Пул топаман деб ўзингизни нобуд қилманг!

0
942
Фото: Шахсий архивдан олинган

«Украинадаги урушда келиб чиқиши Марказий Осиё давлатларидан бўлган инсонлар қатнашмоқда» мазмундаги cарлавҳаси остида CABAR.asia сайти орқали рус тилида эълон қилинган мақолани ўзбек тилига таржима қилиб, қайта эълон қилишни лозим топдик. Бундан кўзланган мақсад, Россия, Украина ва бошқа қўшни мамлакатларда меҳнат қилиб юрган мигрантларимизни мавжуд вазият билан яқиндан таништириб бориш ва огоҳликка чақириш ҳисобланади.  

Россия Украинага бостириб кирар экан, Россия ҳукумати инсонларни ҳарбий сафарбарликка жалб этишни бошлади. Россия ватандошлигини олган, асли келиб чиқиши Марказий Осиё давлатларидан бўлган фуқаролар  ҳарбий бўлинмаларга (военкоматга) таклиф қилинмоқда. Шу билан бир қаторда, келажакда Россия паспортини олиш имкониятига эга бўлиш учун ҳарбий хизмат ўташ шарти билан контрактчи-мигрантларни ҳарбий сафарбарликка жалб этилмоқда.

2022 йилнинг 24 февралидан бошлаб Россияда, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида туғилган заҳирадаги офицерларни ҳам ҳарбий сафарбарликка жалб этиш бошланди. Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Каримжон Ёров 4 март куни Facebook’да “мана уч кундан бери Россия фуқаролигига эга бўлган тожикистонликлар военкоматга таклифнома бериб чаришаётганлиги ҳақида хабар беришяпти”, деб ёзди. Бироқ, бу асли келиб чиқиши бошқа мамлакатлардан бўлганларга ҳам таъсир қилди.

Сардорбек Маматиллаев, асли келиб чиқиши Ўш шаҳридан бўлиб, бир неча ой олдин у ҳам Россия фуқаролигини олган. Шу йил ёзда Сардорбек 25 ёшга тўлади ва у Қирғизистонда ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, аммо энди у Россия армиясида хизмат қилишига тўғри келмоқда.

2013 йилда Россиянинг «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги федерал қонунига ўзгартириш киритилди, унга кўра Россия фуқаролигини олган барча ёшлар, ҳатто улар илгари ўз мамлакатлари армиясида хизмат қилган бўлсалар ҳам, Россия қуролли кучларида хизмат қилишлари шарт бўлади. Тожикистон ва Туркманистондан келган мигрантлар бундан мустасно, чунки Россия ва ушбу давлатлар ўртасида тегишли халқаро шартномалар тузилган.

“Ҳозирда менга қўнғироқ қилиб, военкоматга келишимни, акс ҳолда фуқароликни олиб қўйишлари ҳақида огоҳлантиришмоқда. […] Менимча, буларнинг барчаси Украина туфайли. Ҳозир турли сайтларда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар талаб этилаётганлиги ҳақидаги эълонлар кўп учрамоқда”, — дейди Маматиллаев.

Каримжон Ёров сўзларига кўра, айрим мигрантлар бошқа давлатларга қочиш ҳақида ўйлашмоқда экан.

“Агар биз [военкоматга] бормасак ёки бошқа давлатга қочиб кетсак нима бўлишини сўрашмоқда. Бугун уч нафар [тожикистонлик] Россия фуқаролигидан воз кечсак нима бўлади, бунга қанча вақт кетади, деб сўрашди. Бири эса, ҳатто пул таклиф қилишга ҳам тайёр эди”, – дейди Ёров.

Ёровга мурожаат қилган тожикистонликлар Россия фуқаролигини урушга бориш учун эмас, балки яхшироқ ҳаёт кечириш ва фарзандларининг келажаги учун олганликларини айтишган.

Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери минглаб фуқаролар Россияни тарк эта бошладилар. Шу жумладан, атрофда содир бўлаётган воқеалардан рози бўлмаган маҳаллий аҳоли билан бирга, келиб чиқиши қўшни давлатлардан бўлганлар ҳам Россиядан чиқиб кетиши кузатилди.

Шунингдек, ҳарбий хизматга чақирилишдан ва уруш зоналарига боришдан қўрққанлар ҳам Россияни тарк этишга ҳаракат қилишмоқда.

Дарҳақиқат, Россиянинг Украинага ҳарбий куч билан бостириб кириши пайтида русларнинг машҳур веб-сайтларида ҳатто Россия фуқароси бўлмаганлар учун ҳам ҳарбий хизматчиликка ёлланиш бўйича кўплаб эълонлар  тарқатилган эди.

Украинада Россия армияси сафида келиб чиқиши марказий осиёлик бўлганлардан қанча одам жанг қилаётгани ҳозирча аниқ эмас. Россиядаги диаспоралар бу саволга жавоб беришмади. Эслатиб ўтамиз, мамлакатда Россия Федерациясининг исталган давлат органларининг хориждаги фаолияти тўғрисидаги сохта маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қонун қабул қилинган. Энг катта жазо 15 йилга қамоққа ҳукм қилиши мумкин. Аввалроқ Россияда худди шундай жазо россиялик ҳарбийлар ҳақидаги фейклар учун ҳам жорий қилинган эди.

CABAR.asia нашрига берган интервюсида ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикни сўзларига кўра, унга Қирғизистон ва Тожикистоннинг собиқ фуқаролари мурожаат қилишган ва уларнинг ёши ҳарбий чақирув ёшидан катта бўлишига қарамай, военкоматга чақирилиб, уларга босим ўтказганини таъкидлади. Агарда бўйин товлайдиган бўлишса Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилиб, ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома имзолашга мажбурлашган.

“Худди шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига баъзи “юридик фирмалар” томонидан номаълум шахслар қўнғироқ қилиб, Россия армиясида 3 ойлик шартнома асосида хизмат қилиш учун Россия фуқаролигини олишни таклиф қилишган. Аслида бу имконсиз иш ва қип-қизил фирибгарликдир”, – дейди Чупик.

Ижтимоий тармоқларда Чупик,  мигрантларга тезда фуқаролик олиб бериш билан берилаётган ваъдаларга алданмасликка чақирди.

Бехруз Пирматов (четдан ўнг тарафда). Фото: CABAR.asia

Ўзбекистонлик мигрант Бехруз Пирматовнинг айтишича, унга кўпинча турли рақамлардан қўнғироқ қилишиб, ҳарбий хизмат эвазига фуқароликни таклиф қилишар экан.

“Албатта, бу военкомат эмас. Ҳозирда фирибгарлар жуда кўп. Лекин мен ҳали хизмат қилишга тайёр эмасман, чунки рус тилини жуда ёмон биламан. Хизмат қилиб, яхши пул ва фуқароликни олган дўстларим бор. Ҳозирда асосан жуда катта қарзлари борлар армияга қўшилишни хоҳлашаяпти. Масалан, амакиваччам фуқароликка ариза топширган, ҳозирча жавобини кутаяпти, унда бошқа чора қолмаганди, чунки иш ҳам, уй-жой ҳам йўқ, Ўзбекистонда эса ҳаммадан қарзи бор”, — дейди Пирматов.

Владимир Евсеев. Фото: CABAR.asia

Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Владимир Евсеевнинг CABAR.asia нашрига берган интервюсида таъкидлашига кўра, Россия армиясида хизмат қилишни хоҳловчи мигрантлар сони йил сайин ортиб бораётган экан. 2022 йил бошидан буён уларнинг сони қарийб 10-15 фоизга ошган. Ҳозир, Евсеев бераётган маълумотларга кўра, Россияда МДҲ давлатларидан 400-500 га яқин хорижликлар хизмат қилмоқда экан.

“Шартнома муддати бир ойдан беш йилгача. Хизматдан кейин ҳаммага Россия фуқаролиги берилади. Қолаверса, армияда хизмат қилган мигрантлар асосий маошидан анча юқори бўлиши мумкин бўлган маош ва мукофотлар олади. Мен армияга кўпроқ муҳожирларни жалб қилиш керак деб ҳисоблайман, аммо бу Россия-Украина инқирозини ҳал қилишга ёрдам бермайди”, – дейди Евсев.

Аммо бир ойлик ҳарбий хизмат учун фақат ҳарбий жиҳатдан қайта тайёргарликдан ўтган ва яхши малакага эга бўлганлар шартнома бўйича хизмат қилаётган ҳарбийлар Россия фуқаролигини олишлари мумкин. Бу ҳам катта эҳтимол билан истисно тариқасида бўлиши мумкин. Қоидага кўра, дастлабки шартнома 5 йилга тузилади.

Муҳожирларнинг Россия армиясида хизмат қилиш ҳақидаги саволлари вақти-вақти билан юридик маслаҳат берувчи веб-сайтларида пайдо бўлиб туради. 9111. ru сайтидан олинган скриншотлар

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россиядаги муҳожирлар сони ҳозирда тахминан 6 миллион кишини ташкил этади. Ҳар йили бу кўрсаткич 9 миллиондан 11 миллионгача ўзгариб туради ва қонуний хорижий меҳнат муҳожирларининг 82 фоиздан ортиғини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этади.

2022 йилнинг 1 апрелида “Россия мигрантлар иттифоқи” раҳбари Муҳаммад Амин Мажумдер мигрантларни ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудудларда жанг қилишлари учун ҳарбий чақирув хизматига жалб этишни сўраб расмийларга мурожаат қилди. Улар бундай ҳудудларга шартнома асосида ёлланганларни юбормасликка ҳаракат қилишади. Россия Федерал миграция хизмати бундай баёнотдан хабардор эканлигини тасдиқласада, бироқ ундан ортиқ бошқа ҳеч қандай изоҳ беришмаган.

Мигрантлар “ўлган кунидан”- ноиложликдан Россия армияси сафига қўшилишга тайёр. Қирғизистонлик Нурбек (исми ўзгартирилган) тўрт йилдан бери Москвада яшайди ва ватанига қайтиш нияти йўқ.

“Мен Россия учун жанг қилишга тайёрман. Мен Россия фуқаролигини олмоқчиман, чунки мен судланганман ва мени ватанимда яхши ишга олишмайди. Кўпчилик менга Россия фуқаролигини олиш учун ёрдам беришга ваъда беришган, пул олишган, лекин “кидат” қилиб кетишарди. Дўстларим, агар (Россия) армиясида хизмат қилсанг, фуқаролик олишинг ва катта пул ишлаб олишинг мумкинлигини айтишди. Лекин фақат рус тилини яхши билиш кераклигини айтишди, – дейди Нурбек.

Рус тилидан ташқари, бошқа талаблар ҳам мавжуд: Россияда қолишнинг қонуний асослари, ёши – 18 ёш ва ундан катта, камида 9 синф маълумоти ва баъзи лавозимлар учун ўрта умумий таълим (11 синф) ёки ўрта касб-ҳунар таълими ( техник мактаб ёки коллеж) бўлиши керак. Бундан ташқари, бармоқ излари ҳам талаб қилинади.

Булардан ташқари, мигрантлар фақат аскарлар, денгизчилар, сержантлар ва старшиналарни ўрнини тўлдириладиган ҳарбий лавозимларга кириши мумкин. Чет элликлар офицер ва лавозимларга даъвогар бўлишолмайди.

Қозоғистон

Норасмий маълумотларга кўра, сўнгги уч ҳафта ичида Украинадаги урушда Россия армияси сафида хизмат қилган 16 нафар этник қозоқ ҳалок бўлган.

6 март куни Саратов вилоятининг Александрово-Гайский туманида яшовчи, этник қозоқ Нурлибек Бугетаев вафот этди. У парашют-десант гвардия ротасининг жанговар машинасининг командири, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержанти эди. Апрел ойида у 27 ёшга тўлган бўларди.

2022 йил 24 март куни Украинадаги жанговар ҳаракатлар вақтида Россия Федерацияси қуролли кучларининг 25 ёшли аъзоси, этник қозоқ Наримон Мулдашев бўлганлиги маълум қилинган.

Қозоғистон расмийлари Россия фуқаролигини олган ва ҳозирда Украинада Россия армияси таркибида жанг қилаётган қозоғистонликлар борлиги ҳақидаги маълумотларни инкор этмоқда. Мамлакат расмий матбуоти ҳам бу ҳақда гапиришмаяпти.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги қозоқларнинг Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётгналиги хабарни рад этди. Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди эса КХШТ доирасида Украинага қозоқ қўшинларини киритиш масаласи кўриб чиқилмаганини айтди.

Қирғизистон

Яқиндагина Россия Федерацияси фуқаролигини олган- Қирғизистондан келган муҳожирларнинг қанчаси Россия армиясида хизмат қилаётгани, шунингдек, Украинадаги урушда қатнашаётганлиги аниқ маълум эмас. Аммо Россия Федерацияси қуролли кучлари томонида жанг қилган икки аскарнинг жасадлари Қирғизистонга қайтарилгани ҳақидаги мудҳиш хабар, йўқ деганда, бундай фактлар мавжудлигидан далолат беради.

Март ойида Украинадаги ҳарбий амалиётларда ҳалок бўлган Қирғизистон фуқароси Эгемберди Дорбоевнинг ўлими ҳақида маълум бўлган эди. У Россия Қуролли Кучларининг шартнома асосидаги хизматида оддий аскар бўлган ва Белгород вилоятидаги алоҳида разведка баталёнида хизмат қилган.

Бир неча йил олдин Эгемберди онаси билан Россияга кўчиб ўтди. У 8 март куни вафот этган, яқинларига 13 март куни аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. 25 март куни унинг ватанида – Иссиқкўл вилоятининг Қора-Ой қишлоғида Россия ва Қирғизистон ҳарбий хизматчилари иштирокида ва икки давлат давлат байроқларидан фойдаланган ҳолда дафн маросими бўлиб ўтди.

Иссиқкўл вилоятида Эгемберди Дорбоевнинг дафн маросими. Фото: Kloop.kg

Келиб чиқиши қирғиз бўлсада, аммо россиялик аскар билан видолашув маросимида Қирғизистон байроғидан фойдаланилгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва фаоллар орасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Кейинроқ, 26 март куни яна бир Қирғизистон фуқароси Рустам Зарифулин вафот этгани маълум бўлди. У 14 март куни Украинанинг Харьков вилояти Изюм шаҳрида жанговар ҳаракатлар пайтида ҳалок бўлган. Яқинларининг сўзларига кўра, Рустам 2016 йилда Россиянинг Свердловск вилоятига жўнаб кетган ва у ерда ҳарбий хизматни ўтаб, кейин шартнома асосида хизмат қилган.

Дафн маросими 27 март куни Чуй вилоятининг Жайил туманида бўлиб ўтди.

Рустам Зарифулиннинг дафн маросими Қора-Балта шаҳрида. Фото: Kloop.kg

Ҳар икки аскар Россия Федерациясининг “Жасорат” ордени билан тақдирлашди.

Сиёсатшунос Медет Тюлегеновга кўра, Қирғизистондан келган муҳожирларнинг Россия томонидан туриб урушда иштирок этиши ва уларни Қирғизистон Республикаси байроғидан фойдаланган ҳолда дафн этиш масаласи 2014 йилдаги каби Қирғизистон жамиятидаги кайфиятни акс эттиради.

“Давлат атрибутларидан фойдаланиш ва Миллий гвардия аскарларининг иштирок этиши, асосан, ҳарбий можарога қарши бўлганлар томонидан қизғин мунозараларга сабаб бўлди, чунки бу бегона уруш. Дарҳақиқат, бу йигитлар хорижий давлат фуқаролари ва нега энди давлат атрибутларидан фойдаланиш керак эди? Бу бевосита Қирғизистонга тааллуқли эмас”, – дейди сиёсатшунос Тюлегенов

Тюлегеновнинг қайд этишича, бу мунозарада ижтимоий масала эмас, балки айнан сиёсий мавзу кўтарилмоқда экан.

“Россия бизнинг ҳамкоримиз экани аниқ, аммо бу ҳаракат ташқи ишлар вазирлигининг нейтрал позиция кўрсатишга уринган саъй-ҳаракатларини пучга чиқаради. Натижада биз урушни қўллаб-қувватловчи давлатга ўхшаймиз. Бу мамлакатимиз имиджи учун ёмон”, – дея қўшимча қилади Тюлегенов.

Сиёсатшунос Шерадил Бактигулов эса бошқа нуқтаи назарни ёқлайди. Унинг сўзларига кўра, биринчи қурбон этник қирғиз бўлган ва дафн маросими қирғиз миллатига мансубларнинг дафн маросимига мувофиқ ўтказилган экан.

“Бу факт уларнинг қирғизистонлик эканликларини кўрсатади. Агар қирғизистонлик АҚШда вафот этса, худди шундай бўлади. Сиёсий фонга қараш ва бунда қуролли можароларни қўллаб-қувватлашнинг норасмий сиёсатини излашга уринишнинг ҳожати йўқ. […] Мамлакат бетарафликни эълон қилди ва содир бўлаётган ҳамма нарса, жумладан, йигитларнинг дафн маросими ҳам ташқи сиёсатга алоқаси йўқ”, дейди Шерадил Бактигулов.

Сиёсатшунос Эмил Жўраевнинг таъкидлашича, Қирғизистонда узоқ йиллар давомида шаклланган жиддий камчилик бор – ҳозиргача қанча қирғизистонлик Россия паспортига эгалиги ва уларни қанчаси жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганлигини ҳеч ким билмайди.

«Бу одам ўзи қарор қилади, лекин бу мамлакат учун жуда ачинарли, аммо  бу дегани, биз, бу урушда Россия тарафини оламиз, дегани ҳам эмас», деб таъкидлайди сиёсатшунос.

Тожикистон

Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаро бошланганидан бери Тожикистон фуқаролари ва тожик муҳожирларининг фарзандлари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар энг аввал пайдо бўлди. Россия ва Тожикистон расмийлари вазиятга изоҳ бермаяпти, қурбонларнинг яқинлари эса журналистлар билан гаплашишдан бош тортишмоқда.

Украинадаги урушда бир қанча тожикистонликларнинг ҳалок бўлгани аллақачон маълум. Хатлон вилоятининг Ҳамадоний туманидан тожикистонлик Саидакбар Саидов ва Рамазон Муртазоевнинг жасадлари 17 март куни Россиянинг Тожикистондаги 201-базасининг бир неча офицери томонидан ўз қишлоғига олиб келинди.

Саидакбар Саидовнинг укаси Ёрмуҳаммад Саидовнинг айтишича, у анча йиллар аввал Россия фуқаролигини олган ва шу давлат қуролли кучларида хизмат қилган. У CABAR.asia га батафсил маълумот беришдан бош тортди ва фақат “оиласи 1992 йилдан бери рус нонини еяётганини ва у ҳам Россия учун курашишга тайёрлигини” айтди.

Саидакбар Саидов 7 март куни Украинада ўлдирилган, унинг ортида Россияда яшовчи уч қиз ва икки ўғли қолган.

Саидакбар Саидов қабри. Фото: ozodi.org

Аввалроқ, Украинадаги уруши давомида Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Дарваз туманида туғилган яна икки фуқаро Россия армиясида шартнома бўйича хизмат қилган- Жамшед Худоев (Холов) ва Шуҳрат Абдуллоев вафот этган эди.

Дарвоз тумани раиси Саидбурхон Абдураҳмонзоданинг ОАВга маълум қилишича, ҳалок бўлганлар Тожикистон фуқаролари эмас. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлардан бири танк ҳайдовчиси бўлиб, кейинчалик у танкда ёниб кетган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Жамшед Худоев ва Шуҳрат Абдуллоевлар 40 ёшда бўлиб, бундан 10-12 йил аввал оиласи билан Россияга кўчиб кетишган.

Россиянинг Украинага қарши урушида тожикистонликларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги баъзи хабарлар тасдиқланмади. Жумладан, 4 март куни Душанбеда яшовчи Шарифамо Исоевага унинг 29 ёшли ўғли, Россия армиясидан бўлган Хурсандмурод Маҳмудов Украинада ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик, 7 март куни бу хабар рад этилди.

Исоеванинг яқинларига кўра, Хурсандмурод Маҳмудов 2013 йилда Россия армиясида хизмат қилган ва шартнома асосида хизматни давом эттирган. Илгари у Душанбедаги 201-Россия ҳарбий базасида ишлаган, кейин эса Самарага ўтказилган.

Умеджон Давлатов. Фото: 74.ru

Россияда туғилиб ўсган тожикистонлик муҳожирларнинг фарзандлари ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Масалан, март ойи охирида Россия ОАВлари Челябинск шаҳри Металлургия округи ҳарбий комиссарлигига таяниб, асли тожикистонлик Умеджон Давлатовнинг Украинадаги урушда ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Умеджоннинг ота-онаси 1992 йилда Тожикистондан Россияга кўчиб ўтган ва ўғли коллежни битиргач, армияга чақирилган. Челябинск вилояти Чебаркулский тумани разведка баталонида хизмат қилган. Умеджоннинг дўсти Паши Айрумяннинг айтишича, ҳарбий хизматни ўтаб, шартнома асосида ҳарбий хизматда қолган. Нашрнинг ёзишича, унинг акаси ҳам Украинадаги “махсус операция”да иштирок этмоқда.

Ҳозирда «Украинадан тирик қайт» лойиҳаси ишламоқда, унинг доирасида рус аскарларининг ота-оналари ўзларининг қариндошларини – асирга олинган ёки ўлдирилганлигини аниқлашлари мумкин. Украина мудофаа вазири Антон Герашченко Facebook ’да бу рақамга 19 ёшли тожикистонлик Сухробжон Шароповнинг қариндошлари ҳам қўнғироқ қилганини ёзди.

“2002 йилда туғилган Сухробжон Шароповни Россияда яшовчи отаси ва Тожикистонда бўлган укаси қидирмоқда. У Москва вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида шартнома асосида хизмат қилган, бироқ қариндошлари уни қаерга олиб кетишганини билишмайди. Алоқага чиқмаган. Қариндошлари уни қайтаришни исташмоқда”, – деб ёзади Антон Герашченко.

Бундан ташқари, украиналик ҳарбийлар ўзини асли тожикистонлик деб даъво қилаётган россиялик ҳарбий Фахриддин Хожиқурбоннинг сўроққа тутилиши акс этган видеони ҳам эълон қилишди. Ҳожиқурбоннинг сўзларига кўра, уни рус армиясида хизмат қилишга Роберт исмли ватандоши кўндирган ва у Украинага танк қўмондони сифатида келган, “аммо жанг қилишга улгурмай, қўлга олинган”.

“Бизни ҳарбий машғулотларга юборишаётганини айтишди. Аммо бизни Украинага жанг қилишга жўнатишган экан”, — деди Фахриддин Ҳожиқурбон видео тасвирда.

Айни пайтда, Сочи шаҳрида яшовчи, ТикТок ижтимоий тармоғидаги “Сочилик бандит” влогининг бошловчиси Арсен Погосян Украинага ўз ихтиёри билан жангга боришни истаганлар орасида тожикистонликлар ҳам борлигини ҳақида айтган.

“Қисқаси, болалар, Украинага бориш учун йиғин бўлаяпти, манабу ерда бизнинг кўнгиллиларимиз, тожик биродарларимиз ҳам нариги тарафга, ўз ватанларини ҳимоя қилиш учун кетишяпти. Хуллас демак, биз сизлар биланмиз”, – дейди у ўз видеосида.

Арсен Погосян CABAR.asia журналистининг тожикистонликларнинг урушдаги иштирокига изоҳ беришни сўраган хатига жавоб бермади.

Халқаро ҳуқуқ бўйича ихтисослашган тожик ҳуқуқшуноси ва Гаагадаги Халқаро судда ишловчи Фаридун Саидзоданинг CABAR.asia’га айтишича, Тожикистон фуқаролари, агарда Украинадаги урушда қатнашган бўлса, 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бундай муддат Тожикистон Жиноят кодексининг «Ёлланиш» деган 401-моддасида хорижий урушларда ёки шартнома асосида ёлланма аскар сифатида қатнашаётган шахслар учун кўзда тутилган.

Саидзода, шунингдек, халқаро ҳуқуқ, жумладан, 1977 йилги Женева конвенцияларининг 47-моддаси 1-қисми 2-қисми ёлланма жангарилардан бошқа давлатга қарши фойдаланишни тақиқлашини ва унда иштирок этганлар учун жавобгарлик назарда тутилганини таъкидлаб ўтди.

Сиёсатшунос Абдумалик Қодиров эса жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди айрим тожикистонликларни тўхтата олмайди, деб ҳисоблайди.

“Албатта, бу бизнинг “омадли жентельменлар”ни тўхтатиб қололмайди. Улардан баъзилари осон пул топишга ва узундан-узоқ рубл васвасасига берилиб кетди; кимдир рус пропагандасининг илгагига тушган; кимдир бу мамлакат фуқаролигини тезда олиш учун Россия расмийларига «илтифот кўрсатмоқчи»; кимдир эса аҳмоқона саргузашт излаб топиш учун ўзини тинчини бузган бўлиши мумкин, – деб ҳисоблайди Қодиров.

Унинг фикрича, Тожикистонда ваколатли органлар тожик фуқароларининг урушда иштирок этиши билан боғлиқ  ҳар бир фактни текширишни бошлаши керак.

“Тожикистон ҳукумати Россиянинг Украинадаги урушига нисбатан нейтрал позицияни эгаллаганини тушуниш мумкин – биз бу давлатга ҳаддан ташқари қараммиз. Лекин мен, Тожикистон фуқаролари бу тажовуз иштирокчиси сифатида тарихда қолишини истамасдим. Бугун бўлмаса, эртага уруш тугайди, кейин одамларнинг, айниқса, уйлари вайрон бўлган, яқинлари бомба ва ракеталардан ҳалок бўлганларнинг кўзига қарашимиз керак бўлади”, – дейди Қодиров.

Ўзбекистон

Бугун Ўзбекистонда мамлакат фуқаролари Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётгани ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ, ижтимоий тармоқларда ушбу мамлакатдан можаронинг ҳар икки томонидан ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган кўплаб одамларни учратиш мумкин.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари деярли бошланиш пайтиданоқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўзининг Телеграм каналида қонунга кўра, ўзбекистонликлар бошқа давлатлардаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун қамоқ жазосига маҳкум этилиши ҳақидаги огоҳлантириш постини жойлаштирди.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон фуқароларига Украинадаги ҳарбий амалиётларда ҳеч қандай шаклда қатнашмасликни юзасидан баёнот бериб, уларга мурожаат қилди ва бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирди.

Шунингдек, мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳам Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга чақирув бошлангани ҳақидаги кенг тарқалган маълумотларнинг асоссиз ва ҳақиқат тўғри келмаслиги ҳақида тушунтириш бериб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида хорижий давлатларнинг хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларига кириш, ҳарбий хизматга чақириш учун (1541) модда назарда тутилган”, — дейилади вазирлик сайтида.

Ўзбекистон фуқаролари Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашмаётгани ҳақида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов маҳаллий Дарё.уз нашрига берган интервюсида ҳам айтиб ўтди.

Бироқ “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати ўзбек ҳайдовчиси ҳақида маълумот ни эълон қилди ва у Украинага юк ташиш учун уч ойлик шартнома асосида ҳайдовчи бўлиб ишга киришга қарор қилганини ўзбек тилида айтди. Ҳайдовчининг айтишича, унинг мақсади Россия фуқаролиги, уй-жой ва яхши маош олиш бўлган. Бу иш учун унга ойига 50 000 рубл (тахминан 590 доллар) тўланади.

Шунингдек у, ўша жойларда Ўзбекистон ва Тожикистондан келганларни ҳам кўрганини айтади.

Озодлик журналисти билан суҳбат чоғида россиялик ҳарбийлар билан бирга Луганск ҳудудида бўлган фарғоналик ҳайдовчининг видеомурожаати юзасидан Ўзбекистон расмийлари ҳозирча изоҳ бермаган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаролари Украина томонида яшаб, жанг қилаётгани ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин.  CABAR.asia айни пайтда Киевда бўлган ана шундай шахслардан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Шавкат Мухаммад (Шава). Фото шахсий архивдан олинган

Суҳбатдош Украина томонидан туриб Россия армиясига қарши курашаётган кўнгилли жангчи эканлигини яширмайди. У ўзини Шавкат Муҳаммад (Шава) деб атайди, гарчи бу унинг ҳақиқий исми эмаслигини айтади. Унинг сўзларига кўра, 2014 йилдаёқ у  “Айдар” батальони таркибида Украина учун жанг қилиб келган, аммо 2015 йилда уни тарк этган.

Унинг сўзларига кўра, у 8 йилдан бери Украинада яшайди. У бир неча бор қочқинлик мақомини олиш учун ариза берган, аммо рад этилган. У 2017 йилдан бери ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. У Одесса, Львов, Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларида яшаб, қурилиш соҳасида ишлаган.

“25 февралда (Россиянинг Украинага бостириб кириши 24 февралда бошланган – таҳр.) мен Киев марказига кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтиш учун келдим. Кўнгиллилар сифатида рўйхатдан ўтиш учун навбатлар жуда узун эди. Шундай қилиб, мен кўнгиллилар гуруҳини туздим. Гуруҳимизга “Айдар” кўнгиллилар баталёнининг тажрибали жангчилари ҳам келиб қўшилди. Бизни қабул қилишди, 25 февралдан бери курашяпмиз. Ҳозир Киевда жанг қиляпман. Бу ердаги жангларда қатнашиш учун ҳеч қандай давлат идоралари билан шартнома тузмаганман. Мудофаа вазирлиги билан ҳам шартнома тузмаганман. Бу жангларда қатнашиш мен учун моддий манфаатдорлик эмас. Мен Украина халқига ёрдам бериш учун кўнгилли жангчи сифатида шу ердаман”, — деди у.

Расмий манбаларнинг хабар беришича, ўзбекларнинг можароларда иштироки ҳақидаги ҳар қандай сигнал Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва махсус давлат органлари томонидан синчковлик билан текширилади.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Донбассдаги жанговар ҳаракатларда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши ҳолатлари аллақачон кузатилган. Масалан, “Asia Terra” сайтида “ДНР томонида жанг қилган ўзбек Маъруфжон Нишонов Донбасда ҳалок бўлди” сарлавҳаси остидаги мақолада улардан бири тасвирланган.

“Билим карвони” нодавлат таълим муассасаси директори, сиёсатшунос Фарҳод Толипов CABAR.asia нашрига берган интервьюсида бундай шаклда ёлланишлар эҳтимоллари ҳар доим борлигини айтди. Бироқ, Украинадаги урушга келганда, улар кам бўлади.

“Биринчидан, меҳнат муҳожирлари ўз ватандошларининг Суриядаги жанговар ҳаракатлардаги иштирокининг аянчли натижалари ва оқибатларини кўрмасдан қолиши мумкин эмас ва улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйишни исташлари даргумон. Иккинчидан, Сурияда бўлгани каби, ёллаш учун мафкуравий мотивация йўқ, яъни, бошқа бегоналарнинг қадриятлари ва бегона давлат учун курашиш ва ўлишнинг маъноси йўқ. Қолаверса, уларнинг яқинлари ва ота-оналари уларни Украинадаги вазиятдан хабардор қилиб, бу фожиага аралашмасликдан огоҳлантираётганга ўхшайди”, — деди у.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг