссёр билан биргаликда уларни ўқитган ўқитувчиларнинг ҳам айби борлигини тан олмасликнинг иложи йўқ.

Орадан икки ойча вақт ўтди, менинг уйим дарвозаси олдида кўчада тўртта нафақадаги педагоглар суҳбатлашиб ўтирувдик. Электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ёзиб юрган шаҳар МИБ нинг уч нафар хизматчиси бизни олдимизга келишганда мен истеъмол қилинган электр энергия нархини ёзиб беришни илтимос қилдим. Улардан бири: “1кВт/соат электр энергия 263 сўм”, – деб ёзган эди, биз: “Ëзувдаги қийшиқ чизиқча ўрнига нуқта белгисини қўйиш керакдир”, – десак, улар: “Додалар, шу қийшиқ чизиқчани каср чизиқ дейилади”, – деб жавоб қилишди асабийроқ оҳангда. Уйимнинг йўлагидаги ҳисоблагич кўрсаткичини ёзиб чиққан МИБ хизматчисига: “Ҳисоблагичда русча ёзилган “кВт” ва “час” сўзлари оралиғидаги нуқта белгисига эътибор бермагандирсиз. Совет даврида ясалган ҳисоблагичдаги ёзув хатомикан?”, – деб эдим, уларнинг учаласи ҳисоблагични кўргани қайта уйга кириб кетишди. Бироздан сўнг дарвозадан чиқиб, сукут сақлаган ҳолда биздан нигоҳларини олиб қочган ҳолда қўшни уйлар томон одимлашди. Бундан бир йилча илгари шу телеканалда нуфузли мансабдор қисқагина нутқида сарфланаётган электр энергия миқдорини ифодалаш учун “… кВт” тарзидаги ибораларни тўрт марта қўллади.

Во ажаб! Кундалик ҳаётда кўп учраб турадиган битта ўлчов бирликни қўллашда уч хил хатоликка йўл қўйиляпти: баён этилган биринчи ва иккинчи ҳолларда қўлланилаётган кВт/соат ҳеч қандай маънога эга эмас, у ўқув ва илмий адабиётда мутлақо учрамайди. Бундай нарсани “ихтиро” этганларнинг кўзлари автомобилларининг спидометрида ёзилган тезлик бирлиги км/соат га кўникиб қолган ва улар билимлари чала-чулпалиги туфайли “соат” махражда ёзилади деб ўйласалар керак. Учинчи ҳолда эса қувват ва энергия атамаларининг фарқига бормаган мансабдорнинг ЎТМ дастури ҳажмидаги билими, машхур актёр Ғани Аъзамов иборасини қўллаб, “нникки” эканлигини қайд этиш лозим. Афсусланарлиси шуки, бундай айрим чаласавод фуқароларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида,  “қўшиб ёзиш” ривожланиб кетганлиги туфайли таълим тизими таназзулга юз тутаётганлигидан дарак беради. Азиз юртдошлар! Маърифий таназзулнинг олдини олиш ўзимизга боғлиқ эканлигини унутмайлик. Шу чақириғимни дастакловчи яқинда содир бўлган бир воқеадан Сизни воқиф этаман.

Қўшним билан маҳалла идорасига боришимиз керак эди. Эшикни очиб кўчага чиққанимда мактабдан қайтаётган тўртта ўспиринни учратдим. Салом беришди, алик олдим ва бироз суҳбатлашиб қолдик. Улар тўққизинчи синфда ўқишаркан. “Тарки одат – амри маҳол” деганларидек, уларга савол бердим: “Йигитлар, биласизми, истеъмол қилинган электр энергия ҳақини тўлашда ҳисоблагич кўрсаткичига асосланилади. Кўрсаткич рақамлари нимани англатади?”. Жавоб бўлмади, саволимни давом эттирдим: “Ёрдамлашиб юбораман. Бу рақамлар уйингиздаги барча электр жиҳозлар истеъмол қилган электр энергияни ифодалайди. Энди айтингчи, электр энергия қандай бирликда ўлчанади?”. Ўспиринлар бир-бирига қараб қўйишарди, гоҳо менга ҳам назар ташлашарди-ю, лекин бирортасидан садо чиқмади. Мени жаҳл, шу пайтнинг ўзида ачиниш ҳисси қамраб олди. Уларга ёшликни бекор ўтказмай, ўқиш, яъни мактабда ўқитувчи баён этган маълумотлар моҳиятини уқиш лозимлиги ҳақида бироз насиҳат қилдим-да, сўнг қуйидаги оддий саволни бердим: “Икки яримга уч яримни қўшса неча
бўлади?”. Ўспиринлар аввал бир-бирига қарашди, сўнг учтаси тўртинчисига “қани, билағон дўстим, жавоб бер” маъносини англатадиган тарзда тикилишди. У бироз кўзини пирпиратиб турди-да: “Бизга бунақа нарсани ҳозирча ўқитишгани йўқ”, – деб жавоб қайтарди. Касбий маҳоратимни қўллаб бу оддийгина амални тушунтиришга ҳаракат қилдим: “Бошланғич синфлардаги билимингизни қўллаб озгина фикр юритинг. Биттангизда икки яримта олма бор, иккинчингизда эса уч яримта олма бор. Иккаловингизда жами нечта олма бор экан?”. Тўртталасидан ҳам садо чиқмагач, масалани янада соддалаштирдим: “Аввал бутун олмалар сонини аниқлаштириб оламиз. Бунинг учун иккита олмага учта олмани қўшсак, бешта бўлади-да”. Ўспиринлардан бири: “Бўлди, иккаламиздаги олмаларнинг умумий сони беш яримта бўлади”, – деб қолди. Мен сокинлик билан: “Бутунларидан ташқари иккалангизда ҳам биттадан яримта олма бор-ку! Зеро, икки ярим бир бутун бўлгани учун олмаларнинг умумий сони олтига тенг бўлади-да!”, – дедим. Ўспиринлар бироз уялишди, шекилли, бири бошқаларига: “Кетдик”, – деди ва жўнаб қолишди. Мен афсусланган ҳолда қўшнимнинг уйи томон йўл олдим ва унинг эшигидаги қўнғироқ тугмасини босдим. Эшикни қўшним набираси очиб, салом берди. У иккинчи синфда ўқир экан. Ҳалиги ўспиринларга берган саволимни саккиз яшар болага ҳам берган эдим, у шу заҳотиёқ тўғри жавоб берди. Мен бу жавобни қандай топганлиги билан қизиққан эдим, у ҳалигина мен ўспиринларга тушунтирганимдек, лекин ўзининг сўзлари билан изоҳ берди. Кайфиятим кўтарилди, инчунин “ақл ёшда эмас, бошда” деган мақолни хотирладим ва дуога қўл кўтардим: “Эй парвардигорим, шу йигитчани ўз паноҳингда соғ-саломат асрагин, додасининг йўлини бергин, додасига ўхшаш илмий унвонлар соҳиби бўлсин, додасига ўхшаб талабалар учун китоблар яратишини насиб этгин, омийн, ё Раб ал-оламийн.” Фотиҳани тугатаётганимда қўшнимга назарим тушди, у уйдан кўчага чиқиб бўлган экан, фотиҳада бизларга қўшилди. Идора томон кетар эканмиз, мен воқеаларни батафсилроқ айтиб бердим ва набираси билан шуғулланаётганлиги учун уни мақтаб қўйдим. Мақтовимга минатдорчилик билдирган ҳолда у: “Мен набираларим билан репетитордек шуғулланмайман. Аммо уларнинг дарс тайёрлаши, уй ишларига қатнашиши, ўйин ва телевизор кўриши меъёрида бўлишини назорат қиламан. Баъзан уй вазифаларни бажараётган вақтида уларнинг мурожаатига жавобларни шундай тузаманки, натижада набираларим мантиқий кетма-кетликда фикрларини ривожлантириб ўзларининг саволига ўзлари жавоб излайдилар. Ахир сув соҳилидаги одамнинг қорнини балиқ билан тўйғазиш эмас, балки унга балиқ овлашни ўргатиш керак-да!”, – деб кулиб қўйди. Ниҳоят тўғри фикрлар. Шу қўшним билан кўп соҳаларда, хусусан ўқитиш услубиёти соҳасида ҳам дунёқарашимиз мос келади.

Яна бир воқеани баён этаман. Ёшларнинг деярли барчаси автомашина ҳайдашга интиладилар. Шунинг учун тезлик, унинг ўлчов бирлиги ҳақида ёшлар билимини синаш мақсадида қуйидаги саволни бердим: “Ҳаракатланаётган автомобиль спидометри стрелкаси 40 рақами устида турибди. У нимани англатади? Бу рақамдан сўнг қандай ўлчов бирлик қўйилиши керак?”. Сўроққа тутилган еттита йигитдан бештаси: “Тезликни ифодалайди. Ўлчов бирлиги километр, яъни 40 км”, – деб жавоб беришди. Иккитаси: “Машина тезлигини ифодалайди, ўлчов бирлиги км/соат”, – деб тўғри жавоб беришди. Улардан бири эса дадил жавоб бериб: “соатига 40 километрдан йўл юради, агар 15 минут шундай тезликда ҳаракатланса, 10 километр масофани босиб ўтади”, – деб қўшиб қўйди. Униг жавоби тўлиқлигидан мамнун бўлиб суҳбатни давом эттирдим. У ОТМга кира олмаганлиги туфайли тадбиркорлик билан машғул экан. Физиканинг электр қисмидан савол бердим: “Электр сув қайнатгичнинг остки қисмида 220 В; 2,0 кВт ёзув бор. Сув солиб электр тармоққа улангач, 3 минутда сув қайнайди. Агар 1 кВт·соат электр энергия нархи 200 сўм бўлса, сувни қайнаши неча сўмга тушади?”. Йигит бироз жимиб қолди. Чеҳраси масала моҳиятини ойдинлаштириб олаётганлигини акс эттирарди, сўнг қисқа аниқ жавоб берди: “Аввал сувни қайнатиш учун сарфланган электр энергиясини топиб оламиз. 3 минут йигирмадан бир соат бўлгани учун сарфланган электр энергияни топиш учун 2 кВт ни 1/20 соатга кўпайтириб, 0,1 кВт·соат ни ҳосил қиламиз. Демак, 200 сўмнинг ўндан бири – 20 сўмли электр энергия сарфлаб сувни қайнатар экан”. Жавобдан мамнун бўлдим, кайфиятим кўтарилди. Бундай кичик статистик маълумот асосида ёшлар билими ҳақида хулоса чиқариб бўлмайди. Лекин ёшларнинг бир қисми билим олишга интиляпти. Уларнинг ҳаракатини олқишлаш ва йўл кўрсатиш биз – педагогларнинг бурчи. Бу долзарб вазифани амалга оширишда педагоглар ва ота-оналарнинг ҳамкорлиги зарур.

Меҳрибон ота-оналар! Ширин зурриётларингизнинг чуқур билим олишига кўмаклашсангиз миллатимизнинг маърифий равнақига ҳисса қўшган бўласиз. Аллоҳ умрларини зиёд этган додалар эса ибодатлар оралиғидаги вақтларини қисман кўз-қорачиғидай азиз набираларининг уй вазифаларини вақтида бажаришга ундаш ва назорат қилишга ажратсалар улкан савобли амални бажарган бўладилар. Парвардигорим! Савобли амаллар билан машғул додаларга тетиклик бағишлагин.

ОМИЛЖОН   АҲМАДЖОНОВ

 физик-профессор, педагогика фанлари доктори.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг