Самарқанд шаҳридаги  «Храм Покрова Божьей Матери» черкови

0
1029
Фото: М.Тошпулатова

Рус православ черкови Ўзбекистон ва Тошкент епархиясининг амалдаги православ соборлари рўйхатига Самарқанд шаҳрида храм Покрова Божьей Матери ҳам киритилган. Қурилиш йили – 1903 йил. Соборнинг престол байрами шарафига «Храм в память Вознесения Господня», деб номланган.

Черков 1910 йил ўрталарида ибодатхона  унвонини олди, унинг жойлашган жойи Самарқанднинг руслар қисми деб аталадиган томонида жойлашган православ қабристонининг яқинида, Туркистоннинг тарқатиб юборилган бешинчи ўқчи полкининг ҳарбий казармаси эди.

1912 йил бошида черков “Иккинчи Туркистон бригадаси ибодатхонаси” деб номланди. Собор биноси бир вақтнинг ўзида уч юзга яқин одамни сиғдира олади. Черковнинг ички қисми ҳашамат ва катта иконостас билан ажралиб турарди. Ходимлар рўйхатига кўра, ибодатхонада битта руҳоний бўлиши мўлжалланган.

Ўзбекистондаги кўпгина ибодатхоналар сингари, собор ҳам 1930 йилларнинг бошида ўз фаолиятини тўхтатди.

1998 йилда черков реконструкция қилинди, таъмирдандан чиққач, собор » Муқаддас Худованд Она шафоат черкови» деб номланди.

Маъбад биноси пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, унинг ичида иконостасли кенг ибодатхона ва хор хоналари мавжуд. Черковнинг ўзига хос хусусияти – бу катта ҳажмдаги қўнғироқ минораси ва ёруғлик дизайни билан жиҳозланган мансардаси бор.

Қурилиш тарихи

Ибодатхона қурилганида, у шаҳардаги биринчи ва ягона ҳарбий бўлмаган бино бўлди. Черковнинг асл кўринишидаги ҳудуди анча катта бўлиб, деярли бутун қанотни эгаллаган. Бу ерда нафақат маъбаднинг ўзи, балки хизматчилар учун турар жой, дарвозахона ва ёрдамчи бинолар, ўтин учун омборхоналар ва отхона ҳам бор эди. Ушбу лойиҳа муаллифи Самарқанд вилояти архитектори Иван Петрович Лебедев бўлган. Шафоат собори ҳудудининг шарқий томонида Покровская майдони жойлашган эди.

Фото: М.Тошпулатова

Дастлаб, черков черков-мактаб мажмуаси бўлиши керак эди, шунинг учун ғарбий томондан иккита алоҳида кириш жойи бўлиб, улардан бири черковга, иккинчиси эса мактабга олиб борарди. Таълим уч йиллик эди, бир вақтнинг ўзида бу ерда аралаш турдаги иккита параллел синф ўқиди.

1907 йил 8 октабрда Самарқандда зилзила рўй берди, бу вақтда Покровский собор (Шафоат черкови) нинг қўнғироқ минорасидан темир хоч қулаб тушди ва пойдеворда синиб кетди.

1920 йилларда Ўзбекистонда диний таъқиблар бошланди, ҳамма жойда черковлар ёпилди, вайрон қилинди. Ўша йилларда Самарқанд пойтахт бўлгани сабаб шекилли, Покровский Собор (Шафоат собори) сақланиб қолган ва ёпилмаган кам сонли соборлардан биридир. Аммо ўша йилларда ҳудуднинг учдан икки қисми тортиб олинди ва турар-жой биноларига берилди.

Фото: М.Тошпулатова

Шаҳардаги черков ҳаёти фақат Иккинчи Жаҳон  урушидан кейин қайта тиклана бошлади. Аммо ўша пайтда ҳам черков тўлиқ давлатга қарам эди, ҳар қандай кичик иш учун ҳам шаҳар маъмуриятининг рухсати керак эди. Собиқ ҳудудларни соборга қайтаришнинг иложи бўлмади, шунинг учун вақт ўтиши билан черков хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари яшашлари учун яқин атрофда турар-жой бинолари сотиб олинди. Пресвятая Богородица  Шафоат черкови биносининг ўзига келсак, у бир асрдан кўпроқ вақт давомида ўз ўрнида турибди ва у ҳозирги кунга қадар деярли ўзининг асл кўринишида озгина қайта режалаштирилган ҳолда сақланиб қолган.

Фото: М.Тошпулатова

Покровский собори руҳонийси Роман ота:

(Отец Роман – настоятель Покровского собора:)

Мен баъзан толерантлик деган сўзни қабул қилолмайман. Биз динимиз қандай бўлишидан қатъий назар, афсуски, аҳлоқан тубан кетяпмиз. Ҳа, одамлар ибодат қилаётгандек. Ҳаммаси яхшидек. Дунёда бир жинсли никоҳлар бор экан, вояга етмаган фарзандлар ота-онага бўйсунмас экан, толерантлик сўзи шунчаки баландпарвоз гап бўлиб қолаверади. Толерантлик дегани чидамлилик дегани. Чидаш дегани. Демак, бизи ёнимиздаги инсонларга чидашимиз керак. Қандайдир жуда ҳам тўғри келмайдиган сўз деб ўйлайвераман. Одамларни бир оиладек бир-бирига меҳр-шафқатли қилишнинг иложи бўлмагани учун шу сўзни қўллаймиз.

Фото: М.Тошпулатова

Иккинчи Жаҳон уруши, 40 -йилларда Петербургдан одамларни Ўзбекистонга, хусусан Самарқандга эвакуация қилишган. Шу черков ичида ҳам бир қанча одамларга бошпана берилган. Кейин биласизми, нима бўлган? Улар НКВД га «руҳоний оталар ибодат қилишни бас қилсинлар, уларнинг илтижо-ибодатлари ухлашга ҳалақит беряпти», деб шикоят ёзиб беришган. Черковни шунчаки ётоқхонага айлантириш ниятида ҳам бўлганлар. Аммо, бунда ибодатлар ҳеч қачон тўхтамаган. Черков ўзининг бой тарихига эга. 20 йил давомида бунда Тошкент епископи владика Ермаген ота хизмат қилган. Бўлажак Калуга епископи Стефан ота, Бўлажак Житомир митрополити бунда хизмат қилган. Бундаги иконалар тарихи ўзи бир дунё. 180 йиллик иконамиз бор. Иконалар муқаддаслиги нимада? Унинг қаршисида минглаб одамлар ибодат қиладилар. Дардига малҳам топган. 2 та Жаҳон урушини кўрган иконалар бор. Улар қандай чизилади? Монастырда икона чизадиган рассом ҳаққига дуолар қилинади.Икона чизиладиган тахтага муқаддас сув сепилади. Ана шу сувни йиғиб олиб, бўёқ эритилади. 40 кун давомида икона чизгувчи мусаввир тарки дунё қилади, ҳеч кимга кўринмайди. Тинимсиз ибодатда бўлади. Бирор чизиқ чизади ва ибодат қилади. Яна чизади, яна ибодатда бўлади. Шунда Худо унинг кўзига муқаддас тасвирни кўрсатади. Икона чизишнинг ана шундай муайян тартиблари бор.  Айтганимдек, нечта монастирь бўлса, дейлик, 70 таси ҳам икона чизгувчининг ҳаққига дуода бўладилар. Ҳали ҳам бундай одатлар борми? Бор. Лекин камайиб бормоқда. Ҳозир ҳам икона мусаввирлари ибодатда бўладилар. Лекин нусха оладилар. Кўчирадилар. Бу тез битадиган жараён.

Фото: М.Тошпулатова

Икона бўёқлардаги Библия дегани. Ўқишни билмаган одам Инжилни шу тариқа “ўқийди”. Айнан Икона одамнинг ҳаётини ўзгартира олади, деб ишонамиз. Чунки бу дунёдаги барча нарса бизни Худодан чалғитади. Икона эса диққатни Худонинг ўзига жамлашда ёрдам беради. Бу Худонинг муборак ҳузурига очилган дарчадир.

Одамнинг ҳаёти фақатгина моддий эмас, маънавий ҳам бўлиши керак. Одам  қайси руҳга сиғинса, қайси руҳга хизмат қилса, ўшаникидир.  Фақат қоринга, нафсга хизмат қилса, шунинг қули бўлади.

Худога шукур мана, черковимиз хизматда, ибодатдамиз. 80- йилларга солиштирганда, черковлар таъқиқланган пайтларга қараганда албатта ибодатхонани эркин тавоф қиламиз. Бу учун биров бизни турмага ташлаймайди, ўққа тутмайди. Бир томондан эса парадокс ҳолат бор. Айнан таъқиб даврларида ибодатхона келгувчиларга тўла бўларди. Таъқиб йўқлигида эса, эхром ярим бўшдир. Худо имкон берди, раҳбарларга инсоф берди, одамларга эркинлик берди. Лекин қаранг-ки, ёшлар бошқа ерда.  Черковга қулоқ осмайдилар, кулишгача борадилар. Гўёки черков эскирган, қолдиққа қарагандек муносабат, қарашлар бор. Черковдан воз кечса ҳам бўлади, дейдиганлар топилади.

Фото: М.Тошпулатова

Қандай қилиб, аҳлоқдан воз кечиш мумкин? Қандай қилиб, виждондан воз кечиб бўлади? Булар эскириши мумкинми? Ёки ақл эскириши мумкинми? Тафаккур-чи? Ахир улар эскирмайди, қаримайди. Дин бу виждон қонуниятидир. Худонинг овози, буйруғи эскирармиди? Минглаб йиллик тарихи бор бунинг. Тарих бу энг яхши устоздир. Бизнинг тарихимизни яхши билмаслигимизга уринганлар бор. Биз бошқарилуви осон подага айланишимиз учун тарихни билмаслигимиз сабаб бўлади. Биз бутун авлодни йўқотишимиз мумкин. Ахир дин унга баъзилар айблов қўяётганидек, илф-маърифатни рад қилмаган. Ҳеч қачон дин илм-фанни инкор қилмаган. “Худо ўрганилади”, дейилган ахир. Атроф борлиқни  ўрганибгина Худони англаш мумкин.  Черков ядро қуроли ишлатишни ёқлайдими? Одамларни қириш учун қурол қўллашни ёқлайдими? Албатта йўқ! Қандай қилиб дин ядро қуролини дуо қилиши мумкин? Асло йўқ! Илм-фаннинг бундай ёвузликка хизмат қилишига қарши бўлади дин.

Фото: М.Тошпулатова

Дин фанга қарши эмас. Фаннинг инсонга қарши томонларига қарши бўлиши мумкин. Дин Худонинг буйруқларига қарши чиққанга қарши. Илм-фан ҳам динга қарши эмас. У руҳий муаммолар билан шуғулланмайди. У ривожланиб борувчи тизим. Психологлар қисман тегиб ўтади руҳга. Аҳлоқий муаммолар – бу оиланинг иши. Черковнинг иши эса оилаларни тарбиялаш. Оила институтида эса бир мунча бузилишлар юз берди. Бу бузилишлар 70 йил давомида юзага келган. Бир замонлар деҳқонлар бўлган-ки, у деҳқонга бир кафт тупроқ берсангиз, у ҳидлаб кўриб, бу ерга нима экиш кераклигини айтарди. Пахтами, буғдойми, картошками… Ҳозир шундайми? Аввал зиёлилар аллома эди, масалан, врач ташҳис қўйишдан тортиб, томчи дори қуйиш, укол қилишгача биларди. Ҳозир бу билан фақат ҳамширалар шуғулланади. Яқинда бир докторнинг касалга укол қилиб, томирларини куйдириб қўйганини кўрдим. Нега биз асл мутахассисларни йўқотдик? Таълимга катта аҳамият беришимиз керак, ва ниҳоят! Дейлик черков ўз вазифасини бажаради. Оилаларни виждон, аҳлоқ асосида яшашга чақиради. Оилаларда булар издан чиқса, черков ҳам ҳалокатга учрайди.

Фото: М.Тошпулатова

Черковга одамлар келиб туради албатта. Биз бундан хурсандмиз. Биз динидан қатъий назар ҳамма одамлар учун дуо қиламиз. Бизда кичик халқлар йўқ, биз бир бутун халқмиз, деган фикрга қўшиламан. Болалигимдан ўзбеклар, руслар, яҳудийлар, тожиклар катта ҳовлида биргаликда ўсганмиз. Кимда нохушлик бўлса, ҳамма ёрдамга шошилган. Яшаш осон эди, биласизми?

Биз яқинда Ал Бухорий мақбарасида турли динлар вакиллар учрашдик. Имомлар, епископлар ва бошқа дин пешволари жуда илиқ, дўстона мулоқотда бўлдик. Биз кўпинча учрашиб турамиз. Муфтий ҳазрат билан ҳам кўришиб турамиз.

Фото: М.Тошпулатова

Савол-жавоблар, ўзаро қўллаб-қувватлаш доимо яхши даражада. Бирлигимиз асосийдир. Бирликни йўқотиш керак эмас. Дейлик, “Биз– буюкмиз, қолганлар ҳеч ким” деган ақидадан қочиш керак. Ёшларни ҳам бундай тушунчалардан эҳтиёт қилишимиз керак. Айрилганни айиқ ер, дейдилар. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” деган мақол бор. Бундай бўлишдан асрасин.

Фото: М.Тошпулатова

Бизнинг Ўзбекистонимиз бир бутун, яхлит оиладир. Бунда миллатлар, динлар вакиллари ўзаро дўстликда, тинчликда, биродарликда яшайди. Аҳиллик, бирдамлик, ўзаро биродарлик деган чақириқлар, тушунчалар черков ёки масжид ичида қолиб кетиши керак эмас. У амалда исботланиши керак. Тараққиёт бирликдадир. Дунёвий юксалиш ҳам одамлар бир-бирлари учун жавобгар бўла олсаларгина юзага чиқади. Ҳамма ишда тартиб бўлади.  Агар одамлар ўз манфаати учун эмас, бошқалар учун ҳам, масалан: шифокор “Эй Худо, одамлар дардманд бўлмасин” деб дуо қила олса, милиционер: “Жиноятлар камайсин”, ҳокимият: “шикоятлар камайса эди”, деб дуо қила билсагина дунё ўзанида туради. Бизга бирлик керак. Алоҳидалик эмас.

Ўзбекистон – бағрикенг диёр лойиҳаси доирасида Мавлуда Тошпўлатова томонидан тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг