Россия ишчи кучи танқислигига қарамай, ноқонуний мигрантларни ҳайдамоқда

0
656
12 март куни Москва жануби-ғарбидаги қурилиш майдонида меҳнат қилаётган ишчилар. Россия йиллар давомида энг оғир ва энг кам ҳақ тўланадиган ишларни бажаришда, айниқса қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда меҳнат мигрантларига таяниб келган. [Юрий Кадобнов/AFP]

ОЛМАОТА – Россия ҳукумати МДҲга аъзо мамлакатлардан келган ноқонуний мигрантларга депортация билан таҳдид қилиб, уларга нисбатан адоватини яна бир карра намойиш этди – Москва уларни 15 июнга қадар «яхшиликча» кетишга чақирган.

Бу чора йиллар давомида энг оғир ва энг кам ҳақ тўланадиган ишлар, айниқса қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда меҳнат мигрантларига таяниб келган ва ҳозирда ишчи кучи танқислигига дуч келган Россия учун бирмунча зиддиятлидир.

Мигрантларнинг аксарияти Марказий Осиёдан келганлар бўлиб, Россияда 332000 дан ортиқ ўзбекистонлик ноқонуний мигрантлар яшамоқда, деб хабар беради «РИА Новости» Ички ишлар вазири ўринбосари Александр Горовой тақдим этган статистик маълумотларга асосланиб.

Россияда Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбайжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг ва Қозоғистондан 49 минг ноқонуний мигрант бор, деб ёзади агентлик.

image
COVID-19 пандемияси вақтида Санкт-Петербургдаги миграция марказида Россияда яшаш ва ишлаш рухсатномаларини янгилаш учун навбатда турган ниқобдаги мигрантлар, 2020 йил 3 апрел. [Олга Малцева/AFP]

«Бу одамлар 15 июнга қадар чиқиб кетишмаса… улар депортация ва қайтиб киришга тақиқ билан жазоланади», деди Горовой МДҲга аъзо давлатлар парламентлараро ассамблеясининг 16 апрел кунги йиғилишида.

Декабр ойи ўрталарида коронавирус пандемияси шароитида президент Владимир Путин Россиядаги меҳнат мигрантларнинг вақтинчалик яшаш рухсатномалари муддатини 15 июнгача узайтирган эди.

Шунга қарамай, мигрантлар учун қонуний ҳужжатларни олиш тобора қийинлашмоқда, сабаби Россия ҳукумати янги тўсиқларни жорий қилишда давом этяпти.

Декабр ойида Федерация Кенгаши патент, вақтинча ёки доимий яшаш учун рухсатнома олишни хоҳловчилардан рус тили, тарихи ва базавий юридик билимлар бўйича имтиҳон топширишни талаб қилувчи қонунни тасдиқлади.

Апрел ойида Россия ҳукумати имтиҳондан муваффақиятли ўтган номзодларга берилган ҳужжатларнинг амал қилиш муддатини беш йилдан уч йилгача қисқартирди.

Меҳнат мигрантлари танқислиги

Москва депортация билан таҳдид қилиб турган бир пайтда, кузатувчилар Россия расмийларининг меҳнат мигрантлари танқислигидан шикоят қилаётганига эътибор қаратмоқдалар.

«Ўтган йили Россияда мигрантлар сезиларли камайди, уларнинг сони энг асосий режаларимизни амалга ошириш учун ҳам етарли эмас», деб айтган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 8 апрел куни.

«Охирги йил давомида мигрантларнинг камайгани ҳақидаги фактни таъкидлай оламан, холос», деб айтган Песков. «Уларнинг сони катта режаларимизни амалга ошириш учун камлик қилади.»

Ишчи кучи танқислигидан қурилиш соҳаси айниқса кўп зарар кўрган.

«Ҳозир қураётганимиздан анча кўпроқ қурилишлар қилишимиз керак», деб айтган Песков. «Аммо бунинг учун ишчилар зарур. Пандемия туфайли улар камайиб кетди.»

Россияга мигрантлар керак, чунки улар россияликлар ишлашни истамайдиган қурилиш каби соҳаларда меҳнат қилишади, дейди ўзбек диаспорасининг «Ватандош» жамият раиси, москвалик Усман Баратов.

Россия иқтисодиёти ишчи кучи оқимидан фақат манфаат кўради, аммо ҳукуматнинг мигрантлар ҳуқуқлари бузилишига нисбатан бефарқлиги уларнинг охир-оқибат Россиядан кетишига сабаб бўлади, дейди у.

Қашшоқлик ва зўравонликдан қочиш

Ўтган йили юз минглаб мигрантлар ўз иши ва тирикчилик манбаидан маҳрум бўлгани етмагандек, Россия ҳукумати уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб, ватанига қайтиб кетишини мураккаблаштирди.

Полициячилар «карантин қоидаларини бузиш», «рўйхатга олиш муддатининг ўтиб кетиши» ва «ишлаш рухсатномасининг йўқлиги» учун мигрантларни таъқиб қилган. Ҳуқуқбонларга кўра, полициячилар мигрантларни ноқонуний равишда қўлга олишган, уларни «оғир шароитларда» сақланадиган муассасаларга юборишган.

Август ойида ўз ватани элчихонаси ёрдамида чартер рейс билан Россиядан Қирғизистонга қайтган Жумгалбек Мамишев Россияда яшаган охирги ойларини «дахшатли туш» каби эслайди.

«Ишимни йўқотганим, ижарада яшашга пулим йўқлигидан хавотирда эдим, аммо ҳаммасидан ҳам полиция билан муаммо чиқишидан қўрқар эдим», дейди у.

Мамишев қайтиб кетиш олдидан Москвадаги қирғиз диаспораси ёрдамида ишлаётган жойига яқин ерда ўз ватандошлари билан бирга яшайдиган хонадон топган.

У яқин орада Россияга қайтиб бормоқчи эмас, чунки у ердаги вазият тўлиқ изга тушганига ишонч йўқ.

Фаоллар мунтазам равишда мигрантларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида хабар беришига қарамай, Россия ҳукумати бу масалани ечишга ҳаракат қилмайди, дейди Баратов.

«Оғир меҳнат қиладиганларга жуда кам ёки умуман ҳақ тўлашмайди, кўпчилик норасмий ишлагани учун бунга чидаб келган», дейди у.

Ватандаги янги имкониятлар

Декабрдаги маълумотга кўра, Россияда олти миллионга яқин мигрант бор, деб хабар берган Россия ташқи ишлар вазирлиги.

Бу рақамлар одатий рақамлардан сезиларли даражада паст, улар одатда тўққиз ва ўн бир миллион орасида бўлади.

Россиядан қайтиб келган кўпчилик қирғизистонлик мигрантлар кичик бизнес очиб, ўзлари учун ишламоқдалар, дейди «Инсан-Лейлек» нодавлат ташкилоти раҳбари Гулнара Дербишева.

Дербишеванинг ўзи асли Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Исфана шаҳридан.

«Масалан, бизнинг туманимизда собиқ меҳнат мигрантлари қурувчилик жамоалари тузиб, чегара ҳудудларида яшаётган ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқароларни ишга ёлламоқдалар», дейди у. «Бошқалар эса машина таъмирлайдиган устахоналар очишди.»

Кўпчилик мигрантлар Россиядаги нохуш тажриба туфайли у ерга қайтиб боришни истамайди, дейди у.

«Россияда ишлаб топиб келган пулларини тўғри сарфлаши учун уларга семинар ўтдик, улар тадбиркорликни ўрганиб оёққа туриб олдилар ва Россияга бориб ишлаш муаммосидан халос бўлдилар», дейди Дербишева.

Канат Алтинбаев

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг