ОҒА

0
1784
Фото: e-history.kz
“Оға-ини”, “ака-ука” – маънодош сўзлар, яъни “ака” ўрнида баъзан “оға”, “ука” ўрнида “ини” деймиз. Тилимизда бу каби синоним сўзларнинг кўплиги унинг бойлигини билдиради. “Оға” ва “ини”нинг қўшилган шакли –“оғайни” (оға+ини) эса – “биродар”, “ака-укадай қадрдон” деган маънога эга.
Аммо қадим ёзувларда “ака” ёки “оға” ўрнида “АҚА” сўзига дуч келамиз. Мутахассисларга кўра, “оға” ҳам, “ака” ҳам ана шу қадимги “АҚА” га бориб тақалади.
Мана, XIV аср ёдгорлиги “Ўғузнома”дан бир мисол:
“Андин сўнг эрта бўлупта АҚАларни, ИНИларни чарлап келтурди” (Ундан сўнг, тонг отгач, акаларни ва иниларни чорлаб келтирди). Ёки XIII асрга оид уйғурча ҳужжатдан мисол: “Мен, Титсу, АҚАМ Арчуқ била айтишип…” (Мен, Титсу, АКАМ Арчуқ билан маслаҳатлашиб…).
“АҚА”нинг барча туркий тил ва лаҳжаларга мослашган шакллари бор (акка, ақға, äкä, аға, аққы, ақы ва ҳк ), шунингдек, бу сўз мўғул, тунгус-манжур тилларига ҳам ўзлашган, бу эса унинг жуда қадимий ўзакка бориб тақалишидан дарак беради. Мутахассисларга кўра, бу сўзнинг энг қадимги олтой тилларидаги шакли – “АҚҚА” бўлган (ққ → ғ), “ақ-” ўзаги қадимда “катта бўлмоқ” маъносини ҳам билдирган, деб тахмин қилинади (ЭСТЯ. I. 122).
XIII аср обидаси “Мўғулларнинг сирли тарихи”да ҳам “aqa” сўзига кўп дуч келамиз, хусусан, асарнинг 183-параграфида Чингизхоннинг укаси Қасар шундай дейди: “АҚАМнинг изини (қорасини) буткул йўқотдим” (“AQA-yan qaraǰu qara’a їnu ǰabqaba”). Бу сўзнинг ҳозирги мўғул тилидаги кўриниши эса – “ах”дир.
“Оға” ва “ини” форс тилларига ҳам ўтган. Баъзи мутахассислар уларни форс тилига ўзлашган туркий сўзлар, баъзилар эса мўғулча сўзлар сирасига киритган. Умуман, “ақа” сўзи туркий ёзма ёдгорликларида XIII асрдан бошлаб учрайди. Шу боис олмониялик олим Г.Дёрфер “ақа” сўзи мўғуллар замонида мўғул тилларидан туркий тилларга ўзлашган бўлиши мумкин, деган фикр билдирган.
Бизнингча, “оға-ини” мўғулча деган қараш тўғри эмас, чунки “оға-ини” – “катта-кичик” сингари эгизак сўзлар, яъни бири иккинчисини тақозо этади. Агар “оға” (“ақа”) мўғулча бўлса, “ини” ҳам мўғулча бўлиши керак. Аммо “ини” сўзи этимологиясини мўғул тилларидан чиқариш қийин. Қолаверса, XI аср обидаси –“Девону луғотит-турк”да Кошғарий бобомиз “ини”ни туркий сўз сифатида дарж этиб кетган. Хусусан, “Девон”нинг I томида бу сўз шундай изоҳланган: “iнi – ини, кичик биродар, ука” (ДЛТ. Т.1960.119).
“Этимологический словарь тюркских языков” луғатида “ини” қадимги туркийдаги “туғ(ил)моқ” маъносидаги “ин” ўзагидан ҳосил бўлган, деган фикрга кўпроқ мойиллик билдирилган (ЭСТЯ. I.362). Биз эса ушбу ўринда “ин”нинг – “қуйи тушмоқ” (“инмоқ”) маъносини “ини” сўзининг ўзаги сифатида тадқиқ этиб кўрмоқчимиз.
“Девону луғотит-турк”нинг III томида: “iн – қуйилик” деб изоҳланган (ДЛТ. III.Т.1963.9). Яна “Девон”дан мисол: “тағдїн iнiлди – тоғдан қуйи тушилди”(ДЛТ.II.Т.1961.149). Яъни, “ини” (ука) ва “ин” (қуйи) ҳам шакл, ҳам семантик жиҳатдан яқин.
Модомики, “ини” – “қуйи” маъносидаги “ин”дан ҳосил бўлган, десак, “оға” (“ақа”) мантиқан “ин”га зид, яъни антоним бўлган ўзакдан ясалган бўлиши керак. Ҳозирги тилимизда “инмоқ”нинг зидди – “кўтарилмоқ” (тоғдан иниш-тоққа кўтарилиш). Аммо қадимги туркийда “кўтарилмоқ” феъли ўрнида “а:ғмақ” феъли ишлатилган. Хусусан, “Девону луғотит-турк”да “а:ғмақ” феълига шундай изоҳ берилади: “а:ғди – чиқди, кўтарилди: ол тағқа а:ғди – у тоққа кўтарилди” (ДЛТ.1960.I.184). Демак, қадимда “iн” ўзаги “қуйи” бўлса, “а:ғ” ўзаги – “юқори” маъносини билдирган.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам бу сўзларга кўп дуч келамиз. Хусусан, бир ўринда шундай дейилади:
“Ағышқа иниш-ул әðизкә батығ”, –
Маъноси: “Кўтарилишнинг иниши (бор), баландликнинг пастлиги” (ҚБ.Т.1971.214).
“А:ғ” ўзагидан ясалган яна бир сўз – “ағїр”– “ҳурматлаш, улуғ, қимматбаҳо” каби маъноларни билдирган. “Қутадғу билиг”дан бир мисол: “Сөзи бирлә йаңлуқ АҒЇР қилди өз”, – маъноси: “Сўзи билан инсон ўзини УЛУҒ қилди” (ҚБ.Т.1971.92). Ёки мазкур асарнинг бошқа ўрнида: “АҒЇРЛАДИ ҳажиб орун бэрди төр”, – яъни, “Ҳожиб (уни) ҲУРМАТЛАДИ ва тўрдан ўрин берди”, – дейилади (ҚБ.Т.1971.142).
“Ағїрлїқ – ҳурматлик” (ДЛТ.I.137), “ағїрлїғ эр – ҳурматли, севимли киши” (ДЛТ.I.163). Хуллас, қадимги “а:ғ” архетипи – ҳурматлилик, баландлик, юксаклик, улуғлик каби маъноларни қамраб олган. Ҳозир ҳам “оғир” сўзини – “босиқ, вазмин, сипо” маъноларида қўллаймиз.
Бизнингча, “Этимологический словарь тюркских языков” луғатида “аққа”нинг ўзаги сифатида келтирилган “ақ” ва “а:ғ” битта нарса, фақат шу ўзак атрофида пайдо бўлган сўзлар баъзи лаҳжаларда “қ”, баъзиларида “ғ” орқали талаффуз қилинган.
Ҳозирда “оға” ва “ака” маънодош, ҳатто, юқорида келтирилганидек, улар бир сўз – “ақа”дан ўсиб чиққан деб биламиз. Аммо бу сўзларнинг баъзи ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Айтайлик, “оға” сўзи ўтмишда кўпроқ мансаб, лавозим маъносида қўлланган: Хоразмда “эшик оғабошиси” – сарой мулозими, Усмонли давлатида “оға” – йеничерилар бошлиғи, ҳарам оғаси – ҳарам қўриқчиси ва ҳоказо.
Қадимда уйғур хонадонларида кекса аёлга нисбатан – “оғача” дейилганлиги, яъни “оға”нинг аёлларга нисбатан ҳам ишлатилганлиги унинг қадимийлигидан дарак беради. Шунингдек, қадимда “ипак кийимлик, хазина” маъносида – “ағи”, “хазиначи” маъносида – “ағичи” сўзлари қўлланган. Бу сўзлар ҳам “а:ғ” ўзагига шакл ва семантик жиҳатидан яқин.
“Ака” эса негадир лавозим, мансаб маъносида эмас, кўпроқ қариндошлик, ҳурматлаш атамаси сифатида ишлатилади, бу эса унинг “оға” билан бир ўзакка бориб тақалишини ҳам бироз шубҳа остига қўяди. “Ака”га антоним сифатида ҳар доим – “ука”ни (камдан-кам ҳолларда – “ини”ни) қўллаймиз.
“Ука”нинг қадимги туркий тилдаги шакли “öке” бўлган (ЭСТЯ.I.519) ва у ҳам қиз, ҳам ўғил болага нисбатан ишлатилган. Бу нарса ҳозир ҳам сақланиб қолган: кичик ёшларда қиз болага нисбатан ҳам “ука” дейилади (мисол: “укангга қара” – “синглингга қара” эмас, фақат каттароқ ёшдан “сингил” ишлатила бошлайди). Бу сўз мўғул тилларига ҳам “öкin” шаклида ўзлашган бўлиб (ҳозирги мўғулчада – “охин”), фақат “қиз” маъносига эга.
“Мўғулларнинг сирли тарихи”да ҳам “öкin” сўзига кўп дуч келамиз, хусусан, 146-параграфда: “Sorqan-šїra-yїn ÖКIN bї Qada’an närätäi”, яъни “Мен Сорқан Ширанинг Қадаъан исмли ҚИЗИман”, – дейилади.
Туркий тилларда “ука” асосан ўғил бола, эркак кишига нисбатан ишлатилади, аммо қиз болага нисбатан ҳам қўлланиши, яъни ҳам музаккар, ҳам муаннас маънога эгалиги, унинг қадимийлигини билдиради. Мўғул тилларига эса бу сўз фақат “қиз” маъносида ўтган.
“Ака” сўзига оид шу пайтгача ҳали бирор бир тилшунос эътибор қаратмаган яна бир далил бор. Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк”да: “öкäläдi” сўзини ҳам келтиради ва: “ака деб юритди”, – деб изоҳлайди. “Девон”да бу сўз шаклан “ака”дан кўра “ука”га яқинроқ (اُكالادى) ёзилган, аммо XI аср ёдгорлигида “акаламоқ” маъносидаги сўз “қ” товуши эмас, “к” орқали ёзилган.
Мана ўша сўзга келтирилган мисол: “ол анї öкäläдi – у уни ака, яъни юрт каттаси деб юритди (öкäläр,öкäläмäк)” (ДТЛ.I.302). Шунингдек, “Девон”да: “ӭкäläдi – опа деб юритди”, “аналадї – оналади, она деди” (ўша бет), каби сўзлар ҳам келтирилган.
“Девон”да “акаламоқ” феълининг келтирилиши эса XIII аср ёдгорликларида ўчрайдиган “ақа”дан ҳам олдин “ака” маъносидаги “öкä” шакли бўлганлигидан далолат беради.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг