«Нотўғри қадамларингиз учун бошқаларни қурбон қилманг…»

0
1915
Foto: sharkiatoday.com

Бир куни марказимизга тўйи бўлганига атиги икки ой бўлган жуфтлик келиб, ажрашмоқчи эканликларини айтишди.

Келин бўлмиш нигоҳини ердан узмайди, ёнида турган эрининг гапларини на тасдиқлайди, на инкор қилмоқда. Ажрашиш сабабиниям куёв баён қилди: келишиша олмаётган эканлар, характерлари тўғри келмапти…

Ойдек қизнинг нимаси маъқул бўлмапти, ҳайронмиз… Қарасак, иккови ёнма-ён турганда бу суҳбатдан бир фойда чиқиши даргумон.

Охири келин билан ҳам, куёв билан ҳам алоҳида-алоҳида гаплашиб олишга қарор қилдик. Шундан кейин бошланди қизнинг устига мағзава ағдариш.

Бир сўз билан айтганда йигит қизнинг мутлақо ёқмаганини, луғатида мавжуд барча сўзлар билан тушунтирди: дидсиз эмиш, эпсиз эмиш, кўнгил олишни билмасмиш ва яна бир қарашда арзимас, лекин икки ёшни қурилган оила қўрғонини бузишга қадар олиб келган сабаблар…

Сўнг қиз билан суҳбатлашдик. Ҳеч нима демади, ҳисоб. Аввалига йиғлади, кейин ҳеч кимга даъвоси йўқлигини айтди. Билдимки, қиз бечоранинг аҳволи унчаям яхши эмас – сиқилиб, тамом бўлган.

Раҳмим келди, ҳам айб унда эканига ишонолмадим. Ҳамкасблар билан келишиб тиббий текширув ташкил қилдик. Шунда нима бўлди, биласизми? Қиз бокира чиқди… Тўйига икки ой бўлган келин бокира экан…

Энг аввал келинга қарадик – қанақасига деб?.. Сукунат, йиғи… Хуллас, маълум бўлишича йигит қиз шўрлик билан фақат номини оқлаш учун турмуш қурган экан… Нақадар пасткашлик!

Ҳа, беш қўл баравар эмас – ҳаммаям инсон номига муносибмас. Ўз камчиликларини ё гуноҳларини бировнинг умри эвазига беркитишга интилганлар қанча! Одамзод табиатан худбин, лекин ўз гуноҳини бировга юклаш учун, ўзи ёниши лозим оловда бошқасини ёқиш учун қанчалик худбин бўлиш керак? Ҳайронман…

Бу келин-куёвлар ташрифидан сўнг анча вақт олдинги бошқа бир воқеа эсимга тушди:

Маҳалладош ўртоғим бўларди. Ўртаҳол оила… Дадаси йиллардир ишламас, оила онасининг фаррошлик қилиб топадиган пули ҳисобига яшарди.

Фарзандлар улғайгач, онанинг қанотига киришди. Бир йили ёзда тўйга тайёргарлик бошланиб кетди – ўртоғим совчи орқали танишган қизини ёқтириб, ўшанга уйланадиган бўлди.

Тўй ортиқча дабдаба билан ўтди – дўстим унча- мунча қарзга ҳам ботди. Лекин, бу турмуш уч ой давом этди, холос. Қиз кетиб қолди. Ўртоғимни чиндан кўнгли тушган экан – қайтаришга кўп уринди.

Орқаваротдан қиз, мавжуд жами айбловни йигитга ағдарибди. Қўполмиш, характерлари турлимиш, уни урганмиш, юпун кийимларда ярим кечаси кўчага ҳайдаганмиш… Йигит ҳайрон, лом-лим деёлмайди… Мен ўртоғимни биламан – у бунақа нарсага қодир боламас.

Кейинроқ, бошқа гап эшитдик: келин бўлмиш тўйга қадар оилали бир эркак билан гап-сўз бўлган экан… Ажрашиш даъвоси қувватлантирилганда қиз бир марта бўлмасин ўртоғимни ўзига яқинлаштирмагани аён бўлди…

Хулласи, у ҳам номардларча ўз гуноҳини ўртоғимнинг қалбида тузатиб бўлмас яралар қолдириш билан беркитмоқчи бўлди…

Одамлар ҳар хил. Хато қилиш табиатимизда бор – билиб, ё билмай қанчадан қанча тиканларни босган чиқармиз, ажаб?!

Аммо, бир нарсани унутмаслик керак: адолатнинг ҳукмидан қочиб қутулиб бўлмайди, ҳеч кимнинг қилмиши бадалсиз бўлмаган. Ҳамма охир-оқибат экканини ўради – ҳеч ким истисно эмас, ҳатто биз ҳам.

Ўртоғим анча вақт ўзига келолмаганди ўшанда. Аммо, вақт ўтиб ҳаммаси жойига тушиб кетди. Яна уйланди, бу сафар солиҳа турмуш ўртоқ учради, минг шукр.

Ҳозир учта шириндан- шакар фарзанднинг отаси. У қиз эса… у қиз дўстим билан ажрашгач яна икки марта турмуш қуриб, бахтини тополмапти. Уйига қайтиб келгач келинойилари ота уйига сиғдиришмаган. Хуллас, ижара уйга чиқиб кетиб, жуда хору -зорликда яшаётган эмиш…

Гуноҳларимизга бугун жавоб бермадик дегани, эртага ҳам жавоб билан юзма- юз келмаймиз дегани эмас. Ҳар қилмишимизга жазо муқаррардир.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг