Афғонистоннинг Hasht e Subh Daily газетаси мамлакатнинг собиқ президенти Ашраф Ғанининг мамлакатдан қочиш тафсилотларини ёритди. Нашрнинг ёзишича, у ва унинг шериклари аввал Ўзбекистонга бориб, Термиз аэропортида бир кундан кўпроқ қолишган, сўнгра Қозоғистон авиакомпанияси самолёти билан БААга учишган.
Нашр манбасига кўра, самолёт Абу-Даби аэропортига қўнгач, у ерда «бир неча араб эркаклари» Ғанини кутиб олишган. Манба Абу-Дабида Афғонистондан келганларга Ўзбекистонда кўрсатилмаган «ҳурмат» билан муносабатда бўлишганини қайд этди.
«Ашраф Ғани аэропортни тарк этган пайтдан бери мен на уни, на бошқа амалдорларни кўрмадим», — дея таъкидлаган манба. Шунингдек, у БАА расмийлари уни ва Афғонистондан келган бошқа одамларни «бу мамлакатда қолишлари мумкин эмаслиги» тўғрисида огоҳлантирганини қўшимча қилган.