Пандемия шароитида Қозоғистонда интернетдаги радикал даъватчилар фаоллашмоқда

0
3754
Олмаота масжиди қошидаги дўкон сотувчиси ўз телефонида диний сайтлардан бирини кўрмоқда, 23 май. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Қозоғистон коронавирус пандемияси даврида аҳолининг интернетга қарамлиги ортаётганидан фойдаланиб қолишни кўзлаган экстремизм даъватчиларига қарши курашмоқда.

Кўпчилик қозоғистонликлар онлайн тартибда ўқиш ва ишлашга мажбур бўлар экан, экстремистлар бу майдондан ўз ташвиқоти ва ёллаш саъй-ҳаракатлари учун фойдаланишга ўтган, дейди таҳлилчилар.

«Ҳақиқатан ҳам, ёлловчилар фаолиятида ўсиш кузатилмоқда», дейди онлайн экстремизмнинг олдини олиш бўйича ҳукумат идораси раҳбари Жапал Долиев.

Унинг идораси Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлигининг дин ишлари бўйича қўмитаси (КДР) ҳузурида фаолият юритади.

image
Диний мазмундаги видео томоша қилаётган қирғизистонлик мусулмонлар, Бишкек марказий масжиди, 21 апрел. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

«Биз бундан хабардормиз ва ёшларни бузғунчи диний ташвиқотдан ҳимоя қилиш учун унга қарши кураш ишларини олиб бормоқдамиз», дейди Долиев.

Бу ишларда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) ҳам фаол иштирок этмоқда ва Muftyat.kz, Azan.kz, Kazislam.kz, Muslim.kz, Sunna.kz каби сайтлар орқали маърифий ташаббусларини йўлга қўймоқда, деб қўшимча қилди у.

«Бизда мунтазам равишда ОАВда чиқиш қилиб турадиган бир гуруҳ диний мутахассислар, одамларга турли, жумладан диний бағрикенглик мавзуларида таълим берадиган минтақавий ва миллий ахборот гуруҳлари бор», дейди у.

Долиевга кўра, мазкур ахборот гуруҳларига диншунослар, диний уламолар, имомлар, психологлар, тарихчилар ва жамоатчилик фикри етакчилари киради.

«Улар карантин туфайли бир йилдан бери ўз фаолиятини онлайн тарзда олиб бормоқда», дейди Долиев.

Медиасаводхонлик ва танқидий фикрлаш экстремизм ташвиқотига қарши кучли ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади, улар ёшларга шубҳали веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини аниқлашга ёрдам беради, дейди у.

Тактикани ўзгартириш

«Бузғунчи диний фирқалар интернет учун катта ресурслар ажратмоқда», дейди Қозоғистоннинг Ал-Фаробий миллий университети диншунослик ва маданият кафедраси катта ўқитувчиси Жанна Кантарбаева.

«Улар юқори сифатли видео ва бошқа контентни суратга олиш учун ходимлар ёллаб, студияларни ижарага олмоқда», деган эди у апрел ойида Informburo.kz сайти билан суҳбатда.

«Шунингдек, улар постлари ва видеоларига қандай жавоблар ва муносабат билдирилаётганини доим таҳлил қилиб боришади.»

Қирғизистонлик таҳлилчилар тақиқланган ташкилотларнинг пандемия ва карантин шароитида ўз тактикасини ўзгартираётганидан хавотир билдирган эдилар.

Халқаро саёҳатларнинг тақиқланиши ортидан ёшларни Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларига боришга ундовчи чақириқлар сезиларли камайди, деган эди бишкеклик диншунос Икбалжан Мирсаитов апрел ойида.

Аммо, ижтимоий тармоқларда радикал мафкурани тарғиб қилувчи постлар сони кўпайган, дейди у.

«Фақатгина ёллаш фаолияти олиб борилмаяпти, балки ҳукуматга бўйсунмаслик ва расмий диний уламоларга қарши чиқиш каби бошқа қарашлар сингдирилмоқда», деди у. «Улар [террорчилар] мусулмон бўлмаганларга қарши радикал ҳаракатларга чақирмоқдалар», деди у.

Ёлловчилар ижтимоий тармоқлар орқали фойдаланувчиларни «ўзи яшаб турган мамлакатда» қўпорувчилик фаолияти олиб боришга даъват қилмоқда, деди Мирсаитов.

Экстремистларнинг биргина устунлиги бор, дейди 2013 йилда фарзанди билан турмуш ўртоғининг ортидан Сурияга жўнаб кетган Асел Игубаева.

У 2019 йил май ойида Қозоғистонга «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида қайтиб келган ва ҳозирда Павлодарда истиқомат қилади. У ўзининг Instagram саҳифаси орқали бахтсиз тажрибаси билан ўртоқлашади.

Турмуш ўртоғи Сурияда ҳалок бўлган бу аёлнинг икки фарзанди бор.

Игубаева эри билан Исломни ўрганар экан, уларга дин ҳақида тўғри маълумот бера оладиган русийзабон мутахассисни топа олишмаганини айтади.

«Биз шайхлар ва уларнинг даъватларига ишонганмиз, улар жозибадор ва равон сўзлар эдилар», дейди у. «Улар Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в) саҳобалари ҳақидаги чиройли ҳикоялар билан эътиборимизни жалб қилишган.»

«Ана шу уларнинг устунлиги, тингловчилар ҳадис ва оятларга асосланиб сўзловчи имомлардан кўра, уларга кўпроқ ишонишади», дейди Игубаева.

Ёлловчилар самарали тактикадан фойдаланишади, дея қўшимча қилди у. Улар оддий, беғубор мавзулардан – ҳаром ва ҳалол ҳақида, нимага байрамлардан воз кечиш кераклиги ҳақида гапиришни бошлайдилар, кейин эса шайхларининг маърузаларини тарғиб қиладилар.

«Ана шундан кейин жиҳод ҳақидаги суҳбатларга ўтилади», дейди у.

«Кофирларни ўлдириш ҳақида гап бошлаганларида, бу ботқоққа шу даражада ботиб кетган бўласизки, даъватнинг заҳарли эканини сезмайсиз», дейди Игубаева.

Россиянинг таъсири

Қозоғистоннинг терроризм ва унга ёқилғи бўлиб хизмат қилаётган экстремистик мафкурага қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатлари Москванинг аксилсамарали фаолияти фонида юз бермоқда.

Йирик мамлакатларнинг ўзи давлат ҳомийлигидаги терроризмни ўз ичига олувчи сиёсат юритиб турган вақтда терроризмга қарши маҳаллий миқёсда курашиш самарасиз, дейди Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) истеъфодаги зобити, олмаоталик Арат Нарманбетов.

Терроризмга оид 1987 йилги Женева декларациясида давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган терроризмга таъриф берилган бўлиб, «Россиянинг 99% хатти-ҳаракатлари» унинг бандларига мос келади, деди у.

Нарманбетов 2014 йилдаги Қрим аннексияси ва апрел ойида Россиянинг Украина чегараси ва Қримда қўшин тўплаганига ишора қилган.

У шунингдек, 2018 йилда Англияда Сергей ва Юлия Скрипалларнинг заҳарланиши, 2020 йил Сибирда Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ва 2021 йилда сохта айбловлар билан судланиб, қамалгани ҳамда Суриянинг қурол-яроғ билан таъминланаётгани билан боғлиқ ҳодисаларни тилга олди.

Экстремизм даъватчилари Женева декларациясини яхши билишади, деди у. Улар бу ҳодисаларнинг барини санаб ўтиб, ўз «ўлжаларини» давлат ҳомийлигидаги терроризмга қарши курашаётганига ишонтира оладилар.

Қозоғистон Россия билан ЕОИИ орқали боғлиқлиги боис, Россиянинг хатти-ҳаракатлари Қозоғистонга ҳам соя солади ва уни ташвиқотчиларнинг нишонига айлантиради, деб қўшимча қилди у.

«Терроризм шунчалик кенг тарқалган ва кўп қиррали ҳодисаки, у «соқол қўйган» одамларга қарши кураш билан йўқ қилинмайди», деди Нарманбетов.

Унинг сўзларига кўра, «экстремистик ташкилотлар аъзолари ижтимоий тармоқлардаги мавжуд воситалардан кенг фойдаланади».

 

Ксения Бондал

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг