Рус колониал сиёсатининг рамзи. Тошкентдаги Авлиё Успенский собори тарихи

0
908
Фото: Ж.Остонов

ХIХ асрнинг 60 йилларидан бошлаб Россия империяси Марказий Осиёни империя таркибига қўшиб олиш учун ҳарбий юришларни амалга оширди. 1865 йилда Тошкент қўлга киритилди. 1867 йилда эса Россия эгалланган ҳудудларни бирлаштирувчи Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил қилди. Шундай шароитда Россиядан аҳолини кўчириш сиёсати ҳам амалга оширила бошланди. Туркистондаги мавжуд православ динидаги оддий аҳоли ва рус аскарларининг ибодат қилишлари бир черковга бўлган талабни оширди. Шу тариқда Тошкентда ҳарбий госпиталь ёнидаги қабристон ҳудудида православ черкови пайдо бўлди. Мазкур мақолада тарихчи Жаҳонгир Остонов Тошкентдаги Авлиё Успенский собори тарихи ҳамда унинг рус мустамлакачилик сиёсатида тутган ўрни ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Жаҳонгир Остонов

Марказий Осиёда олиб борилаётган ҳарбий кампания давомида яраланган рус аскарлари учун госпиталь ва вафот этганлар учун қабристон ташкил этилди. Бугунги Тошкентнинг Авлиё ота кўчасида, Тошкент Шимолий вокзали яқинида барпо этилган мазкур госпиталь ва унинг ёнидаги қабристонда 1871 йил 30 сентябрь куни вақтинчалик черков ҳам қурилди. Ушбу черковга православ авлиёларидан бири бўлмиш Пантелеймон номи берилди.

Аммо орадан бир оз вақт ўтиб, ҳудудда Россиядан келганларнинг кўпайгани сабабли каттароқ черков қуриш эҳтиёжи туғилди. Янги черков қурилиши учун ўша пайтдаги Туркистон генерал-губернатори Константин Фон Кауфман 3000 рубль маблағ ажратди. Шунингдек, эҳсон маблағлари ҳам қурилишга жалб этилди. Энг катта суммани тошкентлик биринчи савдо гильдияси савдогари Дмитрий Захо ажратди ва кейинчалик 15 йил давомида черков хизматида турди.

Тошкентдаги янги черков қурилиши 1877 йилда бошланди ва қурилиш ишлари бир йилча давом этди. 1878 йилда қурилиши тугалланган черков 1879 йилнинг 31 январь куни қайтадан иш бошлади.

Фото: Жаҳонгир Остонов

Россиядаги февраль инқилоби нафақат сиёсий ҳаёт, балки диний ҳаётга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Шу даврдан бошлаб Россияда реноваторлар оқими пайдо бўлди. Империядаги бошқа черковлар каби Тошкентдаги черков ҳам улар тасарруфига ўтди. Бу ҳол 1933 йилгача, яъни СССРда дин расман тақиқлангунга қадар давом этди. 1933 йилдан 1945 йилгача черков фаолиятини тўхтатиб турди. Бу даврда черков Ўрта Осиё ҳарбий округига тегишли 340-санитар омбори сифатида фаолият юритди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, 1945 йилнинг декабрь ойида черков қайтадан фаолиятини бошлади ва шу йилдан бошлаб Авлиё Успенский номини олди. Шунингдек, шу йили Тошкент епархиясининг кафедрал собори мақомини ҳам олди. 1958-1960 йилларда Епископ Ермогон раҳбарлиги йилларида черков қайта қурилди ҳамда кенгайтирилди.

Кейинчалик, 90 йилларда ҳам бир қатор қайта қуриш ишлари олиб борилди. Жумладан, бинонинг қўнғироқ қисми қайтадан қурилиб, янада юксакка кўтарилди. Асосий қўнғироқ ҳам алмаштирилди, гумбаз қайтадан таъмирланди ва тилла суви билан бўялди. Шунингдек, ҳудуд ҳам кенгайтирилиб, ички безаклар ҳам бойитилди.

Фото: Жаҳонгир Остонов

Тарихда ўтган барча экспансияларда маълум идеология ва миссионерлик ҳаракатлари ҳам ўзига хос ўрин тутган. Бирор кучли давлат бошқа ҳудудга боришидан олдин ўз ғояларини ўша ерга ташиш учун миссионерлар хизматидан фойдаланган. Марказий Осиёга ҳам рус миссионерлари келган. Бундай миссионерларнинг энг машҳури Николай Остроумовдир. Шахслардан ташқари ҳам диний муассасалар ғоя ташиш вазифасини ҳам ўтаган. Хўш, Рус православ черковининг Россиянинг Туркистонда юритган империячилик сиёсатида ўрни қай даражада эди? Биз бу саволга жавоб топиш мақсадида тарихчи мутахассисларга мурожаат қилдик.

Фото: Жаҳонгир Остонов

Жумладан, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжанов бу хусусида шундай дейди:

«Аслида, Марказий Осиёда биринчи епархия Кауфман пайтида Верний (Олма ота)да очилган. Рус православ черкови бошида унчалик ҳам кучли таъсирга эга бўлмаган. Туркистон генерал губернатори рус православ черковини қўллаб-қувватлагани тўғрисида катта маълумотлар йўқ. Тўғри, черковлар қурилган, Тошкентда, Вернийда, Сирдарё вилоятида. Шунингдек, бир-иккита монастирь қурилган. Асосан, Еттисувда кўпроқ черковлар бўлган, улар қошида мактаблар бўлган. Асосан кўчиб келган русларга хизмат кўрсатган.

Миссионерлик ҳаракатлари ҳам кўзга ташланмайди. Ерли халқни даъват қилиш ҳолатлари учрамайди. Ҳатто, ҳукумат черков билан келиша олмай қолган пайтлари ҳам бўлган. Бу ҳақда Николай Остроумов ҳам ўз хотираларида ёзиб қолдирган. Яъни маъмурият черковни қўллаб-қувватламаган деган фикрларни билдирган. Шунинг учун, империячилик сиёсатида унча катта роль ўйнамаган десак бўлади. Фақатгина Еттисувда таъсири кучлироқ бўлган».

Шахсий архивдан

Шунингдек, Андижон давлат университети докторанти Шарофиддин Ҳошимжонов ҳам бу борада қуйидагича фикр билдирди:

«Чор Россиясининг Ўрта Осиёдаги экспансияси 4 йўналишда ташкил этилди. Ҳарбий экспансия даврида бутун Туркистон ҳудуди эгалланиб, шарқда Хитой, жанубда Афғонистон чегараларигача Чор ҳукумати остида Туркистон генерал-губернаторлиги вужудга келди. Айни шундан сўнг, сиёсий ва иқтисодий соҳалар ҳам тўлиқ мустамлакачилик руҳиятида шакллантирилди. Тўртинчи йўналиш сифатида маънавий қарамликни шакллантириш энг устувор мақсадлардан бўлди.

Бу борада мустамлакачилик сиёсатининг дастлабки йилларида жуда эҳтиёткорона сиёсат олиб борилган. Кауфманнинг илтимоси билан 1871 йилда Туркистон православ кафедраси ташкил этилган бўлсада, миссионерлик ҳаракатлари фаол бўлмаган. Унчалик кўп бўлмаган черковлар тармоғига эга бўлган православ кафедраси асосан, ҳарбийлар ва мустамлака маъмурияти, кўчиб келган саноатчи-савдогарлар учун хизмат кўрсатган православ диндор қатлам эҳтиёжлари учун хизмат қилган.

Фото: Жаҳонгир Остонов

Бироқ, кейинроқ Александр III давридан (ХIХ асрнинг 80-90 йилларида) бошлаб руслаштириш ва православ черковининг маҳаллий халқларни чўқинтириш орқали мустамлакачиларга содиқ қатлам яратиш ишлари бошлаб юборилди.

Бу жараён маҳаллий аҳолининг ислом дини билан қаттиқ боғлангани, кундалик ҳаётига чуқур сингиб кетгани ҳамда ислом дини марказларидан бўлгани сабаб жуда секинлик билан борган, деярли муваффақиятга эришмаган.

Бу ишлар асосан, шаҳарларнинг Европа қисмида яшовчи янги шаҳарлик аҳоли орасида амалга оширилган.

Ҳозирда, мустамлакачилик сиёсатини олиб боришда Рус православ черковининг ролига оид тадқиқотлар жуда кам ва тарихимизнинг ўрганилишга муҳтож қисмларидан бири ҳисобланади».

Фото: Жаҳонгир Остонов

Бугунги кунда черковда Ўзбекистон епархияси жойлашган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур черков тарихи қандай кечганидан қатъий назар Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг 150 йиллик тимсоли бўлиб турибди. Шунингдек, мамлакатдаги православ аҳоли вакиллари томонидан, туристлар томонидан кўп зиёрат этиладиган масканлардан бири ҳисобланади.

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг