Россиянинг таниқли армани «гастарбайтери» Ўзбекистонга ташриф буюради!

0
2675
Фото: ednews.net/ Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб, Тошкентдаги афишаларда «Смешной и еще смешнее» деган қийқириқ ном остидаги концерт дастури ҳақида эълонлар пайдо бўлди.

Тошкентда, рамзий маънодаги ном билан «Халқлар дўстлиги» дея аталмиш муҳташам саройда Наврўз байрамидан сўнг, рус комедиячилари Александр Ревва ва Михаил Галустяннинг концерт дастурларининг намойиши режалаштирилган.

Қўшни Тожикистон ҳукумати Михаил Галустяннинг чиқишларига алла қачон вето қўйган ва уни тўғридан-тўғри ирқчилик ва тожикларни ҳақорат қилганликда бир неча маротаба айблашган. Расмий Тошкент бунга эътибор бермай, унга ўзбекистонлик омма ўртасида концерт қўйишга рухсат берди. Ҳозир эса, Ўзбекистоннинг ичидаги энг кўп ўқиладиган рус тилидаги сайтлар жўр бўлиб россиялик артистлар концерти анонсини тарқатишни бошлаб юборишган. Журналистлар, комикларни таснифлаб, уларни эътироф этишар экан, баландпарвоз мактовларини аяшмади.

Гўёки, россиялик артист Александр Ревва «одатий хушбичим эмас», балки «фантастик харизма» ва «ажойиб жозиба»нинг эгаси ҳисобланар экан. Албатта, журналист «биродарлар» яхшигина буюртмани бажариб беришаётганлигини тушунса бўлади, аммо бу шахсни Ўзбекистоннинг Медиа майдонида Россияча талқиндаги «Челентано» сифатида таништиришга интилиш, эҳтимол, айни пайтда жуда ҳам муваффақиятсиз маркетинг юриши бўлса керак.

Бироқ, комедиячи ўзбек жамоатчилиги учун унчалик таниқли шахс эмас. Албатта уни яхшилаб реклама қилиш керак, аммо унинг «аёлларни бир нафасда осонликча ўзига ром этиб юбориши» хақидаги пафосли таъкидлар Ўзбекистондаги кўплаб аёлларни аллақачон хафа қилишга улгурган.

Бундай медиадаги «ҳийла-найранглар» билан бизнинг инжиқ аёлларимизни эътиборини ўзига жалб қилиш қийин масала бўлса керак. Кўринишидан, реклама берувчилар Ўзбекистон аёлларига осонлик билан эришиш мумкин ва гўёки Александр Ревва «бир нафасда» ёки бизнинг ўзбек аёллари билан шундоқ «суҳбатлашиш» орқали уларнинг қалбини забт эта олиши мумкин деб ҳисоблашган шекилли. Умуман олганда, аёллар диди ҳақида баҳс қилинмайди, аммо бошқа бир нарса ажабланатиради.

Ҳайрон қолдирадиган ва таажубланарли тарафи шундаки, деярли барча журналистлар, ўз пайтида унинг миллатдоши Гарик Мартиросян, унинг креатив продюсери бўлган «тожикистонлик гастарбайтер Равшан» образидаги Михаил Галустянни эслаб ўтишни унутишган. Бунинг ўрнига уни «Ватан эстрадасининг Карлсони» деб номлаш билан баъзи журналистлар жуда ошириб юборишди ва кўплаб ўқувчиларни ҳайратда қолдиришди.

Аҳир, Карлсон образида эмас, балки айнан «Наша Russia: Яйца судьбы»даги Равшан ва Жамшут персонажлари туфайли Михаил Галустян машҳур бўлган эмасмиди?! Қандай қилиб улар буни унутишлари мумкин?

Михаил Галустян томонидан моҳирона тарзда яратилган гастарбайтер образи, Ўрта Осиёнинг постсовет республикаларидан келган барча меҳнат муҳожирларининг норасмий тимсолига айланган ва асли келиб чиқиши Тожикистондан бўлган, энг таниқли персонажлардан бири ҳисобланади. Красноярскда ҳатто ушбу «қаҳрамон» бағишлаб ёдгорлик ҳам ўрнатилди.

Балки журналистлар, меҳнат муҳожирларининг қариндошларини хафа қилмаслик учун, атайлаб “уловни бошқа даштга қараб буриб юборишгандир”?

Россияда Ўзбекистондан бўлган 2,5 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири борлиги, баъзи статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистондан келган 4-5 миллион меҳнат муҳожири борлиги айтилади.

Булардан ташқари, концерт анонсларини ўқир экансиз, айрим ўзбекистонлик журналистларнинг Россияга нисбатан “ватан” («отечество») атамасини ишлатиши юзасидан саволлар пайдо бўлади.

Реклама ва эълонлар ўзбек интернет-ресурсларида чиқарилган ва россияликлар аудиторияси учун мўлжалланмаган, балки ўзбек жамоатчилиги учун мўлжалланган эди шекилли. Битта ҳақиқатни тан олиш керак, бизда, Ўзбекистонда мамлакатимиз эстрадасининг ўз “Карлсони” ҳозирча йўқ, бироқ россияликларни ватани билан ўзбекистонликларнинг нима алоқаси бор?

Ўзбекистон Республикаси Россия Федерациясининг субъекти ҳисобланмайди ва Ўзбекистон фуқаролари Россия фуқаролари эмаслар, ўзбеклар учун Россия ватан ҳисобланмайди.

Ўзбекистон фуқароси саналган миллати бўйича папуас, армани ёки рус бўлса-да, қонун мантиғига кўра, Папуа-Янги Гвинея, Арманистон ёки Россия Федерациясини эмас, балки Ўзбекистонни ўз ватани деб билиши керак.

Шахснинг ватани, унинг миллатидан келиб чиқиб белгиланмайди, шунингдек, шахснинг этник гуруҳи сони кўпчиликни ташкил этган ҳудудда муқим яшаш жойи ҳам «ватан» деб ҳисобланмайди, аммо у яшайдиган давлат- унинг ватани ҳисобланади. Туғилиб, ўсиб, улғайган ва яшаб келаётган жойи, унинг диёри, Ватани ҳисобланиши омматан қабул қилингандир. Эҳтимол, баъзи журналистлар шунчаки тушуниб олишлари ва халқаро ҳуқуқнинг яратувчилари ва субъектлари миллатлар эмас, балки давлатлар эканлигини билиб олиши керак бўлар.

Анъанавий- маданий, тил мансубияти ва фуқаролик – бу мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир. Шу сабабли, Россия буюк давлат бўлса-да, лекин рус миллатига мансуб бўлган Ўзбекистон фуқароси учун Россия ватан эмас, балки кичик ватан ёки тарихий ватан ҳисобланади.

Аслида, «диёр» ва «ватан» атамаларининг этимологиясини турли хил йўллар билан талқин қилиш мумкин, аммо Ўзбекистондаги рус тилида фаолият олиб борувчи веб-сайтлар журналистлари, Ватан билан боғлиқ атамалардан фойдаланишда сиёсий савия қоидаларига келгусида риоя қилишса тўғри бўларди.

Ноз-неъматларга бой бўлган Ўзбекистонда турли дин ва 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Ўзбекистоннинг миллий мустақиллик ғояси миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик тамойиллари асосларига кўра мустаҳкамланган. Шунинг учун, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, миллатидан қатъи назар, миллий мансублигига кўра масхара қилинишини оғриқли қабул қилади. Бизда бундай қилишга одатланишмаган.

Америкада, Исроилда, Россияда ва дунёнинг бошқа мамлакатларида машҳур бўлган ўзбек комедиячиси, кулгу устаси, сатирик-ҳазилчи, айни пайтда марҳум Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Агзамович Асомов билан ўзбек эстрадасида нохуш воқеа юз берган эди. Гўёки, 2009 йилда «ўзбек миллати устидан масхара қилгани учун» унга Ўзбекистон оммаси олдида чиқишларига тақиқ қўйилганди.

Обид Асомов иштирокидаги баъзи эпизодлар ҳали ҳам Россия телевидениесида қайта-қайта намойиш этиб келинади, аммо шунга қарамай Ўзбекистонда унга узоқ вақт тақиқ қўйилган эди. Россия телевиденияси орқали намойиш этиладиган армани Петросян раҳбарлигидаги кўрсатувда, яна бошқа Россияда хизмат кўрсатган артист бўлган армани Карен Аванесян билан бирга, рус тилида яхши гаплашолмайдиган довдирроқ ўзбек персонажи образини тасвирлаш орқали, ўз халқининг баъзи намояндаларининг миллий ҳис-туйғуларини ҳақорат қилди деб тушунилар эди. Шунинг учун, Ўзбекистондаги кўпчилик одамлар Обид Асомов арманилар билан бирга, ўзбек халқини устидан масхара қилаяпти деб ҳисоблашган эди.

Гарчи, Обид Асомов Россия эстрадасида, «Аншлаг» ва Евгений Ваганович Петросян бошчилигидаги «Кривое зеркало» номли телевизион кўрсатувларда муваффақият билан чиқиш қилган, сатира ва қизиқчилик санъати мухлислари эса, уни «Россиялик қизиқчи» сифатида чўқинтиришга ҳам улгуришган бўлсаларда, аммо унга Ўзбекистонда концерт ўтказишга йўл беришмаган эди. Тақиқ фақат 2017 йилда олиб ташланди ва у давлатнинг юқори лавозимини эгаллаб, Ўзбекистондаги ягона анимацион фильмлар студиясининг директори бўлди, аммо афсуски, бундан кейин у узоқ умр кўрмади.

Шубҳасиз, Обид ака ҳаётда ўз халқини ҳақоратлашга журъат қилолмас эди. Бироқ, шундай бўлсада, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов калта бўйли, рус тилини бузиб гапирадиган талаффузли ўзбек образидаги оддийгина “меҳрибон қизиқчи” сифатида тамошабинлар хотирасида сақланиб қолмади. Баъзиларнинг назарида, Обид Асомов ҳайирли ниятдаги ҳазиллари билан рус эстрадасида ўзбек образини намойиш этиб, пул ишлаш учун Россияга келган ёки рус тилини яхши билмаганлиги туфайли қийин вазиятларга тушиб қолган ўзбек муҳожирини образини намойиш этади ва кимдир буни салбий тарафлама қабул қилади. Кўплаб томошабинлар унинг истеҳзоли ҳажвий чиқишларидаги баъзи эпизодларни беҳаёлик чегарасида бўлган бачканавозлик деб ҳисоблашади.

«Армани- ўзбек” Обид-Карен ижодий тандеми ҳақида бир неча мулоҳаза» мақоласи вафотидан икки ой олдин чиққан эди. Мақолани ўқиш учун манабу манзилга ўтинг.

2018 йилда, Россияда хизмат кўрсатган артист Карен Аванесян билан концертдан бир ой ўтгач, бизнинг Обид Асомов тўсатдан юрак хуружидан вафот этди. Ўлимидан олдин Обид Асомов илиқ ва дўстона муҳитда мақола муаллифи билан учрашди ва унинг Россия эстрадасидаги чиқишлари ҳақида суҳбатлашди. Суҳбат давомида у миллий мансублик бўйича ҳазил-мутойиба қилиш ахлоқдан эмас, деган фикрга қўшилди ва ўзи ҳам миллий мансубияти бўрттириб кўрсатилган образ ҳақидаги сатира ёқимсиз тамоша эканлигини тан олган эди. Бундан ташқари, унинг ҳаётида миллий мансублик билан боғлиқ сатира, у билан шафқатсиз ҳазил ўйнаган эди.

Россиялик оммани кулдириш учун бошқа мамлакатда тақдим этилган сатирада, ўзбек образида ўз халқининг камчиликлари устидан кулиш учун атайин рус тилини бузиб гапиришдан фойдаланилди ва бу унинг карерасидаги улкан инқироз бўлди. Кўплаб ўзбекистонлик томошабинлар унинг безиён ҳазили ва сатирасини салбий қабул қилишганидан, ўлимидан олдин у хақиқатан жуда хафа бўлган ва афсусланган эди. Буларнинг барчасини у жуда қаттиқ оғриқ билан бошидан ўтказди.

Обид Агзамович буюк саҳна устаси ва прогрессив фикрлайдиган ўзбек зиёлиси эди ва нима бўлган тақдирда ҳам халқимиз уни фақат ижобий томондан хотиралаб қолади.

Обид Асомовнинг ўлимидан сўнг, комедиячилар миллий кайфиятда сатира қилишни тўхтатишган кўринарди, лекин энди бу ишлар яна бошлангандек кўринаяпти. Энди, яна ўзбекистонлик тамошабинларга миллий мансублиги бўйича ҳақорат қиладиган Россия Федерациясининг артистни тақдим этишмоқчи ва яна армани миллатига мансуб комедиячи, яна Ўзбекистон саҳнасида ўз ҳазил-мутойибасини қилади, фақат битта фарқ билан, бу сафар улар ўзбекларни эмас, тожиклар устидан масхара қилишади.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларини устидан кулиб келган, Тожикистонда персона нон-грата ҳисобланган Михаил Галустянни, Тожикистон ҳукумати томонидан тўғридан-тўғри ирқчиликда, тожикларни ҳақорат қилишда ва «тожик халқининг маънавий геноциди»ни амалга оширишда айбланган россиялик артист энди довдир, аҳмоқ ва рус тилида яхши гаплашолмайдиган меҳнат муҳожири образини ўзбек саҳнасида намойиш этади.

Умуман олганда, гарчи Михаил Галустян ўзбек саҳнасида тожикистонлик гастарбайтер образини намойиш этмасада, унинг Тошкентга ташрифининг ўзи Тожикистон маҳсус хизматларига ноқулайликлар яратиши аниқ.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида ҳайирли, ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар ўрнатилган бир пайтда қандай кўринишга эга бўлиши қизиқ – бу ёғи энди нозик масала.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дипломатик алоқалар юқори даражада, аввалги ўзаро келишмовчиликлар ҳал қилинган. Умид қиламизки, қандайдир комедиячи туфайли келажакда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик низо ёки бирон бир тушунмовчилик содир бўлмайди.

Оддий одам ҳазил ва сатирани тўғри қабул қилади. Булар, фақатгина театр санъатининг жанрларидан биридир. Аммо бутун бир халқнинг миллий ҳусусиятлари сатира объектига айланмаслиги керак. Бу нафақат ахлоқий жиҳатдан мумкин бўлмаган, балки жиноий жавогарликка тортиладиган холатдир.

Албатта, Ўзбекистон жамоатчилиги Тожикистон расмий идораларининг Тожикистонда тақиқланган россиялик эстрада артистининг Тошкентдаги чиқишига муносабатини диққат билан кузатиб боради, аммо буларнинг барчаси дипломатик ракурсдан қандай кўринар экан?

Бу масалада, Ўзбекистон Республикасидаги Тожикистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Имоми Содиқ Ашурбойзоданинг позицияси жуда муҳим роль ўйнайди. Ишончимиз комилки, жаноб Элчи ўзининг расмий ваколатларидан фойдаланади ва тожик халқини ҳақорат қилгани учун Тожикистонда персона нон-грата ҳисобланган артистнинг Тошкентдаги фаолияти билан боғлиқ барча нарсалар унинг диққат эътиборида бўлади.

Ўз навбатида, бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиз бу масалани эътиборга олади деган умиддамиз, шунингдек, ўзбек саҳнасида армани миллатига мансуб рус комедиячиси Михаил Галустян томонидан тожик халқини ҳақоратлаш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай жанжалларнинг олдини олиш учун зарур чораларни кўришига ишониб қоламиз.

Саламов Шухрат
Ўзбекистон-Тошкент

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг