Марказий Осиё Россия ва Хитой манфаатлари кесишган нуқта

0
3552
Фото: www.togri.uz

Марказий Осиё минтақаси Хитой ва Россия учун асосий манфаатлар тўқнашган зона бўлиб қолмоқда. Сўнгги вақтларда иқтисодий жиҳатдан минтақа давлатларини Хитойга ён босаётганлигини кузатиш мумкин. Лекин Хитой минтақада хавфсизлик сақланиб туриши учун Россия ёрдамидан манфаатдор.

Қарийб 30 йилдан бери Хитой ва Россия Марказий Осиё минтақасида рақобатлашиб келмоқда. Бироқ, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мустаҳкамланиши Марказий Осиё мамлакатлари учун турли салбий стратегик оқибатларга олиб келиши мумкин.

Айтиш керакки, Хитой ва Россия муносабатларида жиддий қарама-қаршиликлар мавжуд эмас. Бу ҳодиса икки давлатнинг манфаатлари АҚШга мутлақо зидлигини англатади. Пекин ва Москва ўртасидаги ҳамкорлик бошқа давлатларнинг ҳам хавфсирашига сабаб бўлиши мумкин.

Хитой ва Россия АҚШга қарши

Марказий Осиё бугунги кунда Хитой ва Россия манфаатларининг кесишган стратегик нуқтага айланиб улгурди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий Ҳамкорлик Кенгаши Пекин-Москва муносабатларидаги ўзаро тафовутли томонларни намоён этади.

Шу билан бирга, умумий ғоялар, масалан, ҳукмрон Ғарб халқаро тизимига қарши чиқиш ҳамда Марказий Осиёда ўзаро иқтисодий ва сиёсий манфаатлардаги тафовутларни йўқ қилиш истаги Хитой-Россия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун етарли.

Хитой энергияга бўлган талабини қондиришдан ва Марказий Осиёда «Бир камар, бир йўл» лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор. Шунингдек, углеводородга бой ҳудудда иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.

Бошқа томондан, Россия энергетика алоқалари, қарз шартномалари ва муҳожирларнинг мақоми билан боғлиқ икки томонлама воситалар орқали яқин хорижий давлатлар устидан ўз ҳукмронлигини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Россиянинг минтақадаги таъсири ҳануз аҳамиятли эканига қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари аста-секин Россиядан чекиниб, Хитой томонга интилмоқда.

Пекин-Москва-Вашингтон учбурчагининг ҳозирги конфигурацияси АҚШ фойдасига ҳаракатланмаётгани бор гап. Вашингтоннинг ҳозирги сиёсати Си Цзинпин ва Путиннинг Евроосиё таъсир доирасини тиклашга қаратилган марказий минтақавий амбицияларига қатъий қаршилиги билан характерлидир. АҚШни умумий душман сифатида кўраётганлиги Хитой ва Россияни бир-бирига яқинлаштирмоқда. Бундан ташқари, расмий Пекин ва Москва Марказий Осиёда геостратегик устунликка эга.

Шунингдек, геомаданий яқинлик каби ташқи сиёсий мақсадлар Хитой-Россия стратегиясини Ғарб демократияси кенг аудитория диққатига сазовор бўлмаган тарихий шароитда муҳим аҳамият касб этиши эҳтимоли юқори.

Хитой «пряниги» ва рус «қамчиси»

Хитой ва Россия манфаатларининг симметрияси Марказий Осиёда радикал экстремизмнинг олдини олишда намоён бўлади. Бироқ, иккала давлатнинг бундай барқарорликка эришиш усуллари бир-биридан фарқ қилади.

Россия, қўшни собиқ Совет республикаларига нисбатан мажбурий дипломатияси билан танилган мамлакат сифатида, минтақада ўз ҳукмронлиги ва назоратини сақлаб қолиш учун кибер, энергия ва денгиз даъволари каби воситаларни ишлатишдан асло чекинмайди.

«Қамчи» стратегияси Россиянинг минтақавий дипломатиясининг марказида ётади ва шу билан у моҳиятан Хитой ташқи сиёсатининг катта иқтисодий сармоялар билан «рағбатлантириш» сиёсатига зиддир.

Хитой ўз сиёсатини оммалаштириш, шунингдек, Шарқий Туркистонда (Шинжонда) мусулмонларга қарши кучайиб бораётган зўравонликни эътиборидан четда қолдириш мақсадида «пряник»лардан фойдаланади.

Си Цзинпиннинг ташаббуси минтақавий транспорт, коммуникация, энергетика ва савдо тармоқларини яхшилашга ҳисса қўшаётганлиги сабабли Марказий Осиё давлатлари катта иқтисодий сармояларга асосланган ушбу янги ҳамкорлик алоқаларини қўллаб-қувватламоқдалар.

Хитой сармоялари минтақадаги мавжуд иқтисодий вазият учун фойдалидек кўринишига қарамай, улар улкан кредитлар, қарздорлик каби оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қозоғистон-Хитой муносабатлари

Қозоғистон биринчи бўлиб Хитой ташаббусига қизиқиш билдирган ва «Бир макон, бир йўл» лойихасига қўшилиш мақсадида давлат даражасида «Нурли йўл» режасини ишлаб чиққан давлат хисобланади.

Хитой Қозоғистоннинг энергия импортига таянади ва ўзининг энг яқин ғарбий қўшнисини «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишдаги муҳим бўғин деб билади, аммо бир вақтнинг ўзида Қозоғистон иқтисодиёти Хитой сармояси ва савдо битимларига жуда боғлиқдир.

2017 йилда расмий Пекин ва Нур-Султон ўртасидаги икки томонлама савдо айланмаси 11 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, Хитой Қозоғистоннинг Россиядан кейинги иккинчи йирик савдо ҳамкорига айланди.

Ўзбекистон-Хитой муносабатлари

Марказий Осиёнинг энг кўп аҳоли истиқомат қилувчи мамлакати бўлган Ўзбекистон эса Хитой билан, айниқса, энергетика ва рақамли технологиялар соҳасида самарали иқтисодий алоқалар ўрнатган.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати Хитой билан мамлакатда рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича бир неча миллиард долларлик шартнома имзолади.

Бу 2012 йилги қиймати 2 миллиард долларга тенг бўлган Туркманистон ва Ўзбекистондан Хитойга табиий газ хомашёсини экспорт қилишга мўлжалланган лойиҳадан кейинги Хитойнинг расмий Тошкентга киритган иккинчи энг йирик сармояси бўлди.

Туркманистон-Хитой муносабатлари

Углеводород захираларига эга Туркманистон, Хитойнинг энеретика соҳасидаги жуда муҳим шериги ва Хитойни газ билан таъминловчи асосий экспортёрлардан бири ҳисобланади.

Таққослаш учун – Туркманистон газининг Россияга экспорти 2008 йилдаги 40 миллиард кубометрдан 2017 йилда нолга тушди, Хитойга газ экспорти эса, бу йиллар оралиғида муттасил ўсиб борди ва 2017 йилда 30 миллиард кубометрни ташкил этди.

Қирғизистон-Хитой муносабатлари

Шунингдек, Хитой Қирғизистонга катта миқдордаги сармоя киритади ва Қирғизистон ташқи қарзининг деярли ярми Пекинга тўғри келади.

Тожикистон-Хитой муносабатлари

Марказий Осиёнинг 5-мамлакати Тожикистон ҳам Хитой амбицияларидан ҳоли эмас. 2017 йилда Хитойнинг Тожикистонга тўғридан-тўғри сармояси 95 миллион долларга етди. Таъкидлаб ўтиш жоиз-ки, бугун Хитой, қачонлардир Россия таъсир доирасида бўлган минтақадаги энг йирик савдо шериги хисобланади.

Аммо, шуни ҳам назардан қочирмаслик лозимки, Россия Марказий Осиёда, айниқса савдо ва энергетика соҳасида кучли позициясини йўқотган бўлса ҳам, ҳамон минтақавий хавфсизлик соҳасида муҳим рол ўйнайди.

Умуман, бу вазиятда Россиянинг минтақавий таъсири бирданига буткул йўқ бўлиши у қадар мантиқли ҳам эмас, айниқса Москва ва Пекин муносабатлари мустаҳкамланган бир пайтда.

Бундан ташқари, Кремль Марказий Осиёдаги маданий, тил ва сиёсий доираларида мустаҳкам ўрнашувини ҳозиргача сақлаб қолган.

Рус тилининг аҳамияти катта

Россия ташқи сиёсатнинг ҳарбий ва хавфсизлик жиҳатларига урғу бераётганига қарамай, минтақада Россиянинг «юмшоқ кучи» борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Марказий Осиёнинг беш давлатида ҳамон рус тили жуда муҳим рол ўйнайди.

Хитой минтақадаги ҳарбий ва хавфсизлик зоналарига ўз таъсирини ўтказиши мумкин, деган хавотирлар бўлса-да, у Тожикистонда норасмий ҳарбий базага эга холос.

Россия ҳарбий базалари эса Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда мавжуд. Тожикистондаги «201-рус ҳарбий базаси, Қирғизистондаги «Кант авиабазаси» ва Қозоғистондаги еттита йирик ҳарбий база Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий устунлигини намойиш этади.

Бундан ташқари, Россия Марказий Осиё республикаларга етакчи қурол етказиб берувчи ҳамкор бўлиб қолмоқда. Россия-Грузия уруши ва Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари минтақага Россиянинг «ўз ҳаддидан ошган» қўшниларни жазолаши ҳақидаги жиддий огоҳлантириши ҳисобланади. Умуман олганда, Кремль минтақада ўз назоратини сақлаб қолиш учун куч ишлатишдан ҳам тоймаслигини бир неча бор намойиш этган.

Марказий Осиёнинг заифлиги

Глобал ва минтақавий кучлар чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё, халқаро майдонда алоҳида актёр сифатида фаолият юритишга ҳақли. Бироқ, Марказий Осиё давлатлари шунчаки Россия ва яқинда Хитойнинг таъсири доираси ёки ғарб қадриятларини тарғиб қилишнинг потенциал базаси сифатида қабул қилиниб келмоқда.

Aлоқа, жисмоний тўсиқлар, сиёсий қатағонлар ва иқтисоднинг заифлиги каби омиллар Марказий Осиё давлатларини ташқи таъсирларга нисбатан заиф қилиб қўяди. Бундан ташқари, минтақа сиёсий қатағон ва минтақавий яккаланишни кучайтирадиган авторитар режимлар билан ажралиб туради.

Марказий Осиёдаги янги Хитой-Россия ҳамкорлиги минтақанинг келажакдаги иқтисодий ва сиёсий йўналишини белгилаб бериши мумкин. Хитой иқтисодий ривожланишни минтақани 3 асосий хатардан: терроризм, сепаратизм ва диний экстремизмдан ҳимоя қилиш йўли сифатида таклиф қилмоқда.

Пекин Марказий Осиёда терроризм ва сиёсий зўравонликнинг авж олишидан қўрқади, чунки бунда Ғарбий Хитойни беқарорлаштириш ва «Бир камар, бир йўл» лойиҳасини барбод этиши хавфи мавжуд.

Транспорт, рақамли ва энергетика инфратузилмасига инвестиция киритиш орқали иқтисодиётни ва коммуникацияларни ривожлантириш ижобий иқтисодий натижаларга олиб келиши кутилмоқда.

Бироқ, Хитой билан битим тузиш чексиз қарзлар ва Хитойнинг ҳукмронлиги каби потенциал хавфларни ҳам ўз ичига олишини унутмаслик керак.

Мисол учун, Тожикистон, Марказий Осиёнинг энг қашшоқ давлати сифатида, Хитойнинг катта сармояларини маъқуллади, лекин шу билан бирга қарз ботқоғига ботди.

Россия ва Хитой (гарчи норасман бўлса-да) Тожикистонда ҳарбий базаларга эга, бу эса иқтисодий жиҳатдан қарам давлатни хавфсизлик ва ҳарбий мустақилликдан маҳрум қилинишини англатади.

Ўзбекистон ҳам минтақавий муоммолардан ҳоли эмас. Инфратузилма, коррупция, сиёсий қатағонлар мамлакатни хорижий сармояларга чанқоқ бўлишига олиб келади.

Хитойнинг Huawei телефон компанияси Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани модернизация қилди, шу билан бирга, Хитойнинг ушбу секторда ҳукмронлик қилишининг сиёсий ва стратегик таъсирига оид ташвишларни келтириб чиқарди.

Марказий Осиё республикалари ичида энг очиқ мамлакат бўлган Қирғизистон ҳукумати улкан қарзлар важидан хитойлик ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш ва хитойлик ишчиларни ёллайдиган компанияларни текширишни талаб қилаётган маҳаллий овозларни жим қилишга қийналмоқда.

Қирғизистон Хитойга молиявий қарамлик туфайли расмий Пекиннинг мусулмонларга нисбатан дискриминацион сиёсатига ва пул-кредит тизимидаги у қадар ҳам шаффоф бўлмаган қоидаларига кўз юмишга мажбур бўлди.

Қозоғистон расмийлари эса Хитойнинг Шарқий Туркистон ҳудудидаги (Шинжон вилоятидаги) қилмишларига қарши фикр билдиришга журъат этган фаолларга нисбатан кескин чоралар кўрди.

Қозоғистондаги ҳибсга олинган фаол «Хитойнинг юмшоқ кучи ва пуллари Қозоғистон расмийлари ва зиёлиларини Пекиннинг таъсир ўтказиш агентига айлантираётганидан» хавотирини билдирган.

Туркманистон ҳам ҳозирги вақтда муҳим энергия лойиҳалари орқали Хитой билан боғланган. Ички институционал тизимнинг заифлиги ва иқтисодиётнинг газ ҳамда нефть экспортига боғлиқлиги сабабли, Туркманистон ҳукумати ўзининг энг йирик энергия шериги бўлган Хитойга нисбатан провокация ва қарши чиқишлардан эҳтиёт бўлишига тўғри келади.

“Хитой минтақадаги етакчи иқтисодий шерикка айланганига қарамай, Россия ҳали ҳам Марказий Осиё давлатлари учун муҳим савдо марказидир“.

2018 йилда Россия ва Марказий Осиё ўртасидаги умумий савдо ҳажми 25 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Пекиннинг Марказий Осиёда нуфузи ўсиб бораётган бўлса-да, Россиянинг юмшоқ кучи рус тилидаги оммавий ахборот воситаларининг мавжудлиги ва таълимда айни шу тилдан фойдаланилиши туфайли ҳамон маҳсулдор ҳисобланиб, бу ерда рус университетлари Хитойникига қараганда кўпроқ талабгирдир.

Бундан ташқари, минтақадаги кўплаб оилалар Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар пул ўтказмаларига таяниб яшашади.

Бироқ, энг хавотирлиси бу эмас. Қўрқинчлиси – Россиянинг мажбурий дипломатияси бўлиб, у иккиланмасдан минтақада ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун ҳар қандай воситаларни ишга сола олади.

Иқтисодий жиҳатдан Хитойга қарам ва ҳали ҳам Россия таъсирида бўлган минтақа стратегик мустақилликни йўқотиши мумкин, чунки Хитой-Россия ҳамкорлиги минтақада биргаликда бошқарувни ўрнатиш учун етарлича кучга эгалиги билан характерлидир.

Кучлар мувозанати

Пекин-Москва-Вашингтон учбурчагидаги янги кучлар баланси Марказий Осиёнинг стратегик мавқеига таъсир кўрсатди. Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни сақлашдан манфаатдорлиги Хитой ва Россияни яқинлаштирди.

Трамп маъмурияти эса минтақада геостратегик, иқтисодий ва миллий тафовутларни ўз фойдасига ҳал қилиш учун кўпроқ маблағ сарфлашга қодир эмас. Бундан ташқари, Ғарбнинг Ўрта Осиёдаги таъсир доираси заифлашишда давом этмоқда.

АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатишга тўсқинлик қиладиган энг катта тўсиқ бу бешта республиканинг барчасида қонун устуворлигининг етарли даражада таъминланмаганлиги ҳисобланади.

Шунинг учун Ғарб корпорациялари минтақага сармоя киритишдан қочадилар, чунки минтақадаги бизнес муҳити коррупция ботқоғига ботган ҳисоб.

Америка Қўшма Штатлари 11 сентябрь воқеаларидан сўнг дарҳол Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари билан яқин алоқалар ўрнатган бўлса-да, бу Афғонистонда радикализм ва терроризмнинг ўсишига қарши курашиш ва минтақада диний экстремизм тарқалишининг олдини олишга қаратилган эди, холос. Афғонистондаги уруш, Американинг минтақа давлатлари қаршисидаги жозибадорлигига жиддий зарба бўлди.

Бундан ташқари, минтақада АҚШ позицияси емирила борди, чунки Ғарб давлатлари амалда Украина инқирози ва Қрим аннексиясига қарши муносиб жавоб қайтара олмадилар. Шу тариқа Хитой ва Россия ушбу минтақани ўз ташқи сиёсат лойиҳаларига киритдилар ва минтақадаги нуфузларини оширишда давом этдилар.

Хитой ҳам, Россия ҳам АҚШнинг бир томонлама ёндошувига қарши курашда бирлашганлар. Хитой-Россия иттифоқи ўзаро қарама-қаршиликлар ва яширин рақобатдан ҳоли эмас, албатта. Аммо ягона мақсад биргаликдаги ҳаракатга туртки бўлиши мумкин.

Шундан Россия, ҳеч бўлмаса расмий равишда, Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсир доирасини кенгайтиришга бўлган интилишларини шубҳа остида қолдирмайди, чунки у шундоғам санкциялар сабаб заифлашган. Бундан ташқари, Россия «Бир камар, бир йўл» ни таҳдид эмас, балки имконият сифатида қабул қила бошлади.

2018 йилда Хитой ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми 100 миллиард АҚШ долларидан ошди, шу билан бирга, шарқий Хитой-Россия трассаси бўйлаб газ қувури, Тонгжианг темир йўл кўприги ва трансчегаравий автомобиль кўприги каби бир қатор режалаштирилган лойиҳалар, Хитой-Россия иқтисодий ҳамкорлигини янада кучайтирмоқда.

Мутахасислар Тожикистонда Хитой базасининг мавжудлиги Россия томонидан илиқ қаршиланмаслигини таъкидлайдилар. Шунга қарамай бу вазият аллақачон янги босқичга кўтарилган хитой-рус ҳамкорлигига жиддий зарар етказолмайди.

Россия Тожикистоннинг экстремизмга мойил бўлган чегара ҳудудларини бошқариш қийин ва анча қимматга тушишини яхши тушунади. Бу ҳолда Хитойнинг Тожикистонда ҳозир бўлиши Россия учун фойдали ҳам бўлиши мумкин, чунки бунда Хитой хавфсизликка оид катта харажатларни ўз зиммасига олган бўлади.

“Марказий Осиё Хитой-Россия таъсир зонасида қолади. Ғарбнинг минтақадаги таъсири заифлашиши учун ҳам улар минтақавий ҳамкорликни кучайтиришади”.

Хулоса

Хитой ва Россия рақобатдан кўра, ҳамкорликдан кўпроқ фойда кўришлари мумкинлигини аллақачон тушуниб етганлар. Марказий Осиё минтақаси муҳим геостратегик таъсир зонаси бўлиб, унда Хитой ва Россия манфаатларининг яқинлашиши ўзига хос кучлар мувозанатини англатади.

Хитой ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун Марказий Осиё билан мустахкам иқтисодий алоқаларни ўрнатмоқчи, Россия эса минтақада ўз ҳукмронлигини биринчи навбатда ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги таъсир сифатида сақлаб қолишни истайди. Агар минтақа устидан ҳокимиятни баҳам кўришга тайёр бўлсалар, иккала томон ҳам ўз мақсадларга эришишлари мумкин.

Аммо, энг аввало Марказий Осиёнинг бу борадаги йўналишини аниқлаб олиш лозим. Учта йирик минтақавий гегемонлар – Хитой, Россия ва Ғарб ўртасидаги тортишувлар (гарчи Қўшма Штатлар минтақавий пойгада ортда қолаётганга ўхшайди) шароитида Марказий Осиё учун Хитой-Россия қўшма ҳокимиятини маъқуллашдан бошқа чора йўқ.

Бундай вазиятда Хитой-Россия ҳамкорлиги ўсишда давом этиши кутиляпти. Бу шуни англатадики, агар элиталар (Марказий Осиё хукмрон элитаси назарда тутиляпти) мавжуд институционал тизимларни кучайтириш ва ислоҳ этиш учун жиддий ўзгаришларни амалга оширмасалар, улар ёзилаётган янги тарихнинг кузатувчиси мақомида қолиб кетаверадилар.

 

Манба: Аввалроқ Togri.uz томонидан эълон қилинган Tarjimon.uz таржимаси.

Таҳририят мақоладаги фикрларга қўшилмаслиги мумкин.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг