Россиянинг Камчатка ўлкасида сайёҳларни олиб кетаётган вертолёт кўлга қулаб тушиши оқибатида 8 киши бедарак йўқолди

0
477
Фото:meduza.io

Москва ва Санкт-Петербургдан сайёҳларни олиб кетаётган «Витяз-Аэро» компаниясининг Ми-8 вертолёти 12 август куни Россиянинг Камчатка яриморолида жойлашган Кроноцкий қўриқхонасидаги Курил кўлига қулаб тушди.

Ҳалокатдан сўнг ҳеч қанча ўтмай Ми-8 вертолётининг бўлаклари сув остига, 130 метр чуқурга чўкиб кетган. Вертолёт кўл бўйлаб Николаевка қишлоғидан Ходутка вулқонига олиб борувчи йўналишда учаётган эди.

Ми-8 бортида 16 киши бўлган: 13 йўловчи, шу жумладан, бири бола ва уч экипаж аъзоси. Олти йўловчи ва икки экипаж аъзоси чўкиб кетган вертолётдан чиқиб, сув юзасига сузиб чиқишга муваффақ бўлди, зудлик билан ҳалокат жойига юборилган қайиқларда қутқарув ходимлари уларни қутқариб олди.
Қолган саккиз киши, жумладан, Ми-8 экипажининг командири ҳалок бўлган дея, тахмин қилинмоқда.

Маsh ва Life Shot чўкиб кетган Ми-8 бортида бўлган кишилар рўйхатини эълон қилди. Қутқарилганлар орасида штурман Яков Медведев ва вертолётнинг бортмеханиги Марат Мадиев, шунингдек, илгари «Россия-24» телеканалида «Иқтисодиёт.

Кун курси» дастурини олиб борган журналист Николай Корженевский бор. Жабрланганлар Петропавловск-Камчатскийга олиб кетилган. Улардан иккитасининг аҳволи оғир.

Вертолёт қулаган жойда ўнлаб қутқарувчилар ишламоқда. Ғаввослар Ми-8 чўккан чуқурликка ҳали туша олмади. Ми-8 нинг тирик қолган йўловчилари тахминан тўққиз метр чуқурликдан сузиб чиқишга муваффақ бўлган, деди қўриқхона ходимлари. Уларнинг сўзларига кўра, ҳозир кўлда сув ҳарорати 5-6 даражадан ошмайди, унда узоқ вақт қолишнинг иложи йўқ.

Ми-8 ҳалокатининг асосий сабаблари двигателнинг ишламай қолиши ва учувчи хатоси деб аталмоқда. Маълум бўлишича, вертолёт кучли туман шароитида қўниш учун пастлаган. Тергов қўмитаси ҳаво ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу модда бўйича айбдор деб топилганлар етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ми-8 га эгалик қиладиган «Витяз-Аэро» компаниясининг баёнотига кўра, вертолёт учишдан олдин текширилган ва у яхши ҳолатда бўлган, вертолёт 2020 йилда капитал таъмирдан чиққан. «Витяз-Аэро»нинг эгаси камчаткалик тадбиркор ва депутат Игорь Редкин.
6 июль куни Россиянинг Петропавловск-Камчацкий шаҳридан Палана посёлкасига йўловчи парвозини амалга ошираётган Ан-26 самолёти денгизга қулаган эди. Самолёт бортида 28 киши бўлган. Ҳалокатдан сўнг Россияда уч кунлик мотам эълон қилинганди.

Дастлаб қутқарувчилар самолёт қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлган олти кишининг жасадини топишга муваффақ бўлган, улар сувдан чиқариб олинган. 9 июль куни Ан-26 самолётидаги барча йўловчилар ва экипаж аъзоларининг жасади топилган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг