Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг позициясини 26-ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда вазир ўринбосари Эржан Ашикбаев маълум қилди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эржан Ашикбаев Азов денгизидаги воқеа туфайли Россия ва Украинани зўравонликларнинг кучайишига йўл қўймасликка чақирди, дея хабар беради Tengrinews.kz.
– Албатта, бу вазият бизнинг эътиборимиздадир. Биз мувозанатли позицияни эгаллаб турибмиз, биз томонларни максимал даражада масъулият кўрсатишга ва эскалациянинг кучайишига йўл қўймасликка чақирамиз. Ишончни қайта тиклаш муҳим. Биз бундай ҳодисаларни олдини олиш ва ҳал қилиш механизмларини ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблаймиз. Қозоғистон юзага келган кескинликни бартараф этишга қаратилган барча чораларни қўллаб-қувватлайди», – деди Ашиқбаев вазирликнинг брифингида.
Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни Россия ҳарбийлари Керч бўғозида Украинанинг «Бердянск», «Никопол» ва «Янй Капу» кемаларини йўлини тўсиб қўйган. ФСБ маълумотларига кўра, ҳарбий кемаларни тўхтатиш учун қурол ишлатилган; уч нафар киши жароҳатланган. Махсус хизматлар, жабрланган ҳарбийларнинг ҳаётига таҳдид йўқлигини таъкидлаган эди.
Украина Президенти Петро Порошенко қўшинни тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирди. Тегишли фармойиш, Украинанинг Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши (СНБО) нинг ҳарбий холатни жорий этиш тўғрисидаги қарори асосида қабул қилинди.
Россия давлат чегарасини бузганлик бўйича жиноий иш қўзғади ва Азов денгизидаги вазият юзасидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлиси ўтказилишини талаб қилди. Дастлабки учрашув душанба куни соат 11:00 да (Астана вақти билан 21:00 га) режалаштирилган.