Минтақамизда подшоҳлик бошқаруви бўлиши мумкинми?!

0
2379
Фото: https://t.me/platformauzb

Ўрта Осиёдаги бугунги давлатлар келиб чиқишига кўра «наслий» жиҳатдан Чор ҳукумати босқинига довур Туркистонда мавжуд бўлган икки хонлик ва бир амирлик насабига мансуб. Замонавий дунёга тезроқ интеграциялашув, дадил оёққа туриб олиш бу ёш ва ўзларини дунёвий деб атаётган давлатлар сиёсатининг асосий принципи бўлсада, сиёсий элита фикру хаёлини ўхтин-ўхтин, харир парда ортига беркинган асрий бир истак — хонлик ва амирлик давридаги бошқарув усуллари безовта қилиб туриши бор гап.

Бу ўринда Ғарб непотизмидан (непоти́зм — қариндошлари ёки дўстларига уларнинг профессионал сифатларидан қатъи назар имтиёзлар бериш, мисол учун лавозимларга тайинлаш) чуқурроқ бир тушунча борки, эҳтимол буни Ўрта Осиёча монархияга интилиш истаги дейиш мумкиндир…

Минтақада бунга ҳаракатни (давлат раҳбарининг ўзига ворис тайёрлаш тажрибасини) илк бор қозоқ Элбошиси бошлаб берган эди. У қизи Дариға Назарбоевани Сенат Спикерлигига тайинлар экан, бунинг ортида нима борлигини ақли бор одамлар тезда тушунди. Кейин Аркадағ ўғлини сиёсий киборлар сафининг олдинги қаторига қўшди…

Кеча эса ОАВ Тожик Миллати Пешвоси Эмомали Раҳмоннинг ўғли, Душанбе ҳокими Рустам Эмомали Тожикистон парламенти юқори палатаси (Сенати) раиси этиб сайланганини хабар қилмоқда…

Бошқарувда анча ғарблашгани айтиладиган Қозоғистон лидери ҳозирча ўз майлларини жиловлади. Минтақа давлатлари ичида энг сўнгги постсовет ўтиш амалиётини бажарган Қозоғистон лидери ичидаги асл истагини амалга оширишдан тайсаллади — постга Қосим-Жўмарт Тоқаев ўтирди. Албатта, шу билан ҳаммаси тугади, дейиш Назарбоев орзу-умидларига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Шунинг учун бунга шароитнинг етилишини кутиш, деб қараш ҳақиқатга яқинроқ…

Жанубимиз арслони — Аркадағ ҳам бу борада дона суришда усталик билан ҳаракат қилаётир. У шу пайтгача Аҳал вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган ўғли Сердар Бердимуҳамедовни февраль ойида мамлакат саноат ва қишлоқ хўжалиги вазири рутбасига кўтарди. Аслида Туркманистондаги ҳаёт ва сиёсий тутум ўрта асрлар Ўрта Осиёсини эслатса-да, Аркадағнинг эҳтиёткорлиги масала у қадар жўн эмаслигини, салтанатга ташқи ва ички кучларнинг биз билмайдиган таъсири борлигини англатади...

Тожик Миллат Пешвосининг бу юриши ҳам минтақа — қадим Туркистон тупроғида пайдо бўлган янги давлатлар сиёсий элитаси тафаккурининг эпик хотира ва ҳаяжонлардан мосуво эмаслигини кўрсатади. Рустам Эмомалининг бу постга ўтириши аслида финишга бир қадам қолганини кўрсатади.

Бироқ айтиш керакки, Тожикистон Қозоғистон ва Туркманистондан фарқли ўлароқ, янги тарихда тахт учун кураш оқибатлари ситамларини жонидан ўтказган давлат. Ўтган аср 90-йилларидаги фуқаролик уруши ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган. Эмомали Раҳмоннинг ўша маҳаллар лавозимга фавқулодий келиши ҳам Тожикистон сиёсий тузимининг бошқа минтақадошлардан фарқли жиҳати бўлиши мумкин.

Хуллас, “асрий удумлар”ни тиклаш, назаримда, Тожикистонгаям осон бўлмайди. Бироқ шу нарса фактки, минтақа давлатлари сиёсий ландшафтида подшолик салтанати орнаментлари — хонлик ва амирлик, маликалик ва шаҳзодаликка бўлган истаклар майли кўзга кўриниб қолмоқда. Эҳтимол бу истак минтақага замонавий Арабистон ярим оролидаги бошқарув институтини олиб келар. Яна ким билади дейсиз?!

Булар шунчаки шахсий кузатувлар…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг