Мажбурий обуна балосидан қачон қутилар эканмиза? Ҳар куни ўнлаб шу каби хатлар оламан. «Ойлик иш ҳақимдан обунага ушлаб қолишди, шу мумкинми?» деган мазмунда. Бу хақда Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос, блогер ХушнудХудайбердийев ўзининг Телеграм каналида хабар бермоқда. Жумладан, таниқли хуқушунос, блогер қуйидагилар хақида маълумот бериб ўтган.
Мана ҳозиргина Андижон вилоятидаги тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир аёл телефон қилди. «Ёлғиз онаман, ўзим 2-гуруҳ ногирониман. Катта ўғлим ва келиним контрактда ўқийди, менинг маошим, ўғлимнинг маоши ва стипендияси ҳамда келинимнинг маошига 5 киши кун кечирамиз. Ишхонамда 2-ярим йилликнинг обунаси учун ойлигимдан пул ушлаб қолишяпти. Раҳбарларга Худони зорини қилдим, илтимос ушлаб қолманглар, 100 минг пул ҳам мен учун тиллога тенг, деб. Лекин қулоқ солишмади. Фарзандини контрактига пул ўтказаётган ходимлардан ҳеч нарса ушлаб қолинмайди, деб эшитгандим, обунага ушлаб қолишлари тўғрими?»
Бу ерда опамиз 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контракти учун ойликдан ўтказилганда даромад солиғи ушланмаслиги ҳақидаги қоидани назарда тутмоқдалар. Эътиборли томони, содда халқмизда – агар контрактга пул ўтказмаганларида обуна ҳам мажбурий, тўлашга мажбурмиз деб, индамай кетаверардилар.
Обуна мажбурий эмас!
Ҳеч ким сизнинг ойлик иш ҳақингиздан обуна учун ушлаб қолишига ҳаққи йўқ!
Фақат Сизнинг розилигингиз билангина обуна учун ушлаб қолиш мумкин. Шу сабабли, мабодо рози бўлмасангиз, бирор ҳужжатга имзо қўйманг (сабаби кўп жойларда алдаб, қўрқитиб, ялиниб имзо қўйдириб олишади).
Мени бир нарса қизиқтирадида, яқин 50-100 йилларда фақат мажбурий обунадан кун кўришга ўрганган, лекин ўзи ўқиш тугул, бошқа ишга ҳам арзимайдиган айрим газета ва журналларимиз ўз қилмишларидан уялиб, виждони қийналиб, газеталарни ўз хоҳишлари билан ёпишармикин ёки шунақа халқни пулига мазахўрак бўлиб юраверишармикин…