Россия коронавирус сабаб Жанубий Корея ва Эрон билан авиақатновларни вақтинча тўхтатмоқда

0
1965
Фото: Vladimir Smirnov/TASS/Pool via REUTERS

Россия коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1 мартдан бошлаб Жанубий Кореяга бориш-келиш парвозларини тўхтатади. Аммо, Миллий Аэрофлот авиакомпанияси ва Аврора томонидан амалга ошириладиган рейслар бундан мустаснодир.

Чоршанба куни Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикованинг маълумот беришича, Россия 28 февралдан бошлаб Эрон фуқароларига доимий ва транзит визаларини беришни тўхтатади. Россия ҳукумати, шунингдек, ўз фуқароларига коронавирус авж олган яна бир давлат – Италияга бормасликни маслаҳат берган.

Россия аллақачон фуқароларига ўзининг энг йирик савдо ҳамкори бўлган Хитойга боришга турли хил чекловларни жорий этган. Кўплаб Хитой фуқароларининг Россияга кириши таъқиқлаб қўйилган.

Голикованинг сўзларига кўра, ушбу ва бошқа амалдаги чекловлар 1 апрелга қадар узайтирилади.

Россияда вируснинг тарқалишини тўхтатиш учун юзлаб одамлар карантиндан ўтказилди. Мамлакатда аввалроқ икки нафар Хитой фуқароси коронавирус билан касалхонага ётқизилганди, аммо улар шу пайтгача тузалиб, касалхонадан чиқишга рухсат берилган.

Бундан ташқари, Японияда карантин қилинган «Diamond Princess» круиз кемасида учта Россия фуқароси коронавирус билан касалланган. Расмийларнинг таъкидлашича, учала бемор айни пайтда Россияда даволанмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг