Оддий экспортёрларнинг оддий муаммолари (видео)

0
2579
Манба: zn.ua

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасига киришган дастлабки йиллардан буён мунтзам равишда тадбиркорлар фаолиятига ва мамлакатни экспорт салоҳиятини оширишга энг асосий эътиборни қаратиб келмоқда.

2016 йилнинг 5 октябрида қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ва яқин йиллар давомида тадбирокликни ривожлантириш ва асосий эътиборни экспортга қаратиш хақидаги кўрсатмалари фикримизнинг яққол далили бўлиши мумкин.

Келинг, расмий оҳангдаги мулоҳазалардан бироз четланиб, мамлакатимизда тадбиркор экспортёрлар фаолиятининг реал ҳолатига очиқ кўз билан қарашга ҳаракат қилиб кўрамиз ҳамда бугунги экспортёрлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган аниқ муаммоларни бирма-бир санаб ўтамиз.

Буларни аниқлаш учун биз айни шу соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлардан бири билан боғландик.

Суҳбатдошимиз 25 ёшли тадбиркор – Суннатулло Ортиқов бўлди.
Ушбу тадбиркоримиз асосан мамлакатимиздаги маҳсулотларни экспорт қилиш ва ўз навбатида унинг импорти билан ҳам шуғулланиб келади.

Одатда экспорт ва импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳар доим ҳам бир жойда қўним топиб ўтирмайдиган халқ бўлади.

Биз, мулоқот учун ҳозирги замонавий технологиялар имкониятидан унумли фойдландик ва қахрамонимиз билан телеграмм мессенжери орқали боғланишга мувофақ бўлдик. Сабаби, айни пайтда Суннатулло узоқ шарқнинг Владивосток шаҳрида бизнес сафаридалар.

Суннатулло Ортиқовдан мамлакатимиздаги экспортёрлар билан боғлиқ муаммолар борасидаги ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишини сўрадик.

Суҳбат давомида кўтарилган муаммолар нақадар асосли ва ҳақиқат эканлигини баҳолашни шу соҳа вакиллари, ўз навбатида мутасаддилар эътиборига қолдирамиз ҳамда уларнинг фикр ва муносабатларини кутиб қоламиз.

Таржумон.уз: Суннатулло, айтингчи мамлакатимиздаги экспорт ва экспорт билан шуғулланувчи тадбикорлар олдида қандай муаммолар бор?

Суннатулло Ортиқов: Аввало, тадбиркор учун керак бўладиган нарса бу – албатта товардир.

Товар қаерда арзон бўлса, табиийки, тадбиркор ўша ердан уни ҳарид қилиб олади.

Дунё миқёсида шу соҳани бевоситда ичида бўлганим учун, уни ўрганиб юриб бемалол айтишим мумкинки, Ўзбекистонда чиқарилаётган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари жаҳон бозорида бошқаларникига нисбатан бир неча баробарга арзон. Биздаги асосий муаммо эса, ўша арзон маҳсулотни сифатини бузмаган холатда, жаҳондаги қиммат ва юқори нархларда сотиладиган бозорларга етказиб бериш ёки сотиш билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Ўзбекистон қонунчилигида шунақанги бир холатга дуч келасизки, экспорт билан шуғулланувчи корхона, албатта маҳсулот ишлаб чиқарувчи бўлиши керак, деган тушунча мавжуд. Яъни, шу соҳага оид қонун билан танишиб чиқиб, манашундай хулосага келиш мумкин.

Аслида, дунё тажрибаси билан қиёслайдиган бўлсак, эскпорт билан шуғулланувчи корхона ёки ташкилот, шартли равишда ишлаб чиқарувчи бўлиш керак, деган тушунча, бирор бир ривожланган давлатлар қонунларида қайд этилмаган. Ҳар ҳолда шахсан буни кузатмадим.

Энди ўзимизга саволлар бериб кўрайлик. Оддий деҳқон-фермер, маҳсулотини етиштириганидан кейин, уни сотиш учун ёки экспорт қилиш учун шу ишларни билимдонлари ҳисобланган экспортёрларга, яъни соддароқ ном билан айтганда, савдогарларга муҳтож бўладими?

Ёки оддий деҳқон дунё кезиб, масалан, Японияга, Кореяга, Европа давлатларига ёки Австралияга, Янги Зелландияга қатнаб, у ердаги бозорларни таҳлил қилиб, келаси йилга нима экиши кераклиги бўйича режалар тузиб юрадими?

Албатта йўқ. Табиийки, бу ишларни бажаришга жисмонан улгурмаслиги битта сабаб бўлса, бу ишлар алоҳида билим ва тажрибадан ташқари, қўшимча сарф-харажатларни талаб этади. Балки, оддий деҳқон учун энг осон ва қулай тарафи, ички бозордаги харидоргир бўлган махсулотларни етиштириб сотиш афзалдир.

Биз каби экспортёрлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг вазифаси эса, Ўзбекистон бозорини ва ўз навбатида дунё бозорини ўрганган ҳолда, қайси мамлакатнинг, қайси шаҳарида бизнинг маҳсулотга бўлган талаб борлигини ва тез сотилишини ҳамда у ерга етказиб берилиш харажатларини ҳисоб-китобини қилиб, ўз фойдамизни баҳосини аниқлаб чиқиш ҳисобланади.

Шундай ҳисоб-китобларга таяниб, дунёнинг бир нечта шаҳарларига маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин.

Ана энди, муаммолар хақидаги саволларни кўриб чиқсак.

Бирламчиси бу, энг аввало биздаги экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг шу соҳага оид Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги билан боғлиқ муаммодир. Яъни, қонун биз каби экспортерларни моддий товар ишлаб чиқарувчи тадбиркор сифатида кўради.

Аввал бошида айтганимдек, тадбиркор учун керакли нарса бу товар-маҳсулот. Ички бозоримиздан керакли бўлган маҳсулотни топдик ҳам дейлик. Аслида, Ўзбекистон ичида экспортбоп маҳсулот топишнинг ўзи бир катта муаммо ҳисобланади.

Ҳозирги аҳборот технологиялари ривожланган бир замонда Ўзбекистонда он-лайн бозорлар йўқ ҳисобида десак бўлади. Яъни, улгуржи- кўтара маҳсулотлар сотиладиган он-лайн бозорлар йўқлиги ҳам муаммо саналади.

Телеграмдаги эълон берувчи бир нечта каналлар эса, бу давлат структураси даражасидаги ахамиятли платформа эмас. Буни муаммо сифатида иккиламчи тартибда санаб ўтамиз.

Энди шу иккиламчи муаммога қисқароқ тарзда қўшимча изоҳ бериб ўтсам. Яъни, бу муаммо деҳқонлар билан ёки умуман олганда, ишлаб чиқарувчилар билан боғлиқ масала хақидадир.

Шу ўринда логистика хақида ҳам бироз маълумот бериб ўтиш керак. Логистика деганда кўпчиликни оддий тасаввурида юкларни узоқ ва яқин манзилларга ташувчилар гавдаланади. Аслида эса, логистика бутун бир тармоқ, боғланиш демакдир.

Мисол учун, бизни мамлакатимиз шароитини оладиган бўлсак, мен каби тадбиркор билан экин етиштирадиган деҳқон ўртасида бевосита ўзаро боғланиш, яъни логистика йўқ.

Мамлакат ичи бўйлаб экспортбоп маҳсулотни изланар экан, мен каби тадбиркорлар шундай маҳсулот етиштирган деҳқонни излаб топиши керак бўлади. Кўпинча бундай деҳқонларни излаш давомида, албатта ўртада далолларга дуч келаман. Яъни, ўртда туриб ўзининг озми-кўпми фойдасини қўшадиган учинчи, тўртинчи объектлар туриб қолади.

Бу эса махсулотнинг нархи сунъий равишда ошишини англатади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, биз жаҳон бозорига нархи ва сифати билан ракобатлаша оладиган маҳсулотлар таклиф этаолишимиз керак ва шундагина экспорт ҳакида бемалол гапиришимиз мумкин бўлади.

Энди, агар биз экспортни ривожлантирмоқчи бўлсак, бозорнинг замонавий инфраструктурасини шакллантиришимиз керак. Ва, хақиқатан жаҳон бозорига Ўзбекистон маҳсулотларини сотмоқчи эканмиз, мамлакатда он-лайн қидирув бозорлар базасини шакллантиришимиз керак бўлади.

Бугун бизда барча соҳадаги ишлаб чиқарувчи ва экспортёрларни ўзаро бирлаштирадиган, конструктив тарзда ёндашиб ишлаб чиқилган лойиҳага эҳтиёж бор.

Айни вазиятимизни мисол қилиб оладиган бўлсак, масалан, ўзим арзон ва керакли маҳсулотни топишим учун ҳозирда ижтимоий тармоқларнинг турли телеграм каналлари, сайтларидан фойдаланишга мажбурман. Уларни ҳар бирини очиб қидириш ҳам гоҳида қийинчилик туғдиради. (Устига-устак буларни орасида расмий мақомга эга бўлмаган, инсофсиз товламачилари ҳам учраб туради).

Мана, қўшни Қозоғистонни олайлик, у ерда “Флагма” деб номланган лойиҳа бор (Қозоғистонликларнинг ушбу лойиҳаси мен таъкидлаб ўтган маҳсулотлар он-лайн бозори базаси бўлиб, анча қулай ҳисобланади).

Ўзбекистонликларда бу каби лойиҳалар бўлмагани учун, ўз-ўзидан маълумки бундай воситалардан фойдаланишмайди. Яъни, бизни оддий экспортерларимизни аксарияти маълум бир керакли маҳсулотни мамлакат ичидан ўзлари билган йўл билан излаштиришади.

Одатда фақат шу соҳа билан шуғулланувчи одамлар орқалигина, оддий сўраб-суришитирув йўли билан қидиришади. Масалан, фалон жойда, фалончи деган одамда шу маҳсулот бор экан, дейишади. Ўша жойни топиб, ўша маҳсулотни олиб кетишади. Ваҳоланки, бошқаларда худди шундай маҳсулотни, балки сифати жиҳатидан ундан ҳам яхшироқ, нисбатан арзонроқ бўлгани ҳам бордир.

Афсуски, бу хақида маълумот бўлмагани учун, фақат ўша сўраб-суриштирган жойидан олишга мажбур бўлади ва шундай кўникма ҳосил бўлади.

Таржумон.уз: Демак, экспорт учун керакли бўлган маҳсулотни топиш билан боғлиқ иккинчи муаммо, бу экспортерлар учун замонавий шароитларнинг яратилмагани экан десак бўлар эканда?

С.Ортиқов: Албатта бўлади. Ўз навбатида, бу оддий муаммони маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳал этиш мумкин. Чунки, уларда ўз ҳудудлари бўйича барча маълумотлар мавжуд бўлади. Афсуски маҳаллий ҳокимиятларимизнинг бу борадаги замонавий ёндашувларини ҳозирча кузатишга мувофақ бўлмадик.

Ваҳоланки, ўша маҳаллий ҳокимиятлар томонидан маҳсулотларнинг моддий базасини, яъни қаерда, қандай, қанча миқдорда ва нархдаги маҳсулотлар борлиги хақидаги маълумотлар базасини яратиш учун ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас.

Масалан, улар оддий қилиб, фалон фермер хўжалигида шунча маҳсулот бор, бошқа фермерда яна маълум бошыа бир турдаги хом ашё маҳсулоти бор ва фалончи парранда фабрикасида шунча тухум бор ва х.к. каби расмий маълумотлар базасини яратиб қўйиши мураккаб ва катта маблағ талаб этадиган иш эмаску?!

Мисол тариқасида айтиб ўтаман, Афғонистон, Сурия, Иордания каби мамлакатлар бизни мамлакатдан жуда кўп маротаба туҳум маҳсулотларини импорт қилиб олиб кетган ёки биздан экспорт қилинган.

Яна, Туркия шу йилнинг ўзида бир неча минг тонна пиёз маҳсулотини биздан импорт қилди. Лекин, ўзим гувох бўлганим, уларга маҳсулотларни топиш жуда-жуда қийин бўлди.

Маҳсулотни топиш билан боғлиқ муаммо борлиги сабаб, керакли маҳсулотни топган жойларимиз ҳам нархни сунъий равишда ошириб юборишди. Бундай холатлар кўп булганлиги боис хорижий савдогарлар бизнинг бозорларимиздан эмас балки, Қозоғистон бозорларидан маҳсулотлар ҳарид килишни қулай ва афзал кўришмоқда.

Албатта айтишлари мумкин, аҳир OLX сайти борку, исталган маҳсулот топиш мумкин бўлган, дея. Афсуски, OLX сайтида экспортёрлар учун керакли маҳсулотлар ва улар учун керакли бўлган маълумотлар топилмайди. Асоссан майиший эҳтиёжлар учун мўлжалланган, кўпроқ чакана турдаги маҳсулотларни сотадиган майдонча деб қараш мумкин.

Бизга шу каби, фақат нисбатан каттароқ платформа доирсида ишлайдиган дастур зарур. Фақат у, Ўзбекистонда мавжуд ва ишлаб чиқариладиган барча турдаги маҳсулотларни ички бозорида ва ташқи бозорига экспорт қилишга мўлжалланган бўлиши керак.

Бу дастур шундай бўлиши керакки, дунёнинг исталган мамлакатидан туриб ушбу базага кириш имконияти бўлиб, ўша ердан туриб тўғридан- тўғри шартномалар тузиш мумкин бўлсин. Яъни, ўша базада сотувчи экспортёрнинг барча координаталари кўрсатилган бўлиши ва у билан бевосита хорижликлар ҳам боғланиши учун имокният бўлсин. Ёки бошқача тушунтирганда, уларнинг логистиклари ўзлари келиб, маҳсулотни ўз кўзлари билан кўриб, олиб кетадиган даражада шароитларни яратишимиз керак.

Мисол учун Малайзияликлар мендан 5 минг тонна мош сўраган. Бу эса 250 дона контейнер дегани. Тасаввур қилаяпсизми, шунча миқдордаги маҳсулот сотилганидан кейин, қанча миқдорда валюта кириб келишини?

Лекин, уларда Ўзбекистонда мош борлигини кўрсатадиган, яъни маълумот берадиган база бўлмагани туфайли, бизда бирор боғланадиган контаклар бўлмагани сабабли мош етиштирилиб, сотилишини билишмайди. Мана шу иккинчи муаммони оқибати.

Мош, ловия, фасоль каби маҳсулотларни асосан афғон савдогарлар эгаллашган. Аслида Афғонистонда катта ҳажмда бу каби махсулотларни топиш қийин. Лекин, улар ўртада туриб сотишда жуда ишбилармонлик ва устаомонлик қилишмокда.

Бизда эса шунча потенциалларимиз бўла туриб, афғонистонликлар даражасида ишбилармонлик қилолмаймиз. Бунга сабаб эса битта. Аввало бунга бизда ташқи бозорлар талабини билмаслигимиз сабаб бўлса, ундан сўнг, экин майдонларимизда ҳали хануз мажбурий буйруқбозлик бошқарув шакли сақланиб қолаётганлиги бўлса ажабланмаслик керак.

Хўп. Энди ўша керакли маҳсулотни топдик. (Маҳсулотни биз нақд пулга сотиб оламиз. Аслида бу ҳам алоҳида мулоҳаза юритиладиган муаммолардан биридир.) Топган маҳсулотимизни жойидан транспортировка қилиш билан боғлиқ муаммога дуч келамиз. Бу ерда ҳам худди иккинчи муаммодагидай холат. Яъни, транспортлар хақидаги маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги билан боғлиқ муаммо.

Амалда биз ўша топилган маҳсулотни ташиб олиб келиш учун, юк машиналар тураргоҳига борамиз (“питакка”). У ерда ҳам танлов кам бўлади. Бўлса узоғи 5-10 тача топилар. Ваҳоланки Ўзбекистонда 5 -8 минг атрофидаги миқдорда юк ташувчи автотранспорт воситалари бор дея тахмин қилинади.

Тадбиркорда ҳар доим танлов ҳилма- ҳил бўлиши керак. Шунга яраша таклиф бўлиши табиий. Бизда эса маълум бир фирмалар расман фаолият кўрсатади. Уларнинг сайтига кириб, телефони орқали улар билан боғланасиз. Булардан бошқа фирмалар кам бўлгани учун нархлари ҳам отни калласидай бўлади. Айниқса, пойтахтдан олис бўлган ҳудудларга, қишлоқ жойларига бориши учун жуда катта нархларни айтишади.

Демак, бизда тадбиркорлар учун юк жўнатувчилар, етказиб берувчиларнинг бозорлари бўлиши керак. Айнан транспортировкачилар базасининг йўқлиги бу учинчи навбатдаги муаммолардандир.

Энди, тўртинчи муммога ўтсак. Бу фураларнинг нархи билан боғлиқ муаммодир. Бугунги кунда фураларнинг 1 км учун энг паст нархи 1,5 АҚШ долларга тенг келади. Биздаги фуралар бундай нархни белгилашда, манзилга бориш билан бирга, у ердан жойига қайтиб келиш харажатини ҳам инобатга олиб ҳисоблайди.

Агар юқорида таъкидлаганимдек уларнинг умумий базаси бўлса, ёки, масалан, худди MY TAXI ёки Яндекси Такси каби форматда ишлайдиган дастур бўлса, у ҳолда ҳалиги нарх 1,5 АҚШ доллари эмас, балки тенг яримига камайиши мумкин. Чунки улар қайтиши учун ҳам буюритмани дастлабки етиб борган манзилнинг ўзидан олиш учун имоконияти бўлади.

Бизнес учун манашундай замонавий шароитларни яратиш орқали, биз логистикамизни ҳам арзонлаштиришимиз мумкин экан.

Хитойда ёки Европа мамлакатларида юк ташув хизмати шундай шаклда қурилган. Яъни, бориш ва келиш учун битта нарх белгиламайди. Фақат бир томонга нарх қўяди. Улар қайтаётганида ҳам буюритмаси бўлади.

Булар ҳам бизни экспортерлар олдида турган муаммо ҳисобланади.

Ўз навбатида эслатиб ўтишим керакки, муаммолар сифатида санаётган хар бир холатлар экспорт қилинаётган махсулот тан нархига таъсири бўлиб, уни қимматлашиб кетишини келтириб чиқаради. Бу эса, жахон бозорида бизнинг махсулотимиздан ҳам арзонрок таклифлар билан рақботлаша олмаслигимиздан дарак бериши мумкин.

Такрор айтаман экспорт учун асосийси, арзон нарх ва сифатли маҳсулот.

Бугунги юк ташувчи транспорт воситаларини харакатланиши учун албатта дизель ёқилғиси зарур бўлади. Бизда давлат курси бўйича биржадаги дизельнинг нархи 8 минг сўм (ссилка). Қўлда ёки расмий тилда айтилганда, “қора бозорда” нисбатан арзонроқ.

Ҳозирги мавжуд холатда фуралар Қозоғистондан ёқилғи бакларини тўлдириб, Ўзбекистонга олиб киришади ва хатто шундан ҳам фойда кўришади. Чунки, унинг нархи 6 минг сўмгача боради.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, гарчи “қора бозор” бўлсада, ўша дизель учун сарфланаётган пул Қозоғистонда қолиб кетаяпти, десак бўладими? Ваҳоланки, ўша дизель ёқилиғисини ўзимизда расман 5 минг сўмда қилиб нарҳ белгилаб, сотсак бўлмайдими? Масалан, “Ўзнефтегаз” каби компанияларимиз шундай нарҳни белгилаш масаласини кўриб чиқса бўладими?

Хатто мавсум бўлмаган пайтларда ўша “қора бозордаги” дизель арзонлашиб, 4 минг сўмгача тушиб кетади. Мана, айни мавсум авжига чиққан пайтда дизель ёқилғисини нарҳи 6 минг сўмга чиқиб олди. Хатто шу нарҳдан ҳам дизелни топиш муаммо.

Демак, экспортерлар олдида турган бешинчи муаммо- бу дизель ёқилғисининг Ўзбекистонда қиммат нархдалиги.

Нарҳни қимматлигини, мутасаддилар дизельни қайта ишлаб чиқилиши билан изоҳлашга уринишади. Аслида бу ҳам хақиқий сабаби эмас деб ўйлайман. Чунки, бу ерда ўзига ҳос фойда кўзланади, яъни ўша дизелни катта миқдордаги пулга сотиб олиб қўйилади ва кейин “баракатопгур” монополист шоввозларимиз ўша нархдан туширмай сотишади.

Демак, дизель нархи муаммосини қайсидир маънода монополия билан боғлаш мумкин. Бунисига ҳам кўниб, лоқал экпортерлар учун дизель нархларини ихчамлаштириш чоралари кўрилса, ушбу муаммога қисман ечим топилган бўларди.

Импортерлар барибир дизелни Қозоғистондан, Туркманистон ёки бошқа қўшни давлатлардан қуюб олишади. Улар биздан сотиб олмайди. Экспорт қилувчилар учун лоқал ўша 8 минглик дизелни борадиган манзилининг яримигача бўлган масофагача қисми учун арзонлаштирилса, бу ҳам қайсидир жиҳатдан экспорт учун ёрдам бўлар эди.

Буни, ушбу муаммони ечимига берилган битта таклиф сифатида кўриб чиқиш мумкин. Яъни, бу экспорт қилувчилар учун тан нархини арзонлаштиришга қўшимча имконият десак тўғрироқ бўлса керак.

Хуллас, биз дастлаб, экспорт қилинадиган маҳсулотни топдик, уни ташиб берадиган юк ташувчи фурани ҳам топиб ёлладик ва унга ўша маҳсулотни ортиб, эшигини тамғаладик дейлик.

Энди юкни олиб Ўзбекистондан чиқиб кетиш дарвозасига борилади.

Божхоначилар ҳам мавсум ва мавсумдан ташқари пайтларни жуда яхши билишади, лекин шунга қарамай, ҳалиги юк ортилган транспорт, масалан кундузги соат 8:00 да божхона назоратига етиб борган бўлса, шу билан эртаси куни кундузги 10-11:00 ларда божхона кўригидан ўтиб, чиқиб кетиши мумкин. Ҳар ҳолда бугунги холат шундай.

Маҳсулотни манзилиги етказиб бориш учун транспортировка қилиш муддати кўпи билан 5 кун бўлса, юк машинаси ичидаги маҳсулоти билан нақд бир суткани Ўзбекистон чегарасини ўзида йўқотади. Яъни, сифати бузилиши мумкин маҳсулот божхона назоратида камида бир сутка ушланиб қолинади.

Ваҳоланки, бизнесда суткалар эмас, соатлар эмас, ҳатто дақиқалар ҳам эмас, балки гоҳида сониялар ҳам муҳим рол ўйнайди.

Масалан, дўконларга маҳсулотни қанча эрта етказиб берилса, улар учун ҳам жуда қулай вақт ҳисобланади. Агар кечга яқин етказилса, кўпинча уни қабул қилишмайди. Чунки, кеч бўлгач, дўкон ёки базадаги ишчилар уй-уйига тарқалиб кетган пайтига тўғри келади.

Худди шунингдек куннинг ўртасида ҳам етказиб берилган маҳсулот кўпинча қабул қилинмайди. Оқибатда ҳалиги олиб борилган маҳсулотимиз яна бир кунга чўзилиб, сифат кўрсаткичлари яна пасайишига сабаб бўлади.

Айтганча, божхонага етиб боргунча энг долзарб бўлган яна битта катта ва қайси бир маънода мантиқ билан қарайдиганлар учун кулгили бўлган муаммони эътибордан четда қолдирибмиз.

Бу ҳалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотига бериладиган санитария сертификатини бериш билан боғлиқ муаммо. Бу ерда жуда ғайри оддий холатни гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Масалан, Фарғона водийсида етиштирилган маълум бир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун сертификатни Жиззахдан олишингиз керак бўлади. Кулгили-я? ))

Масалан, ҳозирда халқ учун қулай бўлган давлат хизматларини кўрсатувчи ягона дарча идоралари одамлар учун жуда кўп енгилликларни яратилишига сабаб бўлди.

Аҳир, худди шундай йўлларни жорий этиш орқали, манашу экспортерлар учун зарур бўлган сертификатни олишни ҳам енгиллаштириш мумкин эмасми? Жумладан, Европа давлатлари, Россияда арзимаган 1-2соат ичида ўшандай сертификатни олиш мумкин. Ҳатто бизга яқин қўшни бўлган Қирғизистонда ҳам бунчалик мураккаб жараён эмас.

Бизда эса шу ҳам муаммо бўлиб сақланиб турибди. Битта сертификатни олиш учун тахминан 1 млн. сўм тўловни амалга оширишингиз керак бўлади. Ваҳоланки, бу ҳам сарф харажатларга рўйхатига кириб кетади ва албатта умумий тан нархга таъсирини ўтказмай қўймайди.

Ўша сертификатни олиш учун вақт масаласи ҳам мавжуд бўлиб, уни олиш учун уч ёки тўрт кунлаб ҳам вақт сарфланади. Гоҳида ундан ҳам кўпроққа чўзилиб кетиши мумкин, яъни бир хафта, ўн кунлабгача боради.

Бу санаб ўтилган муаммо фақатгина автотраспорт билан экспорт қилишдаги дуч келинадиган муаммолар халос. Навбатдагиси эса, ҳаво транспорти ва темир йўл траспорти орқали амалга ошириладиган экспортларнинг ҳам ҳудди шу каби жараёнлар билан боғлиқ муаммолари мавжуд.

Дастлаб самолёт орқали ташиб экспорт қилишда дуч келинадиган муаммоларни батафсилроқ кўрсатиб ўтишга харакат қиламан.

Хўш самолёт билан ташишда қандай муаммолар бор? Аслида самолёт билан харажатлар унчалик қиммат бўлмаслиги керак. Хусусан, айни вақтда унинг нарҳи, бир килограмм юк учун 3.3 АҚШ долларини ташкил этади.

Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Ўзи экспорт қилинадиган маҳсулотнинг тан нархи 50 центлик бўлса, агар унинг устига яна 3,5 АҚШ доллари қўшилса, киймати 4 долларга ўзгаради. Яна 1 доллар божхона харажатлари, ортиш, тушуриш, сақлаш каби харажатлар билан қиймати 5 АҚШ долларига, аэропортдан манзилга етгунича яна 1 доллар, хорижда сервислар қимматлгини ҳам хисобга олиш керак. Хуллас, жами 5,5 – 6 долларни ташкил этди.

Мен 0,50 цент, баъзида 0,10 -0,15 цент фойда килсам, гипермаркетлар 1 доллар устига қўйишади. Демак, уни камида 7 АҚШ долларидан сотишимиз керак бўлади. Яъни, 50 цент Ўзбекистонда турган маҳсулот етиб борганда 7 АҚШ долларига айланмоқда.

Ваҳоланки, худди шу маҳсулот бошқаларда ҳам бор. Табиийки уларни маҳсулотлари бизникига нисбатан арзонроққа тушади. Айтайлик, 5 долларга сотишганда ҳам биз эмас, улар бозорни эгаллашади.

Ажаблантирадиган тарафи, аслида четга зарар билан сотиладиган автомашина корхонамизга, давлат томонидан унинг қоплаб берилади. Яна қўшимчасига уларга импорт килишлари учун ҳам ҳеч кандай божхона тўловлари мавжуд эмас.

Давлат томонидан уларга шунча кўп имтиёзлар берилсада, минг- минглаб инсонлар банд бўлган экспортерлар учун ҳеч қандай имтиёзлар бўлмаса, булар аҳир ўша корхонадан ҳам кўпрок валюта олиб келашидку?!

Гапимнинг исботи сифатида, мана бу суратга эътиборингизни қаратган бўлардим!

Ўзбек агросаноати пахтадан ташқари экспортининг 2018 йилги кўрсаткич қиймати 101 млн. долларни ташкил этган.

Энди темир йўл траспортидаги экспорт билан боғлиқ муаммони кўтарадиган бўлсак, уни Россия ва Қозоғистон темир йўл траспортировкаси билан таққослаганда, бизникига нисбатан қиммат ҳисобланади.

Нима сабабдан? Гап шундаки, бизда вагонлар етишмаслиги муаммоси мавжуд. Аксарият вагонларни биз Қозоғистондан ижарага оламиз. Ваҳоланки битта вагоннинг ижараси бир ойга 1000 долларни ташкил этади. Шу жойдан яна савол пайдо бўлади. Наҳотки бизда ўша вагонларни ишлаб чиқаришни иложиси бўлмаса?

Аҳир бизда Тошкент Механика заводларида, бир пайтлар танклар ишлаб чикарилгани каби йирик корхоналаримиз бор эмасмиди?

Битта вагон қиймати 8000$ ни ташкил этади. Ойига 1000$ ижара тўланса 8 ойда бу ўзини копламайдими? Айниқса куз ойларида вагон шунақанги катта дефицит бўладики, сабаби шу пайтда буғдойларни ташиш мавсуми бошланади.

Яъни Қозоғистондан, Россиядан буғдой юклаш бошланиб, буғдойни импорт қилувчи Хитойда вагонлар узоқ вақт туриб қолади ва бу юқорида таъкидлаганимдек, вагонларни етишмаслик муаммосини келтириб чиқаради.

Хитой хақида гап очилганда, бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, Хитойдан исталганча маҳсулот олиб чиқиш мумкин, яъни импорт қилишингизда муаммо йўқ. Лекин, Хитойга умуман экспорт маҳсулот олиб кириш мураккаб ёки кимдирлар томонидан эгалланган ёки иложи йўқ.

Ҳатто Россиянинг Владивосток шаҳрига Хитой орқали транзит йўли орқали ўтишга ҳам рухсат беришмайди. Ваҳоланки Хитойда логистика шунчалик зўр йўлга қўйилганки, Хитойнинг бир бурчагидан бизнинг Урганч шаҳрига етказиб бериш ҳозирда бир килограмига 50 центни ташкил этади. Таққослаш учун бизда бу 1 доллардан ошади.

Хулоса қилиб таъкидлаб ўтишим кераки экспортерлик соҳасида биз жуда нўноқмиз. Биз учун фақатгина Россия бозори бордай. Бошқаларига аввал бошида айтганимдай уқувсизлигимиз панд беради.

Сабзавот ва мева соҳасида экспортёрлар орасида “International food service” деган сифат сертификати юритилиб, бу халқаро мақомдаги ҳужжат ҳисобланади. Манашу сертифактга эга бўлган экспортер исталган жойга маҳсулотини сотиш имокнияти кенгайиши мумкин.

Афсуски бизда бундай сертификатни олиш йўлга қўйилмаган ёки мен билмайман. Агар олиш мумкин бўлса ҳам бу жуда мураккаб, яна бир тахмин, бизда энди иш бошлаган янги экспортчиларни сиғдиришмаслик эҳтимоли бор.

Умуман бизда аграр соҳасида шу билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд. Масалан биз Кореяга экспорт қилмоқчи бўлганимизда вазирликлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўқлигини сабаб қилиб, бизни маҳсулотни киритишмаган пайтлар бўлди.

Аграр соҳасидаги яна бир дуч келинаётган муаммо бу оҳирги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз таркибида меъёридан юқори бўлган кимёвий песицитлар мавжудлиги оқибатида бошқа мамлакатлар ичкарисига киритилмаслик холатлари ҳам учраб турибди.

 

Тarjumon.uz томонидан тайёрланди

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг