Непалда кучли ёмғирлардан кейин юзага келган сув тошқинлари ва ер кўчиши оқибатида 23 киши ҳалок бўлди ҳамда минглаб одамлар эвакуация қилинди, дея хабар берди расмийлар 11 июль куни.
Непал пойтахти Катмандудан 200 километр узоқликда жойлашган Мягди туманида 9 киши вафот этган ва яна 30 киши қидирилмоқда. Шунингдек, бир қанча уйлар вайронага айланган.
“Қурбонлар сони яна кўпайиши кутилмоқда. Чунки, қутқарувчилар чекка ҳудудларга яқинда етиб бордилар ва қурбонларни изламоқдалар” дейди Мягди тумани раҳбари Гян Натҳ Дакал. У яна 50 киши вертолётлар ёрдамида хавфсиз жойга олиб келинганини ҳам маълум қилди.
Мягдига қўшни Каски туманида эса 7 киши ушбу табиий офат қурбонига айланган, яна 7 киши ғарбий ҳудуд бўлган Жажаркот туманида ҳалок бўлган.
“Биз яна 8 кишини қидирмоқдамиз” дейди полиция ходими Кишоре Шрестҳа.
Кўп ҳудуди тоғлардан ташкил топган Непалда июн ва сентябр ойлари оралиғида муссон ёмғирлари мавсуми бўлади.Бу мамлакатда йилнинг ушбу даврида ер кўчкилари ҳамда даҳшатли сув тошқинларининг юзага келиши одатий ҳолдир.