Мазкур рейтингда Малайзия ва Индонезия пешқадамлардан саналади. Айни вақтда дунёда мусулмон сайёҳлар сони ортиб бораётгани ҳисобга олинса, ушбу баҳонинг аҳамияти ортиб боради, назаримда.
Қайд этиш керакки, Сингапурдаги “CrescentRating” агентлиги жаҳон ҳалол туризм бозорида йирик экспертлардан бўлиб, 2015 йилдан бошлаб “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингини эълон қилиб келмоқда.
Мазкур рейтингга 130 та мамлакат аъзо бўлиб, 40 дан ортиқ мезонларда мусулмон сайёҳлар учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади. Унга кўра, юртимиз жорий йилда “Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси”да 22-ўринни эгаллаган. Бу ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқорилади дегани.
Хўп, бу рейтингда юқорилаб борсак, биз нимага эришамиз?
– Ушбу рейтинг маҳсулотларга эмас, хизматларга қаратилган бўлади, –дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Саидкомил Холхўжаев. – Қибла кўрсатгичи борми, таҳорат олишга қулайми, намоз ўқишга шароит борми шу каби мезонлар инобатга олинади.
Ундан ихтиёрий тарзда сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, аэропортлар, вокзаллар, савдо-кўнгилочар масканлари фойдаланиши мумкин. Рейтинг ҳар йили янгиланиб боради. Қайси мамлакатда унга эга ошхона, сайёҳлик ташкилотлари сони ошиб борса, рейтинг босқичи ҳам юқорилайди.
Ундан фойдаланишда истаган туристик ташкилотлар мусулмон меҳмондўстлиги соҳасида бир қанча имтиёзларга эга бўлади. Жумладан, “CrescentRating” агентлиги туристик ташкилот ходимларига бепул малака ошириш курслари, “ҳалол туризм” йўналишидаги сертификатланган курсларга чегирмалар беради. Шунингдек, туристик хизматларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, маҳаллий бозорда мусулмон меҳмондўстлиги талабларга жавоб берадиган ташкилот сифатида сайёҳларни жалб қилиш орқали даромадини ошириш каби имкониятлар тақдим этилади.
Энди келаётган мусулмон сайёҳ мазкур рейтингни бизда мавжуд ёки йўқлигини қандай билади, десангиз, аввало бунинг учун тегишли ташкилотга ёрлиқ берилади. Ўзининг сайти ёки бошқа ижтимоий тармоқларга эълон қилиш учун. Энг муҳими эса, дунёдаги мусулмон сайёҳлар учун махсус интернет портал мавжуд. Унда энг қулай давлатлар ва уларнинг хизмат кўрсатиш объектлари ҳақида барча маълумотлар эълон қилиб борилади.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА