Сиёсат, Давлат, ҳокимият, мухолифат ва чегаралар бузилган замон (3-қисм)

0
3694
Фото: www.bbc.com

                                             ИҚРОР

Нафсини хафа қилмайдиган ва ўз нуқсонларини ошкора тан олишда қийналадиган бир гуноҳкор инсон ўлароқ айтишим лозимки, ҳамма давраларда ўзим улуғлаб келган одамни бугун танқид қилишим ўзим учун зарба.

Менга қолса, Солиҳ ҳақида мум тишлаган бўлардим.

Яқиндагина “Эрк” демократик партиясининг бўлажак лидери деб мени кўргани фахрлантирган эди.

“Эрк”ка аъзо бўлиб, унинг раҳбари бўлишга тайёр эдим. Ўзим кўраётган сиёсий тугунларни ечишга ва бу майдонда адолат учун жавлон уришга шай эдим.

Зулм қилувчиларни ер билан яксон қиладиган курашлар олиб боришга бел боғлаган эдим. Чунки “Эрк” сафида бўлишни шараф ҳисобладим, “Эрк” билан биргаликда халқ, давлат, дин ва миллатга буюк хизматлар билан яхшилик қилишимга зарра шубҳа қилмадим.

Солиҳнинг: “Эрк” лидери сифатида сизни кўрмоқдаман, бу уфқда бошқа ҳеч ким йўқ”, – деган таклифи мени беҳад қувонтирган, қўрқитган ва ҳайратлантирган эди. Чунки сиёсий романтикам ичида “Эрк” йўлбошчиси бўлишдек орзу бўлганини яширмайман.

Назаримда, бир ташкилот раҳбари бўлишим учун Аллоҳим мени етарли қобилиятлар билан сийлаган.

Бу ташкилот билан улкан лойиҳаларни амалга ошириб, Ўзбекистонни камида Япония сингари қудратли давлатга айлантиришимни хаёл қилдим.

Хитой экспансияси, Россиянинг сурбет босими, Европанинг ўз манфаатини сингдиришга уриниши, АҚШнинг олифта ва зодагонларча юқоридан қараши Ўзбекистон учун бир ярашимсиз ҳолдир, Ватаним дарҳол оёққа туриши учун мен сиёсат билан машғул бўла оламан, ўзим каби адолатли ва илмлиларни йиғиб, жасорат билан бу ишни қиламиз деб ўйладим.

Солиҳ менга бу таклифни берганига ўн беш кун ўтса ҳам, ошкора жавоб бермадим ва шу кунларда фақат истихора ўқидим. Қалбимда бу иш учун – “Эрк” сафига қўшилиш учун ҳеч-ҳеч рағбат уйғонмади.

Жараёнда ўзим учун ҳурматли бўлган олимлар, дин уламолари, устозлар ва дўстларга – уларнинг барчаси зиё аҳлидир – бу маслаҳатни солдим.

Тўқсон тўққиз фоиз одам “Эрк”ни қабул этишимни истамади. Аксинча, замонамиздаги энг донишманд дин олимларидан бири: “Қабул қилманг, изоҳ сўраманг, тушунтиришга эса вақт етмайди”, – деди.

“Эрк” сафига кириб, курашишни тавсия этган, бу партия юз йил олдин тузилиб, Туркистон мухторияти марказида бўлган “Эрк”нинг муқобили эканлигини айтган бошқа бир инсон эса соф ният эгаси эди.

Бироқ дўстларимнинг деярли барчаси бу ғоямни қўлламагани учун уларнинг маслаҳатини тутдим. Отам ҳам бу ишимга қатъиян қарши турди ва: “Агар “Эрк”ка қўшилсанг, орамиз очиқ! Сени болам демайман”, – деди.

Бугун эса қалбимда бу ишга хоҳиш уйғотмаган Роббимга ҳамд айтиб, бу ишдан мени қайтарган барчага раҳмат йўллайман.

Чунки ғалати бир шахсият соҳиби бўлган одам бошқараётган бу партияни, ўзини фаол аъзоман деб ҳисоблайдиган айримларнинг тарбиясизликлари, фитначиликларини кўриб, агар бу ишга қўл урсам, ўликни тирилтиришга уринган нодонга айланиб қолишимни ҳис этдим.

Чунки ўзини “Эрк”чи ҳисоблайдиган Атабек Усмонов исмли бири Солиҳнинг баёноти куниёқ тарбиясизларча “тонг отгунча Ийсони уч марта сотган ҳаворийлар” билан мени тенглаштирди, хоин деб атади ва бир қанча ҳақорат йўллади.

Ажабланарлиси шуки, профилига ўз суратини жойлаштирмаган бу нусха худди Солиҳ каби ёзади. Унинг услуби, сўз қўллаши Солиҳ билан бир хил эди. Аммо шу кунларда журналист Бобомурод Абдулланинг “Факт ва фикр” кўрсатуви учун унга ҳужум қилаётганлар ҳам Солиҳ билан айнан услубда ёзаётганларини кўриш мумкин.

Айниқса, “Эрк”нинг узоқ йиллик аъзоси Саловат Умрзоқовга Солиҳнинг ўзи русча материал ёзиб бериб, яна ўзи чоп этгани хусусда гувоҳлардан эшитгач, ғалати шубҳалар кучайди.

давоми бор…

Абдуллоҳ Нусратнинг сўнгги мақоласи
2021 йил, 20 май

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг