Сайфиддин Сайфуллоҳ. Шариат, Тариқат ва Хақиқат (Туркистон машойихлари талқинида)

0
3295

Ушбу мақола Жазоирда 2008 йил 14-16 сентябрда бўлиб ўтган

“Санъат, маданият ва тасаввуф” халқаро анжуманида ўқилган

УМУМИЙ МУЛОҲАЗАЛАР

Бизларга илму маърифат ато этган Аллоҳу таолога ҳамду санолар, умматига ҳақиқат йўлини кўрсатган севимли Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин!

Шариат, тариқат ва ҳақиқат сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида тасаввуфий асарларда кўп фикру мулоҳазалар билдирилган. Уларда шариат асос ва бирламчи экани, тариқат ва ҳақиқатнинг ўзаро боғлиқлиги қайд этилган. Шунинг учун ҳам мутасаввифлар шариат йўлида мукаммал бўлмаган кишига тариқат, ҳақиқат ва маърифат мартабалари насиб этмаслигига якдил бўлганлар.

Одатда Ислом динининг амалий қисми, дин қоидалари шариат дейилади ва унинг аҳкомларини фиқҳ илми ўргатади. Сўфийлик эса (шариатдан сўнг) тариқат ва ҳақиқат воситасида қўлга киритилади. Шариат ва тасаввуфнинг бир-бирини тақозо қилиши ҳақида Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзлари муҳимдир:
من تفقه ولم يتصوف فقد تفسق، ومن تصوف ولم يتفقه فقد تزندق، ومن جمع بينهما فقد تحقق
«Ким сўфий бўлсаю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлсаю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир».

Тасаввуфий манбаларда шариат, тариқат ва ҳақиқатнинг мазмун-моҳияти, мақом ва даражалари ҳақида турлича таърифлар берилган. Жумладан: Шариат – тери, тариқат – гўшт, ҳақиқат – суяк, маърифат – иликдир. Шариат машъал, тариқат йўл, ҳақиқат борадиган манзилдир. Аммо машъални қўлга олмоқ билан йўл очилмас. Йўлга тушдингми, бас, юришинг тариқат эрур, мақсадга етмоқ ҳақиқатдир…

Шариат дори, тариқат уни истеъмол этмак, ҳақиқат эса касалликнинг даф бўлишидир. Шариат илмдир, тариқат амалдир, ҳақиқат у амалнинг самарасидир. Шариат кема, тариқат денгиз, ҳақиқат денгиздаги гавҳарлардир. Ким гавҳарларни қўлга киритмоқ истаса, кемага миниши ва денгизга сузиши керак.. Айримлар шариат бадан учун, тариқат халқ учун, ҳақиқат руҳ учун, маърифат Ҳақ учун деб айтганлар. Шариат дори, тариқат дорини ичиш, ҳақиқат эса касалликнинг тузалишидир.

Тариқатнинг илк босқичи шариатдир. Яъни, бандани илоҳий амрларни бажаришга ундовчи қонунлардир. Ҳақиқат эса тариқатдан кейинги юксак мақом. Демак, тариқат шариатдан ҳақиқатга борадиган йўлдир. Ҳақиқат билан қувватланмаган шариат ва шариатга боғлиқ бўлмаган ҳақиқатда ноқислик рўй беради. Тариқат шариатнинг меваси, ҳақиқатнинг дарахтидир. Бу йўллар Аллоҳнинг йўлидир. Улуғ валийлар ва қутблар айнан шу йўллар орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилган бандалардир. Шунинг учун ҳам ким Аллоҳнинг содиқ валийларига тош отса ва иҳонат этса, Аллоҳ у бандани хор ва маҳрум айлайди.

Баъзи шайхлар шариат, тариқат ва ҳақиқатннг назарий ва амалий ҳосиласини оддийгина қилиб тушунтирганлар. Шариат мажбурий фарзу вожиб амалларни бажариш, Тариқат эса пир вазифасини ихлос билан адо этиш. Ҳақиқат шу зикрлардан, вазифалардан ҳосил бўлган нурлар, кашфу ҳоллардир… Халқимиз орасида:
Шариат айтадур, ўлдир илонни,
Тариқат айтадур, оғритма жонни, – деган байтни гоҳ-гоҳ эшитиб қоламиз.

Маълумки, шариат зараркунанда нарсаларни ўлдиришга буюради. Тариқатда эса таслимият яъни ҳар нарсани Аллоҳдан билиб, бирор жонзотга озор бермаслик андишаси бор. Масалан, шариатда қасос олиш ҳалол. Тариқатда эса ҳаром. Нега ҳаром? Сабаби, тариқатда таслимият, қазога рози бўлиш ва ҳеч бир жонзотга озор бермаслик ақидаси мавжуд. Бу борада ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга савол беришганда: “ Сен менга ҳаромдан воз кеч дединг, мен эсам ҳалолидан ҳам воз кечтим” деб, жавоб берган эканлар. Бугунги кунда тариқатга тош отадиганлар сафида афсуски, айнан мана шундай нозик ва тагдор гапларнинг моҳиятига етмасдан мулоҳаза қиладиганлар ҳам йўқ эмас.

Форс шоири Бобур Қаландар Мирзо бундай дейди:
Жом аст шариат ва ҳақиқат–бода,
Гар жом шикасти, ба яқин бадмасти.

«Шариат қадаҳ, ҳақиқат эса унинг ичидаги бодадир. Агар қадаҳни синдирсанг, шуниси аниқки, сен ақлини йўқотган маст кишисан, бодадан бенасиб қоласан» .
Муаллифи номаълум “Миръот ул-ушшоқ” (Ошиқлар ойнаси) номли тасаввуф луғатида айтиладики:
Шариат – пўст, мағз омад – ҳақиқат,
Миёни ину он бошад тариқат.

Шариат–пўст, ҳақиқат мағздир. Бу иккисининг орасида келадигани тариқат дейилади. Демак, ҳақиқатга очилган биринчи ва асосий эшик шариатдир. Унинг аҳкомларини мукаммал бажаришга ҳаракат қилиш лозим. Тариқат ҳақиқат йўлининг иккинчи эшигидир. Муршиди комил воситасида бу ирфон ва ахлоқ йўлида сабот кўрсатиш, дунёнинг ҳою ҳавасларига аҳамият бермасдан қалбни софлашга ҳаракат қилиш керак.Бу мақомда шариат амалларини тукис бажаришга янада диққат қилинади. Зикр ва нофила ибодатлар ва савобли амаллар кўпайтирилади. Ҳақиқат ҳудудсиз бир дарёдир. Бу дарёда шариат кемаси билан сайр этилади. Фақат ҳақиқат мақомига етишмак учун кемадан чиқиб денгизга ғарқ бўлмоқ керак… Шариат ҳақиқатнинг зоҳири бўлса, ҳақиқат шариатнинг ботинидир. Ҳақиқат бир сирдир. Бу мақомга ҳақиқий ошиқ қуллар эришади. Бу мақомда иккилик йўқ. Унда қаҳр ҳам, лутф ҳам баробар.

Бу мақом бир шаҳрдир. Унинг султони Ҳақдир. Бу мақомга етти нафс мартабаларидан ошган, қалбини салим ҳолга келтирган, ҳаётини тақво асосига қурган, сиррини ошкор этмаган, «каррамно» тожини кийган инсонларгина ноил бўлади. Ҳақиқатнинг самараси жаннат ва жамолуллоҳдир . Аллоҳ барчамизга бу улуғ неъматини муяссар айласин!

Шариат, тариқат ва ҳақиқат ҳақида сўз борганда маърифат ҳам тилга олинади. Маърифат Ҳақни ҳаққи билан танишга ғайрат қилиш. Маърифат Аллоҳнинг бандасига эҳсонидир. Фақрлик ила ботинни софлаш, жону кўнгул билан Ҳаққа ошиқ бўлиш. Ҳақни таниган бир ориф ҳолига келиш.

Шайх Али Термизийнинг “Одоб ул-муридин” китобида айтиладики: “Эй фарзанд, шариат, тариқат, ҳақиқат ва маърифат, ҳукмларни адо этишда баробардирлар… Аммо суфийлар ўзларининг янги истилоҳларига мувофиқ уларнинг орасини ажратганлар: Шариат – буйруқларни бажариш ва тақиқларни тарк қилишда нафс поклигидир. Тариқат – Аллоҳдан бошқа хатарли нарсалардан қалбни аритиш ва Аллоҳнинг зикри билан қалбни мусаффо қилишдир. Ҳақиқат ва маърифат – маърифат ҳаққи даражасида Аллоҳнинг ягоналигини таниш ва билишдир. Сўфийлар наздида маърифат ҳаққи билан танишнинг даражаси, ориф нима эшитса, Ҳақдан эшитади…Бунга мисол: Шайх Жунайд Бағдодий айтган экан: ”Ўттиз йилдан бери Ҳақ билан гаплашаман, одамлар биз билан гаплашаяпти, деб ўйлайдилар”.

(давоми бор)

Манба: Сайфиддин Рафиддиновнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди. 
Сайфиддин Рафиддинов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг