Муқаддас  китоблар  ҳақида нималарни  биламиз?

0
779
Фото коллаж

Китоблар жуда узоқ йиллардирки маълумот сақлаш ва уни тарқатишда етакчи бўлган. Йиллар ўтиб мутолаа учун замонавий усуллар пайдо бўлганига  қарамай, барибир кўпчилик китоб орқали маълумот олмоқда, билимларни ўзлаштирмоқда. Шундай буюк китоблар борки, улар миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзи, дунёга бўлган қараш ва фикрлашини ўзгартириб юборган. Инсониятни эзгуликка бошлаган. Бугун ана шундай китоблардан саналган – Қуръони карим ва зардуштийликнинг муқаддас китоби Авестонинг пайдо бўлиши, тарқалиши ҳамда мазмуни ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Суҳбатдошимиз самарқандлик Янгибой Мелибоев 63 ёшда. Икки йилдирки, кўнглига Қуръонни ўрганиш иштиёқи тушган. Ўшандан бери беш маҳал намоз ўқиш ва Қуръони Каримни мутолаа қилиш билан банд.

–Мен 40 йилдан ошиқ вақтдан буён ҳайдовчилик билан шуғулланаман. Тўғрисини айтсам, илгарилари дин ҳақида билимларим юзаки бўлиб, кўпинча “Оллоҳ қалбингда бўлса бўлди-да” деган фикрда яшаган эканман, –дейди Я. Мелибоев. – Аммо ҳаётда бировнинг ҳақига хиёнат қилмасдан, ҳалол меҳнат қилиб, аёлим билан биргаликда 4 нафар фарзандимизни боқиб тарбияладик, барчасини уйли-жойли қилдик. Кутилмаганда ҳаётимда бўлган оддий воқеа менга катта таъсир қилди.

Бир куни ўзимнинг шахсий юк автомашинамда Самарқанд – Тошкент  йўналишида ҳайдовчи танишим билан иккимиз юк ортиб йўлга чиқдик. Ҳамкасбим билан катта юкни бўлишиб ортганимиз ва борадиган манзимилимиз бир бўлгани боис  олдинма-кетин юрдик. Тўхтамоқчи бўлсак телефонда бир-биримиз билан хабарлашиб, биргаликда тўхтадик, биргаликда тушлик қилдик. Тушликдан сўнг ҳамроҳим пешин намозини ўқиб олайин деб ўша ошхонадаги бўш хоналардан бирига кирди. Мен унинг чиқишини кутиб турдим. Ўшанда ҳамроҳимнинг ихлосига, кўпинча вақти йўлда ўтишига қарамай беш маҳал намоз ўқишни канда қилмаслигига ҳавас қилдим ва ўзимда ҳам узоқ йиллардан буён юрагимда яшириниб ётган орзу – намоз ўқиш ва Қуръон китоб мазмуни билан танишиш истаги пайдо бўлди. Тўғрисини айтсам, ўшанда астойдил буларни ўрганишга аҳд қиларканман, кўнглим ҳам ёришганини,  руҳиятимда енгиллик бўлганини сездим.

Баъзида йўлга юк олиб кетардим, баъзида юк ортишга мижоз бўлмаган пайтлари уйда, оилам бағрида бўлардим. Шундай кунларда Қуръони Каримнинг ўзбекча маънолар таржимасини ўқишни бошладим. Намоз ўқиш учун суръаларни ёдладим. Бундан оиламдагилар – аёлим ва айниқса фарзандларим хурсанд бўлишди. Мен икки ойлардан сўнг бутунлай намоз ўқиш пайтида айтиладиган барча суръа ва саловатларни ёдлаб, қоғозга ёки китобга қарамасдан намоз ўқийдиган бўлдим. Ибодат сўнгида пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ва уларнинг саҳобалари, азиз авлиёлар, шу қаторида, ўтиб кетган яқинларим ва ота-онамнинг руҳи покларига тиловат қилардим. Бу амаллар одамга қанчалик ички хотиржамлик беришини тасаввур қилиш қийин. Мен олдингидан анча ўзгарган эдим. Қуръони Карим китоби таржимасини мутолаа қилиш орқали эса Исломни, унда одамларга айтмоқчи бўлган сўзларни, оддий ҳаёт тарзимизнинг тартибларини чуқурроқ тушуна бошладим. Кечроқ бўлса-да, Оллоҳ қалбимни очгани учун шукрона айтаман. Барча юртдошларимга  шундай ички хотиржамлик насиб этишини тилайман. Инсон неча ёш бўлишидан қатъий назар, ўрганишдан тўхтамаслиги керак, деб ҳисоблайман.

Фото: Зебо НАМОЗОВА
Фото: Зебо НАМОЗОВА

Келинг, энди Янгибой амаки каби минглаб, миллионлаб  инсонларни ўзгартирган, ҳаётида эзгулик саҳифасини очган Қуръон китобининг пайдо бўлиши ва мазмуни ҳақида гапириб бериши учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий тадқиқотчиси  Лутфулло Абдулқодировга мурожаат қилсак.

–Лутфулло ака, Қуръони каримнинг нозил бўлиши, унинг мазмуни ҳақида маълумот берсангиз.

–Қуръон (арабча – “ўқимоқ”, “қироат қилмоқ” деган маъноларни англатади) – мусулмонларнинг муқаддас китобидир. Ислом дини эътиқодига кўра, Қуръон ваҳий орқали Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарга 610 – 632 йиллар давомида фаришта Жаброил (а.с.) орқали нозил қилинган Аллоҳнинг каломидир. Қуръон Карим номлари бир нечта бўлиб, улар Қуръони Каримда зикр қилинган.Шулардан, «Китоб» (ёзув), «Фурқон» (ҳақ билан ботилнинг орасини айирувчи), «Зикр» (эслатма), «Танзил» (нозил қилинган), «Нур» (ёруғлик), «Ҳуда» (ҳидоят), «Муборак» (баракотли), «Мубин» (очиқ-равшан), «Бушро» (хушхабар), «Азиз» (эъзозланувчи), «Мажид» (улуғ), «Башир» (башорат берувчи), «Назир» (огоҳлантирувчи) каби номлар билан сифатланган. Ислом оламида Қуръон мусҳаф номи билан ҳам машҳур. Уламолар Қуръоннинг 30 га яқин ном ва сифатларини санаб ўтганлар.

Ислом тарихига оид манбаларда келтирилишича, Қуръонни Каримнинг нозил бўлиши миллодий 610 йилда бошланган. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар 40 ёшда Макка шаҳри яқинидаги Ҳиро ғорида чуқур тафаккурга берилиб ўтирган бир пайтда Жаброил фаришта «Иқраъ» деб бошланувчи «Алақ» сурасининг аввалги 5 та оятини олиб келган. Бу жараён Маккада 13 йил, Мадинада 10 йил, ҳаммаси бўлиб 23 йил давом этган. Ислом ақидасига кўра, имом Суютий ўзининг “Итқон” китобларида Абдуллоҳ ибн Аббосдан қуйидаги ривоятни келтирадилар; Қуръон ер осмонидаги “Байтул ъизза”га бир тушишликда нозил бўлди. Ва фаришта Жаброил (а.с.) уни Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарга бўлиб бўлиб олиб келди. Бу ривоят имом Табаронийдан ривоят қилинган. Ибн Аби Шайбадан қилинган бошқа бир ривоятга кўра, Қуръони Карим рамазон ойининг муборак Қадр кечасида бир йўла тўлалигича нозир бўлган. Фаришта Жаброил (а.с.) уни Байтул ъиззадан секин секинлик билан Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарга олиб келган.Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, Рамазон ойининг қадр кечасини 26 дан 27 да ўтар кечаси деб эътироф этишган.

Қуръон сура ва оятларининг нозил бўлиш тартиби воқеаларнинг ривожига қараб давом этган. Илк ислом даврида нозил бўлган суралар, асосан, Аллоҳнинг ягоналиги, борлиқнинг мутлақ илоҳи, дунёдаги барча нарсалар унинг борлигидан дарак берувчи далил экани, ислом таълимотида белгиланган ақидавий тушунчалар – фаришталар, пайғамбарлар, муқаддас китоблар, охират, жаннат ва дўзахнинг ҳақлиги тўғрисида эди. Шунингдек, ўтмишда ўтган пайғамбарларнинг қавмлари билан бўлган қиссалари ҳам баён қилинган. Пайғамбар ва мусулмонларга оғир келган Макка даврида сабр-бардошга чақирувчи, дин йўлида чекилган машаққатлар учун улуғ ажру мукофотлар борлиги ҳақидаги оятлар нозил этилган бўлса, мусулмонлар жамоаси шаклланган Мадина даврига диний маросим ва ижтимоий муносабатларни тартибга солишга бағишланган оятлар тўғри келади. Пайғамбаримизга диний масалалар бўйича берилган саволларга у ваҳий орқали нозил қилинган оятлар билан жавоб берган.

–Қуръон сураларининг Макка ва Мадина сураларига ажратилиши замирида жой билан боғлиқ сабабдан ташқари яна қандай фарқ бор?

–Ҳа, албатта бунинг ўзига яраша фарқи бор. Аввало Қуръоннинг бўлимлари ҳақида айтиб ўтсак. Қуръон 114 сура, 6236 оятдан иборат. Ҳар бир сура оятларга бўлинган бўлиб, уларнинг ўз номи бор. Оятлар эса тартиб рақами билан берилган. Сураларнинг номлари унинг бошида келган сўздан олинган ёки зикри кўпроқ келган нарсалар, воқеалар ёҳуд асосий қаҳрамон номи билан аталган. Кейинчалик ўқиш ва ёдлаш осон бўлиши учун Ироқ ҳокими Ҳажжож ибн Юсуф (ҳукмронлик йиллари 694 – 714) унинг кўрсатмасига биноан Қуръони Каримни ўқишни осонлаштириш учун унга ҳаракат қўйилган. Қуръонда биринчи келган «Фотиҳа» сурасидан кейинги суралар катта, ўртача ва кичик суралар тартибида жойлашган. 2-«Бақара» сураси 286 оятдан, энг қисқа «Кавсар» сураси 3 оятдан иборат. Энг қисқа оятлар «Тоҳо» ва «Ёсин», энг узун оят «Бақара» сурасининг 282-оятидир. Суралар нозил бўлиш вақти ва жойига кўра 2 га: ҳижратдан олдин нозил бўлган суралар – «Макка суралари» (610 – 622 й. лар, 90 сура) ва ҳижратдан кейин нозил бўлган суралар –«Мадина суралари» (622-й. дан, 24 сура) га ажратилади.

Қуръонда инсониятнинг этник бўлиниши, ижтимоий табақаланиши, айирмачилик, миллатчилик инкор этилади. Аллоҳ наздида барча тенгдир. Инсонлар Аллоҳ томонидан миллати, насаби, бойлиги, имтиёзи ва бошқа жиҳатларига қараб эмас, балки, уларнинг иймони, эътиқоди, тақвоси, қалби ва қилган яхши ёки ёмон амалларига қараб ҳукм қилинадилар.

Диний эътиқодда мустаҳкам туриш, яхшилик, эзгулик, савоб ишлар, меҳр-шафқат, мискин ва муҳтожларга ёрдам бериш, инсонпарварликни улуғлаш барча илоҳий китоблар каби Қуръоннинг мазмуни-моҳиятини белгилайди. Шариатда бу каби сифатларга эга бўлган инсонни тақводор дейилади.Унда текинхўрлик, бировлар ҳақини ейиш, бошқалар ҳисобига яшаш, порахўрлик, ишёқмаслик, жабр-зулм, ўғрилик, қотиллик, дилозорлик, фитначилик, кибру ҳаво қораланади. Барча халқлар бир ота-онанинг авлоди экани эслатилади.

Уламолар Қуръон оятларини Аллоҳнинг амрлари ва наҳийилар (яъни мўмин бандаларга буюрганлари ва қилманглар деб қайтарганлари), мукофот ёки жазо (яъни бандаларга дунё ва охиратда савоб амаллари учун яхшилик берурман дея қилган ваъдалари-ю, дунё ҳамда охиратда гуноҳ ишлари учун азоблайман деб қўрқитишлари), аввал ўтган умматлар, пайғамбарларнинг тарихлари, ҳалол-ҳаром нарсалар, банда қилиши керак бўлган дуолар каби қисмларга бўладилар.

–Қуръони Каримни энг қадимги қоғозга кўчирилган нусҳалари ҳозирда сақланиб қолганми? Агар сақланиб қолан бўлса улар қаерда?

–Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлик чоғида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон ёзма равишда жамлаб борилган. Бироқ китоб шаклига келтирилмаган. Пайғамбарнинг вафотидан кейин Қуръон кишиларнинг хотирасида ва ёзган нарсаларида қолди. Биринчи халифа Абу Бакр даврида хурубу ридда (яъни диндан қайтганлар)га қарши олиб борилган урушларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар ҳалок бўлиб, Қуръоннинг келажак авлодга сақланмай йўқолиб кетиш хавфи туғилган пайтда Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга Қуръонни китоб ҳолига келтириб, жамлаб қўйиш зарурлигини маслаҳат беради. Абу Бакр бу ишни амалга оширишни Пайғамбар билан кўп вақт бирга юрган саҳоба, Қуръонни энг яхши ёд олган Зайд ибн Собитга топширди. Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб вабошқалар  Қуръони каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу ишнинг ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбардан тинглаганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилди. Улар масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан 1 йилдан ортиқ вақтда Қуръон саҳифаларини жамладилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Шундай қилиб, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб, Абу Бакрнинг уйига қўйдилар. У оламдан ўтгандан кейин саҳифалар Умарнинг уйида, у кишидан сўнг эса, қизи – Пайғамбарнинг хотини Ҳафса бинти Умар ҳузурида қолди.

Кейинчалик нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Пировардида ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида «бу нусха Усмон мусҳафига мувофиқдир», деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Қуръон ҳарфларини ёзиш услуби бир хиллиги ҳам сақлаб қолинди. Қуръон ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган мақсадда уламолар мусҳаф ичига ҳатто гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса, шубҳа пайдо бўлиши мумкин, деб фатво чиқардилар. Қуръонни нуқталашни Абул Асвад Дуалий амалга оширди. У нуқта аломатларини ҳарфларнинг усти, ости ва ўртасига қўйиб чиқди.

Қуръоннинг ҳар бир нусхаси мусулмонлар томонидан эъзозланади. Аммо уларнинг ичида Усмон мусҳафи деб халққга танилган нусхасининг алоҳида ўрни бор. Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг махсус ҳужрасида сақланаётган Усмон мусҳафи номи билан танилган Қуръони Карим бевосита халифа Усмон даврида (644—656) ёзилган муқаддас қўлёзма деб ҳисобланади.

–Юртимизда Қуръони карим таржимаси ва унга ёзилган шарҳларга ҳам тўхталсангиз…

–Шу кунга қадар Қуръони Каримни турли тиллардаги 1700 га яқин тафсирлари мавжуд. Жумладан, юртимизда оммалашган тафсирлардан марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бир неча жилддан иборат «Тафсири ҳилол» номли асари (Тошкент, 1992 – 2005), шайх Абдулазиз Мансурнинг «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири» (Тошкент, 2004) ўзбек тилида чоп этилган. Марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратнинг бир неча жилдан иборат бўлган “Тафсири ирфон” китоби, марҳум шайх Алоуддин Мансурнинг Қурълни Карим таржимаси китоблари мавжуд. Қуръон Каримнинг  1000 дан ортиқ тиллардатаржимаси қилинган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Алоуддин Мансурнинг «Қуръони карим»нинг ўзбекча изоҳли таржимаси (Тошкент, 1991), Абдулазиз Мансурнинг «Қуръони карим маъноларининг таржимаси» (Тошкент, 2001), Муталлиб Усмон ва б. нинг «Қуръони карим. Таржимаваилмий-тарихийизоҳлар» (1-китоб, Тошкент, 2004) китобларичопэтилди. Шунингдек, кўзи ожизлар учун Қуръоннинг бўртма ҳарфлар (брайлёзуви)да алоҳида 8 жилдли китоби  ҳам нашр   қилинган. (2004).

Сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан аждодларимизнинг бой маънавий ва илмий меросларини чуқур ўрганишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Аждодларимиз томонидан Қуръони Каримга ёзилинган араб тилидаги тафсир китоблари ўзбек тилига таржима қилиниб, ёш авлодга ислом дини асли тинчликпарварлик, инсонийлик ва бунёдкорлик ғояларининг тарғиботчиси эканлиги уқтирилмоқда. Бу каби натижаларга эришишнинг шунчаки ўзи бўлаётгани йўқ. Чунки, бу ишларни бажариш энг аввало катта маблағ ва вақт талаб этади. Куни кеча Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ диний-маърифий соҳа раҳбарлари ва уломоларимиз иштирокида Ислом цивилизация марказининг бунёд этилиши жараёнлари билан танишув вақтида уломоларимизга қарата  бир сўз айтдилар:

“Биз қураётган бу муқаддас даргоҳ, биздан кейинги минг йиллар давомида авлодларимизга хизмат қилиши керак. Бунинг учун биз шунга муносиб иш қилишимиз шарт”. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси, Имом Мотурудий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий каби илмий тадқиқот марказларининг фаолият юритаётганлиги, уларнинг ҳар томонлама турли лойиҳалар билан қўллаб-қувватланаётганлиги бу бевосита давлатимиз томонидан диний маърифий соҳага назарий жиҳатдангина эмас, амалда ҳам катта эътибор қаратилаётганлигининг натижасидир.

Муқаддас диний китоблар ҳақида тўхталар эканмиз, Ўрта Осиёда бундан уч минг йил аввал  зардуштийликнинг бош китоби – Авесто ҳам кенг тарқалганини яхши биламиз. Эътиборга молик томони шундаки, ҳали ҳануз олимлар ва журналистлар ўз чиқишларида тарихга мурожаат қилиб Авестода айтилган эзгулик ғоялари ҳақида гапириб ўтишади. Демак, шунинг ўзи ҳам мазкур китобнинг нақадар қимматли манбаа бўлганини исботлайди. Шу боис биз  айнан Авесто китоби ҳақида батафсил гапириб беришлари учун Халқаро ислом академияси  доценти(в.б.)Раъно Ўразовага мурожаат қилдик.

–Раъно опа, аввало зардуштийлик дини ва у тарқалган давр хусусида ҳам озина гапириб ўтсангиз…

–Зардуштийлик  пайдо бўлган давр, милоддан аввалги II минг йиллик охири ва I минг йилликнинг бошлари, яъни бундан уч минг йилга яқин қадимиятдир. Бу бронза ва темир асри оралиғида, илк ҳудудий воҳа давлатчилик уюшмалари даври эди. Ўз замони тақозосига кўра зардуштийлик муайян ижтимоий муносабатларнинг маънавий, ҳуқуқий, ахлоқий-фалсафий асосларини ўзида мужассам этган.

Зардуштийлик дастлаб маздопарастлик номи билан аталиб, қадим Турон ва Эрон халқларининг дини, улар учун илоҳиёт бешиги ҳисобланган. Лекин бу таълимотни тўлиқ фалсафий қарашлар мажмуи деб қараш нотўғри бўлади. Шунга қарамай, худди бошқа динлар каби зардуштийликда ҳам баъзи метафизик, ибтидоий фалсафий қарашлар мавжуд.

Марказий Осиё халқларининг жаҳонда кенг эътироф этилган бой маънавий меросининг энг юксак намунаси – Авеста жаҳон цивилизациясига салмоқли таъсир кўрсатган, умуминсоний қадрият даражасига кўтарилган буюк асардир. Зардуштийликнинг муқаддас китоби сифатида деярли уч минг йил муқаддам ёзилган Авеста халқимизнинг исломгача бўлган маънавий маданиятини ўрганиш учун бебаҳо манба ҳисобланади.

–Китобнинг асосий ғояси нима ва у тарих учун яна қандай аҳамиятга эга?

–Авеста китоби мифологик қатламлари эзгулик ва ёвузлик кучлари ўртасидаги қарама-қаршиликнинг албатта эзгулик ғалабаси билан тугаши каби оптимистик руҳ билан суғорилган. Айни мана шу ҳол нафақат зардуштийлик диний тизимини, балки мифологик қатламлар орқали рамзий умумлашмаларга айланган аҳлоқий-фалсафий дунёни ҳам қарама-қарши қутбга, яъни яхшилик ва ёмонлик  тимсолларига   ажратган[1].

Авеста – Турон, Хуросон, Озарбайжон, Ироқ, Эрон, Кичик Осиё ҳалқларининг милоддан олдинги қадимий даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам ва одам тўғрисидаги тасаввур, урф-одат ва маънавий қадриятлари ҳақида маълумот берувчи асосий манба ҳисобланади. Зардуштнинг ўлимидан кейин китоб ҳолида жамланган ва Авеста – «Ўрнатилган, қатъий қилиб белгиланган қонун-қоидалар» деб ном олган.

У мил.ав. 7- 6 асрларда ҳозирги Ўзбекистонда Хоразм вилояти ҳудудида яратилган. Бу китоб тарихий воқеаларни ўзида акс эттиргани учун миллий ғояларни асраб авайлаш, халқни жипслаштириш, уни маънавий юксакликка даъват этиш, одамлар ўртасида меҳр оқибат туйғуларини мустаҳкамлаш ва миллий анъаналарни сақлаб қолишда катта аҳамият касб этган. Зардуштийлик динининг асосий ақидаларини ўзида мужассам этган бу китобда ўша даврдаги устувор ғоялар, маъбудлар шаънига айтилган мадҳиялар, дуолар ҳам ўз ифодасини топган.

Айтиш керакки, Авеста фақат диний ибодат, урф-одатлар баёни эмас, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик қарашлар ифодаси ҳамдир. Китоб ҳолига келтирилган Авестанинг Зардушт давридаги дастлабки нусҳаси 12 минг қорамол терисига 30 мирза томонидан 3 йилда олтин ҳарфлар билан ёзилгани маълум. Бу – ўша даврда коллиграфия, китобни безаш, турли нақш ва расмлар чизиш санъати, мутоала маданияти жуда юқори бўлганидан далолат беради.

–Китобнинг 12 минг қорамол терисига ёзилгани ҳақида ўқиганмиз. Унинг авлодларга етиб келиши босқичлари қандай кечган?

–Бу қадимий ёзма манба бизгача тўлиқ ҳолда етиб келмаган. Авеста ҳақида Абу Райҳон Беруний (ваф. 1048 й.) шундай ёзади: “Йилнома китобларида бундай дейилган: подшоҳ Доро ибн Доро хазинасида (Абистонинг) 12 минг қорамол терисига тилло билан битилган бир нусхаси бор эди. Искандар оташхоналарни вайрон қилиб, уларда хизмат этувчиларни ўлдирган вақтда уни куйдириб юборди. Шунинг учун ўша вақтда Абистонинг бешдан учи йўқолиб кетди”.

Авестанинг Александр Македонский томонидан Юнонистонга олиб кетилгани, зарур жойларини таржима эттириб, қолганини куйдиртириб юборгани, 12 минг қорамол терисидаги тилло матн ҳақида (ат-Табарийда – 12000 пергамент) кейинги даврларда яратилган зардуштийлик адабиётида («Бундаҳишн», «Шаҳриҳои Эрон», «Динкард»; IX аср, «Арда Вираф-намак»; IX аср, «Тансар хатлари», ал-Масъудийнинг «Муруж аз-заҳаб», «Форснома» ва бошқаларда) маълумотлар бор. Бу асарларда юнонлар оташхоналарни вайрон қилганлари, ибодатхоналар бойликларини талон-тарож этганлари, дин арбобларини ўлдириб, асир олиб кетганликлари ҳақида ёзилади. Ҳозир бизгача етиб келган Авеста, Берунийнинг ёзишича, аслининг бешдан икки қисми холос. У «Авеста 30 «наск» эди, мажусийлар (зардуштийлар) қўлида 12 наск чамаси қолди» деб  ёзган.

Даставвал (мил.I ёки II асрларида), Аршакийлар даврида Авеста қисмларини тўплаш бошланган. Кейинчалик  Сосоний  Ардашер  Попакон (227-243) даврида, айниқса, Шопур (243-273) даврида астрология, табобат, риёзиёт ва фалсафага оид қисмлари ёзиб олиниб, ҳамма қисмлари тартибга келтирилган, сўнг бу асосий матн тўлдириб борилган. Авестанинг ана шу тўлдирилган нусхасининг икки тўлиқ қўл ёзмаси Ҳиндистонда сақланади – бири Мумбайда зардуштийларнинг маданий маркази бўлмиш Кома номидаги институтда, иккинчиси – Калькуттадаги давлат  кутубхонасида.

–Авестада Зардуштнинг юрти ҳақида маълумот учрайдими?

–Ҳа, албатта Авестанинг энг қадимий қисмларида Зардушт туғилган ва ўз фаолиятини бошлаган юрт ҳақида маълумот бор. Унда айтилишича, “бу мамлакатнинг кўп сонли лашкарларини ботир саркардалар бошқарадилар, баланд тоғлари бор, яйлов ва сувлари билан гўзал, чорвачилик учун барча нарса муҳайё, сувга мўл, чуқур кўллари, кенг қирғоқли ва кема юрар дарёлари ўз тўлқинларини Иската (Скифия), Паурута, Моуру (Марв), Харайва (Арея), Гава (суғдлар яшайдиган юрт), Хваразм (Хоразм) мамлакатлари томон элтувчи дарёлари бор”.

Шубҳасиз, “кенг қирғоқли, кема юрар дарёлар” бу Амударё ва Сирдарё бўлиб, Авеста тасвирлаган мазкур шаҳарлар Ўрта Осиё шаҳарларининг бу икки дарё қирғоқларида жойлашганларидир.

Шунга асосланиб, биз Зардуштнинг ватани, зардуштийликнинг илк макони ва Авестанинг келиб чиқиш жойи деб – Хоразм, тарқалиш йўналиши деб – Хоразм-Марғиёна-Бақтрияни айта оламиз.

Авестанинг таркибий қисмлари.Авестанинг сақланиб қолган тўртта китобидан биринчисининг номи «Видевдот» (ви-даеводатам – «Девларга қарши қонун») деб аталади. Ушбу китоб Авестанинг сақланиб қолган китоблари орасида энг мукаммали ҳисобланади. У йигирма икки боб бўлиб, боблари фрагард деб номланган.

Иккинчи китоб «Ясна» деб аталиб, Авестанинг эътиборли бўлими саналади. Ясна – яз ўзагидан  бўлиб, «сажда, топинч, намоз» маъноларини ифодалайди. Ясна 72 бобдан иборат бўлган. Учинчи  китоб  «Виспарад» деб  номланган. У 24 бобдан ташкил топган ва ҳар бир боб алоҳида карде деб  аталиб, маъбудлар шаънига ўқилган дуолар ва ибодат устида уларга мурожаатлар ҳамда оламни билишга  доир панд-насиҳатлардан  иборатдир.

Тўртинчи китоб «Яшт» (гимн) деб аталади. У Авестанинг энг қадимий қатлами бўлиб, 22 бобдан иборат. Ҳар  бир боб Аҳура-Маздадан  бошлаб, у яратган ва унинг маълум вазифаларини бажарувчи маъбудлар шаънига айтилган мадҳиялардан   иборат.

–Раъно опа, юртимизда тарихимизнинг бир бўлаги бўлган Авестани ўрганиш бўйича қандай ишлар амалга оширилган?

1998 йилнинг июнь ойида Биринчи Президент Ислом Каримов бир гуруҳ тарихчи олимлар ва ижодий интеллигенция вакиллари билан учрашганда Авеста китоби ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. 2000 йил 29 мартда Вазирлар Маҳкамасининг Авеста яратилганининг 2700 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги 110-сонли қарори қабул қилинди[2]. Энг муҳими, 2001 йил ноябрь ойида ЮНЕСКО иштирокида Авестага бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди[3].

2000 йилда Ўзбекистон Республикаси ФА Тарих институтида тайёрланган “Қадимги ёзма ёдгорликлар” номли жамоавий монографиянинг 1-қисмида академик А.П.Қаюмов илк маротаба “Хурдак Авеста”нинг ўзбек тилига таржимасини эълон қилди [4]. 2001 йилда Авестанинг 2700 йиллиги юбилейи арафасида Асқар Маҳкамнинг форсчадан таржимасида “Авесто” китоби ҳамда М.М.Исҳоқов таржимасида “Авеста. Яшт китоби” каби нашрлар юзага чиққани муҳим маданий-тарихий ҳодисага айланди [5].

Ўзбек авесташунослигида 2007 йилда чоп этилган “Видевдот” наскининг изоҳли илмий таржимаси ҳам бир муҳим воқеа бўлди. Бу таржима ифода равонлиги, услуб жиҳатдан ўзбеконалиги билан аҳамиятлидир[6]. Авеста ва ўзбек халқи урф-одатларида зардуштийлик реликтлари А. Ашировнинг “Ўзбек халқининг қадимги эътиқод ва маросимлари” номли монографиясида акс этган [7]. Файласуф Г.Махмудова Авеста фалсафаси бўйича илмий изланишларни амалга оширди.[8]Шулар қаторида каминанинг ҳам 2013 йилда “Зардуштийликдаги маъбудаларнинг тарихий-ижтимоий таҳлили”[9]  монографиямиз  чоп этилган.

Бугунги кунда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Авеста боғи мавжуд. Шу билан бирга Зардуштийлик дини тарихини акс эттирувчи музей ҳам фаолият юритмоқда.

Суръатда Раъно Ўразова Хоразмдаги Авесто китобига қўйилган рамзий монумент олдида.

Зебо НАМОЗОВА тайёрлади

2022 йил 22 март

 

[1]Маҳмудов Т. Авестоҳақида. – Т.: Шарқ, 2000. – 64 б.

[2]www.fikr.uz.

[3]Ўзбекистонмиллийэнциклопедияси: Т.1: А-Бешбалиқ. – Т.: Давлатилмийнашриёти, 2000. – Б.65.

[4]Қаюмов А.П. Хурдо Авеста // Қадимийёзмаёдгорликлар. –Т.: Ёзувчи, 2000. –Б.3-4.

[5]Авесто. Тарихий-адабийёдгорлик. / АсқарМаҳкамтаржимаси. – Т.: Шарқ, 2001. -384 б. Авесто: Яшткитоби. / М.Исҳоқовтаржимаси.–Т.: Шарқ, 2001. -126 б.

[6] Авеста: Видевдоткитоби. / М.Исҳоқовтаржимаси. –Т.:ТДШИнашриёт–босмахонабўлими, 2007. – 96 б.

[7]Аширов А. Ўзбекхалқинингэътиқодвамаросимлари. –Т.: Алишер НавоийномлиЎзбекистонМиллийкутубхонасинашриёти, 2007.- 274 б.

[8]Махмудова Г.Т. Философская сущность Авесты. – Т.: Изд. журнала “Санъат”, 2010. – 255  с.

[9]Уразова Р.Т. Зардуштийликдаги маъбудаларнинг тарихий-ижтимоий таҳлили. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2013. – 146 б.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг