Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва набираси чоршанба куни Лондонда бўлиб ўтган судда ғолиб бўлди. Ушбу суд жараёни Британия ҳукуматининг Лондондаги уч миллион фунт стерлинглик мулкни Назарбоевлар оиласидан олиб қўйиш бўйича бўлиб ўтди.
2018 йил январь ойида кучга кирган «McMafia қонунлари» га кўра, агар мулк эгаси «сиёсий шахс» бўлса ва у ўзининг бойлик манбасини тушунтириб бера олмаса, Буюк Британиянинг Жиноятга қарши кураш бўйича Миллий агентлиги мулк эгасини ундан маҳрум этиш ҳуқуқига эга.
Судда даъвогар бўлган Миллий агентлик Лондондаги Дариға Назарбаева ва униг ўғли Нурали Алиевга тегишли учта мулкни сотиб олиш қозоқ ҳукуматининг собиқ аъзоси Раҳат Алиев томонидан молиялаштирилганлигини айтди. Олий суднинг қарорига биноан, судя Беверли Ланг учала мулкни сотиб олиш учун Раҳат Алиев маблағ манбаи бўлган деган тахминни ишончсиз деб баҳолади. Дариға Назарбаеванинг собиқ эри бўлган Раҳат Алиев 2015 йилда Австрия қамоқхонасида қотиллик айблови бўйича судни кутаётганда вафот этган.
Судя таъкидлашича, Назарбоева ва Нурали Алиев мулкларга эгалик қилган ширкатларни очишгани ва уларни сотиб олишлари учун маблағ ажратганлари ҳақида «ишончли далиллар» мавжуд.
«Жиноятга қарши кураш бўйича Миллий агентлик мен ихтиёрий равишда берган маълумотларни атайлаб эътиборсиз қолдирди ва асоссиз ҳаракатларни амалга оширди. Улар менга, оиламга ва мамлакатимга қарши тухмат қилишди. Бугун биз оқландик» дейди Нурали Алиев.