Таълим муассасаларида аёлларнинг диний ҳуқуқлари таъминланганми?

0
561
Фото: О.Норов

Ўзбекистон ҳудуди, шу билан бирга унга қўшни давлатлар ҳудудларига Ислом дини кириб келгач, бу дин инсонлар турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланган. Ўтган 1 минг 400 йил давомида турли сиёсий ва мафкуравий ўзгаришлар бўлишига қарамай, Ислом дини, унга эътиқод ўзгармади, аксинча у янада оммалашаверди.

1991 йилда Ўзбекистон мустақил давлатга айлангач, диний эътиқод масаласи анча эркинлашди ва Ислом динининг таъсири маҳаллий аҳоли ҳаётининг барча жабҳасида янада кўпроқ акс эта бошлади.

Фикримизча, Чор Россияси, кейинчалик Совет Иттифоқи даврида ва ҳатто мустақиллик даврида ҳам юртимиз ҳудудида диний таълим, диний либос каби масалалар муҳокамалар марказида бўлган. Шу билан бирга, бугунги кунда ҳам жамоатчилик ўртасида бу масала ўз ечимини топмаган мавзу сифатида муҳокама қилинади.

Яқин мозийга назар

Туркистон Чор россиясига қарам бўлиб, ривожланишдан орқада қолган бир даврда ўлканинг бу вазиятдан чиқариш йўлларини излаб жадид мактабларини ташкил этган маърифатпарварларни эслайлик.

Аввалги мақолаларимизнинг бирида таъкидланганидек, маърифатпарварларнинг таниқли вакилларидан бири бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий 1903 йилда Самарқандда ташкил этилган жадид мактаби учун ўз ҳовлисини беради, бундан бир тийин манфаат кўрмайди, мақсади дин ва миллатга хизмат қилиш эди (“Самарқанд мактаби ҳақинда” мақоласи, Туркистон вилоятининг газети” газетаси, 1918 йил, 30 январь ва 2 февраль сонлари). Аммо шаҳарнинг қози, мударрис ва бойлари мактабни кўрмаган, билмаган ҳолда тош отиб, “бидъат … нарсалар бор” деб ҳар хил бўлмағур гап-сўзларни тарқатади. Беҳбудийнинг мактабни келиб кўриб, агар тўғри иш қилинаётган бўлса, уни янада ривожлантириш учун таклиф бериш, агар нотўғри бўлса, далиллар билан исботлаш ҳақидаги хати эса жавобсиз қолдирилади.

Ваҳоланки, Беҳбудий диний билимларни эгаллаган, Ҳаж амалини бажарган, кенг дунёқарашга эга муфтий эди.

Бугунги кунлар…

Ўзбекистонда

Мамлакаатимизда ўрта таълим муассасаларида кийиниш, шу жумладан диний либос Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори билан тартибга солинади.

Қарорга мувофиқ, давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формаси жорий этилган.

Ўқувчиларнинг таълим муассасаларига ушбу формада келишлари 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ихтиёрий, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланади.

Қайд этилишича, мактаб формасини жорий этилишининг мақсади ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат.

Шунингдек, ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим ҳамда мактаб формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни  қўшишга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, 2021 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга кўра, жамоат жойида ибодат либосида юрганлик учун жавобгарлик бекор қилинган. Изоҳ: эски таҳрирдаги қонуннинг 14-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмасди.

Россия Федерациясида

Ўрганишларимизга кўра, кўп миллатли ва турли диний эътиқоддаги инсонлар истиқомат қиладиган Россия Федерациясидаги таълим муассасаларида диний либос билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Масалан, экстремизм профилактикасидан келиб чиқиб, 2016 йилда Азюрка қишлоғидаги (Мордовия Республикаси) мактабда ва 2019 йилда Пенза шаҳридаги 20 та мактабда диний либослар, шу жумладан ҳижобда келиш тақиқланган.

Ушбу тақиқлар кўп муҳокамаларга сабаб бўлган ва Конституциянинг 28-моддасига зидлиги таъкидланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом билан ўрнатилган мактаб формалари фақатгина мактаб ўқувчиларига татбиқ этилиши белгиланган бўлиб, ўқитувчиларнинг кийинишига ва формасига оид мажбурий талаблар мавжуд эмас.

Шунга қарамасдан юртимиздаги баъзи умумий ўрта мактаблар директорлари томонидан аёл ўқитувчилар кийимига нисбатан айрим талаб ёки тақиқлар қўйилиш ҳолатлари учраб туради.

Ушбу талаб ва тақиқлар Бош қомусимизга (27 ва 37-моддалари) ҳам зиддир.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 6-моддасида “Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади” деб белгиланган”.

Руслан Содиқов, юрист

Умуман олганда, диний эътиқод, шу билан бирга, диний либосларни кийиш ҳар бир шахснинг индивидуал ҳуқуқи ҳисобланади. Ўзбекистон каби кўп миллатли ва турли динларга эътиқод қилувчи инсонлар яшовчи давлатлар учун барчанинг манфаатлари инобатга олиниши, бир тоифа фуқароларнинг қарашлари, бошқа тоифа фуқароларникидан устун қўйилмаслиги, бундай масалаларда муаммолар юзага келганда барча томонларнинг манфаатларига мос келувчи қарорлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқ.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг