20 июль душанба куни маълум қилинишича, Россия коронавирусга қарши ўзи яратаётган вакцина синовларини август ойида якунлашга ва уни бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда шу йилнинг якунига қадар 200 миллион дозада ишлаб чиқаришга умид қилмоқда.
Ҳозирда Россия инвестиция фонди давлат тадқиқот институти билан бир қанча вакцина лойиҳалари устида иш олиб бормоқда. Мазкур фонд раҳбари Кирил Дмитриев вакцинанинг ишлаб чиқарилишига кейинги ойда рухсат берилиши мумкинлигини айтди.
“Биз рухсат берилиши биланоқ зудлик билан кенг миқёсда вакцина ишлаб чиқаришни бошламоқчимиз. Ушбу вакцинанинг аҳолига тақдим этилиши пандемиянинг юзага келиши мумкин бўлган иккинчи тўлқинини тўхтатиши мумкин” дейди Дмитриев.
Шунингдек, Дмитриев 2020 йил охиригача Россияда 30 миллион дозада, четда эса 170 миллион дозада вакцина ишлаб чиқаришни режалаштираётганини маълум қилган.
Гамелея Эпидимиология ва Микробиология тадқиқотлар институтининг вакцинаси ҳозирда иккинчи синов босқичидан ўтказилмоқда ва бу босқич 3 августга қадар якунланади.
“Бундан кейин вакцинанинг учинчи синов босқичи Россияда ва Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари каби бошқа мамлакатларда ҳам ўтказилади” деган Дмитриев.
45 ёшли Дмитриевнинг ўзи ҳам ушбу вакцинадан қабул қилган ва 20 кундан кейин унинг танасида коронавирусга қарши барқарор иммунитет ҳосил бўлган.