Россия Самара вилоятидаги ҳарбийларни Ўзбекистон билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун Афғонистон билан чегара ҳудудига ўтказди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилган.
«Марказий ҳарбий округнинг махсус топшириқлар ҳамда тинчлик учун бирлашув бўлинмаси Россия—Ўзбекистон қўшма ҳарбий машғулотларида иштирок этиш учун Сурхондарёдаги ‘Термиз’ полигонига келишни бошлади.
Ҳарбийлар Самарадаги ‘Курумоч’ халқаро аэропортида Ил-76 самолётига қуроллар, зарур буюмларни ортиб, барча божхона жараёнларидан ўтди ва Термиз шаҳрига жўнаб кетди», — дейилади Россия марказий ҳарбий округи матбуот хизматининг хабарида.
Аввал Россия ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 1,5 минг нафарга яқин ҳарбийси 30 июлдан 10 августгача ҳарбий машғулотларда иштирок этиши хабар қилинганди. Россия ҳарбийларининг асосий қисми Марказий ҳарбий округнинг махсус топшириқлар ҳамда тинчлик учун бирлашув бўлинмасининг аскар ва зобитларидан иборат.
Россия марказий ҳарбий округи берган ахборотга кўра, машғулотлар давомида ҳарбийлар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашади.
Икки давлат ҳарбийлари иштирок этадиган машғулотларда 200 га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация воситаларидан фойдаланилади. Хусусан, Россиянинг Қирғизистондаги «Кант» авиабазасининг «Су-25СМ» штурм самолётлари ўқув машғулотида ишлатилади. Мазкур самолётлардан Коллектив хавфсизликни таъминлаш келишувига аъзо мамлакатларнинг ҳаводан келадиган хавфни бартараф қилишда фойдаланилади.
Россия штурм самолётлари машғулотларда қўшинларнинг қўшма гуруҳининг ўқув-жанговар мақсадларга эришиши, яъни Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудий яхлитлигини таъминлашида уларни ҳаводан қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, «Су-25СМ» шартли душман яшириниб турган жойни топиш ва уни йўқ қилиш, зенит ракеталар комплекси ҳужумларига чап бериш машқларини бажаради.
Су-25 штурм самолёти — қуруқликдаги қуролли кучларни жанг майдонида қўллаб-қувватлаш ва очиқ нишонга тўғридан-тўғри зарба бериш учун ишлатиладиган техника. Самолёт кичик ўлчамдаги ҳаракатланувчан ёки бир ерда турадиган объектларга зарба беради, шунингдек, секин ҳаракатланадиган ҳаво нишонини йўқ қила олади.