Нега Си Цзиньпин Хитойни социализм томон етакламоқда?

0
564
Фото: Getty Images

Ўн йиллар давомида Хитойдаги ҳаёт унинг ўзига хос капитализми атрофида ўзгаришларга учраб келди.

Расман «коммунист» давлат бўлса ҳам, ҳукумат шоли орқасидан курмак ҳам сув ичар қабилидаги иқтисодга ишониб, яъни айрим одамлар ўта даражада бойишига йўқ қўйилса, жамиятни раис Маонинг Маданий инқилоби сабабли юзага келган ботқоқликдан тезроқ олиб чиқиб кетиш мумкинлигига ишониб йўл тутди.

Бу йўл маълум даражада ишлади. Ўрта қатлам вужудга келди ва натижада жамиятнинг деярли барча қатламларининг ҳаёт даражаси яхшиланди.

1970 йиллардаги турғунлик давридан сўнг Хитой юқори суръатда ривожлана бошлади ва ҳозир глобал иқтисодий қудрат учун АҚШ билан беллашмоқда.

Аммо бу жамиятда даромадлар ўртасида жарликни пайдо қилди.

Буни керак вақтда тўғри жойда бўлиб қолганларнинг фарзандларида кўриш мумкин.

1980 йилларда фабрикаларни ўз қўлига олган ота оналар катта фойда кўрган эди ва уларнинг фарзандлари бугун шаҳарларда кўзни қамаштирадиган спорт автомашиналарида уй сотиб ололармиканман деб ўтирган қурилиш ишчилари олдидан катта тезликда ўтиб кетмоқда.

Партия учун доим вазиятдан чиқишда фойдаланиладиган ибора бор – «Хитойга хос».

«Хитойга хос» социализм тушунчаси асли социалистик бўлмаган йўллар билан ҳам жамиятни бошқаришда ҳукуматга мафкуравий эркинлик берарди.

Бош Котиб Си Цзиньпин бу тахлит давом этиш мумкин эмас деган қарорга келган кўринади.

An elderly woman pushes a cart after searching through rubbish bins to collect recyclable items to sell, along a street near the Great Hall of the People in Beijing.
Сурат манбаси, Getty Images. Тизим коммунистик эканига қарамасдан, Хитой бой ва камбағаллари ўртасидаги фарқ жуда катта

Унинг раҳбарлигида Хитой ҳукумати Коммунистик партияни муайян даражада коммунист қилиш учун ҳаракатни бошлади.

Янги ибора пайдо бўлди – «умумхалқ фаровонлиги».

У ҳали кўчадаги пропаганда плакатларида пайдо бўлганича йўқ, аммо шундай бўлишига кўп қолмаган бўлса керак.

Бу ҳозир Хитой етакчиси қилаётган ишларнинг муҳим хусусиятидир.

Кундалик ҳаётдаги таъқиб

Бу шиор остида бойларнинг солиқдан қочишини таъқиб қилиш кўпроқ маъно касб этади, ҳаммага тенг таълим имконияти яратиш учун хусусий таълимни тақиқлаш каби. Мамлакат технология гигантларининг таъқиб қилиниши ана шу режанинг бир қисмидир.

Хўш, Си Цзиньпин коммунистик лойиҳанинг бу ғоясига чиндан ишонадими? 100 фоиз аниқ айтиш қийин, аммо айрим кузатувчилар шунга ўхшаяпти дейди.

Performers in the costume of emergency workers surround a large Communist Party flag during a mass gala marking the 100th anniversary of the Communist Party on June 28, 2021.
Сурат манбаси, Getty Images. Хитой бу йил Коммунистик партия ташкил этилганининг 100 йиллигини нишонлайди

Солиштириш учун, ўтмишда аксар партия расмийларида бунақа туюлмаган.

Коммунистик йўлнинг бойликни қайта тақсимлаш жиҳатидан ташқари, жаноб Си яна бу партияни кундалик ҳаётга қайтариш мақсадга эришишнинг энг реалистик йўли эканига ишонадиган кўринмоқда.

Болалар дангаса бўлиб, ёшлигини видео ўйинлар ўйнаб ўтказиш билан совурмоқдами? Партия ёрдамга келади: кунига уч соатдан ортиқ ўйнашни тақиқлаш.

Ўсмирлар онгини аҳмоқона ва бутга сиғинтирувчи телевизор заҳарламоқдами? Партия ёрдамга келади: «қизларга ўхшаш» ўғил болаларга ТВ дастурларини тақиқлаш.

Демографик вақт бомбаси чиқилламоқда. Яна партия ёрдамга келади: Ҳаммага уч бола сиёсати.

Футбол, кино, мусиқа, фалсафа, чақалоқлар, тил, фан… Партия ҳаммасига жавоб беради.

Отасининг эътиқодига қарши

Си Цзиньпинни нима етакчига айлантирганини тушуниш учун унинг ижтимоий келиб чиқишига қараш керак.

Унинг отаси Си Чжунсюнь коммунистик партиянинг уруш қаҳрамони бўлган, мўътадил сифатида танилган, Мао даврида қамоққа олинган.

Ўша вақтда жаноб Сининг онаси унинг отасига қарши кўрсатма беришга мажбурланган. Отаси 1978 йили расман оқлангач, у Гуандун вилоятида иқтисодий эркинлик учун курашган, хабарларга кўра, Хитойнинг энг тараққийпарвар етакчиларидан бўлмиш Ҳу Яобанни ҳимоя қилган.

Жаноб Сининг отаси коммунист мутаассиблар томонидан таъқиб қилингани ва ислоҳотларга мойил бўлганини назарда тутсак, кўпчилик нега Си Цзиньпин партияни ўз отасининг эътиқодига тескари томонга қараб бошлаб кетаётгани ҳақида сўрамоқда.

Бунинг бир қанча эҳтимолий сабаблари бор.

Эҳтимол у шунчаки отасининг айрим сиёсий масалалардаги тутган йўлини қабул қилмаётгандир.

Chinese President and Chairman of the Communist Party Xi Jinping appears on a large screen as performers dance during a mass gala marking the 100th anniversary of the Communist Party on 28 June 2021.
Сурат манбаси, Getty Images. Хитой компартияси 100 йиллига бағишлаб ўтказиладиган тадбирларда Си Цзиньпин катта экранлардан кўринади

Ёки, балки Хитой лидерининг режаси отасиникидан фарқли приоритетларга қаратилган бўлса ҳам, Мао даври сиёсатига қайтмас. Жуда бўлмаганда қасддан қилмас.

Аммо бу ҳали ҳам жуда эътиборли кўринади.

Отаси қамоққа олинганда, Си Цзиньпин 15 яшар бўлган ва далада ишлаб, ғор уйда яшаган.

Ана шу нотинч даврлар уни тоблаган, сиёсатдан нафратланувчи, муросасиз бир одамга айлантиргандир.

Хитойни кузатиб борувчи айримлар жаноб Си фақат қаттиққўл етакчигина Хитойнинг яна 1960 ва 70 йилларга қайтиши олдини олишига ишонса керак деб ҳисоблайди.

Ҳозир қоидалар ўзгаргани у ўзи истаганча ҳокимиятда қолиши мумкинлигини ёддан чиқарманг.

Бу тахминларнинг барига асос шуки, у ўзи чиқарган қарорларни изоҳлаганини бирор марта эшитмаганмиз. Хитой етакчилари ҳатто давлатга қарашли итоаткор медиага ҳам интервью бермайди.

Жаноб Си телевизорда кўрсатишлари учун қишлоқларга боради. Қишлоқ аҳли шод-хуррамликда уни қарши олади, унинг деҳқончилик бобидаги маслаҳатларини тинглайди, сўнг у жўнаб кетади.

Шу боис келгусида яна қанақа янги қоидалар жорий қилиниши иқтисодий чекловлар ва йўриқномалар қабул қилиниши ва бу қанча давом этишини аввалдан башорат қилиш ниҳоятда қийин.

Кейинги вақтларда бирор ҳафта ўтмадики, Хитойнинг у ёки бу тизими бошқарувига катта ўзгаришлар киритилмаган бўлсин.

Очиғи, кузатиб боришнинг ўзи жуда қийин. Бу ўзгаришларнинг кўпи кутилмаганда юз бермоқда.

Бу ерда гап давлатнинг ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларини назорат қилишидаги муаммолар ҳақида эмас. Нима энг самарали эканини муҳокама қилиш иқтисодчилар иши. Муаммо номуайянликдадир.

Ким сармоя бўйича жиддий қарорлар қила олади агар бир ойдан кейин қандай ўзгариш бўлишини аввалдан билмаса?

Айримлар бу жараённи «улғаяётган» мамлакатда кечадиган табиий бир ҳодиса сифатида кўрмоқда. Аввал назоратсиз бўлган соҳаларни назоратга олиш зарурати пайдо бўлиб қолмоқда.

Агар чиндан шундай бўлса, бундай «шок» тактикаси вақтинча ҳолат бўлиб, янги қоидалар аниқ бўлгач, ҳаммаси жойига тушиши мумкин.

Аммо бу ўзгаришларнинг миқёси не қадар бўлиши мутлақо аниқ эмас.

Шуниси аниқки, партия назоратни заррача бўшаштирмаётган бир вақтда ҳар қандай ўзгариш жаноб Сининг «умумхалқ фаровонлиги» концепцияси орқали кўрилиши керак. Ё машинага чиқиб оласиз ё у сизни босиб ўтиб кетади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг