Қисқача мазмуни
Мақолада пост-совет ижтимоий фанларининг ҳар жойда мавжуд мустамлака билан тамғаланган глобал билим тизимидаги асосий муаммолари кўриб чиқилади.
Фан мажмуалари жиҳатидан бу ташхис ижтимоий фанлар ва минтақашунослик ўртасидаги тафовутда намоён бўлади, бунда пост-совет ёки четлатилган ёки постколониал муҳокамаларга тенглаштирилган.
Бу ҳолатни пост-совет маконининг ва унинг ижтимоий фанлари ва олимларининг қолган дунё учун кўринмаслиги, ҳамда глобал Шимолнинг пост-совет олимини рационал субъект сифатида қабул қилишдан бош тортиши деб таърифлаш мумкин.
Ушбу пост-совет, постколониал ва бошқа пост-қарамлик омилларининг мураккаб кесишувининг сабаблари ички ва ташқи, сиёсий ва билимга оиддир.
Деколониал кўзгунинг методологик тамойилларига риоя қилган ҳолда, муаллиф билим ишлаб чиқаришдаги пост-совет турғун тизимининг бундай ўзига хос элементларини ташқи мустамлака фарқни ва икки томонлама мустамлака фарқни, билимнинг гео-сиёсати ва тана-сиёсатини билим ишлаб чиқариш ва тарқатишда қандай акс этганини таҳлил қилади, ва ушбу билимга оид боши берк кўчадан чиқишнинг мумкин бўлган йўлларига алоҳида эътибор қаратади.
Чоп этилаётган мақоланинг оригинал номи: Tlostanova, Madina. “Can the post-Soviet think? On Coloniality of Knowledge, External Imperial and Double Colonial Difference.” Intersections. East European Journal of Society and Politics 1.2 (2015): 38-58.
Таржимон: Бобир Муратов
Бошланғич фикрлар
Ушбу мақоланинг сарлавҳаси Сингапурлик сиёсатшунос Кишоре Маҳбубани томонидан ёзилган “Осиёликлар Фикрлай Оладими? Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тафовутни тушуниш” (2001) китобидан илҳомланган. У Ғарб технологияларидан ва уларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайдиган чекланган миқдордаги тамойиллар (масалан, меритократия, таълим ва адолат)дан фойдаланишни тарғиб қилган, аммо шу билан бирга, ҳеч қачон умумийлашган ва глобаллашган замонавийлик фойдасига йўқ қилинмаслиги керак бўлган маҳаллий қадриятлар ва маданий, ахлоқий, ижтимоий, диний ва гендер моделлари сақланишининг аҳамиятини таъкидлаган.
Маҳбубанининг асосий иддаоси Ғарб либерализмига қарши эмас, гарчи у муваффақиятли иқтисодий ривожланиш ёки замонавийликнинг ҳозирда биз англаган талқинига мансуб бўлиш учун демократия ёки сиёсий очиқлик зарур эмаслигини кўрсатиб берса-да (Маҳбубани, 2009). У шунчаки Ғарб ўзи белгилаган қоидаларни тез-тез бузаётганини ва шунинг учун бошқаларга қандай бўлишни ўргатиш ҳуқуқини йўқотаётганини, одамларни ҳуқуқлари муҳим бўлган ва фикрлашга рухсат берилганларга ва ҳаёти аҳамиятсиз бўлган ва тўлиқ онгли субъектлар сифатида қараладиганларга ажратиш имтиёзини йўқотаётганига эътибор қаратади.
Ўзининг бахс уйғотувчи саволини берар экан, Маҳбубани, албатта, ўзи ва осиёлик юртдошларининг тафаккур юритиш қобилиятига шубҳа қилмайди. У назарда тутган фикр шундаки, тарихда нима учун ва қандай қилиб осиёликларга Ғарб билан тенг асосда замонавийликка қўшилиш учун ўз ақлий қобилиятларидан тўлиқ фойдаланиш имконияти берилмаган ва бу ҳолатни қандай қилиб ўзгартиришлари керак. Шу тариқа, Маҳбубанининг лойиҳаси замонавийлик риторикасини мустамлакачилик мантиғидан ажратишга интилади, ҳамда биз тенг имкониятлар ҳолатида эканлигимизни ва Шарқ ўзининг муваффақиятсизликлари учун ўзи айбдор эканини тахмин қилади. Аммо бу қарашни сақлаб қолиш мумкин эмас, чунки замонавийлик риторикаси ва мустамлакачилик мантиғи бир-бирисиз мавжуд бўла олмайди дейди. Маҳбубани томонидан илгари сурилган ғарбсизлаштириш тафаккури билим мустамлакасини эътиборга олмайди. Бу мақолада эса айнан ушбу масала пост-совет макони ва унинг фуқаролари билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилади. Афсуски, бизнинг ҳолатда Маҳбубанининг саволига жавоб ижобий бўлмаслиги мумкин ва бунинг сабаблари билим мустамлакаси, ташқи мустамлака фарқи ва икки томонлама мустамлака фарқи кабилар жамланмасидадир.
Билим мустамлакаси нима?
Билим мустамлакаси замонавий иллат бўлиб, барча билим ва тафаккур модеъллари, дунё ва одамларни кўриш ва талқин қилиш, субъект-объект муносабатлари, фанларнинг бўлиниш тузилмалари ХVI асрдан бошлаб Ғарб замонавийлиги томонидан яратилган ва мажбуран жорий этилган меъёрлар ва қоидаларга тўлиқ боғлиқ эканлигини англатади. Шунингдек инсониятга универсал, локаллашмаган ва ўзликдан узилган кўринишда тақдим этилади.
Билим мустамлакаси халқаро деколониал олимлар томонидан киритилган атама бўлиб, йигирма йилдан бери унинг асосий вазифаси замонавийлик ҳамда унинг салбий томони — мустамлакачиликни танқидий таҳлил қилиш, замонавийлик зўравонлигининг илдизини ички ва ташқи бошқалар билан боғлиқ ҳолда кузатиш, шунингдек, замонавийлик/мустамлакачиликдан узилиш ҳамда мавжудлигимиз, билимларимиз, идрокимиз, жинс ва хотирамизни озод қилиш учун деколониал курашларнинг муқобил илдизларини тиклаш йўлларини таклиф қилишдан иборатдир.
Тарихи «Янги Дунё» мустамлакасига бориб тақалса-да, глобал қарамлик мустамлакачиликдан фарқ қилади. Аммо мустамлакачилик бу тарихий ва тавсифловчи атама бўлиб, замонавийлик/мустамлакачилик лойиҳасининг илмий ва муҳокамали асосларини бузишга интилмайди, илм-фалсафасининг тубига кириб, унинг ҳукмрон мустамлакачилик илдизларини намоён қилишга камдан-кам ҳолда киришади. Аксинча, глобал қарамлик мустамлакачилик тугаганидан анча кейин ҳам давом этмоқда, ҳамда замонавий фанлар ва таълим йўналишлари, билим ишлаб чиқариш ва тарқатиш, шунингдек, постколониал талқинларга осон сабаб бўлмайдиган геотарихий ва геосиёсий вазиятларда ривожланмоқда-ки, бу пост-совет маконлари ва мутафаккирлари учун ҳам хосдир.
Глобал қарамлик доимо ўзига хос маҳаллий шакллар ва шароитларда намоён бўлади, шу билан бирга замонавийликнинг одатда маъносиз ва шафқатсиз тарқоқ кўринишларини соғлом идрок этиш учун таниш ришта бўлиб қолади.
Замонавийликда мавжудликнинг бегоналаштирилиши илмий илдизларга эга, чунки замонавийлик объектив тарихий жараён эмас, балки билим яратиш тизимидир. Бу муайян тарихий жараёнларни ўзига хос усулда тасвирлайдиган ва барчани бу объектив мавжудлик ҳақиқати эканлигига ишонтира оладиган ғоядир.
Замонавийлик ғояси яратилгач, у ўзини яратган билим тизимини қонунийлаштирди. Иккиси ҳам бошқа билим тизимларини рад этиш ва бошқа тарихий жараёнларни замонавийликдан ташқарига суриш воситасига айланди. Билим замонавийлигини яратиш билим қарамлиги билан бирга давом этди, яъни билимнинг мазмунини ўзлаштириш ёки уни рад этиш орқали билим мустамлака қилинди.
Энрике Дуссел (Enrike Dussel) ёвуз “ego conquiro” охир-оқибат енгилроқ “ego cogito”га — “бошқаларни, аёлларни ва забт этилган эркакларни бегоналаштирувчи эротика ва савдо капиталистик иқтисодиёти орқали бўйсундириш”га олиб келишини кўрсатиб берди. Инсонлараро мулоқотларга хусусан, Ўзга билан мулоқотларга эмас, балки объектлар билан ва объектларга муносабатларга эътибор қаратадиган фалсафа ва фан аёлларни эзиш ва ирқий ажратиш ахлоқининг фақатгина қоронғу томонларидир. Шундай экан, билимни деколонизация қилиш субъективлик ва рационалликдан маҳрум қилинган ва ўз маданияти, дини, жозибадорлиги, ирқи ва жинсининг намунаси сифатидагина қаралганларнинг тарафидан туриб одатий субъект-объект муносабатларини беқарорлаштиришни англатади. Бундай одамлар учун билимларимизнинг субъектив ўзига хослигини таъкидлаш бошиданоқ, яъни жорий билимлардаги постмодернистик даъводан фарқ қилади. Билим субъектларига айланиб, дунёга ўз келиб чиқишимиз, ҳаётий тажрибаларимиз ва таълимимиз нуқтайи назаридан қарай бошласаккина, сўнгра барча мумкин бўлган билимларнинг ўлчовига айланган билим институтларини яратган Ғарб мустамлакачилик асосларини ҳамда мутафаккирларини ўз ўрганиш объектимиз деб қарашимиз мумкин.
Нол нуқтали билим ва фан мажмуалари таназзули
Замонавий фанларнинг кўпчилиги Ғарбнинг ғоявий ва илмий маҳсулотлари бўлиб, Сантяго Кастро-Гомез (Santyago Kastro-Gomez )тили билан айтганда “нол нуқта ғурури”га асосланади, яъни кузатувчининг афзаллик нуқтасини ва ҳақиқатдан узилган махсус хавфсиз жойни эгаллаш (кузатувчи кузатилмайди), ва ҳар қандай субъектив тарафкашлик ва манфаатлардан холи кўриниб соф ва бузилмаган ҳақиқатни тарқатаётганини даъво қилувчи мағрур истакдир.
Бундай Архимедга хос ёндашув, гео-тарихий жойлашув ва билим ва тана-ирқ ва жинс билим шаклларининг ўзаро боғлиқлигини яширади. Бу дунёқараш, шунингдек, муайян тиллар ва фикрлаш категорияларига асосланган бўлиб, Ғарбга номаълум тиллар ва тушунчаларни ишлатадиган ёки бошқа тилда ёзадиган ва фикр юритадиган ҳар қандай кишини автоматик равишда четлатади. Кастро-Гомез бу муаммо ҳақида шундай дейди:
“Билим ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг турли усулларининг бирга мавжуд бўлиши йўқ қилинади, чунки энди барча инсоний билим шакллари билим тарозиси бўйича анъанавийдан замонавийга, жоҳилликдан маданиятга, жамоатдан шахсиятга, Шарқдан Ғарбга қараб ўлчанади (…) Ушбу стратегия орқали илмий фикрлаш ўзини билим ишлаб чиқаришнинг ягона ҳақиқий шакли сифатида кўрсатади ва Европа бутун дунёнинг бошқа маданиятлари устидан билим ҳукмронлигига эга бўлади.”
Маърифатпарварлик давридан кейинги дунёда бу нол нуқтали билим ўз манбаи ва ҳокимиятини Худодан Ақлга ўзгартирди, бу эса махсус гуруҳлар учун бундай хавфсиз ва шубҳасиз баёнот ҳудудини яратди.
Бу, айниқса, гуманитар ва ижтимоий фанлар мажмуасининг мазмунсиз кўпайишига ва ёйилишига олиб келади. Фан мажмуалари кўпинча ҳақиқат ва ижтимоий ҳолат билан алоқани йўқотади ва кўпинча ўзларининг ўйлаб топилган муаммоларига эътибор қаратади.
Ушбу ташвишли ҳолат фан мажмуаларини қутқариш ва ижтимоий ҳақиқатга содиқ қолиш учун уларни мажмуалардан чиқариш чақириғига олиб келди. Левис Гордон (Levis Gordon )бу ҳодисани “мажмуавий таназзул” деб атади. Яъни “метод ҳақиқатни илмий рад этишга ёрдам беради” ва олимлар ҳақиқий дунёдаги одамлар эмас, балки музлатилган ва борлиқдан узилган мажмуаларнинг муаммоларига эътибор қаратади, аччиқ ҳақиқатларни рад этиб, ширин ёлғонга ёки қасддан салбий ҳаракатларга мурожаат қилишади. Бу эса ижтимоий ҳақиқатга қарши урушнинг шакли ва масъулият ва танлаш эркинлигидан қочиш бўлиб, давомий ҳаракатлар ёки ҳатто мажмуанинг анъаналари орқали бир кишининг фикрини умумий ҳақиқат сифатида ва фан мажмуасини “ўзини дунё деб рационаллаштириш” сифатида намоён қилади. Гордон учун бу ўлик нуқтадан чиқиш йўли танқидий яхши ният, фан мажмуаларидан мақсадли воз кечиш ва уларнинг пайдо бўлишида асос бўлган ғоялар ва мақсадларни қайта кашф қилишга интилишдир.
Гордоннинг фикрини бошқа кўплаб Ғарблик бўлмаган олимлар қўллаб-қувватлайди. Фан мажмуалари таназзули билан курашиш учун биз бошқалар билан сиёсий ва интеллектуал ҳамкорликларни шакллантириш учун мўлжалланган кесишувчи соҳаларга мурожаат қилишимиз, охир-оқибатда эса Ғарб ва Ғарбга хос бўлмаган назария ва фаолликка оид ўзаро ҳамкорлик тафаккурининг пайдо бўлишига ҳаракат қилишимиз керак.
Ғарбий назарияда фан мажмуалари кесишуви
Фан мажмуаларини ажратишга оид тенденция каби Ғарбга оид оҳирги оммавий мисоллардан бири Роси Брайдоттинг (Rosi Braydotting) танқидий антигуманистик постгуманизм модъелида топилади. Бу эса анъанавий гуманитар ва ижтимоий фанларни қайта кўриб чиқишга олиб келади. Брайдотти танқидий постгуманизмни “инсон шахсиятини оммавий ҳолатдан узиб, уни бажараётган аниқ ҳаракатлари учун масъулият юклаяпти” деб ўйлайди. Антигуманистлар учун мавзу тобора мураккаб, муаммоли ва алоқадор бўлиб боради, ҳамда жозибадорлик, моддийлик, ҳамдардлик, таъсирчанлик ва истаклар билан белгиналади. Улар глобал био-генетик капитализм бугун таклиф қилаётган инсон ва инсон бўлмаган ҳаёт шаклларининг салбий умумий таъсирчанлиги ўрнига кўпроқ ижобий муқобилларни таклиф қилишга интиладилар.
Танқидий антигуманизмнинг манбалари нафақат феминист, постколониал ва постструктуралистик фикрларда, балки барча жонзотларга ҳурмат асосида янги аниқ оммавийлик шакллари учун кураш олиб бораётган замонавий танқидий экологизмда ҳам ётади. Бу муқаддаслаштирилган фан ва технологияга боғланган Ғарб гуманизми, рационаллик ва дунёвийликка қарама-қаршидир.
Имтиёзли қулай нуқтадан гапираётган бўлса-да, кўпинча турли муқобил қарашларга очиқроқ ва баъзан уларни ўз фикрлари учун мослаштиришга ва ўзгартиришга ҳаракат қилиб, Брайдотти постгуманизмни антропоцентризмдан ташқарига чиқиш ва ҳаёт тушунчасини инсониятдан ташқарига ёки зое томон кенгайтириш билан боғлайди — бу жиҳатдан Жоржио Агамбеннинг (Jorjio Agamben) фикрларини эслатади, лекин зоени ижобий ва конструктив маънода, ҳаётнинг инсон бўлмаган муҳим кучи сифатида қайта талқин қилиб, биос ва зое ўртасидаги илгари барқарор бўлган чегарани ўчиради. Брайдотти учун зоега йўналтирилган тенглик пост-антропоцентрик бурилишнинг асоси ҳисобланади. Бу бугунги кундаги инсон ва инсон бўлмаганларни маҳсулотга айлантирувчи сиёсий иқтисодиётга қарама-қаршидир.
Ижобий ва мутлақ билим тўплаш модъелига эргашишни рад этишни тақозо қилувчи бундай қайта номланган гуманитар ва ижтимоий фанлар, пост-антропоцентрик, фанлараро, ахлоқ билан йўғрилган изланишлар йўналишида кескин ўзгаришни талаб қилади. Бунда инсоний амалиётларнинг ўзлиги “автономия ва ўз-ўзига иқтибос берувчи мажмуавий поклик ўрнига боғлиқлик ва кўп қиррали алоқадорликни таъкидлаш орқали” ўзгаради. Бу янги гуманитар фанлар- гуманитар фанларнинг асосий жиҳатини, яъни ноинсоний бўлиб бораётган ҳолатларда инсонийликнинг трансформацион таъсирини тарк этишини англатмайди.
Аммо, Брайдоттининг фикрига кўра, йигирма биринчи аср гуманистлари биз абадий йўқотган классик гуманитар фанлар ҳимоясида турмасликлари ёки уларни қўмсамасликлари керак. Бунинг ўрнига, биз пост-антропоцентрик гуманитар фанларнинг, масалан, гуманитар фанлар, ижтимоий фанлар ва аниқ ва табиий фанлар ўртасидаги фанлараро ҳамда кесишувчи соҳалар (ўлим фанлари, травма фанлари, тинчлик фанлари, инсонпарварлик бошқаруви, экологик ва ижтимоий барқарорлик фанлари ва ҳоказо) ривожланиши учун янги йўлларни топиш устида ишлашимиз керак, шунингдек, илмий шахсий-рефлексияни ва экстроверт илм-фан маданиятини янада қатъийроқ ривожлантиришимиз керак.
Билимнинг гео-сиёсати ва тана-сиёсати
Агарда бугунги кунда билим ишлаб чиқариш ва тақсимлашдаги куч мувозанати сақланиб қолаётгани ва ҳатто ортиб бораётганини ҳисобга олмасак, келажакдаги фанлараро мажмуалар учун ушбу ёрқин истиқболлар тўлиқ ҳақиқат ва жозибадор бўлиши мумкин эмас. Лекин Браидотти бу муаммоларни ўзининг имтиёзли билим тана-сиёсати ва гео-сиёсати сабабли кўра олмайди.
Билимнинг гео-сиёсати ва тана-сиёсати онгли шахсият сифатида ўчирилган тарихий агентларнинг тажриба ва хотираларидан шаклланган билим ва сиёсий лойиҳаларни ифодалайди. Билим гео-сиёсати билимнинг маҳаллий макон ва вақт асосларига ишора қилади. Тана-сиёсати эса маълум бир маҳаллий тарихлар ва келиб чиқиш ва тарқалиш йўлларида илдиз отган алоҳида ва жамоавий биографик асослар орқали тушуниш ва фикрлашни англатади. Бу ерда маҳаллийлик нафақат гео-тарихий жойлашув, балки дунёни маълум бир маҳаллий тарихдан идрок этадиган ҳис қилувчи тана билан билим боғлиқлиги сифатида ҳам тушунилади.
Агар Фукога хос био-сиёсат кучни бошқаришни ва унинг талқин ҳуқуқи учун курашини бўлакларга бўлса, деколониал тана-сиёсати эса билимни унинг евромарказли жойидан шахсларни кераксиз жонлар, қуйи одамлар, иккинчи даражали фуқаролар ва қораланган динларнинг эргашувчилари сифатида тасвирлаш имконини берувчи ирқий, жинсий, диний, этник ва бошқа фарқлар билан белгиланадиган Ғарбий бўлмаган ва ҳукмрон бўлмаган ҳудудларга ва таналарга кўчиради. Фикр юритиш ҳуқуқи ва қобилиятидан маҳрум бўлган, турли шакллардаги билим ирқчилигини бошдан кечираётган европалик бўлмаган одамлар, билим ишлаб чиқариш ва тақсимлашдаги куч мувозанатини энг оғриқли тарзда ҳис қиладиганлардир.
Уларга Валтер Мигнолонининг (Valter Mignoloni) декартча иқтибоси таниш туюлиши мумкин, яъни “Cogito ergo sum” ни “Мен ўйлаётган жойимдаман” га қайта ифодаласак:
“Мен ўйлаётган жойимдаман” рад этилган билим тасдиқномалари учун асос яратади. Шу билан бирга, у тафаккур географиясида бурилиш содир этади. Агар “Мен ўйлаётган жойимдаман” деган тасдиқ билим жиҳатдан рад этилганлар нуқтайи назардан айтилса, у билимнинг нол нуқтасига мурожаат қилиб, “ва сиз ҳам” деган маъони англатади. Бошқа сўзлар билан айтганда, “биз ҳаммамиз ўйлаётган жойимиздамиз”, лекин фақат Европа билимлар тизими “Мен ўйлайман, демак, мавжудман” деган бошланғич мулоҳазага асосланган эди, бу эса билимнинг илоҳий асосини дунёвий тушунчаларга таржимаси эди (бунда биз аллақачон руҳнинг танадан устунлигини кўрамиз) (Мигноло, 2011: 169).
Ғарбнинг ғарб бўлмаган, Ғарбдан ташқарида ва ҳатто Англо-Америка ҳудудидан ташқарида, жумладан, унинг чекка ва ярим чекка ҳудудларида ишлаб чиқарилган ҳар қандай билимни ўзлаштириш ва аҳамиятсиз қилиш, Гаятри Спивакнинг (Gayatri Spivak) машҳур ифодаси билан “рухсат этилган жоҳиллик” (Спивак, 1999: 164) каби танқидий чиқишлар доирасида батафсил таҳлил ва танқид қилинган. Масалан, радикал постколониал назария (Eze, 1997), г‘арбий бўлмаган феминизм (Mohanty, 1984), турли хил муқобил-глобал муҳокамалар (Shiva, 2006) шулар жумласидандир. Мисол учун, мисрлик ёзувчи ва гендер фаоли Nawal el Saadawi бу муаммони аёллар ва тараққиёт бўйича Vellesley конференциясида аниқлаган:
“Яхши ниятли АҚШлик ташкилотчилар (…) мақолаларни ўқиганларида ёки иштирокчиларга сўзлаганларида, уларга ўзларини қандай тутишлари кераклигини айтишганида, улар сўзлари ва муносабатларида қанчалик оналарча ва камситувчи оҳангда жаранглаганликларини билмас эдилар (…). АҚШлик ташкилотчилар учун куч муаммо эмас эди, чунки улар бунга эга эдилар ва бизнинг иштирок этмаслигимизни одатий ҳол деб ҳисобладилар (…). Ташкилотчилар учинчи дунё аёлларининг норозиликларини “шахсий камчиликлар”га айлантира олдилар” (Saadawi, 1998: 148).
Аммо бу каби кучли танқидий аралашувлар ҳозирча билим ишлаб чиқаришнинг умумий замонавий мантиғини ўзгартирмади, у ҳали ҳам ўзгармас тизимлашувлар, самарали рад этишлар ва маккор ўзлаштиришларга асосланади. Қизиқарли мисолни радикал қора танли феминистик нуқтаи назардан (Hull ва бошқ., 1982) замонавий Европа феминизми доирасида ноаниқ ва сиёсатсизлаштирилган қайта талқинларга ўтган интерсекционаллик мисолидан топиш мумкин.
Интерсекционаллик ўзининг маҳаллийлигини, ўзига хос маҳаллий тарихга боғлиқлигини йўқотди ёки яшира бошлади ва ҳар қандай маҳаллийликдан узилган ҳолатга тушиб қолди. Бугунги кунда бу тобора ноаниқ глобал трансмиллий феминистик маданиятга мансублик ҳолатига айланмоқда (Carbin va Edenheim, 2013). Аммо бундай мавҳумлик интерсекционаллик тушунчаси аслида фош қилишга қаратилган доимий куч мувозанатларини яшира олмайди.
Савол қайта пайдо бўлади — ким интерсекционаллик ҳақида гапиради ва қандай ҳолатдан туриб ушбу нутқ айтилади?
Интерсекционалликни ким айтади?
Интерсекционалликдаги нутқ янги фанми?
Ва интерсекционалликнинг қайси кесишмасида ушбу нутқ амалга оширилади?
Ташвишланарли ҳолат шундаки, кўпинча интерсекционаллик ҳақида гапираётган шахс ўзи муҳокама қилаётган кесишмаларнинг ҳеч бирида жойлашмаган, балки очиқ ёки кўпинча яширин равишда кузатувчи сифатида юқорида туради ва савол остидаги кесишма унга таъсир қилмайди. Бу билим, мавжудлик, гендер, идрокнинг турли хил муқобил ирсиятларига эътибор қаратиш ва урғуни баён этилганлардан баёнотга ўтказиш қанчалик муҳим бўлиб бораётганлигини кўрсатади.
Совуқ уруш даври фан мажмуалари ва оқибатларининг ёрқин ва қоронғи томонлари
Ғарб ижтимоий фанлари узоқ вақт давомида парчаланган СССРни эътиборсиз қолдирди ва бунга кўплаб сабаблар бор эди. Душман мағлуб бўлган ва Совет минтақаси тадқиқотларига аввалгидек кўп пул сарфлаш муҳим эмас эди. Бу ҳолат аллақачон Франсис Фукуяманинг (Fransis Fukuyama) “тарихнинг якуни” муждасида (Фукуяма, 1992) кўзга ташланади, ундан кейин эса Ғарбнинг шарқидаги ҳудудда ўз ҳаёти учун курашаётган миллионлаб одамларни аҳамиятсиз қилиб қўйган Ғарбнинг пост-советни макон эмас балки замон сифатида одатий тушуниш даври бошланди. Натижада кўплаб грантлар ва дастурлар янги вазиятга кўпроқ мос келадиган турли геосиёсий бўлинмалар бўйича қайта тақсимланди, бунда пост-совет дунёси бўшлиқ эди. Россия ва унинг собиқ ва ҳозирги кўплаб мустамлакалари билимлар архитектурасига ва пайдо бўлаётган совуқ урушдан кейинги корпоратив университетга мос кела олмади (Chomskiy, 1997; Readings, 1996).
Маълумки, совуқ уруш университетида минтақашуносликда гуманитар фанларга қараганда ижтимоий фанлар ҳам империал шаклда ҳам мустамлакачилик шаклида марказий ўринни эгаллади (ижтимоий фанлар термини одатда Ғарб тадқиқотларига ва Ғарб олимлари томонидан олиб бориладиган тадқиқотларга ишора қилади, ва айнан шу ерда социология, антропология, тарих ва сиёсатшунослик соҳаларида янги назарий ва мета-назарий моделлар, мактаблар ва умумий ёндашувлар пайдо бўлган). Одатда улар кўпроқ амалий ва тавсифловчи табиатга эга бўлган, ҳамда кўпроқ аниқ ва ҳар доим ҳам жозибали бўлмаган геосиёсий мақсадларга қаратилган. Дениз Кандиёти (Deniz Kandiyoti) дунё ҳақида билим ишлаб чиқариш ҳали ҳам марказ (Евро-Атлантик) иши эканлигини таъкидлайди (Crossroads Asia, 2015). Эдгардо Ландер (Edgardo Lander) эса “муаммо Ғарб ижтимоий фанлари дунё ҳақидаги талқинини қурган мустамлакачилик тасаввурида ётади” дейди (Ландер, 1998: 71).
Совуқ уруш илм-фанининг маҳсули сифатида ижтимоий фанлар охирги йигирма беш йил давомида ҳамма жойда, шу жумладан Ғарбнинг ўзида ҳам фаол равишда савол остига олинган ва танқид қилинган.
Минтақашунослик йўналишига келсак, бу ерда ҳам кўплаб Ғарб мутахассислари бошқаларга оид аввалги мустамлакачилик ёндашувларини тубдан қайта кўриб чиқмоқдалар. Шундай мисоллардан бири Бонн шаҳридаги яқинда бошланган Осиё Чорраҳалари Тармоғи ташаббусидир, у пост-минтақашунослик ёндашуви орқали минтақашуносликни қайта тафаккур қилиб кўришга уринмоқда. Бу ёндашув мавзули кўриниш ва мобилликка асосланган бўлиб, одатдаги шарқшуносча талқинлардан фарқли равишда Шарқнинг динамик ўзгарувчанлик, мослашувчанлик ва мураккаб ўзаро таъсирини унинг асосий хусусияти сифатида таъкидлайди (Crossroads Asia).
Социалистик дунё ўзининг алоҳида советология минтақашунослиги модъели доирасида уларнинг орасида, лекин шубҳасиз мустамлакачи томонга яқинроқда ўрганилди. 1989 йилгача сезиларли молиявий ёрдам ҳисобига яшаб келган ушбу ўзига хос минтақашунослик шакли парчаланган СССРни тушунтириш учун ҳеч қандай етарли умумий модъелни таклиф қила олмади. Шундан сўнг, СССР бир бутун минтақа сифатида қаралишдан тўхтади ва турли йўналишлар бўйича қайта тақсимлана бошлади.
Унинг баъзи қисмлари ҳали ҳам гуллаб-яшнаётган Ғарб минтақашунослиги тадқиқот объекти томонига силжиди. Бу силжиш Девид Чиони Муренинг (Devid Chioni Murening) PMLA журналидаги мақоласида постколониал назарияни постсоциалистик ҳақиқатга мажбуран қўллашида кўриниб турибди (2001).
Бироқ, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларини, Марказий Осиё ва Кавказни, Россия ва Сибирни мустамлакачилик ва империал фарқларнинг мураккаб ўзаро таъсирини ҳамда турли тобе империялар ва уларнинг ички ва ташқи бошқаларининг кесишган тажрибаларини ҳисобга олмасдан умумийлаштириш қийин бўлиб чиқди.
Постколониал назарияни пост-совет ва кенгроқ пост-социалистик дунё таҳлилига қўллаш биринчи бўлиб Ғарб олими томонидан амалга оширилгани муҳимдир. Афсуски, пост-совет тадқиқотчилари томонидан ўз тажрибаларини айтиб бериш ва келажакда алоҳида муҳокама учун замин яратишга уринишлар бўлмади. Бу, муваффақиятсиз социалистик замонавийлик ҳолатида билим мустамлакачилиги ҳолатининг (глобал Жанубдан кўра) янада жиддийроқ эканлигининг хавотирли белгиси эди.
Пост-совет ҳолати бўйича Ғарб олимлари ва собиқ Совет республикаларидан келган баъзи иммигрант олимлар томонидан ёзилган, ўзларини кўпроқ Европага мансуб деб даъво қилинган кам сонли қизиқарли ишлар бўлган (Украина, Беларус, Болтиқбўйи мамлакатлари) (Чернецкий, 2007; Бобков, 2005).
Методологик жиҳатдан улар Ғарб ижтимоий ва гуманитар фанларига қиёс қилганлар. Аммо бир неча истиснолардан ташқари, уларнинг Шарқий Европа ирсий излари глобал билим ишлаб чиқариш тизимига бирикиш жараёнига тўсқинлик қилди. Илгари экзотик жозибаси бўлган социалист ўзга, шафқатсиз режимга қарши курашган диссидент тимсоли эса энди ишламади. Россиянинг ўзи ижтимоий фанлар учун ҳам субъект (билим ишлаб чиқарувчи), ҳам объект сифатида деярли мавжуд бўлмай қолди. У минтақашуносликнинг совет йўналишидаги аввалги мустаҳкам марказий ўрнини ҳамда геосиёсий минтақа сифатидаги яхлитлигини йўқотди.
Империал фарқ ва пост-совет билим мустамлакаси
Ассиметрик билим шакли янгилик эмас ва бир қатор Ғарблик бўлмаган олимлар яқинда оддий тан олиш модъелидан ташқарига чиқиш ва муқобил усуллар, нуқтайи назарлар ва дунёқарашлар ишлаб чиқиш имкониятлари ва воситаларини муҳокама қилишни бошладилар (Мигноло, 2014).
Бироқ, собиқ Совет Иттифоқи ва унинг ҳозирги издошлари бўлмиш баъзи мустақил давлатлар, шунингдек Россияга қарам бўлиб қолаётганлар шундай минтақаки, ўзининг яқин тарихи жаҳондаги вазиятга таъсир кўрсатган, лекин аҳолиси билим яратувчисига айланишига имкон берилмаган ва баъзи ҳолларда, агар олдин бу имтиёзга эга бўлган бўлса, сўнгра ундан ҳам четлатилган.
Бу йўналиш биз постколониал мисолларда шоҳид бўлган, Г‘арб бўлмаган дунёнинг секин-аста рационаллик майдонига кириб боришига тескари эди. Пост-совет ҳолатида ўзгариш тескари бўлиб, иккинчи дунёдан глобал Жанубга ёки камбағал Шимолнинг камбағал Жануб билан тенглашишни рад этувчи, шунингдек ўз Жануби ва Шарқига эга тушунарсиз аросатига ўтади (Тлостанова, 2011). Женнифер Сучланд (Jennifer Suchland) Совуқ Уруш даври билим ишлаб чиқаришининг географик мафкураларини қайта яратмасликдан онгли равишда қочадиган ва амалий постколониал назарияда бизнинг мураккаб тажрибамизни англашга ҳаракат қиладиган янги пайдо бўлаётган пост-социалистик танқиднинг турли талқинларини баён қилишга уринди (2011: 109).
Сучланд Ғарбнинг эски советологияси ва Совуқ Уруш диссидентлик муҳокамаларини такрорлаётган янги (лекин методологик жиҳатдан тор) Евроосиё дастурларининг пост-социалистик тизимни тушунишда ёки етарлича тушунтиришдаги муваффақиятсизлигини таъкидлаган (2011: 105).
Пост-совет ҳолати, унинг бир қисми сифатида, Ғарб/Шарқ ва Шимол/Жануб бўлинишларида кўринадиган ташқи империал ва икки томонлама мустамлака фарқи билан белгиланади. Мустамлака фарқи замонавий даврнинг биринчи даражали капиталистик империялари (Европанинг юраги) ва уларнинг мустамлакалари, бугунги биринчи дунё ёки глобал Шимолнинг мутлақ бошқалари ўртасидаги тафовутга ишора қилади.
Империал фарқ турли омиллар ва кучлар таъсирида дунёвий замонавийликда ўз империал мақсадини бажара олмаган ёки бунга йўл берилмаган ва натижада турли иккинчи даражали ҳудудларни эгаллаган мағлубларни англатади. Муҳими, улар ғолиблар томонидан интеллектуал, билим ва маданий жиҳатдан мустамлака қилинган ва етиб олиш мантиғи, турли руҳий тушкунликлар, шизофреник жамоавий нуқсонлар, қамал қилинган қалъа мафкуралари ёки аксинча, мағлубиятдаги ғалабага дучор бўлганлар, натижада империал шовинистик ва қасоскорлик жарига тушиб қолганлардир.
Империал фарқ бир хил эмас, у ички ва ташқи турларга бўлинади. Аввалгиси иккинчи (дунёвий) замонавийликнинг Европалик мағлублари билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик Европанинг Жанубига айланган. Иккинчиси эса, унчалик Ғарб бўлмаган, унчалик капиталистик бўлмаган замонавийлик империяларини, масалан, Усмонлилар султонлиги ёки Россия кабиларни англатади. Улар бир томондан Ғарб қаршисида ўзини мустамлака деб ҳис қилади, бошқа томондан эса Европа мустамлакачилик модъеллари ва мақсадларини ўзининг Европадан ташқаридаги мустамлакаларида тақлид қилувчи Европанинг карикатура маданиятчиси ролини ўйнайди, ҳамда икки юзли ирқийлаштирилган империя намунасини кўрсатади.
Ташқи империал фарқ Ғарбда мустамлакачилик сифатида муҳрланган бўлиб, Россиянинг Европа назарида иккинчи даражали мақомини келтириб чиқарди ва натижада очиқ ёки яширин шарқшунослаштирилди. Шу билан бирга, Россиянинг ўзида иккинчи даражали евромарказликнинг бевосита натижаси сифатида иккинчи даражали шарқшуносликнинг ўзига хос тури мавжуд. Империал фарқ Ғарб томонидан Россияни очиқ ёки яширин шарқшунослаштиришни келтириб чиқарди. Бу ҳисни билим ва мавжудлик маъносида объект ва субъект роли ўртасидаги мувозанат деб таърифлаш мумкин.
Ғарб шарқшунослик муҳокамалари дунёвий замонавийликда Россиянинг Европадан ташқаридаги мустамлакаларини ўзига хос тарзда ифодалаш ва талқин қилиш усуллари сифатида ўзгартирилди, улар йўқолган Шарқнинг ўрнини босувчи сифатида ишлатилди ва шундай муҳрланди. Охир-оқибат, иккала кўзгу — колониялар томон қаратилган ҳамда Европа томонидан Россияга қаратилган кўзгу — ижтимоий ва гуманитар фанларда Россиялик олимларнинг ўзига хос беқарор ҳиссиётини яратадиган бузуқ кўзгулар бўлиб кўринмоқда.
Россия, модернизатор ва маданият тарқатувчи деб эълон қилган роли орқали ўзининг норасолик нуқсонларини Кавказ ва Марказий Осиёдаги Европага кирмайдиган мустамлакаларига намоён қилди. Россия мустамлакалари билим мустамлакачилигининг икки томонлама таъсирини замонавий Ғарб ва рус/совет кўринишларида ҳис қилган, ёки ўзларини инсонийлик ўлчовида тобе Россия империясидан юқорироқ деб ҳисоблаб, унинг буйруғини рад этиб, унинг билим нуфузини инкор этиб, тўғридан-тўғри Европа таъсирини танлаб, келажакдаги тўлиқ интеграциялашув орзусини қилдилар.
Етишмаётган постсовет тадқиқотлари ҳамда постсовет тадқиқотчиларининг қарам ҳолати
Барвақт алоҳида тадқиқот йўналиши сифатида ривожланган ва илм-фанда тезда ўз ўрни берилган, ҳамда асосий амалиётчилари аввал бошдан Ғарбга етиб келган постколониал ўзгалар бўлган постколониал назариясидан фарқли равишда, постсовет йўналиши Ғарбда минтақашунослик шаклида ва кейинчалик собиқ социалистик дунёнинг ярим чеккасидан бошқа ҳолатларда ҳеч қачон ўз ўрнини топган эмас. Фақат бу ерда ҳам Ғарб таъсири ва пули Совет ва постсовет тажрибасини таҳлил қилишнинг ўзига хослиги ва дунёқарашини белгилаган. Олдинги билим йўналишлари зўравонлик билан ўчирилди ва жаҳон билим ишлаб чиқариш клубига қўшилишни истаган олимларга аввалги умумий Совет тажрибаси ва Совет билимларини эскирган ва мафкуравий деб эътибордан четда қолдирган ҳолда, шунингдек, айниқса Европадан ташқаридаги мустамлакалар ҳолатида, ўзларининг маҳаллий тарихлари ва фикр юритиш услубларини эътиборсиз қолдирган ҳолда ёки мажбурий Совет модернизацияси натижасида улардан қолган нарсаларни эътиборсиз қолдирган ҳолда нолдан бошлаш таклиф қилинди.
Бу ҳаракат катта авлод олимлари (бу ерда марксист-ленинистлар ёки бугунги куннинг ўта ўнг миллатчиларини назарда тутмаяпман) ҳолатида муваффақиятли бўлиб чиқди. Улар Совет цензураси ва иккиюзламачиликдан чарчаган эдилар, ҳамда Ғарбни, у ерни деярли кўрмаган бўлсалар-да, эркинлик, демократия ва тенгликнинг намойиши сифатида идеаллаштиришга мойил эдилар (Akhiezer, 1998; Pelipenko va Yakovenko, 1998; Afanasyev, 2001; SAQ 2006; Podoroga, 1993).
Ушбу олимлар, Совет Иттифоқи қулагандан сўнг уларга таклиф қилинган ёки ўз хоҳишлари билан қабул қилишни истаган янги билим модъелини узоқ вақт давомида объектив ҳақиқат эмас, балки яна бир фикр эканлигини тушунмадилар. Улар ижтимоий фанлар марксизм-ленинизмни ҳисобга олмаганда ҳам ҳеч қачон мафкурадан холи бўлиш умидига эга бўлмаслигини қабул қилишга тайёр эмас эдилар. Шунинг учун улар учраган ҳар қандай Ғарб назариясидан янги ҳақиқатни яратишга ҳаракат қилдилар ва уни олдинги марксистик догматизмни алмаштириш учун ишлатдилар.
Юрий Афанасевнинг “Хавфли Россия” китоби бундай иккиламчи евромарказли ва ғарбийлаштирувчи/модернизацияловчи ҳолатга яхши мисолдир. Унда таниқли совет-постсовет тарихчиси Анналес мактаби нуқтайи назаридан Россиянинг ҳозирги ҳолатини кучли танқид қилади, лекин ишонарли ижобий дастур таклиф қила олмайди, чунки у учун ягона комиллик биз охир-оқибат эришишимиз керак бўлган романтизация қилинган Ғарб либерал моделидир.
Афанасев табиий равишда Россиянинг хавфли хусусиятларини унинг эҳтимолий қадимги Осиёлик табиати билан боғлайди ва уни “Ўрда генетикасидан ортиқча юкланган Татар-Монгол Россия империяси” деб атайди (2001: 75). Бу мамлакатнинг “ривожланишига” ва “бутунлай маданиятли” бўлишига тўсқинлик қилади. Бу рус тарихчисининг Ғарб методологияларини тақлид қилишига яққол мисолдир — илгари тарихий материалистик догмаларни тарқатиш учун қўллаши лозим бўлган айни жўшқинлик билан энди Ғарб шарқшуносча афсоналари ва цивилизацион тушунчаларни таратмоқда эди.
М.Соколов ва К.Титаев томонидан таклиф қилинган жуда муаммоли тизимлаштиришга кўра (Соколов ва Титаев, 2013), ушбу олимлар гуруҳи “маҳаллий” атамасига қарши ўлароқ “вилоятлик” деб таърифланади. Соколов ва Титаев бу атамадан ўта камситувчи ва ирқчилик маъносида фойдаланади (бу бизга ҳозирги ёш рус илм-фани ҳақида ҳам кўп нарсаларни айтади), бу аслида миллий илм-фан намояндалари дунёнинг қолган қисмидан узилиб қолганлигини ҳам англатади.
Кейингиси Совет позиционаллигининг давомидир ва муҳокамага ҳам арзимайди. Юқорида тилга олинган ва кўпчилиги мафкуравий ва фикрий нуқтайи назаридан жуда танқидий бўлган ислоҳ қилинган Совет ижтимоий фанлар олимларига келсак, улар бир кечада пост-структуралистлар, структурал функционалистлар, цивилизацион назариётчилар ва Бурдиезианларга айланишди, лекин кўпинча одатий позитивист совет-марксистик ва рационал принциплардан азият чекишда давом этишади ва бу уларнинг муҳокамалари аввалданоқ бироз эскирган бўлишига сабаб бўлади.
Қайта қуриш йилларида пайдо бўлган чет элда ўқиш дастурлари ҳамда хорижий тилларни яхши билиш билан боғлиқ қўшимча ижтимоий ва маданий капитал сабаб пост-империал ва пост-колониал пост-совет олимларининг ёш авлодига кўп ҳолларда Ғарбий билим тизими бевосита Ғарбнинг ўзида сингдирилган (Bikbov, 2014; Vakhshtain, 2011; Chukhrov, 2011; Shakirova, 2012; Megoran va Sharapova, 2013).
Уларнинг энг ёшлари баъзида ҳатто Совет қийинчиликларини кўрмаган, аммо эрта ёшда нео-либерализм доғлари ва ўрнатилган демократияларнинг бузилишларини, шунингдек, кейинчалик пост-совет миллий давлатларининг бўғувчи неоколониал ва миллатчилик муҳитини кашф этганлар. Ушбу турли тажриба ва ҳақиқатларга, билим модъелларига ва тасдиқлов тизимларига барвақт йўлиқиш умуман олганда фойдали эди, аммо ижтимоий ва академик мақомга нисбатан асосан прагматик муносабат туфайли аксарият ҳолларда барибир иккинчи даражали евромарказлик ва ҳосила позициясига олиб келди. Ушбу ёш олимлар Ғарбнинг билим ишлаб чиқариш ва тарқатиш монополиясини шубҳа остига олмадилар ёки ушбу тизимга кириш имкониятига эга бўлиш учун унинг танқидидан тийилдилар.
Қизиқарли мисол ёш жамиятшунос Виктор Вакҳстҳаиннинг эски совет журнали “Куч социологияси”ни (2014) жаҳон илм-фан меъёрларига мослаштиришдаги фаолиятида намоён бўлади. Дарҳақиқат, журнал анча яхшиланди ва Ғарб жамиятшунослик нашрларига қиёс бўла олади, чунки у худди шу тилда сўзлайди ва ўхшаш муаммоларни муҳокама қилади. Аммо бу тақлиднинг қоронғу томони шундаки, унда ҳеч қандай шахсий қиёфа йўқ, фақат Латуриан социологиясига тор доирада эътибор берилади, ва бошқа деярли ҳамма нарсага такаббурона аҳамият берилмайди. Натижада журнал яна бир кичик корпоратив маданият оролига, ўзининг аниқ манфаатлари ва сохта махфий муҳокамалари билан ёпиқ жамоага айланиб, актор-тармоқ назариясини сўзма-сўз такрорлади ва қайта намоён қилди. Савол шундаки, қайси бири яхшироқ? Совет услубидаги тутқун илм-фанми, пост-совет миллий (миллатчилик) руҳидаги маҳаллий муҳокамаларми ёки Лаканиан, Латуриан, Ҳабермасиан бўлмаганларни четга улоқтирувчи Ғарбча тақлидми?
Ушбу ёшроқ олимларнинг кўпчилиги ўзларининг ёрқин фаолиятларини ҳақиқий асл илмий ишларнинг ўнига Ғарбий ойдинларнинг асарларини таржима қилиш, шарҳлаш ва баъзан уларни қайта ҳикоя қилишга асосланиб яратмоқдалар. Ушбу ёшлар ўз минтақаларини ўрганиш учун уйга қайтганларида ва аллақачон кибрли нол нуқтаси ва бошқа бировнинг фикрига қарам бўлиб улгуришганида, Ғарблик устозлардан қанчалик синчковлик билан нусха кўчирсалар ҳам, уларнинг илм пиллапоясидаги ўрни ҳали ҳам иккинчи даражали ва тобе эканлиги, Ғарб имтиёзи бўлиб қолаётган назария яратувчиси эмас, балки маҳаллий маълумот берувчи эканлигини англаш учун бир оз вақт керак бўлади. Шундан сўнггина ушбу ёш олимларнинг баъзилари билим қарамлиги муаммосига эътибор қаратишни бошладилар. Уларнинг кўпчилиги ҳали илм-фанда кўринмайди, чунки улар докторлик диссертацияларини тугатиш босқичида ва ҳали ўз ишларини кенг оммага чоп этишни бошламаган (Арипова, Кудаибергенова, Геворгян-Довтян).
Россия ва пост-совет мамлакатларининг аксарида иккинчи даражали евромарказлик анъаналари ва у қайта ишлаб чиқарадиган интеллектуал қарамлик ҳали ҳам кучли бўлиб қолмоқда ва мен бу ерда Ғарбий билим монополиясини жиддий танқид қилувчи ва унга мос пост-совет жавобини кўрсатадиган бирорта ҳам китоб ёки ҳатто мақола кўрсата олмайман. Шубҳасиз бундай фикрлар мавжуд, лекин ҳали изчил муҳокамага айлантирилмаган.
Пост-совет ижтимоий фанларининг Ғарбга кўринмаслиги нафақат жаҳон билим тенгсизлиги тизими маҳсулидир. Собиқ СССР ёки унинг бугунги парчаларида ишлаб чиқарилган ижтимоий фанлар, камдан-кам истиснолардан ташқари, ҳақиқатан ҳам оддий ва иккиламчи бўлиб, асосан эскирган Ғарб методлари ва воситаларини уларнинг геосиёсий ҳолатини тушунмасдан ёки танқид қилмасдан такрорлайди ва тобора ташвишланарли даражада, тадқиқотнинг ўрнини эгаллаётган динга ўхшаш ортодоксия ҳолатига тушиб қолмоқда. Бундай тадқиқотлар глобал илм-фанда кам учрашига сабаб улар рус бўлгани учун эмас, балки улар ўз ташаббуси билан глобал илмий доиралардан узилган — тутқин этилган таниш лагер модъели орқали, ижтимоий фанлардаги пост-структурализмгача бўлган босқичларга боғланиш орқали, пост (нео)колониал можаролар ва глобал муаммоларни эътиборсиз қолдириш орқали.
Қизиқарли жиҳати шундаки, бугунги шовинистик рус илм-фан шакллари, расмий пропаганда орқали фаол иштирок этаётган бўлса ҳам, уларда аслият одатда мавжуд эмас, балки олдинги Ғарб консерватив ва эссенциалистик (конструктивистикдан кўра кўпроқ) манбаларидан келиб чиқади (Дугин, 2014).
Бу, ташқи империал фарқ ҳудуди ҳеч қандай мустақил билим ишлаб чиқара олмаслиги билан боғлиқ. Ўз билимлари билан алоқалари аллақачон йўқолган ва унутилган икки-юзли империя ўзини четлатишнинг ва интеллектуал қасоскорликнинг экстремистик ҳарбий шаклларига тобора чуқурроқ чўкиб бормоқда.
Билим мустамлакасидан халос бўлиш узоқ ва оғриқли жараён бўлиб, бошқа асосларда ўрганиш учун билганларимизни қайта кўриб чиқишни ўрганишни талаб қилади, баъзан эса бу асосларни яратиш ва қайта ишлашни талаб қилади (Тлостанова ва Мигноло, 2012).
Пост-совет макони ва айниқса Россия ўзининг олдинги тажрибасини ёки бугунги нохуш ҳолатини бўялган Совет афсонасини қўмсаш ёки Ғарбни шартсиз идеаллаштирган, салбий аксилсовет вайронаси шаклларидан бошқа кўринишда муҳокама қилишга тайёр эмас. Бунинг ўрнига интеллектуал қарамликдан ва етиб олиш услубидан ниҳоят халос бўлиш ва глобал Шимолда дарҳол ирқчилик ва тобеликка тушиб қолмаслик учун ўзи ҳақида етарли даражада асл ва кучли бўлган ўз билимини яратишга қодир бўлган самимий танқидий муҳокама керак.
Жаҳон билим мустамлакаси қаршисидаги пост-совет ички билим мустамлакачилиги
Тобора қисқариб бораётган Россия таъсир ҳудудлари бўлмиш Европадан ташқаридаги СССР минтақаларига нисбатан интеллектуал ирқчилик ва куч мувозанатининг кичикроқ масштабдаги кўриниши мавжуд. Уларнинг олимлари Россиялик ҳамкасбларининг фикрларини эҳтиром билан такрорламасалар ва асл Ғарб замонавийлигига мурожаат қилиш орқали уларни четлаб ўтишни танласалар ёки умуман замонавийликдан ажралиб, ўз билим анъаналарига мурожаат қилишни танласалар, улар салоҳиятли билим ишлаб чиқарувчилар сифатида қаралмайди.
Замонавийликда иккиламчи империя бўлган Россия ҳеч қачон онгли субъект мавқеини эгаллай олмади ва маданият (адабиёт, балет ва бошқалар) ва табиий ресурслар ишлаб чиқариш даражасида қолди. Ягона истисно Ғарб интеллектуал ҳукмронлигига қарши кам сонли исён ҳаракатлари бўлиб, булар ХIХ асрдаги Славофил ҳаракати ва кейинчалик Евросиёчилик бўлиб, уларнинг Ғоялари замонавий Россиянинг неоимпериал реакцион сиёсий ҳаракатлари ва уларнинг ижтимоий назариётчилари асарларида кўпинча жиддий қабул қилинмайди. Ушбу ақлга сиғмас мухолиф империал муҳокамалар (расмий консерватив империал тасаввур ва фанлар билан солиштирганда) Ғарб билим мавқеини йўқ қилишга қаратилган бўлса ҳам, Ғарб методологик ва назарий воситаларидан фойдаланди. Ушбу сурункали интеллектуал қарамликни ижтимоий фанларда қўлланилган диний муҳокамалар ҳолатида ҳам бартараф этиб бўлмади.
Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида мустақил билимларнинг ушбу арзимас имкониятлари ҳам кесилди ва натижада пост-совет ижтимоий фанлари Ғарбнинг узоқ вақт унутиб юборилган асл нусхаларининг рангсиз нусхалари сифатида дунёга келди. Бу нусхалар Марказий Осиё ёки Кавказда яна бир бор кўчирилганида, улар ҳар қандай ҳақиқат билан алоқани узган ва фаоллик устунлигини йўқотган икки томонлама мустамлака бўлган билимга айланади.
Натижада пост-совет макони кўплаб сукутлар ва бўшлиқлар, ифода этилмаган ғазаблар ва рус ва норус, иккиламчи Европалик ва Европалик бўлмаган тарафлар ўртасида давом этаётган нафратлар билан вужудга келди. Сўнгги айтилган тараф ҳатто кўп ҳолларда ўзининг камситилишидан яхши хабардор эмас, ҳамда постколониал ёки қора танли аёллар ва бошқа шунга ўхшаш норозилик муҳокамаларидан фарқли равишда ўз қарашини шакллантиришга тайёр эмас (Касимова, 2005; Текуева, 2006).
Бу, ўзига зарар етказиш эвазига бўлса ҳам, бировга тегишли замонавийликнинг чекка қисмига айланиш истаги билан белгиланган бутунлай тобе онглардан даракдир. Бундан ташқари, Россия пост-империал олимлари кўпгина ростгўй ва очиқ фикрли европалик тадқиқотчилардан фарқли ўлароқ, шарқшунослаштирилган бошқалар билан иттифоқлар тузишга ҳеч қандай қизиқиш билдирмаяптилар, ҳамда Ғарб қарашларини кечикиб такрорлайдиган ва қайта ишлаб чиқарадиган ўз масалаларига ёпишиб қолганлар.
Ғарб ва Совет/Рус замонавийлиги/мустамлакачилиги ўртасидаги мавқедан туриб, лекин уларнинг бирортасини танламасдан танқидий пост-совет назариясини шакллантирган ҳар қандай олимлар дарҳол четга сурилади. Жорий сиёсий вазиятда расмий давлат афсоналарига қарама-қарши бўлгани сабабли уларнинг мавқеи ҳеч қачон расмийлаштирилмайди.
Собиқ мустамлака бўлган пост-совет ижтимоий фанлар олимларига нисбатан нео-империал интеллектуал ирқчилик бошқаларга нисбатан юмшоқроқ шаклларда намоён бўлади, чунки бу одамларни бутунлай чала инсон ёки орқада қолган деб тамғалаб бўлмайди. Улар ҳам сўзлай ва фикрлай олишлари тез орада намоён бўлади. Бундай одамларнинг мавжудлиги кўплаб Ғарб ва Россия тадқиқотчиларини ноқулай аҳволга солади, чунки бу уларнинг шарқшунослик қолипларига асосланган, Совет ва Ғарбнинг рангсиз нусхалари бўлиш учун ўз маданиятини рад этиши керак бўлган эзилган ва қолоқ шарқликлар/мусулмонлар сифатида таснифлайдиган тараққийпарвар дунёқарашини бузиб ташлайди (Тлостанова, 2010).
Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича журнал “Central Asian Survey”да нашр этилган деколониал назария ва гендер тадқиқотлари (Megoran et al., 2012) давом этаётган билим қудрати номутаносиблигини очиб берди. Унга кўра, баъзи ғарб тадқиқотчилари Марказий Осиё ҳақидаги содда қарашларини мураккаблаштиришни рад этишган, ҳамда янада нозик категориялар ва субъективликларга мурожаат қилишдан воз кечиб, қисқа муддатли маҳаллий архивларга қилган сафарлари давомида топган, тахминан объектив “фактлар”га таянишган, сўнгра уларни умумлаштиришган (бу билан ҳеч қандай тарих талқинларсиз мавжуд эмаслигини ва ҳеч қандай талқин ҳақиқат учун ягона даъвогар эмаслигини, мисоллар ва ҳолатлар олимнинг танлови ва фойдаланишидан ташқари борлиқ мавжудлигига эга эмаслигини тушунишда орқада қолганларини кўрсатишди).
Марказий Осиёлик тадқиқотчилар Ғарб томонидан эгалланган илм-фанда давом этаётган камситиш ва шарқшунослик ҳақида деярли билиб бўлишди, лекин тахминан объектив ва жойлашув ва/ёки мафкура билан бузилмаган деб ҳимоя қилинган ва умум қабул қилинган Ғарбий илмий атама ва ёндашувларни саволга тутишдан бош тортишди, ва бу билан билим ҳар доим Ғарбда яратилишига жимгина рози бўлишди.
Бу мустамлака қилинган онгнинг намоён бўлиши бўлиб, собиқ мустамлака қилинган бошқаларнинг ҳолатида бу носоғлом ўз-ўзини шарқшунослаштириш ва ўз-ўзини инкор қилишга ёки ҳал қилиш қийин бўлган ўзига хос икки томонлама онгга олиб келди. Кавказ ва Марказий Осиёда Совет замонавийлиги ўрнини Ғарбнинг тараққийпарвар модъели ёки кучаётган расмий миллиятчилик қарашлари эгаллади. Ҳатто илм-фанда ўз ўринларини топиш учун Ғарбнинг одатий тадқиқотларига мослашишга мажбур бўлган маҳаллий олимларнинг ишларида замонавийлик/мустамлака билан мос келмайдиган мураккаб маҳаллий космологиялар ўчириб ташланади ёки салбий тусда акс эттирилади.
Россияга келсак, у ўзига сингдириб олган қарама-қаршиликлари билан тобора кўпроқ ўралашиб қолмоқда, бу эса уни олдинга, орқага ёки ташқарига ҳаракат қилишга имкон бермаяпти. Ушбу ҳали қулаб улгурмаган империя тобора чекка ҳудудга айланиб борар экан, тўлиқ ифода қилинмаган модъеллар, тугалланмаган деколонизациялар, узилиб қолган тавбалар, ҳеч қачон етарлича афсонасизлаштирилмаган тафаккурга ботиб қолган. Шунинг учун миллий фундаментализм, сохта Совет, нео-империал, неолиберал ва бошқа мафкуралар, эскилик сарқитлари, билим номувофиқликлари каби ўзаро бир-бирига зид бўлган қисмларнинг бўлакларини йиғишга интилади. Бундай турли хил билим мустамлакаси шаклларининг мураккаб қатламланиши ва кураши турғунликка олиб келади.
Бу шунингдек, илм-фанга энг оғриқли тарзда таъсир қилаётган концептуал жиҳатдан қарама-қарши ҳаракатларга олиб келади. Ижтимоий фанлар мафкуравий қуллик ва омон қолиш учун ҳокимиятга хизмат қилиш зарурати ўртасида, ҳамда шу ҳокимиятнинг маҳаллий ижтимоий фанларни билим ишлаб чиқаришда глобал рақобатбардош қилиш ҳақидаги асосланмаган талаблари қаршисида қолмоқда.
Танқидий фикрлашнинг асл модъелларини яратишдаги доимий қобилиятсизлик Россиянинг интеллектуал етишмовчилик касаллиги (колониал касаллик) билан боғлиқ бўлиб, бу кўпинча ташқаридан тескари тарзда ҳал этилади. Эгалланган қалъа каби фундаменталист ватанпарварлик позицияси пайдо бўлган заҳоти пасга қулайди, чунки у мустаҳкам пойдеворга эга эмас ва шунинг учун ўз овозига эга бўла олмайди.
Бошқа томондан, Россия юқори суръатда маданий ва диний фундаменталист полиция давлатига айланиб бормоқда. Ғарб грантлари билан қўллаб-қувватланган ёки ҳатто Ғарб манбаларига услуби ёки тақдимоти ва тафаккури жиҳатидан ўхшаш ҳар қандай тадқиқотни “хорижий агент” деб гумон қилмоқда.
Яна бошқа томондан, бугунги корпоратив-маъмурий университетдаги сохта Совет уйғониши Совет ва неолиберал таълим тизимларининг энг ёмон жиҳатларини аралаштириш тажрибаси маҳсулидир. Профессорларга ишдан бўшатиш таҳдиди остида чет элда мақолалар нашр қилиш, иқтибосларни ошириш, грантлар олиш орқали халқаро илмий ҳамжамиятга қўшилиш айтилмоқда. Бу ҳокимиятнинг Россиянинг илмий рейтингини мажбурий равишда яхшилашга бўлган уринишларининг бир қисми бўлиб, бунда эски Совет беш йиллик режалар билан неолибериал корпоратив илмметрик тамойиллари қоришмаси қўлланилмоқда.
Бугунги пост-совет маконида рейтинг ва индекс ташвишларининг эпидемияси айниқса ягона ҳақиқат ёки тасдиқлаш механизми мавжуд бўлмаган, мутлақ нуфузлилар йўқ, ҳамда турли хил талқинларга интилиш узоқ вақтдан бери одат ҳисобланган ижтимоий ва гуманитар фанлар учун зарарлидир. Буларнинг барчаси ўзига хос мажмуавий ва мафкуравий, корпоратив ва бошқарув ирсияти ва фалсафасига эга, ҳар қандай объективлик ёки холисликдан узоқ бўлган “Scopus”, “Web of Science”, “Academic Journals Database” каби нотўғри улуғланган гаджетлар ва муассасалар атрофидаги илмметрик телбаликка мос келмайди. Аммо улар 50 йил олдинги фан фалсафасига мос келадиган илмий сифат мезони сифатида саволсиз таклиф қилинмоқда. Рейтинг-индекс ташвишининг ўзи пост-совет маконига хос бўлган норасолик нуқсонининг намойиши бўлиб, бу илмий ютуқларнинг ёки соғлом академик мулоқотнинг йўқлигини бюрократик талаблар ортида яширишга уринишлардир (Жибладзе, 2013; Ивахненко, 2013; Тлостанова, 2013).
Бу зиддиятли қоришманинг бошқа унсурлари ҳам бор, масалан, университетларга кўчирилган яширин иқтисодиёт моделлари: тадқиқотчилардан кўпинча ўз маъмурий раҳбарларига ва муассасаларига пул олиб келиш талаб қилинади (адолатли тақсимланмаган грантлар, бўлажак талабаларни жалб қилиш учун тармоқли маркетинг ва шунга ўхшаш бошқа усуллар орқали). Ниҳоят, университет профессорини режимга содиқ бўлиши керак бўлган давлат ходими сифатида кўришнинг эски Рус ва Совет анъанаси мавжуд, ва агар у содиқ бўлмаса — дарҳол ишдан бўшатилади ёки ҳатто қамоққа олинади.
Вазиятдан чиқиш йўллари
Пост-совет маконидаги ички ва ташқи билим тенгсизликларининг мураккаб кесишмаларидан чиқишнинг асл йўллари тан олинишда эмас. Глобал Шимолнинг Рус ва пост-совет билим ишлаб чиқаришдаги иштирокини тан олишини сўраш бефойда ва маъносиздир. Бунинг ўрнига биз бу мағлуб жангдан ва билим ишлаб чиқариш соҳасидаги қувиб етиш ва қарамлик тафаккуридан воз кечишимиз керак (Ландер, 2000), ва бошқа модъеллардан, шу жумладан Ғарбий ва айниқса Ғарбий бўлмаган энг сўнгги моделлардан яхши хабардор бўлган, лекин уларни шунчаки такрорламайдиган ёки бошқа ҳолатларга қўлламайдиган тегишли ижтимоий фан яратишга эътибор қаратишимиз керак.
Ҳар қандай ижтимоий фаннинг ижтимоий ҳақиқат ва тажриба билан боғлиқ бўлган муҳим ҳаётий алоқасини тиклаш, Совет модернизми тарихининг жиддий, лекин ҳали ҳам етишмас танқидий концептуализациясини яратишга олиб келади. Бунинг ўрнига, Россияда биз таниш совуқ уруш билим тузилмасининг тафаккурсиз қайта ишлаб чиқарилишини, фан мажмуалари таназзули натижасида ҳеч қандай тегишли борлиқ, билим ёки ҳеч бўлмаганда сиёсий ва ижтимоий лойиҳаларнинг йўқлигини яширишга уриниш сифатида фан мажмуалари чегаралари ва чекловларининг кучайишини кўрмоқдамиз. Бу эса фан мажмуаларини яратишга ҳамда чеклашга, куртак очаётган фанлараро боғлиқликни бўғишга маъсул бўлган ҳали ҳам мавжуд Олий Аттестация Қўмитаси каби Совет бюрократик институтлари томонидан қўллаб-қувватланади.
Россия ижтимоий фанлари бугунги мураккаб ижтимоий дунёда фан мажмуаларини кесиб ўтувчи муаммолар аслида нима эканлиги ва уларни ифодаловчи ким эканлиги ҳақида эмас, балки фан мажмуаларининг ўзидан келиб чиққан сўзлашув модъелини давом эттирмоқда. Россия ижтимоий фанлари тасвирланган ҳолатни тушуниш учун эскирган ва кўпинча консерватив ёндашувлардан фойдаланиб, содир бўлган воқеаларнинг реактив тавсиф модъелини қайта ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Мифологик/реакционер ёки рационал/неолиберал йўллардан бошқа келажакка йўналтирилган ёки келажакни моделлаштиришга уринадиган модъеллар деярли мавжуд эмас.
Мақола бошида берилган саволга қайтсак, ҳозирча пост-совет ҳудуди дунёга ва ўзига унинг аҳолиси ҳақиқатан ҳам фикрлай олишини кўрсатишга муваффақ бўла олмаганини хулоса қилишимиз мумкин. Бу ҳолат доимо шундай қолиши кераклигини англатмайди, лекин буни ўзгартириш учун вақт деярли қолмади. Россияда, СССРда ва бугунги кунда унинг икки томонлама мустамлака фарқининг қоронғи томонларини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда ташқи мустамлака фарқи шароитида билим мустамлакачилиги ижтимоий фанларда оғир турғунликни келтириб чиқаради, бу эса ушбу фан мажмуаларининг жаҳон илм-фан бўлагига айланишига тўсқинлик қилади. Ушбу ноқулай вазиятнинг ташқи ва ички шароитлар кесишган нуқтасидаги мураккаб сабабларнинг баъзилари мақолада қисқача муҳокама қилинди. Улар айёр Ғарбнинг ўз билим ишлаб чиқариш ҳукмдорлигини ҳимоя қилиши ҳамда ижтимоий фанлар учун доимий “саҳро” бўлган ривожланмаган Россия ҳақидаги қолипли тушунчалар сифатида қабул қилиниши мумкин эмас.
Ушбу музлаган икки қутблиликдан чиқишнинг ягона йўли — баъзи лаёқатли пост-совет ижтимоий фанлар олимлари томонидан билимни деколонизация қилиш ва ўз-ўзини мустамлака этувчи ташхисдан қутулишга бўлган онгли истакдир. Ҳар қандай мустақил ижтимоий ёндашувларнинг қиймати ҳукмрон тизимда ягона қонуний ва абадий мавжуд деб тақдим этиладиган замонавийлик нутқи ва унинг фан мажмуалари ва методлари билим асосларини рад эта олиш қобилияти билан боғлиқ бўлади. Шунингдек, ушбу қиймат илм-фаннинг узоқ вақтдан бери унутилган мақсадлари ва вазифаларига мурожаат қилишдадир: университетнинг асосий мақсади фақат баъзи амалий фанларда бўйсунувчи ва содиқ тор доирадаги мутахассисни шакллантириш эмас, балки биринчи навбатда танқидий фикрлайдиган, ўзини таҳлил қилувчи ва мустақил шахсни шакллантириш, ҳеч қандай тайёр ҳақиқатларни юзаки қабул қилмайдиган, атрофидаги дунёга унинг барча хилма-хиллиги билан ҳақиқатдан ва холис қизиқадиган ва бу дунёни нафақат маълум имтиёзли гуруҳларга, балки барчага янада уйғун ва адолатли қилишга интиладиган шахсни шакллантиришдир. Ахир, бу мустамлакадан холис кучли ижтимоий назариянинг асл вазифаси эмасми?
Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.