Бутнинг қайтиши: Дзержинский Лубянка ва Варварка ўртасида
Албатта, Феликс Эдмундович Лубянкани довруғини оширди. “ВЧК” раиси ўз қўл остидагиларини шу ерга жойлаштирганида, бутун дунё бу кўчанинг номини билиб олди! Аммо агар унга ҳайкал қўйиладиган бўлинса (уни Лубянкада эмас .тахр.), унда ўша ҳайкални Варваркада – либерал иқтисодчи сифатида ўрнатилиши керак.
Большевиклар барча қонунларни бекор қилиб ташлашади. Мамлакатда ҳатто расмий равишда қонунсизлик билан боғлиқ бетартиблик юзага келади. Ҳуқуқий нормалар эса муҳим бўлмай қолади: Совет ҳукумати адолатни қарор топтирмай, балки инқилобий ҳиссиётлар билан бошқариладиган сиёсий душманларни йўқ қилишни бошлайди.
Кимни душман деб ҳисоблашса, ўшалар билан кураш олиб бориш учун фақат универсал восита етишмай турган эди. Бу воситани пайдо бўлиши узоқ куттирмади. 1917 йил 6 декабрь куни кечқурун Халқ Комиссарлари Кенгаши «Умумроссия миқёсида давлат муассасалари ходимларининг иш ташлаши мумкинлиги тўғрисида» ги саволни муҳокама қилади.
Кенгаш қарорида шундай топшириқ белгилаб қўйилади: “Ўртоқ Дзержинскийга, бундай иш ташлашга қарши энг ғайратли инқилобий чора-тадбирлар орқали курашиш имкониятини, ғаразли саботажни бостириш йўлларини аниқлаш учун махсус комиссия тузиш топширилсин”. Ўша жойни ўзидаёқ номи ҳам топилади: «Халқ Комиссарлари Кенгаши ҳузуридаги Аксилинқилоб ва саботажга қарши кураш бўйича Бутунроссия Фавқулодда Комиссияси» (қисқартирилган ВЧК).
Дзержинский Халқ Комиссарлари Кенгашига мурожаат қилади:
«Тасарруфимизда автомобиль базамиз бўлмагани учун, бизга юкланган аксилинқилоб, саботаж ва талончиликка қарши кураш бўйича топшириқларни комиссиямиз ҳеч қандай тарзда қониқарли қилиб бажаришни уддалай олмайди. Бизга автомобиллар, бензин, мойлаш учун ёғлар ва бошқа автомобиль қисмларини реквизиция қилиш ҳуқуқини беринг.”
Комиссия ҳали иш бошламаган бўлсада, аммо қонунга зид равишда усуллар билан қуролланишади. ВЧК раиси автомашиналарни сотиб олиш учун маблағ ажратмасликни, балки чекистларга реквизиция қилиш, яъни машиналарни тортиб олишга рухсат беришни сўрайди.
Нима учун уни танлашган?
Жазо бўлими яратилсинми? Ҳатто фаол болшевиклар орасида ҳаммаси ҳам бундай вазифани бажаришни ўз зиммасига ололмасди. Феликс Эдмундовичнинг ўзи бу истагини билдиради. Унга нималар деб ном беришмайди! Кавалерия шинелини кийиб олган эчки соқолли жаллод, деб ҳам. Қонҳўр, деб ҳам. Маняк, деб ҳам. Садист, деб ҳам. Аслидачи, у ким эди?
Ўн етти ёшида у инқилобга қизиқиб қолади ва деярли ҳеч қачон озодликда юрмаган эди. Олти йилини оғир меҳнатда, беш йилини сургунда ўтказади.
1908 йил 7 майда у ўз кундалигида шундай деб ёзган эди: «Тунги жимжитликда мен арра товушини, тахта кесишаётганлигини аниқ эшитиб ётардим. Бу, осиш учун дор тайёрлашаяпти. Мен ётиб, кўрпани бошимга тортиб оламан. Ёрдам бермаяпти. Бугун кимдир осилади. У, бу ҳақда билади. Улар унинг олдига келишади, устига ташланишади, боғлашади, қичқирмаслиги учун оғзини ёпишади. Балки у қаршилик ҳам кўрсатмас, қўлларини боғлаб, ўлим кўйлагини кийдиришларига жимгина итоат этиб турар. Кейин уни олиб кетишар ва жаллод қўллари билан уни қандай ушлаб туришини томоша қиладилар, унинг ўлимдан олдинги талвасага тушишини кузтиб туришар, балки улар мурдасини кўмаётганларида, бемаъни сўзлар билан ҳақоратлаб, ҳудди ҳайвоннинг ўлаксасини кўмаётгандай оҳирги манзилига кузатиб қўйишар.”
У ўзини ва ҳамфикрларини оғир меҳнат остида ушлаб турганларга нисбатан бефарқ бўлишга асос йўқ деб ҳисобларди. Ҳаёт учун эмас, балки ўлим учун курашда у ўзини ахлоқий меъёрлар билан боғланган деб ҳисобламайди. Давлат хавфсизлик идораси бошлиғи сифатида Дзержинскийнинг шафқатсизлигининг сабабларидан бири ҳам шу эди.
“Феврал инқилобидан кейин учинчи ёки тўртинчи куни минбарга кўринишидан озиб, ранги оқариб кетган бир одам чиқди”, деб эслайди Минск ишчи ва аскарлар депутатлари Совети депутати Вацлав Солский. Дзержинский минбарда шундай дейди: “Менинг фамилиям Дзержинский. Мен яқиндагина қамоқдан чиқдим”. Вацлав Солский сўзини давом эттириб: “Дзержинскийнинг айтишича, инқилобчи учун объектив ҳалоллик бўлмайди: инқилоб барча объективизмни истисно қилади. Бир шароитда ҳалол деб ҳисобланган нарса, бошқа пайтларда ноинсоф бўлиши мумкин. Инқилобчилар учун эса, фақат мақсадга олиб борадиган нарса ҳалолдир.”
Ҳали инқилобдан олдинги йиллардаёқ партия бўйича ўртоқлари Дзержинскийга полиция томонидан болшевиклар орасига киритилган фитначиларни фош этишида унга ишонч билдиршган эди. У терговни моҳирлик билан, деярли профессионал даражада олиб борган.
Дзержинский ВЧКни контрразведка ёки сиёсий полиция деб ҳисобламаган. У бунда душманларни мустақил равишда йўқ қилиш ҳуқуқига эга бўлган махсус идорани кўрарди.
«ЧК ходимлари- бу инқилоб аскарларидир,» деб ёзган Феликс Эдмундович,- «ва улар айғоқчилик-қидирув ишлари билан шуғуллана олмайдилар: социалистларга бундай ишлар тўғри келмайди. ЧК каби жангавор идорага полиция бажарадиган ишни топширилмаслик керак. ЧК учун отиб ташлаш ҳуқуқи ниҳоятда муҳим”.
У чекистларнинг манашундай ҳуқуқни қўлга киритишига эришади ва кейинчалик қонлар дарёдек оқади. Мамлакатда одамлар «чарм куртка кийган кишилар» ҳақида даҳшат билан гапира бошлайдилар. ВЧК аъзолари чарм курткалар кийишарди. Уларга ҳарбий учувчилар учун мўлжалланган формалар тарқатилганди. Бу чарм курткалар (аслида Николай подшо давридан қолган) Петрограддаги омборлардан топилган Антанта иттифоқи аъзоларининг рус армиясига берган совғасидан эди ва бу болшевикларга насиб қилганди.
Чекистлар бундай чарм курткаларни ёқтириши, улар модани олдиндан билишганлигидан эмасди. Чарм курткаларда бурга-битлар яшаб, кўпаймасди. Уруш йилларида бу жуда муҳим эди: бурга-битлар тиф каби юқумли касаллик ташувчиси бўлиб, улар фронтда ҳам, фронт ортида ҳам одамларни ўлимига сабаб бўлиб келган.
«Дзержинскийни, – деб эслайди Коминтерннинг таниқли фаоли Анжелика Балабанова, – фанатик ва садист деб аташарди; унинг ташқи кўриниши ва хулқ-атвори польшалик аристократ ёки зиёли руҳонийникига ўхшарди. Менимча, у бошиданоқ шафқатсиз ёки инсонларни азоб-уқубатларига бефарқ бўлган деб ўйламайман. У шунчаки инқилобни террор ва таъқибларсиз мустаҳкамлаб бўлмаслигига ишонарди”.
Биринчи жаҳон уруши натижасида пайдо бўлган инсон ҳаётига нисбатан ғазаб ва нафрат, инқилоб натижасида туғилган тўлиқ жазосизлик билан янада ортади. Ўша пайтда душманни йўқ қилиш- хайрли иш ҳисобланган. ЧКнинг маҳаллий раҳбарлари кимни ҳибсга олиш ва отиб ташлашни ўзлари ҳал қилишарди.
«Ҳароми чекистни отиб ташланг»
Фуқаролар урушидан кейин виждонли одамлар, жазолашни истамаганлар давлат хавфсизлик бошқармасини тарк этишади. Улар чарм курткалардан воз кечиб, тинч ҳаётга қайтишади, урушдан кейин қатағонлар кўлами табиий равишда камайиши кераклигига ишониб, иқтисодиётга киришишади. Фақатгина шу ишда ўзини топганларгина қолади. Уларни сафига маънавий қийинчиликларни бошдан кечирмаган ёшлар қўшилади. Ҳеч нарса томонидан назорат қилинмайдиган шафқатсизлик, давлат хавфсизлик аппаратида кенг тарқалади.
Вақт ўтиб, партия ҳатто ўзи тарбиялаган шу йиртқич ҳайвондан ўз ҳам қўрқиб қолган пайтлари бўлади. Адлия бўйича халқ комиссари Николай Криленко: «ВЧК ўзининг репрессиялари ва ҳеч кимни назарига илмаслиги туфайли ваҳшийлашиб кетди«. 1925 йилда Криленко Сиёсий бюрога мурожаат қилиб, чекистлар ўзларига берилган ваколатларни суиистъемол қилишмоқда, ҳибсга олинганларнинг ишларини судга топширмаяптилар, лекин суддан ташқарида – махсус йиғилиш орқали ҳукм чиқармоқдалар, дейди. У давлат хавфсизлик идораларини Адлия халқ комиссарлигига таркибига киритишни таклиф қилади, шунда чекистлар адвокатлар назорати остида бўлади, дейди.
Дзержинский Криленконинг таклифларини ғазаб билан рад этади. “Адлия халқ комиссари расмий ҳуқуқ нормаларига амал қилар экан, у давлат хавфсизлик бошқармаси адолатли судни амалга ошириш билан шуғулланмаслигини, балки сиёсий душманларни йўқ қилишини тушунмайди!”, дейди Дзержинский.
«Шуниси муҳимки, – деб кўрсатма беради Дзержинский ўз ёрдамчиларига, – Адлия Халқ Комиссарлиги амалиёти ва назарияси тўғрисида Сиёсий бюрога нота ёзиш керак, буларни пролетариат диктатураси билан ҳеч қандай умумий жиҳати йўқ, лекин уни буржуа иккиюзламачилигининг либерал сақичлари ташкил қилади. Прокуратуранинг бошида моддалар ва бандлар эмас, балки инқилоб ғалабаси учун курашчилар туриши керак», дейди у.
Партия ичида обрўли шахс, истеъдодли муҳандис саналган Леонид Красин инқилобдан кейин Россия ва ташқи дунё ўртасида ташқи савдо алоқаларини ўрнатишга ҳаракат қилади. 1921 йил 8 ноябрда халқ комиссари Красин Ленинга ёзган хатида, Ғарб давлатлари билан нормал иқтисодий ҳамкорлик қилишни буткул иложиси бор. Асосий тўсиқ чекистларнинг фаолияти:
«Ишлаб чиқариш, технология ва ҳоказо масалаларда лаёқатсиз ва ҳатто оддийгина қилиб айтганда нодонлар бор экан, органлар ва терговчилар қандайдир бемаъни, жоҳил одамлар томонидан ўйлаб топилган жиноятлар – «техник саботаж» ёки “иқтисодий жосуслик»да айбланиб, техниклар ва муҳандисларни қамоқхоналарида чиритишда давом этар экан, ҳеч қайси бир жиддий ишлар учун, ҳеч қайси хорижий капитал Россияга келмайди… ВЧКнинг ўзбошимчалигига қарши аниқ кафолатлар бермагунимизча, Россияда бирорта ҳам жиддий концессия ва тижорат корхонасини ташкил этолмаймиз”, деб ёзади Леонид Красин.
Ленин Сиёсий бюро аъзоларини хат билан таништиришни буюрди. Аммо шу билан бу иш тўхтайди.
Ташқи ишлар халқ комиссари Георгий Чичерин ҳам чекистлардан ғазабланади. Дзержинский ва Чичериннинг умумий жиҳатлари кўп эди. Ўқимишли оилалардан чиққан зодагонлар, улар инқилоб ишига фидойи эдилар. Аммо уларнинг коммунизм қуриш усуллари ҳақидаги қарашлари турлича эди.
Чекистлар бўлими раҳбарлари «самимий эмас, айёр, ҳар доим ёлғон гапиришга, бизни алдашга, ваъдаларни бузишга, фактларни яширишга ҳаракат қилишади», деб шикоят қилади Георгий Чичерин. – Чет элликларнинг бизнинг розилигимизсиз ҳибсга олиниши, миллионлаб халқаро инцидентларга сабаб бўлди ва баъзида чет эл фуқароси ноқонуний равишда отиб ташланганлиги узоқ йиллардан кейин маълум бўлди. Ташқи ишлар халқ комиссарлиги ва элчихоналардаги ички назорат, менга, ваколатли вакилларга, хизматчиларга жосуслик қилиш энг кулгили ва ваҳшийларча ташкил этилган”, дейди Чичерин.
1923 йил 23 октябрда Чичерин Ленинга мурожаат қилади:
“Ҳурматли Владимир Илич! Чекистларнинг Қора денгиз соҳилидаги ҳозирги ҳаракатлари давом этар экан, Туркия билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш имконсиз. Шу сабабли, Америка, Германия ва Форс билан бир қатор можаролар пайдо бўлди … Қора денгиз чекистлари биз билан, уларнинг ваколати доирасига кирадиган барча кучлар билан ўртамизда низо чиқариб қўймоқда. Чексиз кучга эга бўлган ЧК агентлари ҳеч қандай қоидалар билан ҳисоблашмайди”, деб ёзади Чичерин.
Ленин комиссарга шундай жавоб берди: “Ўртоқ Чичерин! Сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Ярамас чекистларни қамаб, айбдорларини Москвага олиб келиб отиб ташлаш керак. Агар Горбунов ҳароми чекистларни отиб ташлашни уддасидан чиқса, биз сизни доимо қўллаб-қувватлаймиз.»
Аммо халқ комиссарлари билан бўлган барча зиддиятларда Дзержинскийни қўли доим баланд келарди. Чунки сиёсий раҳбарият учун давлат хавфсизлик аппарати муҳимроқ эди. Давлат хавфсизлиги, оҳир оқибат сиёсий полицияга айланади. Сиёсий бюро «барча органлар ва муассасасаларда, зарур деб билган бошқа жойларда партия органлари билан келишилган ҳолда, хавфсизлик идорасига ёрдам бериш учун гуруҳлар ташкил этиш таклифини» маъқуллайди.
Иқтисодчи ва либералми?
Транспорт ходимлари қурултойида Феликс Эдмундович сўзга чиқар экан, шундай дейди:
– Баъзи ўртоқлар, агар етарли миқдорда пул чоп этилса, бу биз дуч келаётган муаммоларни ҳал қилади, деб ҳисоблашади. Аммо бу жуда ҳам чуқур адашишдир. Мамлакатда нон бўлмаса, тайёр маҳсулот бўлмаса, бу нонни, бу маҳсулотларни ҳеч қандай босма қоғоз ярата олмайди. Темир листлар яратиш керак, темир қуйиш керак, босма станоклар ўз вазифасини бажариши учун далаларга ишлов бериш, донни янчиши ва майдалаши керак …
Бу сўзларни ўқир экансиз, улар бош чекистга эмас, балки замонавий либерал иқтисодчига тегишли сўзлар, деган фикрга келишингиз мумкин!
Ленин вафотидан сўнг Дзержинский Халқ хўжалиги Олий Кенгашининг раиси бўлди ва барча маҳаллий саноат унга бўйсунади. Халқ хўжалиги Олий Кенгашининг раиси ролида Феликс таниб бўлмас даражада эди.
«Дзержинский катта эҳтиросли одам эди«, деб ёзган Лев Троцкий у ҳақида. – Ҳар бир масалада, ҳатто иккинчи даражали бўлса ҳам, у ёниб кетарди, ингичка бурун тешиги титрар, кўзлари чақнарди, овози зўриқиб кетарди ва кўпинча ўзидан чиқиб кетарди. У ҳар доим олий сафарбарлик ҳолатидай бўлиб кўринарди. Ишига бутун вужуди билан шўнғиб кетарди”.
Бош чекист давлат монополияси ва нархларнинг ошишига қарши чиқади. Монополия ишлаб чиқарувчи учун жуда қулай. Чунки, у исталган нархни белгилаб қўяди ва харидорга бошқа танлов қолдирмайди. Капитализм шароитида рақобат нархларни оширишни қийинлаштиради, аммо Совет ҳокимияти даврида буни ким тўхтата оларди? Аммо кутилмаган воқеа юз беради: нархи кўтарилган саноат маҳсулотларини ҳеч ким сотиб олмайди. Қишлоқлар қашшоқлашади, шунчаки у ерда пул бўлмайди. Саноат нархларни пасайтиришни истамайди, давлат буюртмасига интилади. Дзержинский Сиёсий бюрога шикоят қилади: «Нархлар, аввалгидек баҳолаш мезони билан эмас, чунки улар Давлат режалаштириш комиссияси томонидан «қахва майдончаларида» белгиланади. Бизда энди бозор йўқ”, дейди.
Капитализм шароитида кимда ким нархларни ҳаддан ташқари ошириб юборса, у касодга учрашиш муқаррар бўлади. Социализм даврида эса, бундай сиёсат натижасида давлатнинг ўзи банкрот бўлиши мумкин эди. Омборлар тўлиб кетган, машиналар сотилмай қолганганди. Дзержинский нархларнинг бозор нархига айланишини таъминлайди ва бир йил давомида ишлаб чиқарилган автомобиллар, бир неча ҳафта ичида сотилиб кетади.
Дзержинский бозор элементларига ҳаддан ташқари ишонгани учун қораланади ва иқтисодиётга буйруқ бериш керак дейишади! Дзержинский буларга жавобан: агар деҳқон дон сотишни истамаса, сиз буни учун қулоқ айбдор деб ўйлайсиз. Муаммо шундаки, деҳқон, нархи жуда юқори бўлган товарларни сотиб олмайди. Нархлар тушиши учун бозорни товарлар билан тўлдириш керак, дейди.
Қишлоқ хўжалиги ўша пайтда хусусий буларди ва Дзержинский ҳукуматдаги ҳамкасбларини огоҳлантиради: агар сиз деҳқондан бор- йўғини шу йўсинда шилишда давом этсангиз, давлат қулайди. Аммо Дзержинский яқинда Сталин қишлоқни талон-тарож қилишини, нонни тортиб олишини, моҳир ва меҳнаткаш деҳқонларни Сибирга ҳайдашини ҳали билмас эди. Бозор йўқолади, товар иқтисодиёти таназзулга юз тутади. Мамлакат иқтисодиётни бошқаришнинг маъмурий тизимига ўтилади….
Айтиш мумкинки, мажозий маънода иккита Дзержинский бўлган ва бири иккинчиси билан баҳс қилиб келган. Иқтисодчи Дзержинский, ўзидаги чекистликни енгиб чиқа олмаган. Аммо у иқтисодда нимадир яхши кетмаётганини кўра билганди ва у муваффақиятсизликларни бошдан кечиради. У ўзини дўсти бўлган Сиёсий бюро аъзоси Валериан Куйбишевга шикоят қилади:
«Биз қилаётганимиз иш эмас, туриши билан азоб… Биз ботқоққа ботганмиз. Мен бор нарсага чин юракдан эътироз билдираман. Мен ҳамма билан курашиб келаман. Бефойда… Фақат бир марта ишдан кетиш учун ариза бердим. Бундай ўй-хаёлларим, изтиробларим билан Халқ хўжалиги Олий Кенгашининг раиси бўла олмайман”.
«НЭП»нинг гуллаб-яшнаши, Дзержинский саноатни бошқарган пайтга тўғри келади. У иқтисодиётда- иқтисодий усуллар билан ҳаракат қилиш кераклигини тушунарди. Ленин эса социализм – бу Совет ҳокимияти ва бутун мамлакатни электрлаштириш, эканлиги ҳақида баёнот беради. Феликс Эдмундович яна бошқа бир формулани таклиф қилади: «Совет ҳокимияти ва бозор». Хуллас, агар Дзержинскийга ҳайкал қўйиш керак бўлинса, у ҳолда ҳайкални бир вақтлар Халқ хўжалиги Олий Кенгаши жойлашган Варваркада ўрнатиш керак.
«Уни ҳам деворга қўйиб, отиб ташлашган бўларди»
Ленин ундан кўп ҳам шикоят қилмаган. Хафа бўлган Дзержинский мўлжални Сталинга қаратиб, бош котибнинг хавфсизлигига алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келади. У ҳукумат қўриқчиси бошлиғига шундай деб ёзади:
«Бугун, ўртоқ Сталин театрга кириб келаётганида, эшик ёнида эълонлар тахтасига қараб турган шубҳали одамни пайқадим. У биз келган машинани ва бизни жуда ҳушёрлик билан кузатди. Театрдан чиқишда эса, бошқа биттаси ҳудди шу эълон тахтасига қараб турарди. Агар булар бизникилар бўлмаса, албатта, кузатишимиз керак. Ўрганинг ва менга хабар беринг.»
Аммо Сталиннинг атрофидагилар уни ўзиники деб ҳисоблашмасди. Вячеслав Молотов нафақада бўлган пайтида, ўзининг таржимаи ҳолини ёзувчиси Феликс Чуевга шундай деган эди: «Дзержинский партия сиёсатини яхши тушунмасди».
«Партия сиёсатини яхши тушунмасди«-, яъни, ҳар доим ҳам Сталинга қулоқ солавермасди, дегани. Дзержинскийга ҳудди унинг меросхўрларига сахийлик билан берилган бепарволик ва бефарқлик етишмас эди. Феликс Эдмундович вафотидан олти йил ўтгач, 1932 йил 14 ноябрда чекистларнинг янги раҳбари Вячеслав Менжинский давлат хавфсизлик органларининг ўн беш йиллиги муносабати билан Дзержинский ордени таъсис этишни таклиф қилади. Сталин бу таклифга манашундай резолюция қўяди: «Қаршиман».
1937 йил 2 июнда Сталин Мудофаа Халқ Комиссари ҳузуридаги ҳарбий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида кутилмаган кашфиёт билан тингловчиларни ҳайратда қолдиради:
«Дзержинский Троцкий учун овоз берган. Нафақат овоз берганди, балки Ленин даврида, Ленинга қарши Троцкийни очиқдан -очиқ қўллаб-қувватлаганди. Сиз шуларни биласизми? У ҳеч қайси масалада пассив бўлиб қоладиган одам эмасди. У жуда фаол троцкийчи эди ва у бутун ГПУни Троцкий ҳимоясига жалб қилмоқчи эди. Аммо у буни уддасидан чиқмади», дейди Сталин ўша нутқида.
1937 йил 9 августда Сиёсий бюро НКВДнинг «Польша ҳарбий ташкилотининг поляк саботаж ва жосуслик гуруҳлари ва ташкилотларини тугатиш тўғрисида«ги буйруғини тасдиқлайди. «ВЧК пайдо бўлган пайтдан бошлаб, – дейилади буйруқда, – ВЧКга киритилган йирик поляк айғоқчилари энг муҳим жойларда ўтиришган: Уншлихт, Мессинг, Пиляр, Медведь, Ольский, Сосновский, Маковский, Логановский, Баранский ва бир қанча бошқалари”.
Улар поляк-сиёсий муҳожирларни, яъни Совет Иттифоқига қочиб келган коммунистларни, Россиянинг дўстларини, Дзержинскийнинг ҳамфикрлари ва шерикларини ҳибсга оладилар. Қозоғистон Ички ишлар халқ комиссарининг собиқ ўринбосари 1939 йил бошида тергов бўлими бошлиғи сўроқ пайтида уни Польша разведкаси учун ишлаганликда айблашганини шундай эслайди:
«Сизнинг ташкилотингизда Дзержинскийнинг ҳам қўли борлиги ҳақида маълумотларимиз бор. Дзержинский томонидан Ленин ва Сталин алданган. Ҳозир бизда шу ҳақида материаллар мавжуд», дейди.
Хуллас, агар Феликс Эдмундович яна бироз яшаганида, катта эҳтимол билан уни ўз шогирдлари ва талабалари отиб ташлаган бўларди.
Мулоҳаза
Кўпчилик Дзержинскийни собиқ Иттифоқни энг ёпиқ ва кейинчалик ҳам ўта махвий бўлиб келган идорасининнг асосчи сифатида билишади. Мақолада эса, у нафақат бу идоранинг асосчиси, балки мутлақо зид -либерал-иқтисодчи бўлган тарафини очиб беришга ҳаракат қилинади. Қолаверса, ўзи садоқат билан хизмат қилган ва шахсан ҳимоя қилиб келган Сталин энг биринчи бўлиб, уни ёмон отлиқ қилади. Умуман эса «Ёвузлик империяси» ҳеч кимга, ҳеч қачон вафо қилмаганлиги ўша пайтдан бери давом этиб келди ва гўёки бугун замонавий Россияда ҳали ҳам амал қилаётгандай.