Истанбулда Хитойдан қочиб чиққан уйғурларнинг бир неча тил мактаблари очилди.
Ўзга юртда бўлишларига қарамай ота-оналар фарзандларининг уйғур ўзлигини сақлаб қолишларини исташади.
Шкур Аблиз каби болалар Қуръони Каримни ўраганишмоқда. Ўқитувчи уларга бир қанча арабча шеърларни ўргатиб, сўнгра ундаги янги сўзларни ва уйғурчадаги маъносини тушунтираяпти.
Шкур уйғурча миллий рамз ва “булак” сўзи тасвирланган қора рангли дўппида мактабга боради. Ота-онаси, акаси билан Хитойдан чиқиб кетишганда 3 ёшда бўлган Шкур ҳозир 8 ёшда. Қуръон ва уйғур тилларини ўрганиш учун Истанбулдаги Тенгури тил марказига қатнайди.
“Биз шунингдек уйғур урф-одат ва анъаналари: катталарга ҳурмат, Исломий байрамлар, кишилар билан саломлашишни ўрганамиз “-дейди кундузи турк мактабида ўқийдиган Шкур.
Унинг онаси Ася Аблиз ўғлининг бошқа юртда катта бўлаётганига қарамай, унинг уйғур ўзлигини сақлаб қолишини жудаям хоҳлайди.
“Мен фарзандларимни асл уйғур бўлиб етишишларини, уйғур тилини билишларини истайман. Чунки, Шарқий Туркистон (Xinjiang Uygur Ávtonom viloyati)да бу тил таъқиқланган. Бизнинг ягона умидимиз Хитойдан ташқаридаги уйғур диаспорасидан”- дейди Ася.
Бу оила, Хитойдаги нефтга бой, асосан мусулмон уйғурлар яшайдиган Қорамой (Karamay) шаҳридан кўчиб келган.
Улар беш йил аввал маҳаллий полиция янги пасспорт учун пора сўрашгандан кейин, Ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Ҳозирда Истанбулнинг Европа қисмида, асосан ишчилар яшайдиган Зейтинбурну маҳалласида яшашади. Бу маҳаллада улардан ташқари Хитойдан қочиб кетган кўплаб уйғурлар бўлиб, барчаси ўзларининг янги ҳаётларини бошлашган.
Уйғурларнинг эмиграцияси бир неча ўн йиллар олдин бошланган бўлиб, бугунги кунда Туркиянинг Истанбул ва Кайсери шаҳарларида бир қанча уйғур маҳаллаларини учратиш мумкин. Уларнинг туркий тилда гаплашиши, ёзувининг араб имлосида эканлиги, шунингдек, урф-одат ва анъаналарнинг ўхшаш эканлиги маҳаллий шароитга тез мослашишларига ёрдам беряпти.
Бироқ, сўнгги йилларда Хитой ҳукумати томонидан Шинжон (Xianjing)да олиб борилаётган тилни таъқиқлаш, маҳаллий аҳоли устидан назоратнинг кучайтирилиши ва мусулмон уйғурларнинг оммавий ҳибсга олиниши сиёсати ҳудуддаги ва бутун дунёдаги уйғур тили ва маданиятига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус гуруҳининг августда эълон қилган маълумотларига кўра, 1 млн. этник уйғур ва бошқа мусулмонлар махсус ёпиқ лагерда қолмоқда. Улар устида сиёсий-идеологик тозалов ишлари олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, расмий Пекин бу ишларни Хитойда кўпчиликни ташкил этувчи этник Ханлар билан ўзаро жиддий низоларга эга ва минтақада беқарорлик келтириб чиқариши мумкин бўлган диний экстеремизм билан боғламоқда.
Католик тадқиқот гуруҳининг ўтган пайшанба куни эълон қилган ҳисоботида дунёнинг бешдан бир қисмида эътиқод эркинлиги хавф остида эканлиги айтилади. Бу ҳолат, айниқса, Хитой ва Ҳиндистонда ёмонлашгани кузатилган.
“Яқин-яқингача уйғур тилининг жиддий хавф остида эканлигига ишонмасдим. Чунки, Шарқий Туркистонда уйғур тилида сўзлашувчи миллионлаб кишилар бор ва улар аҳолининг кўпчилик қисмини ташкил қилади,”-дейди Сассекс(Sussex) Университети илмий ходими, антропология фанлари доктори Жеймс Макмюррей(James McMurray).
Ҳозирда бу жараён юзасидан олдиндан бирон гап айтиш қийин, чунки бу каби ҳолат замонавий Хитой тарихида ҳали кузатилмаган. Лекин, уйғур тили ва маданияти кучли сиқувга олинган бундай шароитда яқин келажакда уйғур жамиятини йўқолиш хавфи мавжудлигини тасаввур қилиш қийин эмас”.
Охирги икки йил мобайнида Истанбулда бир қанча уйғур тил марказлари очилди ва улар ананъалар давомийлигини сақлашга ҳаракат қилишмоқда.
Уйғур Илм Маркет Вақфи мактабида машғулотлар тонгги 6:30 да бошланади. Ота-оналари Хитойда қолган болалар эса Истанбул яқинидаги Селимпошо мавзесида ўқишлари мумкин.
Мактаб директори Абдулғани Кутубининг сўзларига кўра, ўтган йили 40 чоғли етимлар учун зудлик билан мактаб қуришга тўғри келган. Мактабнинг қурилиши ҳамон давом этмоқда, якуни борасида эса бирон нарса дейиш қийин.
“Биз болаларни 6 ёшдан бошлаб мактабга қабул қиламиз ва вояга етгунларича тарбиялаймиз. Шу йўл билан уларни ўз она тилларини унутиб юбормасликларини умид қиламиз,”-дейди Кутуби.
Тенгури каби мактаблар ўзларининг уйғур тилидаги китобларини чиқаришаган. Бу мактаб Зейтинбурнуда жийлашган бўлиб, 2017 йил сентябрида фаолиятини бошлаган. Аввалбошда шанба ва якшанба кунлари 30 ўқувчини жамлаган мазкур мактаб ота-оналарнинг талабларига кўра тез ривожланди.
Шкур, Тенгурига ҳафтасига беш марта ва шанба куни эрталаб боради. Дарслардан сўнг эса уйга, Play Station ўйнагани шошади. Онасининг айтишича, Шкур хитой тилини деярли эсидан чиқарган. Хитойдан чиқиб кетаётганларида ўсмир ёшида бўлган акаси эса аксинча, хитой тилида ўйлайди ва фақат хитойча фильмларни томоша қилади. Бунинг сабабини эса мактабдаги дарслар фақат хитой тилида ўтилганидан деб ҳисоблайди.
Ася эмиграциянинг ижобий тарафлари ҳам бор деб ҳисоблайди: “Кўчиб кетишимиздан олдин турмуш ўртоғим билан кўп ўйлардик. Агар бу ерда (Шинжон) қоладиган бўлсак фарзандларимиз уйғур ўзликни унутиб хитойликка ўхшаб қолишидан хавотирланардик”.
“Биз Туркиядамиз, лекин турмуш тарзимиз аввалгидек – уйғурлардек. Бир куни албатта Ватанимга Туркиядаги ҳамма дўстларим билан қайтаман ва хитойликлар билан тинч-тотув яшашимизга ишонаман”- дейди Шкур.