Қозоғистонда исломий партия тузиш ғояси кезиб юрибди

0
1710
Фото: /kz.media/

Қозоқлар диний белгилар билан сиёсий партия тузишга тайёрми ёки йўқми, деган саволга Abai.kz порталининг доимий муаллифи Абил-Серик Алиакбар жавоб излаб кўрди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон расмийлари турли хил конфессиялар вакилларини бирлаштирган ҳолда, халқаро миқёсда турли тадбирларни ўтказишни яхши кўрадилар, аммо негадир ўз мамлакатларида исломий партия пайдо бўлишини хоҳламайдилар, деб ёзади у.

“Мамлакатда аҳолининг 90 фоизини мусулмонлар ташкил қилади, нима учун уларнинг Конституцион ҳуқуқлари бузилмоқда? Бугун дунёнинг барча демократик мамлакатларида диний партиялар ўз сайловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган сайловларда қатнашмоқдалар. Нима учун бизнинг мамлакатимизда мусулмонлар парламентга киришни хоҳламайдилар? Менимча, бундай саволни Қозоғистондаги ҳар бир мусулмон берган бўлса керак”, – дейди Алиакбар.

Ушбу масалани кўтарган муаллиф халқаро тажрибага таянади.

«Японияда буддистларнинг Комэйто партияси мавжуд. 2016 йилги парламент сайловларида у 13,5% овоз тўплади ва парламентда 25 ўринни эгаллади. Исроилдаги 50 та сиёсий партиянинг 40 га яқини диний. Биз доимо тенглашишга ҳаракат қиладиган Европани олайлик, бу ерда ҳам диний партиялар сайловларда доимий равишда иштирок этиб келмоқда. СССР таъсиридан халос бўлган биринчи Болтиқбўйи давлатлари биз учун намуна бўлиши мумкин. Латвияда Христиан-Демократик Иттифоқ, Литвада «Христиан Литва Демократлари» бирлашмаси, Литва Христиан Демократик партияси, Эстонияда «Isamaa» партияси. Германияда Христиан Демократик ва Христиан Ижтимоий Бирлик фракцияси 2017 йилги Бундестаг сайловларида 34,7% овоз тўплашди», дея мисолларни келтириб ўтди.

Алиакбар шунингдек, постсовет мамлакатларининг тажрибаси ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«МДҲда диний партиялар тузиш қонун билан тақиқланган. Аммо Озарбайжонда Исломий партия сафида 50 мингдан ортиқ киши бор. Тожикистонда яширинча бўлса ҳам, Исломий партия фаолият кўрсатмоқда. Россияда диний бирлашмалар сайловда иштирок этдилар. 1995 йилда «Христиан Демократик Иттифоқи – Россия христианлари» 0,13% овоз олди, «Православ партиялари раҳбарлари, христиан-монархистик партия …» блоки 0,21% овоз олди, «НҰР» мусулмонлар уюшмаси – 0,68 % овоз олди. Белоруссияда «Беларуская хрысьціянская дэмакратыя» ва «Партыя БНФ» мавжуд. Худди дўзахни ўтида ёнишдан қўрққандай фақат Марказий Осиё мамлакатлари Исломий партияларидан қўрқишади. Қозоғистонда эса, биз ҳар қандай ЛГБТ ҳаракатларини, феминистларни қўллаб-қувватлаймиз, сохта гендер тенглик учун курашамиз ва буларни ҳақиқий демократия эканлигига ишонамиз», дейди у.

Алиакбар диний тамойилларга асосланмаган партияларнинг келажаги ноаниқ эканлигига амин.

«Буни Ғарбда яхши тушунишади, яҳудийлар ҳам буни яхши билишади, шунинг учун улар диний партияларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида кенг иштирок этишларига имкон беради. Энди қозоқ жамияти учун ҳам вақти келди. Биз, нисбатан айтганда, жамиятимизни атеистларга айлантирган Ғарбнинг иккитомонлама меъёрларига қарши турадиган “Алаш ислом партияси”ни туза оламизми? Ушбу саволларга жавоб топиш ва хулосалар чиқариш вақти келди”, деб якун қилди Абил-Серик Алиакбар.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг