Душанба куни Сурия шимолида машина портлаши содир этилди. Оқибатда саккиз нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Уларнинг орасида бир нафар аёл ва битта ёш бола ҳам бўлганлиги айтилмоқда. Ҳозирда мазкур ҳудуд Туркия назорати остида ҳисобланади. Туркия Мудофаа Вазирлигининг берган маълумотига кўра, бомба ўрнатилган машина Сурия чегарасидаги Тeл Абяд шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган Сулук қишлоғида портлатилган.
Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олганича йўқ. Аммо Туркия мудофаа вазирлиги курд жангариларини бу портлашда айбдор эканлигини даъво қилмоқда. Бу ҳудуд октябрда турклар қўлига ўтмасдан аввал курдлар бошқарувида эди. Турк кучлари ва уларнинг ишончли вакиллари ҳисобланган ёлланган собиқ суриялик исёнчилар 9-октабр куни Сурияда курд кучларига қарши ҳужумни бошлаганди.
Ҳужумда Анқара кучлари Сурия чегарасида тахминан 120 километр узунликка ва 30 километр ичкарига кириб борди. Туркия бу ерда «хавфсиз зона» яратиб, ўз ҳудудида яшаётган 3, 6 миллион нафар Суриялик қочқинларнинг бир қисмини кўчирмоқчи.