Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва Нақшбандийлик (3-давоми)

0
2400

Тасаввуф ҳаётдир, тасаввуфдан ташқариси ўлимдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ташна ерни сув кўкартирганидек, зикруллоҳ қалбни тирилтиради»,—деб айтганлар. Чиндан ҳам кишининг кўнгли тошдек қаттиқ бўлганидан кейин, ундан бир яхшилик чиқиши мумкин эмасдир. Кўнгли эзгу фазилатларга тўла одамлар фаолдир. Бундайлар бошқаларга эзгу муносабатда бўлади.

Кўнгли ўлик одамлар эса ҳар жойда ҳамиша муаммодир, баайни чипқондир. Бузғунчи ҳолатдадир. Шунинг учун ҳам мен тасаввуфни шунчаки бир ихтиёрий завқ ахлоқи каби кўрмайман. Инсоннинг ҳақиқий яшашга эриша билиши учун ғафлатдан маҳв этиб, гўё ўлимдан қутулиб ҳаётга қайтиши, асл ҳаётни тотиб кўриши учун зарурий бир фаолият каби кўраман ва Аллоҳ Таолонинг инсонга ишорат қилган ҳаёт ғояси, деб биламан. Аллоҳ Таоло: «(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтихон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир», деб буюрмокда. («Таборак» сураси, 2-оят).

Мақсад энг чиройли амални бажаришдир. Тасаввуфни: Эй мўминлар, «Аллоҳдан ҳаққи-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар»(«Оли Имрон» сураси, 102-оят) тавсиясининг энг кераклиси деб кўраман.

Шунинг учун ҳам ҳар бир киши тасаввуфнинг шу икки ғоясини, модомики, улар Қуръон ва ҳадиси шарифларнинг амри бўлар экан, ўз ҳаётида амалга ошириш лозимдир:
1. Аллоҳ Таолони таниш ва У билан биргалик, яқинлик лаззатини тотиб кўришдир.
2. Нафсни қўлга олиш, поклаш ва ахлоқни тарбия этишдир.

Ҳар бир одам бу икки ғояни ўз ҳаётининг дастуруламали қилиб олмасдан туриб, чин маънода инсон бўлиши мумкин эмас.

Яна бир жиҳатдан тасаввуф инсоннинг руҳий бўшлигини тўлдириш масаласидир. Шунинг учун ҳам тасаввуф бой учун ҳам, фақир учун ҳам, Америка, Европа, Туркия, Қувайт, Ҳиндистон, Япония, Хитой инсонлари учун ҳам бир хил зарурдир. Кеча бўлгани каби бугун ҳам зарурдир. Чунки инсон руҳининг қондирилишига эҳтиёжи бўлган, тўлдиришни орзу этган бўшлиғи бордир. Тасаввуф ва тариқатлар тарихий бир воқеа бўлиб, фатҳларга йўл очди. Фатҳларнинг манбаси бўлди. Сиёсий муваффақиятларда ҳам тасаввуф маънавиятининг таъсир кучи бордир. Маданиятда ҳам тасаввуфнинг санъатга, адабиётга, мусиқага ижобий таъсири кучли бўлганлигини кўриш мумкин.

Тасаввуфнинг ҳақиқий эканлигига ва фойдали эканлигига кўра инсонларни маънан тирилтиришига, бинобарин, жамиятни маънавий тирилтиришига кўра, Аллоҳ Таолонинг бизга берган беҳисоб неъматларидан бири—шу замонавий жамиятда тасаввуф қадрини тушуниш деб биламан.

ШАРИАТ ва ТАСАВВУФ

Бу жуда муҳим масаладир. Тасаввуфни шариатдан ажратиш, инсон терисини баданидан шилиб олишга ўхшаган нарсадир. Чунки шариатсиз тасаввуф ғояларига эришиш мумкин эмасдир.

Коинотнинг эгаси бор ва ҳар нарса Ундан келади. Коинот эгасининг розилиги бўлмас экан, бирор нарсани бажариш мумкин эмас. Шунинг учун шариат ҳукмлардир, «қол»дир; тариқатни эса «ҳол» деб атайдилар. Зеро, ҳукм бўлмаса «ҳол»и ҳам бўлмайди: сув билан стаканни қандай тушуниш лозим бўлса, шариат
билан тариқатни ҳам шундай тушуниш керак. Шариат билан тариқат ораларидаги муносабат-алоқани бир бутун ҳолда шундай англаш лозим.

Ҳақиқий мутасаввиф ҳақиқий мусулмон улароқ, Аллоҳнинг тажаллийсига мазҳардир. Улар ўша завқни тотган кишилардир. Шунинг учун ҳам бу кишиларни бир кулфат қилиб қабул этишлари, шариат аҳкомларини тор қолип шаклида кўришлари мумкин эмас ва тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Аксинча, тасаввуф завқидан бебаҳра кишиларнинг шариат моҳиятини тушуниб етмаслиги уларнинг жаҳолатидан бошқа нарса эмас…

Бугун ичда ва ташқарида кўп тасаввуф муҳиб (севувчи)ларини, дарвеш ва суфийларни, ҳар хил тариқат ва йўлларни кўряпмиз. Европа ва Америкада тасаввуфга қизиқиш кучайган. Мусулмон бўлган баъзи ғарбликларнинг бирон тариқатга мустаҳкам боғлангани ҳолда уни тарк этмаганлигини, ҳатто исмига «сўфи» лақабини қўшиб, бу билан фахрланганлик-ларини эшитиб турамиз.

Шу билан бирга, шариат ва тариқат ҳамда уларнинг муносабати уламолар ўртасида кўп мунозара ва баҳсларга сабаб бўлган. Бир тараф уламолар бидъатлардан сақланиш мақсадида фақат шариат талабларини ёқлаганлари ҳолда тариқат ва тасаввуфга нисбатан бирқадар ишончсизлик билдирадилар. Ҳатто Имом Ғаззолийнинг «Иҳёи улумид-дин» рисоласини зарарли ҳисоблаб, топилган жойида ёқиб юборишга фатво берган муфтийлар ҳам чиққандир. Шу кунимизда ҳатто «валлоҳи Исломда тариқат, тасаввуф йўқ»,—деб курсиларидан жар солаётган воизларни ҳам эшитмоқдамиз.

Фақат шуни эътиборга олиш лозимки, тариқат ва тасаввуф бир турдаги нарсалар эмас. Ачинарлиси, «Тариқат аҳлиман» деб айтган баъзи жоҳилларнинг куфрга кетган ҳоллари, мункир ҳолатлари, ҳар вақт ҳар ерда кўриниб келмоқда…

Тасаввуфнинг хиллари турличадир. Кимдир тасаввуфни ёки тариқатни танқид этаётган бўлса, у айнан нимани назарда тутаётганини аниқлаб олиш лозим. «Сен қайси бирини назарда тутаяпсан? Нимага душмансан, нимага дўст?» деб тушунчалар устида бир фикрга келишимиз зарур. Ва шундан кейингина «ҳақлисан ё ҳақсизсан», деб айта олиш мумкин.

Балки биз ҳам айнан шу нарсани кўзда тутаётгандирмиз: уларнинг норозилигига сабаб бўлган жиҳатларни биз янада кўпроқ танқид қилиб, тузатишга ҳаракат қилишимиз керакдир? Биз ҳеч қачон шариат талаблари ташқарисида, Қуръони карим ва Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларига қарши бирон муносабатни, ҳатто кичик бир имо-ишорани маъқуллаш ниятимиз йўқ.

(давоми бор)

Манба: Сайфиддин Рафиддиновнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг