platforma.uz: Кудбиев Администрация «муҳити»га мослаша олмадими?

0
2740
Фото: t.me/platformauzb

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Кудбиев жойини бўшатди. У энди Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб боради.

Ўтмишда бу постда ўтирган одам мамлакатда Президентдан кейинги иккинчи шахс сифатида кўрилганини кўпчилик яхши билади. Ўз вақтида айни шу секторни бошқарган Мавлон Умурзоқов, Темур Алимовлар номи кези келганда давлат раҳбариникидан ҳам кескирроқ эди. Бу ўша маҳаллар уларга кўпроқ имконият ва куч берилганини англатади.

Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бўлган. Биринчи сабаб эса, Президентнинг давлат қудратини ягона қўл остига (Вазирлар Маҳкамасидан Президент девонига) жамлаб олишга қаратган чоралари билан боғлиқ эди. Бироқ бу бошқа мавзу. Ҳозирги мулоҳазаларимиз эса Кудбиевнинг алмаштирилиши хусусида…

Очиғи, бу “юриш” кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Чунки Кудбиевнинг у ерга борганига кўп бўлмаганди. Қолаверса, у ахборот хуружларидан холи, тинч ва хотиржам ишлаётгандай эди. Ва яна у бошқа маслаҳатчиларга нисбатан замонавий дунёқарашга эга, чинакам ўзгаришларни ёқлайдиган, очиқлик ва шаффофликни қўллаб-қувватлайдиган, ёш, қисқа айтганда, ислоҳотчи ва нисбатан либерал қарашларга эга кадр эди.

Энг муҳими, унинг мамлакат кадрлар сиёсати бўйича бош стратег этиб тайинланиши, янги Ўзбекистоннинг кадрлар сиёсатини ҳам янги ўзанга бошлайди, деб қаралганди…

Бундай умидланишга эса асос бор эди. Хусусан, унинг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири сифатидаги фаолияти давомида бундай қирраларни яққол кўрганмиз.

Масалан, мамлакатимиз бир неча ўн йиллардан буён ўралашиб чиқа олмай ётган ва Ғарб давлатлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг аёвсиз танқидига учраб келаётган факторлар — болалар ва ижтимоий соҳа вакилларининг мажбурий меҳнатига барҳам беришда Кудбиев бир ислоҳотчи ўлароқ яққол натижага кўрсата олганлиги айтилади.

Тан олиш керакки. Администрацияда кечган саккиз ойлик фаолиятида ҳам давлат ва ҳукумат даҳлизларида унинг нафаси сезилди, дейиш мумкин.

Кузатувчиларнинг айтишича, Кудбиев Администрация, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ташкилотларида иш вақтини меҳнат қонунчилигидаги талабга келтира олди. Яъни, охирги 28 йил ичида иш вақти тунги соат 1-2 ларгача давом этиши одатий ҳолга айланган давлат идораларида меҳнат соатлари қисқартирилди.

Бугун “давлат одамлари”нинг аксарияти ҳаммага ўхшаб нари борса соат 19-20 гача ишлаяпти. Шанба ва якшанба нималигини ҳис қилишяпти…Кўпчилик давлат тизимидаги ажабтовур бу янгиланишларни Кудбиев номи билан боғлашди. Хўш, унда унинг вазифаси алмаштирилишида қандай мантиқ бор?

Буни қуйидаги факторлардан излаб кўрамиз.

Биринчидан, Ўзбекистонда шаклланган давлат структуралари шундай асосга қурилганки, уни бирдан ўзгартириб юбориш жуда қийин. Президент Мирзиёев ҳам “тафаккурни ўзгартириш керак” деб кўп бор куйиб-пишаётганида шу “тафаккур”ни назарда тутган бўлиши мумкинлиги ҳақиқатга яқинроқ. Негаки, ҳамма кадрлар ҳам давлат раҳбари тортаётган “арава”га шатакка киришга ярамаётир. Кўпчилиги бўлаётган ўзгаришларни тушунаётганидан ҳам шубҳага борасан киши. Энг ёмони, буни хушламаётганлар ҳам кўп, деган гумон тўлиқ тарқаб кетмаяпти.

Хуллас, Кудбиевнинг “вазни” давлат “тузук”ларига жуда сингишиб кетган, мустаҳкам рельсда юришга енгиллик қилди. Қолаверса, охирги пайтларда мансабдорлар (вазирлар, ҳокимлар, қўмиталар раислари) фаолияти билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳам унинг ишига таъсир қилган бўлиши мумкин. Ва яна бир катта эҳтимол шундаки, у кадрлар алмашинуви масаласида азимроқ чинорларнинг “шохини қайириб” юборган бўлишиям мумкин…

Илгари сурган номзодлари ишончни оқламаган, ўзининг тепа “об-ҳаво”сига мослашиши қийин кечган ва эҳтимолки, тартиб-интизом жиҳатдан хатога йўл қўйган (у вазир пайтида Фарғонадаги ҳодисага ўхшаш) бўлиши мумкинлигини ҳам бир эҳтимол сифатида олсак бўлади.

Иккинчидан, Кудбиев раҳбарлар, мансабдорлар иш самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини янги ўзанга буриш йўлида турли лойиҳаларга қўл ураётган эди. Масалан, Президент ҳузурида Давлат хизматларини ривожлантириш бўйича тузилма ҳам ташкил қилганлигини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Бу ташкилот томонидан сиёсий элитага қўйилаётган кучли талаблар “эски”ларга ёқмаган бўлиши мумкин.

Учинчидан, Кудбиев Президент маслаҳатчилари орасида юқорида айтганимиздай, энг ёши ва либерали эди. Замонавий дунёдан хабардор, янгиликка интилувчи, глобал дунё талаблари асосида ишни ташкил қилиш тарафдори эди. Ёши деярли етмишни қоралаган, давлат идораси “ишлари”ни ипидан игнасигача ўзлаштириб олган қолган маслаҳатчиларнинг унга эргашиши, ундай фаол ва ташаббускор бўлиши табиийки, қийин савдо. Шу боис унинг кетиши ортида ўша амалдорлар турган бўлиши ва Кудбиев шу кучларнинг навбатдаги қурбони бўлган бўлиши ҳам мумкин…

Агар бу ўринга энди ким келиши ҳақидаги тахминни шу фаразлар устига қурадиган бўлсак, катта эҳтимол билан, Администрацияда бўш қолган “кадровик” лавозимига ислоҳотчидан кўра кўпроқ оқсоқолларнинг насиҳатларини тинглаб уларга амал қилишни канда қилмайдиган, тартибли ва тарбияли, кексаларнинг гапини икки қилмай “хўп” деб фаолият юритадиган одам боради…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг