Мамлакатимиз дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Аждодларимиз бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу ислоҳотларни давом эттириш борасидаги ишлар қаторида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Шарқ алломаларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, ЎзФА Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг ёритиш, қадим ва бой илмий-тарихий меросимизни чуқур ўрганиш асосида халқимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ва бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш конференциянинг устувор мақсадларидан этиб белгиланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) раҳбари, доктор Салим ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) раҳбари, профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наурызбай хожи Таганулы, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиев, Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов ўзларининг табрик сўзлари билан иштирок этишди.
– Марказий Осиё халқлари маданияти кўҳна ва бой тарихга эга. Буни, энг аввало, ушбу заминда эрамиздан аввалги даврлардаёқ қадимги бақтрия, сўғд, ўрхун, хоразм ёзувлари ихтиро қилингани исботлайди, – дейилади Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловнинг табригида. – Милоддан аввалги II асрдан милодий XV асрга қадар Буюк Ипак йўлининг айнан Марказий Осиёнинг бир неча шаҳарларидан ўтгани эса, ушбу юртда нафақат савдо-сотиқ, балки илм-фан ва маданият тараққий этишига замин ҳозирлади. Тинчлик-тотувлик муҳити ҳамда цивилизациялараро дўстона мулоқот эса илк давлатчиликнинг қарор топиши ва тараққий этишига ҳам шароит яратган.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган халқимизнинг маънавий-маърифий баркамоллигини намоён қилиши билан бир қаторда, Учинчи Ренессанс даврига пойдевор илм-маърифат масканлари бўлиши, шубҳасиз.
- Шарқ қадим цивилизация чорраҳаси бўлибгина қолмай, илм-фан, санъат, адабиёт намуналарининг асоси ва бешиги бўлиб, қадимги ва замонавий оламнинг маданий хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – дейди Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) раҳбари, доктор Салим ал-Малик. – Ислом тарихида цивилизация марказлари кўп бўлган. Бунинг натижасида ушбу заминлардан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқди. Мисол учун астрономияда Абу Райхон Беруний, тиббиётда Абу Али ибн Сино, фалсафада Абу Наср Форобий, математикада ал-Хоразмий ва шунингдек, ҳадис, фиқҳ, шариат илмлари бўйича уламолар камол топди. Илм-фаннинг ривожланиши ўрта асрлардаги Уйғониш даври асоси бўлди. Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган бу зотлар ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам оз.
– Мазкур анжуман ишига муваффақият тилаб қоламан, – дейди Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) раҳбари, профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич. – Ислом цивилизациясининг олтин асрида Шарқ цивилизациясининг асосий босқичини ташкил этди.
Ислом динининг маънавий тафаккур, ақлий салоҳият ва эмпирик кузатиш ҳақидаги таълимотларидан илҳомланган улуғ алломаларимиз туфайли бир неча асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ярим шарларида ислом илмий фаолияти гуллаб-яшнади. Исломнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси туфайли Шарқ бир неча асрлар давомида тараққиётнинг ўзаги бўлиб келган. Бугун ҳам унинг нури умумбашарий маданий ва илмий мерос сифатида кенг нур сочмоқда.
Илм-фан биринчи марта Месопотамия, Миср, Хитой, Ҳиндистон, қадимги Юнонистон ва Римда ривожланган. Ислом дини пайдо бўлгач, Шарқ яна етакчиликни қўлга олди. Математика ва табиий фанлар, шунингдек, фалсафа ва адабиётда сон-саноқсиз асарлар яратилди. Илмий ва замонавий цивилизацияларнинг тегишли фанлари таржима ва шарҳлар орқали тадқиқотларга киритилди. Айни пайтда ислом оламидаги йирик илмий тадқиқот марказларида илғор талабалар томонидан кенг кўламли илмий изланишлар олиб борилаётгани эътиборлидир Бунда айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фаолият бошлаган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари бу борадаги изланишларни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.
– Илм-фан – инсон камолотига пойдевор, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев. – Маърифат ва маънавият эса баркамоллик устунларидир. Зеро, қадим Шарқда таълим ва тарбия ҳеч вақт айро ёки бири иккинчисидан устун баҳоланмаган. Бу эса дунё тамаддунига тамал тошларини қўйган Имом Бухорию Ал-Хоразмийлар, Имом Насафийлару Ал-Фарғонийлар каби не-не довруғи дунёга достон улуғ қомусий алломалар бебаҳо меросида ҳам намоён.
Улуғ аждодларнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
– Шарқ заминида камол топган минглаб олимлар ва мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшганлари маълуму машҳурдир, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров. – Алломаларнинг илм-фанга бахшида этган умри, эришган ютуқлари ва кашифиётлари ҳозир ҳам инсониятни ҳайратга солмоқда. Мисол учун, Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан Маҳмуд Замаҳшарийни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамасдан, дунёнинг кўплаб мамлакатларига сафарлар қилган, чуқур билими ва илмий салоҳияти билан ҳаммани лол қолдирган.
Сўнгги йилларда Шарқ алломалари илмий мероси чуқур ўрганилмоқда. Мутафаккирларнинг илмий асарлари ўсиб келаётган авлод учун билим ва тарбия манбаи бўлиши билан бирга янги кашфиётларга етаклайди.
Конференцияда Пешовар университети ҳузуридаги Марказий Осиё тадқиқот маркази директори Хон Шобир Аҳмад, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими Аҳмад Саъд Даманҳурий, “Нур Муборак” Миср Ислом маданияти университети қошидаги Абу Ханифа илмий-тадқиқот маркази директори Шамшадин Керим, Туркия Анқара университети Илоҳиёт факулътети профессори Сўнмаз Қутлу, Гёте номидаги Франкфурт университетининг Ислом дини ва маданиятини ўрганиш институти директори Умар Узсой, Британия кутубхонасининг туркий ва турк тилидаги қўлёзмалари куратори Майкл Жеймс Эрдман, Малайзиядаги Кебангсаан университети, Ислом Ҳадҳари институти директор ўринбосари, доцент Моҳд ал Адиб Самури, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директорининг дастурлар бўйича маслаҳатчиси Аширбек Муминов ҳамда 200 дан ортиқ маҳаллий, хорижий олимлар, соҳа мутахассислари, таниқли экспертлар, илмий тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Зоҳиджон Исломов олиб борди.
Халқаро конференция “Шарқ алломалари меросида ислом илмларининг ўрганилиши”, “Мовароуннаҳрда, ижтимоий, табиий ва аниқ фанлар ривожи”, “Мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани тараққиётига таъсири” ҳамда “Мусулмон алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” каби шўъба йиғилишларида давом этди.
Илм машваратида “Марказий Осиё алломаларининг санъат, гуманитар фанлар, диншунослик, ижтимоий фанлар ривожига қўшган ҳиссаси”, “Мусулмон Шарқи олимларининг ислом цивилизацияси ривожида тутган ўрни: Имом Доримий”, “Сомонийлар даврида илмий ҳаёт кўринишлари ва Мовароуннаҳр олимларининг илм-фанга қўшган ҳиссаси”, “Классик исломшунослик ва шарқшунос исломшунослик ўртасидаги замонавий ислом илоҳиётшунослиги: муаммолар ва имкониятлар”, “Саҳиҳи Бухорийда фитрат тушунчаси ва ҳадислар шарҳи”, “Британия кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид нодир қўлёзмалар тақдимоти”, “Уйғониш даври Марказий Осиё мутафаккирлари дунёқарашида бағрикенглик ғоялари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири бўлиб, диёримизда камол топган буюк мутафаккирлар ислом илмлари билан бир қаторда дунёвий фанлар ривожига ҳам улкан ҳисса қўшганлари, уларнинг бой илмий-маънавий мероси ўзининг аҳамияти билан ҳозирги даврда ҳам халқаро жамоатчилик томонидан ҳам кенг эътироф этилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, конференция иштирокчилари томонидан янги Ўзбекистонда алломалар илмий-маърифий, маданий-маърифий меросини тиклаш, уни ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кўрсатиб бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк аждодларимиз номи билан аталган халқаро илмий-тадқиқот марказларига асос солиниши юқори баҳоланди.
Тадбир сўнггида анжуманда маъруза билан иштирок этган мутахассисларга Сертификатлар топширилди. Долзарб илмий мавзулар асосида якуний хулоса ва тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати