Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон

0
790
Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юртимиздан етишиб чиқиб, жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш, уларнинг номларини халқ орасида оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда фаолият олиб бораётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари каби муассасалар ушбу вазифани амалга оширишда муҳим ўрин тутиб келмоқда.

Хусусан, буюк мутафаккир аждодимиз, мутакаллим олим Имом Абу Мансур Мотуридий ҳамда у асос солган таълимотни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуидаги II халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Ўзбекистон қадимдан жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига ўз асарлари, яратган умрбоқий таълимотлари, инсоният тараққиёти учун хизмат қилувчи эзгу ғоялари ҳамда кашфиётлари билан бебаҳо ҳисса қўшган алломалар замини бўлиб келган. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Абул Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Мансур Мотуридий каби алломалар бугунги кунда жаҳон илмий жамоатчилигининг катта қизиқиши ва эътиборига сазовор бўлмоқда.

Ушбу алломалар қаторида калом ва ақида илмининг буюк намояндаси, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларининг қарийб ярми эътиқод қиладиган мотуридийлик таълимоти асосчиси ҳисобланган мутакаллим олим Абу Мансур Мотуридийнинг номи алоҳида аҳамиятга эга. У яратган эътиқодий тизим ислом динига ёт бўлган турли оқимлар ғояларига нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар бериш орқали мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ўта муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда алломанинг илмий меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири саналади.

Мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар, Салжуқ университети Имом Мотуридий тадқиқотлари маркази, ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси каби хорижий илмий муассасалар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида II халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.

Халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъати аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этди.

Шунингдек, симпозиумда Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар ҳам иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Салжуқ университети Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Режеб Тузжу, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Дин ишлари бўйича қўмита раисиининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов табрик сўзлари билан иштирок этиб, анжуман ишига муваффақият тилашди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Конференция “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти: мотуридийлик намояндалари ва асарлари”, “Мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар”, “Глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти. Замонавий исломшунослик тадқиқотлари” каби шўъба йиғилишларига бўлинди.

Ўзбекистон қадимдан илм-фан ривожи ҳамда инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутган эзгу таълимотлар, умрбоқий таълимотларни яратган олимлар юрти ҳисобланиб келинган, — дейди Туркия Республикаси Салжуқ университети Имом Мотуридий тадқиқот маркази директори доктор, профессор Режеб Тузжу. — Хусусан, Самарқанд уламоларининг илмий-маънавий мероси бугунги кунда айрим ихтилофли ақидавий масалаларни ҳал қилишда амалий аҳамиятга эга экани ҳеч кимга сир эмас. Шу муносабат билан, бугун Имом Мотуридий марказида ташкил қилинган симпозиум ушбу мамлакатдан етишиб чиққан олимларнинг меросини қайта жонлантиришга хизмат қилади деб умид қиламан.

Симпозиум давомида иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти: мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, симпозиумда олимлар мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди. Хусусан, бугунги кундаги долзарб ақидавий масалаларга ечим топишда мотуридийлик таълимотининг ўрни ва аҳамияти, ушбу таълимотнинг мўътадиллиги иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур симпозиум иши доирасида Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларининг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Симпозиумда қатнашган халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан иштирокчиларнинг маърузалари ҳамда бошқа илмий натижалар алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мотуридийлик таълимотини жаҳонга танитиш ҳамда ислом оламида мўътадил таълимотни халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг