Меҳрибонлик уйлари фаолияти ва унда таълим ва тарбия жараёнининг ташкил этилиши

0
1308
Фото: effect.uz

Ҳимояга муҳтож қатлам тушунчаси инсон кўз олдида гавдаланганда, даставвал, ҳаёлга келувчи тоифа албатта боқувчисини йўқотган мурғак қалблар ҳисобланади. Улар тарбияланувчи маскан эса албатта “Меҳрибонлик уйлари”дир. Бугун айнан мазкур объектлар фаолиятига яқиндан назар ташлаш: уларнинг сони, муаммолари ва унга ечимлар борасида соҳага масъул ташкилот ҳисобланган Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси Лайло Рустамовага саволлар билан юзландик.

Фото: new.uzedu.uz
  1. Бугунги кунда Республикамизда қанча “Меҳрибонлик уйлари” фаолият кўрсатмоқда?

Ҳозирда Республика бўйича жами 4 та, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли, Юнусобод туманидаги 21-сонли, Чилонзор туманидаги 22-сонли ҳамда Яшнобод туманидаги 30-сонли Меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатмоқда.

  1. Уларда таълим ва тарбия олувчи ёшлар сони қанча?

Фаолият кўрсатаётган 4 та Меҳрибонлик уйларида 2022 йил 25 июль ҳолатига жами 400 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланмоқда.

  1. “Меҳрибонлик уйлари”нинг моддий техник базаси ва уларнинг фаолияти қай тариқа молиялаштирилади?

Меҳрибонлик уйининг моддий-техник базаси зарур бино, спорт иншоотлари, коммуникациялар, асбоб-анжомлар, транспорт воситалари ва ўқитишда, тарбиялашда ҳамда таълим-тарбия соҳасидаги бошқа вазифаларни ҳал этишда фойдаланиладиган бошқа мол-мулкдан иборат бўлади.

Меҳрибонлик уйи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

  1. Ёшларнинг кун тартиби қай тариқа ташкил этилган?

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун кун тартиби Ўзбекистон Республикаси Санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари асосида болаларнинг ёш категорияси инобатга олинган ҳолда ташкил этилади.

Фото: jizzax.kasaba.uz

Мактабгача ёшдаги тарбияланувчилар учун тушгача турли хил машғулотлар, тушлик, тушдан кейин кунгузги уйқу, кечки овқатгача турли тўгарак машғулотлари, кечки овқат ва тунги уйқудан иборат.

Мактаб ёшидаги тарбияланувчилар учун тушгача умумтаълим мактабларидаги дарс машғулотлари, тушлик, тушликдан кейин турли хил тўгарак машғулотлари, спорт секциялари, уй вазифаларини тайёрлаш, кечки овқат, эртанги кун дарсларига тайёргарлик ва тунги уйқудан иборат.

  1. Айни дамда ёз фасли юртимизда ҳукм сурмоқда, мазкур фаслни мазмунли ва мароқли ўтказиш учун ёшларга қандай шароитлар яратилган?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг кенгайтирилган мажлиси 108-сон Баёни”нига мувофиқ Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг барчаси ёзги таътилни турли болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказмоқда.

Фото: mehribonlik.uz
  1. Ушбу таълим даргоҳида вояга етаётганлар ўртасида қандай муаммолар кўпроқ учрайди (тенгқурлари томонидан дискриминация, тушкунлик кайфияти, девиант хулқ атвор в.б.)?

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида хам оилаларда бўлгани каби кичик муаммолар мавжуд. Жумладан, ака-укалар орасидаги баҳслар ва тортишувлар ва ҳоказолар.

  1. Бугунги кунда давлат томонидан жорий этилган патронат тизими қанчалик “Меҳрибонлик уйлари” фаолиятига таъсир кўрсатмоқда?
Фото:gazeta.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 9 августдаги ПҚ-5215-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 30 сентябрдаги 824-сон қарорларига мувофиқ тарбияланувчиларни оилаларга, яқин қариндошларига ва оилавий болалар уйларига ўтказилиши натижасида Меҳрибонлик уйлари фаолияти босқичма-босқич тугатилмоқда.

Шахбоз Хасанов тайёрлади

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг