Самарқанд. Хожа Дониёр мақбараси. Уч дин вакиллари қадамжоси.

0
4039

Самарқанд шаҳрида бир қадамжо бор. У қадим Афросиёб тепаликлари  қўйнида, Сиёб дарёси бўйида ўз бағрига дунёнинг турли ерларидан саёҳатчиларни қабул қилганича улуғвор ястанган.

Ҳа, бу ерга келгувчиларнинг қадами узилмайди. Қизиғи, зиёратчилар мусулмон, христиан ва яҳудийлардир.  Шунақасини кўрганмисиз? Ҳа, дарҳақиқат, учта дин вакиллари учун баробар муқаддас ҳисобланади бу мақбара. Қандай қилиб?

Фото: М.Тошпўлатова

Ҳожа Дониёр мақбарасини “Святой Даниил” ҳам дейишади. Келинг, Хожа Дониёр ким эканлигини қараб чиқишдан олдин саёҳатчиларни суҳбатга тортайлик.

Фото: М.Тошпўлатова

Юля:

Мен Литва шаҳридан келдим. Учта турли маданият ва динлар учун муқаддасдир бу жой. Уларни нима боғлаб туради? Кимдир ишониши, бошқаси иштибоҳга бориши мумкин. Мен эса бу ҳақда ўқигач, Самарқанд саёҳатига келган заҳотим, Хожа Дониёрни бориб кўришни ихтиёр қилдим. Билишимча, Пайғамбарнинг Туркия, Ироқ, Эрон ва Ўзбекистонда мақбаралари бор. Бу ерга келганимда христианлар, яҳудийлар ва мусулмонларнинг тавоф қилаётганларини кўрдим.

Мен учун уларнинг турли эканининг фарқи йўқ эди. Одамлар сиёсий ўйинларга кириб қолмасалар бўлгани. Биласизми, дунёдаги урушларнинг кўпи диний масала сабаб авж олган. Лекин Ўзбекистонда яҳудий синагогаси ҳам, христиан черкови ҳам сақланиб қолганини кўриб, мен бу тинч-осойишта диёрга қайта-қайта саёҳат қиляпман.

Россиялик сайёҳлар:

Биз православ динидамиз. Бу муқаддас маконда авлиё Даниил ётибди. Учта дин вакиллари ҳам уни ўзиники  деб ҳисоблайди. Унинг номи Инжилда келади.
Мен иккинчи бор Самарқандга келишим. Бу сафар онамга ҳам бу ерларни кўрсатгани олиб келдим.

Фото: М.Тошпўлатова

Боймурод  (Деновдан):

Самарқандда оғиздан оғизга ўтиб келаётган ривоятларни эшитиб келяпман. Хожа Дониёр учта диннинг пайғамбари деб тан олинган зот экан. Менга айнан қайси диннинг пайғамбари экани қизиқ эди?

Абдулҳай:

Ўзгача таассуротларга дуч келдим! Қизиқиб қолдим ва шуни чуқурроқ билмоқчиман. Биласизми, менда бу ерга « Святой Даниил» деб ёзиб қўйилибди-ку. Бошқа келмайман деган фикр бўлмади.  Аксинча, учта дин вакиллари учун муқаддас жой сифатида қаттиқ қизиқтириб қўйди.

Фото: М.Тошпўлатова

Шу жой айнан Ўзбекистон ҳудудида бўлганлиги ҳам менга фахр берди. Амир Темур бобомиз Дониёр пайғамбарнинг ҳокини келтирганлиги тарихи ҳам жуда ғаройиб. Бу ёғини гидимиз гапириб беришларини сўраб турибмиз мана.

 Фирдавси  Жўраев:
«Вақф» хайрия-жамоат фонди Хўжа Дониёр зиёратгоҳи гид-тушунтирувчиси:

Хўжа Дониёр ҳақидаги версиялардан бирида у зот мелоддан аввал 603 йил Қуддусда дунёга келганлари айтилади. Довуд ва Сулаймон пайғамбар авлодларидан бўлган. Таваллуд топганларига 2600 йилдан ошган, яъни Исо алайҳиссаломдан 600 йил олдин, Муҳаммад С.А.В. дан қарийб 1200 йил олдин яшаб, Оллоҳ битта деб, яккахудоликка сиғинишга даъват қилганлар.

Авлиё зот Дониёр Бобил аскарларига асирликка тушиб қолади . Уни Қуддусдан Бобилга олиб кетадилар. Подшо Навихудонасорнинг саройига туш таъбирчи бўлиб хизматда бўлади. Оллоҳ унга тушни, унинг маъносини айта оладиган қобилият берган эди. Подшоҳ тушида баҳайбат бир ҳайкални кўрган, унинг боши олтиндан, елкаси кумушдан, бели бронзадан, оёқлари темир, оёғининг пасти эса лойдан. Тепаликдан бир кичкина тош тушиб, ҳайкалнинг темир оёғига урилади. Ҳайкал чангга айланиб йўқолиб кетади, тош эса тоғдай бўлиб ер юзини қоплаб олганини айтиб беради.

Фото: М.Тошпўлатова

Дониёр пайғамбар тушни таъбирлайди. Олтин бош – сизга берилган давлатингиз, у тугаб ўрнига кумуш подшолик келади, у ҳам тугайди, бронза подшолик келади, кейин темир, охирида тупроқ подшолик келади. Ва бутун умрга қолиб кетади. Бу подшолик эмас, балки мангу қоладиган эътиқоддан даракдир»,  дейди. Подшоҳ Хўжа Дониёрни саройдаги бош туш таъбирчи қилиб тайинлайди. Анча йиллар ўтиб, тахтни форслар подшоси  Доро I эгаллайди. Ва Хўжа Дониёрни бош вазир қилишни ўйлаб қолади.

Лекин подшоҳнинг бу ниятини бошқа вазирлар эшитиб Дониёрни йўқ қилиш пайида режа тузадилар. Душманлар атайин бир неча ойлар давомида подшоҳни кўп мақташга зўр берадилар. Подшоҳ кибрлана бошлагач “Энди халқ сизга сиғинсин, буюринг”, дейишади. Ҳамма подшоҳнинг ҳайкалига сиғина бошлайди.

Фото: М.Тошпўлатова

Дониёр аллайҳиссаломгина сиғинмайди, одамларни ҳам бундан қайтаради. Вазирларга эса айнан шу керак эди. У кишини кишанлаб, занжирбанд қилиб подшоҳнинг ҳузурига олиб киришади. Подшоҳ уни жуда ҳурмат қилар эди, лекин қарор ва муҳрни ўзи чиқартирган , бекор қилолмайди. Дониёр пайғамбарни шерлар қафасига ташлаттирадилар. Подшоҳ кечаси билан ухлолмай чиқади. Эртасига тонгда у бошқа вазирларни ушлаттиради, менинг энг яхши кўрган вазирим ўлди, энди сенларга ҳам омонлик йўқ, деб, шерларга ем қилиш учун ўша чуқурга олиб келтиради.

Фото: М.Тошпўлатова

Шерлар ётган чуқурни очиб қарашса, Дониёр паёғамбар ҳайвонлар билан суҳбатлашиб ўтирибди. У омон чиқиб, яна узоқ йиллар одамларни якка худога сиғинишга даъват қилиб, турли адашишлардан қайтариб яшаб ўтганлар. Кексайгач, Сузага кўчиб, иззат-ҳурмат билан Суза шаҳрига дафн этилган.

Муқаддас Хўжа Дониёр ноёб мақбараси бир вақтнинг ўзида учта жаҳон динларида: яҳудийликда, исломда ва насронийликда ҳурматга сазовор бўлган авлиёнинг дафн этилган жойидир. Мусулмонлар уни Хўжа Дониёр пайғамбар (Қуръонда зикр этилмаган, лекин 124 минг пайғамбарлардан бири, яҳудийлар Даниэль пайғамбар, христианликда Даниил пайғамбар деб аташади.

Ислом динининг ўз версияси бор. Хожа Дониёр пайғамбар Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси сифатида танилган Қусам ибн Аббоснинг шериги саналади. Амир Темурнинг Кичик Осиёга қилган ҳарбий юриши чоғида келган қўшин Суза шаҳрини босиб ололмайди. Маҳаллий донишмандлар ҳайратга тушган жаҳонгирга шаҳарнинг Дониёр авлиё қолдиқлари билан ҳимояланганлигини айтишди. Амир Темур бир ҳовуч табаррук ерни олиб, Самарқандга олиб бориш учун авлиёнинг қабрига боради. Уйга қайтаётганда Самарқанд шаҳар яқинида туя карвони бирдан тўхтаб қолди. Бу юқоридан ишора эди ва у ерда мақбара қуришга қарор қилдилар. Мақбара қурилганидан сўнг, йиллар ўтиб, ривоятларга кўра, қабр ўсиб, узунлиги  тахминан 18 метрга чўзилган.

Фото: М.Тошпўлатова

Мақбара уламолар томонидан вақти-вақти билан қуриб битказилди, узайтирилди ва 20-асрнинг бошида пайғамбар қабри устида бешта паст гумбазли занжирли тўртбурчак узун мақбара биноси қурилди. Дунё бўйича Дониёр пайғамбарнинг 5 та қабрлари бор. Энг узуни Самарқанддаги ҳисобланади. Афсонага кўра қабр ўсиб борган ва ёки пайғамбар ҳоки айнан қаерда эканини билдирмаслик учун узун қилиб қуришган.

Даҳма очилмаган, соҳибқирон Амир Темур айнан пайғамбар танасининг қайси қисмини олиб келгани аниқ эмас. Оғиздан-оғизга ўтувчи гапларга кўра, Ҳўжа Дониёрнинг муборак ўнг қўл, ўнг оёқ суякларини келтирганлар.

Фото: М.Тошпўлатова

Мақбара мажмуаси ҳудудида шифобахш ва муқаддас ҳисобланган булоқ бор. Пайғамбар ҳоки келтирилгач, бу булоқ ўшанда пайдо бўлган экан.

Кўплаб зиёратчилар ўз касалликларини даволаш ёки оддийгина муқаддасланиш умидида булоқдан сув ичишади.

Фото: М.Тошпўлатова

Шунингдек, мажмуа ҳудудида намоз ўқиш учун айвон қурилган.

Бу ерга қадам қўядиган уч дин вакиллари ҳар бири ўз исми расми билан бу мақбарани тавоф этадилар. Яҳудий раввинлар қабр бошида Торани ўқисалар, христиан поплар Инжилни ўқийдилар, мусулмонлар бир калима Қуръон оятларини ўқиб, дуога қўл очадилар.

1996 йилда Москва ва бутун Россиянинг 15-патриархи Алексий II Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқандга, хусусан, Хўжа Дониёр мақбарасига ташриф буюрди. Мақбаранинг ёнида 600 йиллик писта дарахти бор эди, у қурий бошлаган бўлиб, патриарх дарахтни муқаддас қилишга қарор қилиб, илоҳий сув сепиб кетади ва бир мунча вақт ўтгач, дарахт яна жонланади. Дарахт кўкаришига бошқа сабаб ҳам бор. Патриарх Алексий келишига тайёргарлик кўрилиб, одамлар писта дарахти шоҳларига ширк қилиб боғлаб ташлаган латта-путта, иплар олиб ташланади, шоҳ-шаббаларга ишлов берилиб, кўпроқ суғорилади.

Фото: М.Тошпўлатова

Зиёратгоҳда тупроқ деворлар орасида ғаройиб ёғоч эшик ҳам бор. Бу кичиккина эшик чиллахона эшигидир. Бу ерга кириб, зикр билан банд бўлишган. Ҳозирда киришга рухсат йўқ. Чунки, тупроқ босиб қолиши ҳавфи бор.

Яҳудийлар ҳам бу ерга келишни канда қилмайдилар. Ахир улар ҳам Хўжа Дониёрни ўзларининг 4 улуғ пайғамбарларидан бири ҳисоблайдилар. Шунинг учун ҳам бу ерга келган одам мақбарада турли миллат, дин вакилларининг зиёратда эканини кўриб, билмаганлари ҳайратланиши мумкин.

2001 йилда Самарқанд шаҳри ва унинг тарихий меъморчилик ва археологик ёдгорликлари, жумладан мақбара ва Хўжа Дониёр мажмуаси “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйҳатига киритилди.

Мавлуда Тошпўлатова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг