Собиқ истеҳкомларда ҳаёт ўз маромига қайтар экан, афғон кучлари жангарилар қолдиқларини таъқиб қилмоқда

0
1670
Нангарҳор вилоятининг Ачин туманидаги афғон аскарлари, 29 июл. [Холид Зерай]

Ўз уйларини тиклаётган Нангарҳор вилояти аҳолиси энди террорчилар ғазабидан қўрқмаслигини айтмоқда.

Бир вақтлар «Ислом давлати» (ИД) Хуросон бўлинмасининг қароргоҳи бўлган Нангарҳор вилоятида ҳаёт ўз маромига қайтар экан, бу ер аҳолиси ўз уйларини қайта тикламоқда.

Аммо, афғон кучлари пароканда бўлган террорчилик гуруҳига босим ўтказишда давом этар экан, гуруҳнинг яқинда содир этилган бир қатор қонли ҳужумларни ўз зиммасига олиши ортидан уларнинг қолган вакилларини таъқиб қилмоқда.

Нангарҳордаги Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) гуруҳни ортга чекинишга мажбур қилар экан, «ИД Хуросон» 2019 йил ноябр ойида ўз мағлубиятини тан олгани ҳақида баёнот берган.

Гуруҳга қарши олиб борилган давомли операциялар туфайли қолган аъзолар ҳаракати чекланиб, гуруҳнинг даромад манбалари қисқарган, деб хабар берди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кузатувчилари 27 май куни.

image
22 сентябр кунги суратда Афғонистоннинг номаълум ҳудудида тўпланган ИД жангарилари акс этган. [Файл]

«ИД Хуросон» бўлинмасининг аксар жангарилари қўлга олинган ёки ўзлари таслим бўлган, қолганлар эса, жумладан айрим етакчилар афғонистонлик ҳарбийлар таъқибидан қочиб яширинган.

Август ойида афғон ҳукумати «ИД Хуросон» бош қозиси Абдуллоҳ Ўракзайнинг Афғонистон махсус разведка кучлари томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар берган. Воқеа қачон ва қаерда содир бўлгани очиқланмаган.

Ўракзай шу ой бошида «ИД Хуросон» ўз зиммасига олган ва камида 29 кишининг ўлимига сабаб бўлган Жалолободдаги қамоқхонага қарши ҳужум ортида турган, деб хабар беради Миллий хавфсизлик бошқармаси (МХБ).

Шу билан бирга, Афғонистон махсус кучлари шу ой аввалида Кобул университетидаги қонли ҳужумни ташкиллаштирган икки гумондорни қўлга олган ва яна бирини йўқ қилган. Бу ҳақда 16 ноябрь куни расмийлар хабар берганлар.

«Энг асосий ташаббускор» бўлган Муҳаммад Одил Кобул университетида 2 ноябрь куни содир этилган ва камида 22 кишининг ҳаётига зомин бўлиб, 27 кишини жароҳатлаган ҳужум учун жавобгар. ИД бу ҳужум учун масъулиятни ҳам ўз зиммасига олган эди.

Ҳукумат вакилларига кўра, Одил 22 октябрда ғарбий Кобулнинг Дашти Барчий маҳалласидаги Кавсари Дониш таълим марказига қилинган ҳужумни ҳам ташкиллаштирган. Бу худкушлик ҳужумида 24 нафар одам ўлган ва 50 дан ортиқ киши жароҳатланган, уларнинг аксарияти ёш талабалар эди.

Қочқиндаги ИД

ИД аъзоларини қўлга олиш чоралари давом этмоқда, дейди Нангарҳор вилояти бош полициячиси, генерал Ғулом Санаий Станакзай.

«Икки ярим йил аввал ҳеч ким ИДни мағлуб бўлади, деб ўйламаганди», дейди Станакзай. «Ҳозирда у Нангарҳорга таҳдид солмаяпти.»

«ИД Шинварий ҳудудида айниқса кучли эди», дея қўшимча қилади у. «Ўз назоратини Пачерагам ва Хогяний туманларига ҳам кенгайтиришга ҳаракат қилди.»

«ИД-Хуросон Тора-Борада қолишга ҳаракат қилди, у ердаги ғорлар хавфсиз қароргоҳ бўлиб хизмат қилиши мумкин эди, аммо бизнинг ҳарбий кучларимиз ва сафарбарлик гуруҳлари уларни бу ҳудуддан сиқиб чиқарди.»

ANDSF кучлари ИДга шиддатли зарба бергач, уларнинг айрим аъзолари яширинди, юзага чиқиши билан эса қўлга туша бошлади, дейди Нангарҳор вилояти ҳокимининг ўринбосари Ҳабиба Какар.

«Бизнинг МХБ кучларимиз ҳар ой олиб борилган операциялар давомида ИДнинг бир қатор жангариларини, жумладан муҳим вакилларини ҳам қўлга олишди ва бу тадбирлар давом этмоқда», деди у.

«ИД жангарилари Нангарҳорда яна пайдо бўлмаслигига ишончим комил», деди у. «Улар шундай қилишга уриняпти, аммо ҳарбий кучларимиз уларнинг кўзини очирмайди.»

ИДга қаршилик: маҳаллий аҳоли нима дейди

Бир вақтлар «ИД Хуросон» бўлинмасига қарши курашган Нангарҳор вилояти аҳолиси нормал ҳаётга қайтмоқда.

«ИД Хуросон» бўлинмаси 2014 йил охирида Ачин, Ҳаска Мино ва Назиан туманларида пайдо бўлган эди. Бир неча ой ичида террорчилар Нангарҳордаги 12 та қабила бошлиғини ўлдиришган ва бу билан маҳаллий аҳолининг ғазабига дучор бўлган.

«ИД Кот туманига келиб, катта кўприкда тинч аҳолини қатл қилганидан кейин биз унга қарши чиқишга қарор қилдик», дейди тумандаги Баркотда яшовчи Назар Муҳаммад қабила бошлиқлари ўлимидан кейин ИД Хуросон бўлимига қарши кўтарилган ғалаённи назарда тутиб.

«Қуролларимизни олиб ИДга қарши жанг қилишни бошладик. Икки ярим йил ичида ИДни тор-мор этиб, Кот туманидан чиқариб юбордик.»

«Бирлашмаганимизда улар бизни бирма-бир йўқ қилишар эди. Энди тинч ҳаётда яшаётганимиздан мамнунмиз», дейди у.

«ИД ҳокимиятни қўлга олган вақтлар фалокатли эди», дейди «ИД-Хуросон» туфайли кўпчилик оила аъзолари ва қариндошларини йўқотган қабила оқсоқоли Малак Камин.

«Одамлар уйини тарк этиб, бошқа жойда ижарада яшашга мажбур бўлди. Кўп қийинчиликларни бошдан ўтказдик, оч-наҳор ухлаган кунларимиз ҳам бўлди», деди у ўз маҳалласини эслаб. «Аллоҳнинг марҳамати билан ИД мағлуб бўлганидан кейин ўз уйларимизга қайтиб, осойишта ҳаётимизни давом эттиряпмиз.»

«Горгорай ИДнинг қароргоҳларидан бири эди», дейди Ҳаска Мино туманида яшовчи Фазал Муҳаммад Шинварий.

Шинварий «ИД Хуросон» ҳукмронлиги вақтида мина портлаши натижасида вайрон бўлган уйини яқинда тиклаб олган.

«Бу бозор олти-етти йил аввал гавжум бўлган, аммо ИД келганидан кейин бу ердаги дўконларда базалар, қозихоналар очилган ва одамларни қатл қилган», деди у.

«Айрим уйлар хароба бўлса-да, у ерда одамлар яшаяпти, чунки уларни ижара уйлардан яхшироқ деб билишади», дейди у. «Энди ИДдан қўрқиш йўқ ва одамлар тинч яшашлари мумкин.»

ИД билан бўлган тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган уйларни тиклаш жараёни давом этмоқда, ҳукумат ёрдами билан ИД йўқ қилган ўнлаб уйлар тикланди, дейди Нангарҳор ҳокимининг матбуот котиби Отауллоҳ Хогяний.

«Ачин ва Кот туманларида аксар одамларнинг уйи қайта қурилди, президентнинг махсус кўрсатмаси бўйича яна кўпи тикланади», деди у.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг