platforma.uz: Байрам ўтди, ҳавойи гаплар тинди… Энди яна бир йил «бийронлик»ларимиз пинакка кетади-ёв…

0
1655
Очиқ манбалардан олиб тайёрланди.

Дунёда ўз тилини байрам куни сифатида нишонлайдиган халқлар унчалик кўп эмас. Биз ана шундай ноёб миллатлардан биримиз. Адибу артистлар, “маънавиятчи» уламолару талабаларимиз, айниқса ТВчиларимиз роса байрам қилишди ўзиям.

Қаёққа қараманг, шеърбозлик, дилни хуфтон этувчи “тилпарварлик”, худдики ўзбек тилининг куни уларга қолгандай… Ҳар не бўлса-да байрам ўтди, атроф жавонибдан ўрлаган ҳавойи гаплар ҳам тинди, шу кетишда бир йил жимгина пинакка кетди-ёв “бийронликлар”…

Тантаналар чоғида тилимиз равнақи ва ҳимояси йўлида бирор жўяли умуммиллий амалга қўл урилмаганидан бироз афсусландик, холос. Гапни чўзмай, ақлимиз етган ана шундай амаллар ҳақида мулоҳаза айтишни жоиз топдик.

Тил тараққиёти ва ҳимояси йўлидаги ишни, аввало, тилимизни шўро босқини жароҳатларидан халос этишдан бошлашимиз лозимга ўхшайди. Бу жароҳатлардан нафақат тилимиз, балки тафаккуримиз ҳам ҳамон азият чекиб келаётир.

Ҳар куни газету журналларимизда, айниқса тасвир кўрсаткичу радиоэшиткичда Ишметов, Хаджаев, Ибрагимов, Шахавдинов, Тимур, Арслан, Якуб каби исму шарифларга кўзимиз тушади, баъзан қулоғимизга чалинади. Саводсизлик ва калтабинликдан сўз очсангиз, бу идораларнинг заҳматкашлари “паспортида шунақа”, деб оғзингизга уради.

Хўп, шўровий ўрис замонида паспортида насаби хато ёзилган бўлса, бугунги ҳур замонда хатоликни тўғирлаш шунчалар қийинми? Нима бу ўзбек имлосида ўрисча ёзиш ёки вайсашми? Майли, бу мазлумларни қўятурайлик, бу насаб эгалари — Ишметовлару Хаджаевлар ўз насабларининг бундай хато ёзилишидан наҳот уялмайди, орланмайди? Ёки улар бу ҳолатни хато билишмайдими!?.

Ахир, кўзга чўп суқиб турган, дунёнинг бирон бир миллатида учрамайдиган бундай насаб эгалари орасида Ватан тараққиётига катта ҳисса қўшаётган, кўпга ибрат бўлаётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас-ку?! Шул Олийжанобларимиз бу борада ҳам миллатга ибрат бўлса, бу амаллари тил ҳимоясидаги далил қадам бўларди.

Ажнабий номларнинг эгаларига тақлидан тўти бўлишимиз, устига-устак, янада кулгули ва аянчли. ТВчи ва радиочи дўстларга ажнабий жой номлари ва исмларни ўзбекча ўқийверинглар, осмон узилиб ерга тушмайди, деб кўп айтдик. Лекин, бош силкишдан нарига ўтишмайди, ўзбекча айтса, Московдан ёки Лондондан келиб биров бўйнидан бўғадигандай.

Мавзуга ёндош яна бир масала. Шарифу насабларимиздаги “вич”, “ов”лардан қутилишимиз ҳам осон кечмайдиган кўринади. Кимлардир бунча майдалашманглар, дейиши мумкин. Улар билишмайдики, бу “вич”, “ов”лар миллий зеҳниятимизни юз йилдан бери паразитдай емириб ётибди.

Ён-атрофимиздаги қардошларимизнинг баъзилари бу вирусдан амаллаб қутилди. Арманлар, гуржиларга ўхшаган баъзи миллатлар ҳатто ўша мустабид даврда ҳам бу паразит қўшимчани қабул қилишмаган.

Туркийлардан чиққан лаббайчи коммунист боболаримиз мутеъларча тақиб олган бу ёрлиқ ҳамон бизни, аниқроғи баъзи миллатдошларимизни оҳанрабодай мафтун этиб келаётир. Йўқса, ўзбек бўлатуриб асрлар оша ўзбекча исмларга ўрисча қўшимчаларни тиркаб юрамизми?

Таскин бергани, бу қўшимчалардан воз кечган юртдошларимиз аввал ҳам бор эди, ҳозир ҳам зиёли миллатдошларимиз орасида учраб туради. Ишметов ва Хаджаевлар бу йўсинда ҳам, ҳеч қурса, ёзарларимиз бошқонидан ибрат олишса бўлармиди?

Ахир, ўзбекман, деб кўкрак керамиз, шундай экан, исму насабимиз ҳам ўзбекча бўлсин-да, биродар.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг