Чоршанба куни Гонконгда демократия тарафдорлари Рождество байрами арафасида безатилган савдо марказлари бўйлаб намойишлар ўтказишди.
Полиция яқин атрофдаги кўчаларда тўпланган оломонни тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди. Қора кийим кийган ва юзларига ниқоб таққан юзлаб намойишчилар шаҳардаги савдо марказларида «Гонконгни озод қилинг!” каби шиорларни баралла айтишди.
«Рождество бўлаётганининг аҳамияти йўқ. Ҳукумат бизнинг талабларимизни қондирмаганидан ҳафсалам пир бўлди. Умид кам бўлса ҳам, биз намойишни давом эттирмоқдамиз», деди намойишчилардан бири бщлган 28 ёшли Чан.
Гонгконг раҳбари Керри Лам Facebookдаги чоршанба кунги постида кўплаб гонконгликлар ва сайёҳларнинг Рождество байрами бузилганидан ранжиганликларини айтди.
”Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар нафақат байрамона кайфиятни ўлдирди, балки маҳаллий бизнесга ҳам салбий таъсир кўрсатди“, дейди Лам.
Эслатиб ўтамиз, Хитой автономияси ҳисобланувчи Гонгконгда ҳукуматга қарши намойишлар бошланганига 6 ойдан кўпроқ вақт бўлди. Намойишларнинг сабаби Хитой ҳукумати қабул қилган экстрадиция қонуни бўлиб, унга кўра Гонгконгдаги жиноятчилар Коммунистик Партия ҳукмронлик қиладиган Хитойга юборилиши керак. Ўшандан кейин намойишлар демократияни талаб этувчи ҳаракатга айланди. Гонгконг аҳолиси Хитой мамлакатнинг ички ишларига аралашаётганидан норози. Хитой ҳукумати эса буни рад этиб, Гонгконг Хитой таркибига қайтган пайтда-1997 йилда қабул қилинган «бир мамлакат, иккита тизим» формуласига содиқлигини ва ушбу тартибсизликларни хорижий кучлар келтириб чиқарганини айтмоқда.