Навоий тили ўзбек тилига яқинми, уйғур тилигами?

0
1951

Навоийнинг келиб чиқиши ҳақидаги постимдан кейин шахсийга бу масалада турфа саволлар келиб тушди. Кўпгина мурожаатчилар Навоийнинг уйғур маданиятига алоқадорлиги ҳақида ҳеч нарса билмаслиги мени бироз ажаблантирди. Шу боис бу нарсага бироз батафсил тўхталмоқчиман.

Навоий ижоди ўзбек ва уйғур маданиятларининг умумий мероси ҳисобланади. Ўз навбатида, бу икки тил ўртасидаги муносабат Америка инглизчаси билан Британия инглизчаси ўртасидаги муносабатга ўхшайди, яъни ўзбек ва уйғур тили ўртасидаги фарқ асосан қандайдир фонетик силжишлар, кичик луғавий тафовутлардан иборат.

Умуман олганда, ўзбек ва уйғур тиллари бир-бири учун тушунарли ҳамда бир тилнинг икки шеваси ёхуд икки ёзма варианти сифатида кўрилиши мумкин (Эрон форсчаси, тожикча ва Афғонистондаги дарий (форсийи кобулий) бир тилнинг уч варианти сифатида кўрилганидай). Ўзбек тили айрим Ғарб олимлари томонидан ҳатто ғарбий уйғур тили деб ҳам аталади.

Ўзбек ва уйғур тиллари ўртасидаги сиёсий ва этник тафовутлар XVI–XIX асрларда юзага келган. Бу икки тил учун асос бўлиб хизмат қилган хоқония туркчаси XI асрда Қорахонийлар давлатида шаклланган. Қорахонийлар давлати бугунги Уйғуристон ва Ўзбекистон ҳудудларини эгалларди. Чиғатой улуси ҳам айнан шу географик чегараларга ўрнашган эди.

Айнан шу туфайли бу ҳудудда битта-ягона тил истеъмолда бўлган. Чиғатой улуси иккига бўлинганидан сўнг ўртада сиёсий девор пайдо бўлиб, тиллар бир-бирида узоқлаша борди, турли шевалар аралашуви рўй берди. Аммо адабий тил 100 фоиз бир хиллигича қолди. Совет даврида шевалар асосида ҳар бир тил учун янги адабий меъёрлар ишлаб чиқилганига қарамай, улар орасидаги фарқ 2-3 фоиздан ошмайди.

Шундай экан, менга охирги кунларда кўп берилган савол — “Навоий тили уйғур тилига яқин бўлганми, ўзбек тилига?” унча ўринли эмас. Негаки бу икки тил (тўғрироғи, уларнинг аждоди) XI–XV асрларда айнан бир хил бўлган. Бир сўз билан айтганда, Навоий даврида ҳали алоҳида ўзбек ва уйғур тиллари йўқ эди, ягона чиғатой тили бор эди.

Саволни бошқачароқ қўйиш мумкин — икки тилнинг бугунги шаклидан келиб чиқадиган бўлсак, уларнинг қайси бири Навоий давридаги тилга яқинроқ? Бу масалада бир нарса дейиш мумкин.

Чиғатой тилида сингармонизм — унли товушлар уйғунлиги ҳодисаси бор эди. Бундан ташқари, бугунги ўзбек тилидаги “о” товуш ҳам йўқ эди — у XVII–XVIII асрларда юзага келган. Яъни, Навоий биз ўқиб ўрганиб қолганимиздай “Чекдим йўлида интизор” дея олмасди; бу жумлани “Чектим йолында интизар” деб ўқиш тўғрироқ бўлади.

Бу ҳозирги форслашган ўзбек адабий тилидан кўра сингармонизмни сақлаб қолган уйғур тили талаффузига яқинроқдир. Шу билан бирга, Навоий ҳеч қачон Уйғуристонда бўлмаган. Бундан хулоса қиламизки, ўша пайтда Мовароуннаҳрда тарқалган тил фонетикаси кўпроқ ҳозирги уйғур тилига яқин бўлган. Кейинги асрларда маҳаллий шевалар форс тили таъсирида жиддий ўзгаришларга учраган — сингармонизм йўқолган, “о” товуши пайдо бўлган ва ҳоказо.

Элдар Асанов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг