Сиёсат, Давлат, ҳокимият, мухолифат ва чегаралар бузилган замон (1-қисм)

0
4062
Фото: www.facebook.com

ТАҚДИМ. 1-қисм

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм.

Аллоҳим, ҳақни англат ва унга эргаштир!
Аллоҳим, ботилни кўрсат ва ундан четлаштир!

Бугун қаламни Абдуллоҳ Нусрат ўлароқ қўлга олдим. Бугун бир сиёсий таҳлилчи сифатида бир неча лаҳза намоён бўлмоқни истадим. Ҳар қандай чекловларсиз, ҳадикларсиз, буткул самимият билан ёзишга киришмоқдаман.

Муҳаммад Солиҳнинг мутобаати эканман, Ўзбекистон Халқ ҳаракати ташкилотининг махфий аъзоси бўлиб, ташкилотнинг мухбири деб ўзимни ҳис қилиб юрганимда ҳеч нарсадан қўрқмай ёздим. Оқибатни ўйламадим. Шу ишим ҳақ дедим. Зулмга курашмоқ шараф, бу йўлда ўлим саодат дея эътиқод қилдим. Бу романтик ёндашув ҳамда материалист одамлар учун иррационал бир ғоядир. Бу тип инсонлар: “Қўйсанг-чи, тинч юрибсан, уйинг, хотининг, уловинг, боланг бор. Биров билан неча пуллик ишинг бор!” – дея ақл сўқади.

Шу нарса аниқки, гарчи фикрда, йўналишда янглишиш бўлса-да, ниятда янглишиш йўқ эди. Зарра қадар тамасиз ҳолда, ўз кўнглимда, зулмга қарши қаламим тиғини кўтардим.

Бир қайноқ илҳом, бир шиддат билан мақолалар ёзарканман, бу ишнинг келтиржак резонанси ҳақида ўйламас ва билмас эдим. Биргина ўй – миллат бахтиёр яшамоғи керак, бунга тўсқинлик қилган ким бўлса-да таг-туги билан суғурилмоғи шарт деган ғоя борлиғимда ҳукмрон эди.

Роббим ўта раҳмли ва адолатлидир – у хато ва гуноҳларим учун тоқатимга лойиқ бир шаклда ўз азобини юборди.

Аллоҳ менга сабрим ва тоқатим чегарасини кўрсатди. Ичимни ташқарига чиқарди. Табассумларимни йиғига эвирди. Бироқ кутмаганим томонлардан таслимиятим ва синиқлигим қадар куч ва қувват ато қилиб турди.

Мен 2016 йил 22 июлдан сўнг менинг ҳаётимда рўй берган воқеаларни назарда тутмоқдаман.

Яъни Каримов даврининг сўнгги сиёсий маҳкумларидан бирига айланганимни эслаяпман.

Бу қийноқлар муқобаласида фақат илтижо қилдим. Бирор шахсни айбламадим. Бирор шахс дер эканман, кимни айтаётганим дўстларимга, мени таниган-билганларга кундай равшан.

Яъни бу одам, аввало, шоир, “Эрк” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати ташкилоти лидери Муҳаммад Солиҳдир.

Мен бу одамнинг шахсиятига ҳеч қачон тош отмадим. Устоз дея тан олганим бир одамдан осон воз кечмоқ тўғри иш эмас эди. Бу мен яшашимнинг қонунияти дея амал қилмоққа интилаётган вафо хислатига зид амал ҳамдир.

Бироқ вафо ҳақиқатдан кўз юмишга сабаб бўлса, у айни бевафоликка айланади. Бу Аллоҳга берилган аҳдга – Иймон аҳдига бевафоликдир.

Аллоҳ интиқом Эгасидир. У то тавба этмасак, асло вафосизликни жазосиз қолдирмайди.

 

давоми бор…

Абдуллоҳ Нусратнинг сўнгги мақоласи
2021 йил, 20 май

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг