Прокурор қонунни билмаса…

0
2027
Фото: tgraph.io

Наманган шаҳар прокурорининг депутат устидан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорини ўқиб “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деган мақол эсга тушиб кетди. Прокурор жанобларининг олий юридик маълумотли эканига шубҳа йўқ, аммо чиқарган қарори унинг ҳуқуқий саводини каттакон савол остига қўяди!

Зикр этилмиш қарорда депутатни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидан розилик сўралганини яна бир карра эслатиб ўтамиз.

Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилинмасдан туриб, унга нисбатан маъмурий ва жиноий иш қўзғатиш ҳам, қамоққа олиш ҳам мумкин эмас. Бинобарин, шу оддий ҳуқуқий нормани билмаган шахс прокурор вазифасида қандай қилиб ишламоқда, деган савол туғилиши табиий.

Қолаверса, жиноят ишини қўзғатишга нега бунчалик шошилишди? Ахир вазият тўлиқ ўрганилиб, дастлабки суриштирув ўтказилиб, воқеа-ҳодисаларга холисона баҳо берилганидан кейингина жиноят иши қўзғатилиши керак эмасми? Очиғини айтсам, менда бу ҳолатда прокурор бир томоннинг манфаати нуқтаи назари асосида жиноят иши қўзғатиб, ўзининг нохолис нуқтаи назарини ифода этган, деган тахмин бор.

Мен ҳам узоқ йиллар терговчи, судья лавозимларида ишлаганман. Аммо бундай нохолисликни илк бор кўриб турибман.

Бўлиб ўтган воқеалардан кўринадики, Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.О.Мухаммадиевга кимнингдир яширин қасди борга ўхшайди. Бу ишнинг оқибати ҳам халқ мақолида акс этмишдир: “қасд қилганлар паст бўлур…”

Хулоса шуки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таниш билиши орқали адашиб кириб қолган, ҳуқуқий билим ва саводи паст бўлган ходимлар бундан буён ўз хоҳишлари билан ишдан бўшаб кетганлари маъқул. Чунки Президентимиз Ш.Мирзиёев қўяётган талабларнинг асоси қонунларга оғишмай риоя қилишдир!

Бу ўринда прокурор Кенгашдан депутатни дахлсизлик мақомидан озод қилишни сўраши лозим эди. Энди прокурорнинг ушбу нотўғри қарори ўз ишининг устаси бўлган адвокатнинг қўлига тушса, тергов ва прокурорга қарши ишлатилиши, яъни бу ерда манфаатдорлик бор деган важ келтирилиши мумкин.

Фахриддин Комилов,

юридик фанлар номзоди

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг