“Милгрэм тажрибаси”

0
2271
Манба: www.berdof.com

Иккита хона. Юпқа девор билан ажратилган. Бир хонада электрли стул. Иккинчи хонада бу стулга сим билан уланган ток манбаи (генератор) ва токни юборувчи тугма. Ток кучини мослаш, кўп-кам қилиш мумкин. Иккинчи хонадаги тугма босилса, биринчи хонадаги стулда ўтирган одамни ток уради.

Иккинчи хонага бир кўнгилли одам таклиф қилинади. Унга тушунтирилади:

“Жуда муҳим илмий маълумотлар олиш учун тажриба ўтказилаяпти. Оғриқ ҳиссининг эслаб қолиш жараёнига таъсир этиши бўйича тажриба. Сиз “муаллим” ўрнидасиз. Девор ортида “талаба” ўтирибди. Тайёрланган узун рўйхатдаги жуфт сўзларни унга ўқиб эшиттирасиз. Кейин “талаба” бу сўзларни хотирасида тиклаб, сизга қайтиб жуфтлаб айта бошлайди. Ҳар гал сўзларни адаштириб юборганда, сиз ток юборувчи тугмани босишингиз керак.

Оғриқ таъсирида у диққатини, хотирасини жамлаб, кейинги саволга тўғри жавоб беришга ҳаракат қилади. Нотўғри жавоблар кўпайган сари ток кучи ҳам ошиб боради. Кучланиш қуввати мана бу индикаторда кўриниб туради.

Унутманг, бу тажриба натижасида бутун инсониятга ўта зарур бўлган илмий янгилик, ихтиро қилиниши мумкин. Сиз унда қатнашиб, илм-фан ривожига жиддий ҳисса қўшаяпсиз. Мана бу профессоримиз тажриба жараёнини кузатиб, маслаҳат бериб турадилар.”

Хуллас, тажриба бошланади.

Бошланғич кучланиш арзимаган – 15 вольт. “Муаллим” илм-фан ривожига ҳисса қўшаётганлигидан фахр туйғуси билан “талаба”ни имтиҳон қила бошлайди ва хато учун “жазолаб” боради. Лекин “талаба” анча хотираси бўш чиқиб қолади.

Ҳар тўртта саволдан биттасига тўғри жавоб бериши натижасида тезда индикатор “Интенсив ток уриш” белгисига чиқиб қолади. Муаллим билиб турибдики, талаба яхшигина оғриқ ҳис қилаяпти. У ҳар гал “жазо тугмаси”ни босганда девор ортидан азобли товушлар келиб турибди. У иккиланади. Илм-фан йўлида бу талабани шунчалик қийнаш… арзирмикин?

Муаллим савол назари билан профессорга қарайди. “Балки тўхтатармиз?”

Оқ халатли профессор хотиржам қиёфада “марҳамат, давом этаверинг”, деб таъкидлайди. Муаллим савол-жавобни давом эттиради. Чунки олимлар нима қилишни яхшироқ билишади. Илмий изланиш учун ток юбориш керакми, демак керак. Ана, профессор хотиржам рухсат бериб турибдику. Ташвишланишга ҳожат йўқ.

Навбатдаги бир нечта нотўғри жавобдан кейин талаба умуман жавоб бермай қўяди. Овози ҳам чиқмай қолади. Муаллим хавотирда. Талаба ўзи тирикмикин?

Муаллимнинг иккиланишини кузатиб турган профессор монотон оҳангда тушунтиради: “ёқадими, йўқми, токи талаба барча жуфт сўзларни ёдлаб олмагунча давом эттиришингиз керак!”.

“Хўп, майли.”

Кучланиш максимумга – 450 вольтга чиқади. (Эслатма: бу кучланиш “Хавфли: оғир кечадиган ток уриши” деб малакаланади.)

Профессор давом этишни талаб қилади. Фақатгина бу 450 вольтлик дахшатли “жазо тугма”си УЧ марта ишлатилгандан кейин тажриба тугаган ҳисобланади.

Бу тажриба кўплаб “муаллим” лар билан ўтказилган. Биласизми нима?

Деярли ҳаммалари тажрибани максимумгача қилишган: бошида оғриқдан додлаб ётган, кейин эса умуман овози чиқмай қолган одамни ҳаёт учун хавфли кучланиш – 450 вольт билан УЧ марта ток урдиришган!!

Нега?

Бу “муаллим”лар бировни қийнашдан лаззат оладиган садист эмасдилар. Уларга биров босим ҳам бермаган эди. “Босасан шу тугмани!”, деб таҳдид ҳам қилмаган. Ва улар “талаба”га зарар бераётганларини англаб турганлар!!

Наҳотки инсонда авторитетга бўйсуниш шу даражада илдиз отган?

Бу саволни ўзингизга бериб кўринг. “Ҳурматли” деб ишонилган, “авторитет” деб ишонилган, “мендан кўра яхшироқ билсалар керак ҳар ҳолда” деб ишонилган бирор одамнинг кўрсатмасига эргашиб, қанчаликка бора оласиз?

Бу тажриба инсонга ўзининг ҳақиқий башарасини очиб берувчи ажойиб экспериментлардан бири ҳисобланади.

П.С. Тажриба давомида биронта “талаба” зарар кўрмаган. Шунчаки у ёлланган актёр бўлган ва уни ҳеч қандай ток урмаган. Лекин “муаллим” бундан албатта бехабар бўлган.

П.П.С. Бу тажриба бизда ўтказилса, тасаввур қилиш даҳшат. Шундоғам ҳаётда алами тўпланиб қолган, кимдан аламини олишни билмай юрган одамларимиз кўплигини ҳисобга олсак, “талаба” ўтирган хонадан кабоб ҳиди келмагунча имтиҳон давом этса керак.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг