Мисрликлар турли хил хурмоларга янги номлар бериш билан машҳурдирлар. Ўтган икки йилда «Ливерпуль»да ўйновчи мисрлик футбол юлдузи Муҳаммад Салоҳ шарафига шу номдаги хурмолар пайдо бўлганди.
Бу йил ҳам хурмоларга ном бериш анъанаси бузилмади. Ҳозирда Мисрдаги бозорда бир килограмм «Корона» хурмосини 25 Миср фунтидан (1,58 доллар) сотиб олиш мумкин.
“Биз ҳар йили хурмоларга ҳар хил янги номларни беришга одатланиб қолганмиз. Бу номлар одатда замонавий бўлади. Бир йили мисрлик собиқ супер юлдуз Муҳаммад Абутрика номидаги ҳурмо ҳамманинг эътибор марказида эди. Абутрика хурмолари энг қиммат хурмо бўлган. Бошқа йилларда мисрлик актёр Муҳаммад Рамазон номли хурмо машҳур бўлган. Поп юлдузи Шакира номи берилгани ҳам бор эди”, – деди Моқаттам шаҳридаги улгуржи бозорда фаолият олиб борувчи савдогар Аҳмад Амин.
«Корона» хурмоларини сотаётганларига қарамай, бозордаги савдогарлар «Орамизда Корона йўқ» шиорини илгари сурмоқдалар. Улар вирусдан ҳимояланиш учун қўлқоп ва юз ниқобларини кийиб, ижтимоий масофани сақлашга ҳаракат қилишмоқда. Улар даромад олиш учун савдони давом эттирмоқдалар ва келаётган ой ҳақида ҳам фикр билдирдилар:
«Рамазон ойи хурмосиз тўкис бўлмайди».